Дубайда ядровий “бешлик” давлатлари учрашди

Олам

image

Жорий йилнинг 4 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ядровий “бешлик” давлатлари – Россия, АҚШ, Хитой, Франция ва Буюк Британия вакилларининг муҳим учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бу Хитойнинг 1 йиллик раислиги доирасидаги илк тўлиқ маслаҳатлашув бўлган. Учрашувда асосий мавзу сифатида ядровий доктриналар муҳокама қилинган. Пекин томонига кўра, айни пайтда бу мавзуда олиб борилган музокаралар ядровий давлатлар ўртасида тушунмовчиликлар ва хатоликларга йўл қўймаслик учун муҳим.

Учрашув 4 декабрь куни бўлиб ўтган бўлса-да, унинг тафсилотлари 10 декабрь куни эълон қилинган. Бу кечикиш умумий баёнотни келишишнинг мураккаблиги билан боғлиқлиги айтилмоқда. Бундай учрашувлар одатда камдан кам ҳолларда омма учун очиқ равишда ўтказилади. 2022 йилдан бошлаб эса деярли бутунлай ёпиқ тарзда ўтказилмоқда. Шунга қарамай Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида ушбу тадбир ҳақида батафсилроқ маълумот берган.

Қайд этилишича, аввалги учрашувлар одатда раислик қилаётган давлатларнинг пойтахтларида ўтказилган, аммо охирги йилларда улар нейтрал ҳудудларда, масалан, БМТ ёки учинчи давлатлар ҳудудига кўчирилган. Учрашувлар “мутахассислар даражасида” ўтказилади ва унда дипломатик ҳамда ҳарбий расмийлар иштирок этади. Лекин, ҳар доим ҳам бешта давлатнинг барча вакиллари қатнашмайди.

Маълумот учун, “бешлик” формати 2009 йилда Буюк Британия ташаббуси билан “Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисида”ги шартномани қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бу ядровий давлатлар мунтазам равишда стратегик хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун ягона платформа ҳисобланади.

Жорий йилнинг июнида Швеция пойтахти Стокгольмда жойлашган Халқаро тинчликни ўрганиш институти (SIPRI) томонидан эълон қилинган йиллик ҳисоботга кўра, сўнгги йилда барча тўққизта ядровий давлат – бешта расмий (Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ, Франтсия) ва тўртта норасмий (Исроил, Ҳиндистон, Шимолий Корея, Покистон) ўз ядровий арсеналини фаол равишда кучайтирган.

Ҳозирги кунда глобал ядровий қурол-яроғнинг умумий захираси 12 121 дона каллакдан иборат. Улардан 9 585 таси 2024 йил январь ҳолатига кўра захирада сақланмоқда.

Тахминан 3 904 дона каллак ракеталар ва самолётларга жойлаштиришга тайёр, бу эса 2023 йилга нисбатан 60 тага кўпроқ. Шу жумладан 2,1 мингдан ортиқ каллак юқори жанговар тайёргарлик ҳолатида ва бу кучайган эскалация хавфини кўрсатади.

Россия ва АҚШ дунё бўйлаб ядровий қурол-яроғларнинг тахминан 90 фоизига эгалик қилади. SIPRI маълумотларига кўра, Россия сўнгги йилда 36 дона қўшимча каллак жойлаштирди, бу эса мамлакатнинг ядровий кучларини мустаҳкамлашга қаратилган барқарор ёндашувни кўрсатади.

Хитойда эса энг катта ўзгаришлар рўй берган. 2023 йил ушбу мамлакатда  410 дона каллак мавжуд эди, 2024 йилга келиб эса бу рақам 500 га етган. Хитойнинг ядровий потенциалининг тез суръатларда ошиши жаҳон ҳамжамиятида хавотир уйғотмоқда ва Пекиннинг узоқ муддатли стратегик режалари ҳақида саволларни келтириб чиқармоқда.

Ушбу маълумотлар глобал миқёсда ядровий арсенални кучайтириш тенденциясини кўрсатади. Бу эса қуролланишни камайтириш имкониятларини сезиларли даражада қийинлаштиради. Халқаро барқарорликнинг пасайиши шароитида ядровий кучлар стратегик хавфсизликнинг асосий элементи сифатида тобора кўпроқ аҳамиятга эга бўлмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ядровий “бешлик”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар