Дубайда дунёдаги энг узун олтин йўлак очилади
Бу қизиқ
−
21:13 727 2 дақиқа
Дубайнинг “Dubai Gold District” савдо туманида жорий йил охиригача 24 каратли олтиндан тайёрланган пиёдалар йўлагини очиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 25 октябрь куни туман тижорат сектори директори Рашид Ал-Ҳармудийга таяниб, “Emirates 24/7” нашри хабар берди.
“Яқин икки ой ичида очилиши режалаштирилган пиёдалар йўлаги ўз тури бўйича дунёда биринчи ва энг узуни бўлади ҳамда у 24 каратли олтиндан тайёрланади”, дейди Ал-Ҳармудий.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа Дубайнинг сайёҳлик йўналиши ва олтин савдосининг жаҳон марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган. Янги диққатга сазовор жой шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига олтин йўлак бўйлаб сайр қилиш имконини беради.
Аниқлик киритилишича, “Dubai Gold District”да олтин ва заргарлик буюмлари савдосига бағишланган кўргазма майдонини яратиш режалаштирилмоқда. У Яқин Шарқдаги энг йиригига айланиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, порталнинг ёзишича, 2026 йил бошидан буён тумандаги олтин савдоси бўйича улгуржи офислар сони 20 фоизга, олтин, заргарлик буюмлари, қимматбаҳо тошлар ва люкс синфидаги соатларга ихтисослашган янги дўконлар сони эса 15 фоизга ортган. Ал-Ҳармудий кейинги йилда туманда ўз ваколатхоналарини очадиган компаниялар сони яна 10–20 фоизга кўпайишини кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликларининг энг йирик шаҳри Дубайда дунёдаги энг баланд меҳмонхона – “Ciel Dubai Marina” қурилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси