Дубайдаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Олам
−
01 Март 7131 4 дақиқа
Бирлашган Араб Амирликлари, хусусан Дубай шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан хавфсизлик талабларига риоя қилиш сўралди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда БААдаги дипломатик ваколатхоналар фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда.
Ҳаво маконидан фойдаланишдаги вақтинчалик чекловлар туфайли авиақатновлар тўхтатилган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан қуйидагиларга қатъий риоя қилиш сўралади:
Маҳаллий қонун-қоидалар ва расмий идоралар кўрсатмаларига тўлиқ амал қилиш;
Заруратсиз кўчага чиқмаслик ва одамлар гавжум жойлардан узоқроқ бўлиш;
Фақат расмий ахборот манбаларига таяниш.
Фавқулодда ҳолатларда тезкор алоқа учун:
- +971 55 986 9040;
- +971 55 956 4110.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яқин Шарқдаги кескинлик фонида Ўзбекистон Республикасининг чет элда бўлиб турган фуқароларига муҳим тавсиялар берилган эди.
Қайд этиш жоиз, кеча, 28 февраль куни Эрон ҳужуми оқибатида Дубайнинг “Палм-Жумайра” меҳмонхонаси ҳудудида ёнғин бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Дубай шаҳри аэропортига Эрон дронлари ҳужуми оқибатида тўрт киши жароҳат олди.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Аввалроқ, Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.
Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.
Қайд этиш жоиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат “Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси” бошланганини маълум қилганди.
Шундан сўнг, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат Исроил ва АҚШга қарши янги ҳужумлар бошланганини эълон қилди.
Live
БарчасиЭрон Кипрга ҳам зарба берди
01 Март