Дунёда ҳар йили қанча одам ўз жонига қасд қилиши айтилди

Бу қизиқ

image

Дунёда ҳар йили 727 минг киши ўз жонига қасд қилади. 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар орасида суицид 2021 йилда ўлим сабаблари бўйича учинчи ўринни эгаллаган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

Ташкилот маълумотларига кўра, хавф омиллари турлича: даромади юқори мамлакатларда улар кўпинча депрессия, алкоголь қарамлиги ва илгари суицидга қилинган уринишлар билан боғлиқ. Шу билан бирга, кўпчилик инқироз пайтларида – молиявий қийинчиликлар, муносабатларнинг узилиши, хасталикка бардош беролмай ёки урушлар ва офатлар шароитида шошма-шошарлик билан импульсив қадам қўяди.

Дискриминацияга дуч келувчи заиф тоифалар, жумладан қочқинлар, мигрантлар, маҳаллий туб аҳоли вакиллари, шунингдек, маҳкумлар юқори хавф гуруҳига киради.

Аҳолини ҳимоя қилиш ва суицидларнинг олдини олиш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз жонига қасд қилиш воситаларидан (пестицидлар, ўт очиш қуроллари, баъзи дори-дармонлар) фойдаланиш имкониятини чеклашни, ОАВда бу мавзуни масъулият билан ёритишни, ўсиб келаётган ўсмирларни эмоционал ва ижтимоий кўникмаларга ўргатишни, шунингдек, суицидга мойиллиги бор одамларни ўз вақтида аниқлаб, уларга зарур ёрдам кўрсатишни тавсия этади.

Ушбу қадамларни амалга ошириш соғлиқни сақлаш, таълим, меҳнат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари, бизнес, адлия тизими, сиёсий тузилмалар ва медиа ўртасида мувофиқлаштиришни, шунингдек, вазиятни мунтазам мониторинг қилишни ва молиялаштиришни талаб этади. Стигматизация (тамға) ва тақиқлар жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда, улар сабабли одамлар ёрдам сўраб мурожаат қилмайди.

Бугунги кунда атиги озчилик давлатлар суициднинг олдини олишни устувор вазифалар қаторига киритган ва фақат 38 та мамлакат бу соҳада миллий стратегияни ишлаб чиққан. Бундан ташқари, сифатли маълумотларнинг етишмаслиги сақланиб қолмоқда: ЖССТнинг фақат 80 та аъзо-давлатида ишончли демографик рўйхатга олиш тизими мавжуд.

Маълумот учун, 10 сентябрь – Бутунжаҳон суициднинг олдини олиш куни сифатида 2003 йилдан бери ҳар йили нишонлаб келинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳар йили 840 мингдан ортиқ одам ишдаги ноқулай психологик муҳит билан боғлиқ касалликлар сабаб вафот этиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг