Дубай – сукунатга чўккан орзулар шаҳри
Олам
−
13 Апрель 2020
7197Янги турдаги коронавирус COVID-19 инфекцияси бутун дунёни издан чиқарди. Вирус энг ривожланган мамлакатлар, иқтисоднинг энг қайнаган нуқталарида яққол кўзга ташланмоқда. Шулар қатори дунё мегаполислари орасида ўзининг бетакрор бинолари, кўзни қувонтирувчи гўшалари билан машҳур бўлган БААнинг Дубай шаҳри ҳам ўз салобатини йўқотгандек, гўё. “National Geographic” бўшаб қолган Дубай кўчаларининг видеосини тақдим этди. Унда ҳар қандай салобат ва маҳобат фақат ва фақат инсон иштироки биланлигини кўриш мумкин.
Яқин Шарқнинг савдо, молиявий ва туристик маркази саналган шаҳарда айни вақтда карантин ҳукм сурмоқда. Инсон учун бирламчи масала унинг ҳаёти ва соғлиғи эканлиги шу шаҳар мисолида гавдаланмоқда. Ҳар куни минглаб туристларни лол қолдирган маҳобатли бино – Бурж-Халифа ҳам бугун ёлғизлик гирдобида қолмоқда.
Кучайтирилган карантин чоралари билан бирга 4 апрелдан буён икки ҳафта давомида шаҳарнинг барча нуқталарида дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Зич аҳолига эга бўлган шаҳарда бир оиладан фақатгина бир вакил (ниқоб ва махсус қўлқоп билан) ташқарига чиқиш ҳуқуқига эга.
Саёҳат мухлисларининг орзуси бўлган Дубайнинг Палма ороллари, Атлантис курорт меҳмонхонаси, Бурж Ал-Араб иншоотлари, Шайх Зайед шосселари бугун ҳавас қилгудек ҳолатда эмас.
Бирлашган Араб Амирлиги коронавирусга қарши таъсирли чоралар қўллаш бўйича Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. 11 апрель куни икки давлат раҳбарлари ўзаро қўнғироқлашиб, пандемия масаласида фикр алмашди. БАА раҳбари Абдулла бен Зайд Аль Нахайён ҳамкорликни юқори баҳолаб, Хитой ҳукумати томонидан юборилган тиббий воситалар учун ўз ташаккурини билдирган.
Маълумот ўрнида, айни вақтда БААда 4 123 коронавирусга чалинган. Улардан 680 нафари даволанган, 22 киши вафот этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь