Дунёдаги энг қадимий юлдузлар харитаси тикланмоқда
Бу қизиқ
−
12 Март 2777 2 дақиқа
Олимлар шу пайтгача тузилган энг қадимги юлдузлар харитасини тикламоқда. Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи ўрта асрларга оид пергаментни рентген нурлари ёрдамида сканерламоқда, чунки унинг матни остида антик даврга тегишли юлдузлар каталоги яширинган. Бу ҳақда “ScienceAlert” портали хабар берди.
Хаританинг муаллифи милоддан аввалги 190–120 йилларда яшаган қадимги юнон астрономи Гиппарх бўлган деб тахмин қилинади. У Ғарб анъаналарида юлдузлар каталогини тузган ҳамда Қуёш ва Ойнинг осмон гумбазидаги ҳаракатини аниқлаган биринчи олим ҳисобланади.
Узоқ вақт давомида Гиппархнинг асарлари деярли бутунлай йўқолган деб ҳисоблаб келинган. Ҳозиргача фақат унинг юлдуз туркумлари тавсифига ёзган шарҳлари етиб келган бўлиб, унда олим ўзидан олдинги астрономик матнларни танқидий таҳлил қилган.
Унинг ишларини тиклаш учун янги имконият 2022 йилда, тадқиқотчилар VI асрга оид Ўрта аср қўлёзмасини ўрганганида пайдо бўлган. Маълум бўлишича, кейинчалик ёзилган матн остида қадимги астрономик ҳужжатнинг излари яширинган.
Ўрта асрларда пергамент қимматбаҳо материал бўлган, шунинг учун эски қўлёзмалар кўпинча сиёҳдан тозаланиб, қайта ишлатилган. Ушбу ҳолатда ҳам роҳиблар қадимги ҳужжат устидан янги матн ёзган, бироқ асл ёзувларнинг бир қисми юқори қатлам остида сақланиб қолган.
Codex Climaci Rescriptus номи билан машҳур бўлган ушбу қўлёзма ҳозирда АҚШдаги SLAC National Accelerator Laboratory лабораториясида ўрганилмоқда. Таҳлил учун синхротрон – кучли рентген нурларини олиш имконини берувчи зарралар тезлаткичидан фойдаланилмоқда.
“Бизнинг мақсадимиз – юлдузларнинг имкон қадар кўпроқ координаталарини тиклаш”, дейди тарихчи Виктор Жиземберг.
Унинг сўзларига кўра, топилган координаталар ҳайратланарли даражада аниқ, айниқса қадимги астрономлар кузатувларни телескопларсиз олиб борганини ҳисобга олса. Рентген нурланиши сиёҳнинг кимёвий таркибини фарқлашга ёрдам беради. Ўрта аср матни таркибида темир миқдори юқори бўлган сиёҳ билан ёзилган бўлса, қадимги юнон матни таркибида кальций мавжуд. Ушбу фарқ туфайли олимлар нозик пергаментга шикаст етказмасдан, яширин қаторларни “кўра” олади.
Тадқиқотчилар аллақачон бир нечта юлдуз тавсифларини ва Қовға (Далв) юлдуз туркуми ҳақидаги эслатмаларни аниқлашга муваффақ бўлган.
Live
Барчаси