Дунё нигоҳи Афғонистонда. Ҳудудларни жангсиз олаётган “Толибон”нинг ғалабаси муқаррарми?

Олам

image

“Толибон” АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетганидан сўнг, мамлакатдаги энг йирик шаҳарларни зудлик билан эгаллашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Американинг йирик оммавий ахборот воситалари ёзмоқда.

Кеча, 24 июнь куни CNN телеканали “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг шимолий вилоятлари ва қўшни давлатлар, биринчи навбатда, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ўртасидаги энг катта шаҳар — Мозори Шарифга, аллақачон, етиб келганини хабар қилди.

Маълумот ўрнида, “Толибон” ҳаракати жангарилари ушбу шаҳардан 2001 йилда АҚШ ва Россия қўшинлари томонидан Афғонистонда амалга оширилган ҳарбий операциялар давомида қувиб чиқарилган.

Бугунги кунда толиблар мамлакат жанубидаги асосан пуштунлар яшайдиган ҳудудлардан Афғонистоннинг бошқа халқлари: ўзбеклар, тожиклар, ҳазоралар яшайдиган вилоятларга тобора кўпроқ дадил юришларни амалга оширмоқда.

Жорий йилнинг 22 июнь куни пойтахти Мозори Шариф бўлган Балх вилояти губернатори 1990 йилларда “Толибон”га қарши курашган “Афғонистон тожик Исломий Жамияти” (Жамият-и-Исломий) партиясидаги шерикларини яна қурол олиб, ўз ерлари ва халқини ҳимоя қилишга чақирди.

“Аммо, толиблар Мозори Шарифни шерлар каби ўраб олган”, деб ёзади CNN дипломатик колумнисти Ник Робертсон.

Толиблар кетма-кет Афғонистон минтақаларини ҳукумат қўшинларидан қайтариб олмоқда: жорий йилнинг майидан бери толибларнинг сўзларига кўра 90 та туман, аллақачон, уларнинг назорати остига ўтган. БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайонснинг сўзларига кўра, мамлакатнинг 370 та районидан камида 50 таси толиблар қўлида. Лайонснинг қўшимча қилишича, толиблар эгаллаб олган ҳудудлар вилоят марказларини қуршаб олган.

“Бу шуни англатадики, толиблар хорижий қўшинлар мамлакатни тарк этиши биланоқ вилоят марказларини эгаллаб олишга тайёрланмоқда”, дейди Лайонс CNN’га.

Жорий йилнинг 21 июнь куни толиблар Тожикистон билан чегарадаги Шерхон-Бандар шаҳрини 2000 йилдан бери биринчи марта эгаллаб олди. Эндиликда, толиблар ўзларининг рақибларига халқаро ёрдам келадиган муҳим пост — Тожикистон билан чегарани назорат қилмоқда. Шу билан бирга, улар 100 дан ортиқ ҳукумат аскарларини ўлдирган ва асирга олган, деб ёзади “The Wall Street Journal”.

Афғонистон ҳарбийлари шунчалик руҳий тушкунликка тушиб қолганки, америкалик иттифоқчиларининг кўмагисиз қолгани сабабли толибларга тобора жангсиз таслим бўлмоқда. CNN маълумотларига кўра, афғонистонлик ҳарбийлар бирон марта ҳам ўқ узмасдан, толибларга америкаликлардан қолган ҳарбий техниканинг бутун колоннасини бериб қўймоқда. Масалан, толиблар бирон бир қора бозордан топа олмайдиган “Humvee” зирҳли машиналари.

“The Wall Street Journal”нинг қайд этишича, толиблар ғалаба қилишининг муқаррарлиги туфайли афғон оқсоқоллари ва “Толибон” жангарилари ўртасида музокаралар олиб борилган ва натижада Афғонистоннинг кўп районлари таслим бўлган. Толиблар ўзлари томонга ўтган афғон ҳарбийларига эса ҳатто бир неча ой давомида кўрмаган маошини тўламоқда.

Жорий йилнинг 22 июнь куни АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд “Толибон”ни ҳокимиятни ҳарбий тарзда эгаллаб олиш ҳолатида халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

“Биз толибларга ҳарбий йўл билан ҳокимиятни эгаллаш ҳаракатга қонунийлик бермаслигини яна бир бор такрорламоқчимиз. Биз Хавфсизлик Кенгашидаги ҳамкасбларимиз, шу жумладан Европа давлатлари, Хитой ва Россия билан афғон муаммосига ҳарбий ечим йўқлигини бир неча бор таъкидладик. Дунё Афғонистонда ҳокимият зўрлик билан қўлга киритилишини ёки Ислом амирлигининг тикланишини тан олмайди”, дейди Линда Томас-Гринфилд БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишида.

Қайд этилишича, “Толибон” ва АҚШ ўртасида 2020 йил февраль ойида Қатарнинг Доҳа шаҳрида Президент Дональд Трамп даврида ўтган музокараларнинг муҳим жиҳати – бу ҳаракатни янги сиёсий даражага олиб чиққан.

Маълум қилинишича, ўшанда “Толибон” Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларига киришишни ва Ал-Қоида каби халқаро террористик ташкилотлар билан ҳамкорликни тўхтатишни ваъда қилган. Аммо, якунда улар ҳеч қандай ваъдаларини бажармаган. БМТнинг жорий йилнинг июнь ойи бошларида эълон қилган ҳисоботида айтилишича, толибларнинг ҳукумат кучларига қарши террористик ҳужумлари янада кучайган ва Ал-Қоида билан алоқалар сақланиб қолган.

АҚШ ҳарбий таҳлилчиларининг башорат қилишича, хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этгач 6 ойдан 12 ойгача муддат ичида расмий Кобул қулайди, яъни мамлакатда ҳокимиятни толиблар эгаллаб олади. 

“Халқаро коалиция қўшинларига асосан таржимон сифатида ёрдам берган ўн минглаб афғонларнинг тақдири алоҳида ташвишга солмоқда”, дея қайд этган “The Wall Street Journal”.

Толиблар уларни хоин, деб билишади ва аллақачон, нафақат таржимонларнинг ўзларини, балки яқин қариндошларини ҳам намойишкорона қатл қилишган, дейилади “Aljazeera” телеканали хабарида.

АҚШ ҳарбий-денгиз флотининг адмирали Жеймс Ставридис “Bloomberg Opinion” учун ёзган мақоласида ҳар қандай усул билан, ҳатто бунинг учун уларни оммавий равишда эвакуация қилишга тўғри келса ҳам АҚШ иттифоқчиларини “Толибон”дан ҳимоя қилишни таклиф қилган: акс ҳолда уларни Вьетнамда қолдирилган АҚШ иттифоқчиларининг қийноқларга солинган тақдири кутмоқда.

Массачусетс штатидан Вакиллар палатаси аъзоси ҳамда собиқ денгиз пиёдаси Сет Мултон алоҳида виза шартларига лойиқ, деб ҳисоблаган ҳамда АҚШга ёрдам берган 20 минг таржимон ва бошқа афғонларни эвакуация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тайёрламоқда.

“Афғонистон билан, аллақачон, барчаси тушунарли. Биз бу урушда ғалаба қозонмаслигимиз аниқ. Аммо, бу урушда шармандали тарзда мағлубиятга учрашнинг кўплаб усуллари ҳали кўп”, дейди у “The Wall Street Journal” газетасига.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

654

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг