Дунё Россиянинг қош-қовоғига қарашга мажбурми?

Таҳлил

image
0:00
0:00
download

Русларнинг Украинага босқини халқаро сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий инқирозларга сабаб бўлмоқда. Кремлнинг “қилмиши”га жазо сифатида Ғарб русларга санкциялар қўлламоқда, улар эса нефть ва газ экспортини чеклаш орқали бунга жавоб қайтармоқда. Бир қарашда, қўлланиётган санкциялар кўлами Россия иқтисодиётини жарликка етаклаяпти деб ғарбликлар сархушликка берилиши мумкин, бироқ танганинг иккинчи томонидан қаралса, расмий Москва ва Ғарб (асосан, Европа) айни дамда бир жарликнинг бир шохида илашиб турибди. Ушбу мақолада дунё рус “қора олтин”и ва “зангори олов”ига қанчалик боғлиқлигини бетараф нигоҳда кўриб чиқамиз. 

Рус нефти ва гази учун қандай санкциялар қўлланиляпти?

Европа Иттифоқи йил охиригача Россия нефтининг барча харидларини тақиқлашни режалаштирмоқда. Аммо Иттифоқ аъзолари ўртасида рус газини импорт қилишни тўхтатиш борасида ҳалигача ягона келишув йўқ. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи мамлакатларига 2022 йил охиридан кейин Россия нефтини сотиб олиш тақиқланганини маълум қилди. ЕИ аъзолари Венгрия ва Словакия эса 2023 йил охиригача Россия нефтини сотиб олишда давом этади. Март ойига келиб Иттифоқ Россиядан газ импортини бир йил ичида учдан икки қисмга қисқартиришга ваъда берди. 

Импортни босқичма-босқич тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

АҚШ рус нефти, гази ва кўмир импортидан тўлиқ воз кечганини эълон қилди. Буюк Британия эса йил охиригача Россия “қора олтинидан” воз кечишни режаламоқда. Бу хабарлардан сўнг, дунёда нефть экспорти бўйича учинчи ўринда турувчи Россия унинг нефтини тақиқлаш “жаҳон бозори учун ҳалокатли оқибатларга” олиб келишидан огоҳлантирди.

Энергия ва тоза ҳаво тадқиқотлари маркази маълумотларига кўра, санкцияларга қарамай, Россиянинг Европа Иттифоқига қазиб олинадиган ёқилғи сотишдан тушган ойлик даромади деярли икки бараварга кўпайган. ЕИ уруш бошланганидан буён нефть ва газ нархи ошгани сабабли рус ўлкасидан ойига тахминан 22 миллиард евролик (23 миллиард доллар) ёқилғи импорт қилган, бу 2021 йилнинг мос даври билан солиштирганда ойига ўртача 12 миллиард евро (12,5 миллиард доллар)дан ошган.

Руслар қанча нефть экспорт қилади?

Россия АҚШ ва Саудия Арабистонидан кейин дунёда учинчи йирик нефть ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Санкциялар эълон қилинишидан олдин Кремль нефть хомашёси экспортининг тақрибан ярми Европа мамлакатларига тўғри келган. 2020 йилда кунлик импорт қилишда энг кўп Голландия ва Германия рус нефтига мурожаат қилган. АҚШ энергия ахборот бошқармаси тақдим қилган маълумотларга кўра, расмий Амстердам 549 400 баррель, Германия эса 526 400 баррель (кунига) нефть импорт қилган.

Халқаро энергия агентлиги маълумотларига кўра, муқобил нефть етказиб берувчиларни излаш учун қўшимча йил берилган Словакия ва Венгрия ўтган йили нефть импортининг 96% ва 58%ини Россиядан қилган. Ўз навбатида, рус “қора олтин”и 2020 йилда Буюк Британия нефть импортининг атиги 8 фоизини ва ўтган йили АҚШ нефть импортининг 3 фоизини ташкил этган.
 
Россия нефтидан бошқа муқобил вариант борми?

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, газдан фарқли равишда нефть манбаларининнг муқобилини топиш осонроқ. Негаки нефтнинг бир қисми Россиядан келса, ҳали яна “катта” қисмини бошқа мамлакатлардан олиш мумкин.

Халқаро энергетика агентлиги аъзоси бўлган баъзи мамлакатлар ўз нефть захираларидан 120 миллион баррель эквивалент “қора олтин”ни нефть бозори котировкаларидан чиқариб олдилар. Бу нефть тарихидаги энг йириги бўлди.

Март ойи охирида АҚШ Президенти Жо Байден юқори ёқилғи нархини пасайтириш мақсадида Америка резервларидан нефтни катта миқдорда чиқаришни буюрди. АҚШ бир пайтнинг ўзида Саудиядан нефть қазиб олиш ишларини кўпайтиришини истамоқда ва Венесуэла нефтига нисбатан санкцияларни юмшатиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Россия газ оқимини қандай қилиб сиқиб қўйди?

Украинага бостириб киришига қарамай, Россия Европанинг кўплаб давлатларига катта миқдорда газ етказиб беришда давом этмоқда. Бироқ Ғарб давлатлари Россияга нисбатан молиявий санкциялар киритгач, Президент Путин “нодўстона” давлатлар газ учун тўловни рублда тўлаши кераклигини маълум қилди. Россия давлат энергетика компанияси “Газпром” Польша ва Болгарияга таъминотни тўхтатди. Бу тўловлар рублда амалга оширилмагунча давом этишини маълум қилди. Европа Кремлнинг бу ҳаракатларини “товламачилик” деб билишини айтди. 

Кўпгина бошқа Европа Иттифоқи давлатлари май ойи ўрталарида тўловларни рублда қилиш муаммосига дуч келиши прогноз қилинмоқда. Рублдаги тўловлар эса Россия валютасини мустаҳкамлашга ва унинг иқтисодиётига фойда келтиришга хизмат қилади.

Кимлар рублда тўлов қилмоқчи?

Фон дер Ляйен хоним Россиянинг талабларини бажариш Европа Иттифоқи санкцияларини бузиши ва агарда Европа компаниялари Кремль йўриғидан юришни исташса, бу улар учун “юқори хавф” олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. Ўз навбатида, Европа Иттифоқи давлатлари расмий Москванинг энергия таъминотига қарамликдан қанчалик тез қутилишлари борасида келиша олмаяптилар.

Германия, Венгрия ва Словакия каби қатор Европа Иттифоқи мамлакатларидаги газ компаниялари газ учун тўловни Россиянинг “Газпромбанк” банки орқали еврода тўлашга, кейин эса тўловлар рублга конвертацияланишига рози бўлдилар. 

“Financial Times” газетасининг ёзишича, Австрия ва Италиядаги газ компаниялари ҳам “Газпромбанк”да ҳисоб рақамларини очишни режалаштирмоқда.

Ўтган ҳафта ЕИ рус “зангори олови”нинг харидорлари тўловларни еврода амалга оширса ва рублга конвертация амалга оширилгунга қадар уни тасдиқласа, бу санкцияларни бузмаслигини билдирди. Бироқ, мамлакатлар ЕИ йўл-йўриқларининг асл моҳиятини қандай талқин қилиш бўйича келиша олмаяпти ва Иттифоқ дипломатлари бу масала бўйича янада аниқлик киритишни хоҳлашларини очиқлашди.

Россия Европага қанча газ экспорт қилади?

2019 йилда Европа Иттифоқи табиий газ импортининг 41 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган. Агар Кремлдан Европага газ етказиб берувчи қувурлар “қуриб қолса”, Италия ва Германия газнинг катта қисмини ундан импорт қилгани учун аҳволи анча оғирлашади. Буюк Британия “зангори олов” импортининг атиги 5 фоизини руслардан қилади. АҚШ эса Россия газини умуман импорт қилмайди. Кремль Европага газни бир неча магистраль қувурлар, хусусан, “Шимолий-1” ва “Шимолий-2” орқали етказиб беради. Газ минтақавий омборларда тўпланади ва кейин бутун қитъага тарқатилади.

Россия газига муқобил манбалар ҳақида нима дейиш мумкин?

Европа Қатар, Жазоир ёки Нигерия каби мавжуд газ экспортчиларига мурожаат қилиши мумкин, бироқ ишлаб чиқаришни жадал кенгайтириш учун амалий тўсиқлар мавжуд.  

АҚШ жорий йил охиригача Европага қўшимча 15 миллиард куб метр суюлтирилган газ етказиб беришга келишиб олди. Бу Россия газига қарамликни бироз юмшатади.

Кўк қитъа, шунингдек, шамол энергияси каби бошқа энергия манбаларидан фойдаланишга жиддий эътибор қаратмоқчи, аммо буни амалга ошириш ҳам хамир учидан қил суғургандек осон кечмаслиги аниқ.

Сардор Бегалов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

408

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг