Дунёда 2024 йилда қизамиқдан қанча одам ўлгани айтилди

Бу қизиқ

image

2024 йилда қизамиқдан дунё бўйича тахминан 95 минг киши, асосан 5 ёшгача бўлган болалар вафот этган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

БМТ маълумотларига кўра, бу сўнгги ўн йилликлардаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлса-да, арзон ва самарали вакцина ёрдамида олдини олиш мумкин бўлган касалликдан ҳар бир ўлим катта фожиа. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) янги ҳисоботига кўра, глобал эмлаш чоралари 2000-2024 йиллар оралиғида қизамиқдан ўлимни 88 фоизга камайтирган. Вакциналар туфайли қарийб 59 миллион инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Шунга қарамай, ўлим ҳолатларидаги сезиларли камайишга қарамасдан, касаллик тарқалишда давом этмоқда. ЖССТ маълумотларига кўра, дунё бўйича қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари кескин ошган: ўтган йилда қарийб 11 миллион ҳолат қайд этилган. Бу пандемиягача бўлган 2019 йилга нисбатан 800 мингтага кўп.

2024 йилда дунё болаларининг 84 фоизи биринчи доза, 76 фоизи эса иккинчи доза вакцинани олган. Бироқ вирус тарқалишини тўхтатиш учун камида 95 фоизлик икки доза қамрови зарур. 30 миллиондан ортиқ бола эмланмаган, уларнинг тўртдан уч қисми Африка ва Шарқий Ўртаер денгизи минтақаларида яшайди.

Қизамиқ авж олиши 59 мамлакатда қайд этилган. Бу 2021 йилдагидан деярли уч баравар кўп. “Қизамиқдан холи” мақомига эга давлатлар сони 96 та. Аммо ривожланган мамлакатларда ҳам эмлаш даражаси 95 фоизлик чегарадан пастлаганда касаллик қайта пайдо бўлиши мумкин. ЖССТ ҳукуматларни барча болаларни икки доза вакцинага тўлиқ қамраб олиш ва эпидемиологик кузатув тизимларини мустаҳкамлаш учун барқарор инвестициялар киритишга чақирмоқда. 2025 йилнинг тўққиз ойи давомида Қирғизистонда 8,9 минг тасдиқланган қизамиқ ҳолати қайд этилган, улардан 10 таси ўлим билан якунланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё миқёсида қасддан содир этилган барча қотилликларнинг тахминан 22 фоизи жиноий гуруҳлар фаолияти билан боғлиқлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ вакцина қизамиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг