Дунёда аҳолига ҳеч қандай шартсиз пул берадиган давлат пайдо бўлди

Олам

image

Маршалл ороллари бутун мамлакат бўйлаб шартсиз базавий даромад дастурини ишга туширди. Унга кўра, мамлакатнинг ҳар бир резиденти ҳар чоракда 200 АҚШ доллари олади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Нашр экспертларнинг сўзларига таяниб, бу каби дастур давлат миқёсида илк бор жорий этилаётганини ёзмоқда. Тўловлар ҳеч қандай шартларсиз барча резидентларга берилади. Маршалл ороллари аҳолиси маблағни анъанавий валютада ёки АҚШ долларига боғланган стейблкоин кўринишида олиши мумкин. Пул банк ҳисобига ўтказилиши, чек орқали ёки рақамли ҳамён орқали берилиши мумкин.

“Биз ҳукумат сифатида ҳеч ким эътибордан четда қолмаслигини таъминлашни истаймиз. Ҳар чоракда бир киши учун 200 доллар ёки йилига 800 доллар одамни ишини ташлашга мажбур қилмайди, аммо маънавий қўллаб-қувватлаш бўлади”, дейди мамлакат молия вазири Дэвид Пол “The Guardian” нашрига.

Унинг сўзларига кўра, шартсиз базавий даромад дастури нархлар ошиши ва аҳолининг мамлакатдан чиқиб кетиши фонида ижтимоий ҳимоя чораси сифатида ишлаб чиқилган. Дастур АҚШ билан тузилган келишув доирасида ташкил этилган махсус жамғарма ҳисобидан молиялаштирилади. Ушбу ҳужжат, жумладан, Маршалл ороллари ҳудудида ўнлаб йиллар давомида ўтказилган АҚШ ядровий синовлари учун компенсацияни ҳам назарда тутади. Жамғарма ҳажми 1,3 миллиард АҚШ долларидан ошади, бундан ташқари Вашингтон 2027 йилгача яна 500 миллион доллар сармоя киритиши лозим.

Дастлабки тўловлар жорий йилнинг ноябрь ойи охирида амалга оширилган. Дастурни жорий этишга кўмаклашаётган молиявий менежер Анели Сарана кўплаб фуқаролар олинган маблағни дарҳол асосий эҳтиёжлар – озиқ-овқат ва кундалик зарур буюмлар харидига сарфлаганини айтган.

Маълумот учун, Маршалл ороллари – АҚШ билан ассоциациялашган Тинч океани давлати. Аҳолиси қарийб 42 минг кишидан иборат бўлган мамлакат Гавайи ва Австралия оралиғидаги архипелагда жойлашган. “Numbeo” сайти маълумотларига кўра, Маршалл оролларида солиқлардан ташқари ўртача иш ҳақи тахминан 1,5 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Шартсиз базавий даромад – бутун дунёда узоқ йиллардан бери муҳокама қилиниб келаётган ижтимоий сиёсат концепцияси. Айрим мамлакатларда бу тизим синов тариқасида жорий этилган бўлса, бошқаларида эса аҳолининг ўзи ундан воз кечган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа 500 минг арман драмини (1300 АҚШ доллари) ташкил этиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

шартсиз базавий даромад Маршалл ороллари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар