Дунёда қарийб 138 млн бола меҳнат қилишга мажбур – БМТ
Олам
−
10 июн 1017 2 дақиқа
2025 йил бўйича маълумотларга кўра, дунёда қарийб 138 миллион бола меҳнат қилишга мажбур бўлмоқда, улардан 54 миллиони ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган шароитда ишлаяпти. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилотига (ХМТ) таяниб, БМТ хабар берди.
Ҳар йили 12 июнь куни Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни нишонланади. Ушбу кун болаларни эксплуатация қилиш муаммосига эътибор қаратиш ҳамда давлатлар, бизнес ва фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида 2002 йилда таъсис этилган.
Ушбу кун бутун дунё бўйлаб миллионлаб болалар билим олиш, ўйнаш ва хавфсизликда улғайиш имкониятидан маҳрум эканликларини эслатиб туради. Болалар меҳнати айниқса қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва норасмий секторда кенг тарқалган бўлиб, бу соҳаларда вояга етмаганлар жуда заиф ва ҳимоясиздир.
2026 йилги куннинг мавзуси – “Болалар меҳнатига қизил карточка: болалар учун адолатли шароит, катталар учун муносиб иш” деб номланди. Бу болаликни ҳимоя қилиш ва шу билан бирга катталарни муносиб иш шароити билан таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлайди. Бундай ёндашув ХМТнинг асосий тезисини акс эттиради: болалар меҳнати – бу камбағаллик, иш ўринларининг йўқлиги ва ижтимоий тизимларнинг заифлиги оқибатидир, демак, унга қарши комплекс курашиш лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро меҳнат ташкилоти Туркманистонда болалар меҳнати расман тақиқланганига қарамай, 2025 йилда пахта теримида иштирок этган болалар сони ортганини қайд этганди.
Live
Барчаси