Дубайдаги АҚШ консуллиги ҳам ҳужумга учради (видео)
Олам
−
09:03 4749 2 дақиқа
Дубай шаҳрида жойлашган АҚШ консуллиги яқинида ёнғин юз берди. Бу ҳақда Дубай ҳокимияти Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Маълумотга кўра, АҚШ консуллиги яқинида дрон билан боғлиқ ҳодиса ортидан чиққан ёнғин муваффақиятли равишда бартараф этилган. Ҳодиса жойига зудлик билан фавқулодда хизматлар етиб келган.
Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.
Америкалик дипломатик манбалар ҳам “Fox News” телеканалига Эрон дрони консулликка зарба бергани ва ёнғин чиққанини маълум қилган.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг айтишича, учувчисиз қурилма консуллик ёнидаги автотураргоҳга зарба берган. Рубио консулликдаги америкалик ходимлар хавфсиз эканини таъкидлаган.
“Axios” нашрининг ёзишича, Бирлашган Араб Амирликлари Эрон зарбаларига ҳарбий жавоб бериш масаласини ўрганмоқда.
28 февраль куни эрталаб Исроил ва АҚШ томонидан Эронга қарши зарбалар бошланганидан сўнг, Теҳрон жавоб тариқасида Америка базаларига ҳужум қилиш мақсадида ракета ва дронларни ишга туширган.
Зарбалар оқибатида БААдаги турли объектлар, жумладан Дубай ва Абу-Даби аэропортлари ҳам нишонга олингани, ҳалок бўлганлар борлиги хабар қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги Ар-Риёд шаҳридаги АҚШ дипломатик ваколатхонасига икки дона учувчисиз аппарат билан ҳужум қилингани, шундан сўнг кичик ёнғин юз бергани ҳақида хабар берганди.
Кейинчалик, АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридаги АҚШ элчихонасига учувчисиз аппаратлар орқали амалга оширилган ҳужумга жавоб қайтарилишини маълум қилган эди.