Дунё тажрибаси: Йирик шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиши қандай бартараф этилди?
Фойдали
−
25 Январь
10461Ифлосланган ҳаво ҳар йили ўртача ҳисобда 7 миллион кишининг эрта ўлимига сабаб бўлаётган бизнинг давримизда, бу энг жиддий экологик фалокатдир. Ҳозирда дунё бўйлаб ҳар 10 кишидан тўққизтаси ифлосланган ҳаводан нафас олмоқда, бу эса астма, юрак хасталиги ва ўпка саратони каби касалликлар хавфини оширяпти.
Ҳаво ифлосланишидан ўлимнинг 90 фоиздан ортиғи паст ва ўрта даромадли мамлакатларда, асосан, Африка ва Осиё давлатларида содир бўлади. Шаҳар аҳолиси, айниқса камбағал қатлам, ҳавонинг ифлосланишидан энг кўп азият чекади. Ушбу хавф-хатарни англаган ҳолда, дунёнинг бир нечта шаҳарлари ҳаводаги ифлослантирувчи моддаларга қарши курашмоқда. QALAMPIR.UZ БМТ маълумотлари асосида ифлосланган атмосфера ҳавосини яхшилашга эришган шаҳарлар рўйхатини тузди.
Богота, Колумбия
Колумбиянинг Богота шаҳри ифлосланган атмосферани яхшилаш бўйича Лотин Америкасида етакчилик қилмоқда. Тоза ҳавога эришиш учун шаҳар асосий жамоат транспорти бўлган эски автобуслардан воз кечиб, уларни янги электробуслар билан алмаштирди. Шунингдек, Боготада метро тизимини ҳам тўлиқ электрлаштириш мақсад қилинган. Богота мэри Клаудия Лопес Эрнандес ҳаво сифатининг яхшиланишида велосипедларнинг ҳам муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда ҳар куни 1 миллиондан ортиқ велосипеддан фойдаланилади. Бу ҳаракатлар орқали ҳар йили атмосферага 16 000 метрик тонна карбонат ангидрид ёки шунга ўхшаш зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Бугунги кунда Богота ҳавоси AQI маълумотларига кўра, яхши, баъзан ўртача даражани кўрсатмоқда.
Варшава, Польша
Европа Иттифоқининг 50 та энг ифлосланган шаҳарларидан 36 таси Польшада жойлашган бўлиб, ҳаво ифлосланиши ҳар йили 47 500 кишининг эрта ўлимига сабаб бўлиши аниқланган. Мамлакат 2019 йилда C40 тоза ҳаво шаҳарлари декларациясини имзолаганидан буён ҳаводаги заҳарли моддаларга қарши курашмоқда. Варшава бутун шаҳар бўйлаб 165 дан ортиқ ҳаво сифатини назорат қилувчи сенсор ўрнатди. Бу Европадаги энг йирик тармоқ бўлиб, Breathe Warsaw улардан ҳаво сифати маълумотлар базасини ишлаб чиқишда фойдаланади.
Польша пойтахти, шунингдек, кўмир ёқилғисидан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатмоқчи. Шаҳар аҳолисининг эски печка ва қозонхоналардан фойдаланиши ҳам ҳаво тозалигига таъсир кўрсатар эди. Ҳукумат аҳолига эски печка ва қозонхоналардан воз кечиш учун туман иссиқлик тармоғига уланиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ўрнатишда субсидиялар берди ва бу орқали 4500 дан ортиқ қозонхоналар фаолияти тугатилди.
Варшаванинг ҳаво ифлосланишига қарши курашдаги муваффақиятга эришаётганининг яна бир калити автобусларни янгилаш бўлди.
"Варшава ноль эмиссияли электрон автобусларни жорий этиш бўйича Европа етакчиларидан бири ҳисобланади. Биз метро тизимини ривожлантирмоқдамиз, янги трамвай линияларини қуряпмиз, велосипед йўллари ва велосипедларни ижарага бериш тизимини такомиллаштиряпмиз”, деган эди Магдалена Млочовска, "Яшил Варшава" директори.
Сеул, Жанубий Корея
26 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Сеул шаҳри ҳаво сифати бўйича инқирозга дуч келгани ажабланарли эмас. Сеулда ўтказилган "оддий" кунларда ҳам сиз нафас олаётган ҳаво ўпкага олтита сигарет чекилгани билан баробар таъсир кўрсатиши мумкин. Сеулдаги PM2.5 даражаси ривожланган мамлакатларнинг бошқа йирик шаҳарларига қараганда икки карра юқори. Жанубий Кореяда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ҳаво ифлосланиши ҳар йили тахминан 20 000 дан ортиқ эрта ўлимга сабаб бўлади. Бироқ, сўнгги йилларда Сеулда ҳаво сифатининг аста-секин яхшиланиши кузатилди. Қазиб олинадиган ёқилғига боғлиқликни камайтириш ва экологияга оид қатъий қоидаларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ушбу ижобий тенденцияга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Жанубий Корея ҳукумати қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш ва кўмирда ишлайдиган станцияларни босқичма-босқич тўхтатиш каби ташаббусларни илгари сурди. Сеул ҳаво сифатини яхшилаш бўйича аллақачон ўрнак кўрсатди. Шаҳар 2025 йилгача барча давлат сектори ва оммавий транзит паркларида дизель ёқилғиси билан ишлайдиган автомобилларни тақиқлашини эълон қилди.
Бангкок, Таиланд
Бангкок дунёда энг тирбанд транспорт ҳаракатига эга эканлигини ҳисобга олсак, шаҳарнинг ифлосланган ҳаво қатлами остида қолиши табиий ҳол. 2020 йилда ҳаводаги майда заррачалар (PM2.5) хавфли даражага етганлиги сабабли юзлаб мактабларни ёпишга тўғри келган. Шаҳар ҳаво ифлосланиши ва углерод чиқиндиларига қарши курашиш учун бир қатор ташаббусларни бошлади. 2019 йилда бошланган “Яшил Бангкок 2030" лойиҳаси шаҳардаги яшил майдонлар нисбатини киши бошига 10 квадрат метргача ошириш, шаҳар умумий майдонининг 30 фоизида дарахтлар учун жой ажратиш ва пиёдалар йўлакларининг халқаро стандартларга жавоб беришини таъминлашга қаратилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида ўн битта боғ, шунингдек, 15 км узунликдаги яшил йўл очилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг барчаси шахсий транспортга камроқ таянишни рағбатлантириш ва шу орқали ифлосланишни камайтиришга қаратилган.
Пекин, Хитой
Пекин шаҳри сўнгги йилларда ифлосланган ҳаво тимсолига айланиб қолган эди. 1998 йилда Пекин ҳаво ифлосланишига қарши уруш эълон қилди. Орадан 20 йил ўтди ва Хитой пойтахти бу жангда ғалаба қозонаётганга ўхшайди. Ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланган ва олинган сабоқлар ҳаво ифлосланишига қарши курашувчи бошқа шаҳарлар учун йўл харитасини тақдим этади.
“Ҳаво сифатининг яхшиланиши тасодифан юз бермаган. Бу вақт, ресурслар ва сиёсий ироданинг натижасидир. Пекиннинг ҳаво ифлосланишига қарши тарихини ўрганиш шу йўлдан боришни истаган ҳар қандай миллат, туман ёки муниципалитет учун жуда муҳимдир”, деган эди БМТнинг атроф-муҳит бўйича ижрочи директори вазифасини бажарувчи Жойс Мсуя.
1998 йилда Пекиндаги ҳавонинг ифлосланишига кўмир ёқилғиси ва автотранспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газ сабаб бўлаётгани аниқланган эди. Кейинги 15 йил ичида Пекин энергия инфратузилмасини оптималлаштириш, кўмир ёқилғиси билан ишлайдиган ифлосланишни назорат қилиш ва автомобиллар чиқиндиларини назорат қилишга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди. 2013 йилга келиб ҳавони ифлослантирувчи моддалар даражаси пасайди.
2017 йил охирида Пекинда майда заррачалар билан ифлосланиш (ПМ2.5) 35 фоизга, Пекин-Тянжин-Хебей минтақасида 25 фоизга камайди. Ушбу муваффақиятнинг катта қисми кўмир билан ишлайдиган қозонхоналарни назорат қилиш, тоза маиший ёқилғи билан ишлаш ва саноатни қайта қуриш бўйича чора-тадбирлар натижасида юзага келди. Бу даврда Пекинда олтингугурт диоксиди, азот оксиди, PM10 заррачалари ва учувчи органик бирикмаларнинг йиллик эмиссияси мос равишда 83%, 43%, 55% ва 42% га камайди.
UNEP'нинг 2021 йилги ҳаво сифати бўйича ҳаракатлар ҳисоботига кўра, дунё давлатларининг атиги 31 фоизида ҳавонинг трансчегаравий ифлосланишини бошқариш ёки унга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд, 43 фоиз мамлакатларда эса бундай таъриф йўқ. Аксарият мамлакатларда ҳаво сифати мониторинги ва ҳаво сифатини бошқариш тизими ҳали мавжуд эмас.
Моҳинур Маматова
LiveБарчаси