Дубай халқаро аэропорти ҳудудида Эрон дрони сабаб ёнғин юз берди

Олам

image

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри халқаро аэропорти яқинида учувчисиз учиш аппарати ҳужуми оқибатида ёқилғи сақланадиган баклардан бири ёниб кетди. Бу ҳақда Дубай ҳукумати матбуот хизмати Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Расмий баёнотда айтилишича, дрон билан боғлиқ ҳодиса Дубай халқаро аэропорти атрофида содир бўлган ва оқибатда ёқилғи бакларидан бири зарар кўриб, ёнғин чиққан. Фуқаро мудофааси бўлинмалари дарҳол воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни назоратга олиш устида ишлаган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот келиб тушмаган.

Шундан сўнг Дубай фуқаро авиацияси бошқармаси хавфсизлик чораси сифатида аэропортдаги барча йўловчилар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида парвозларни вақтинча тўхтатганини эълон қилган.

Қайд этиш жоиз, Бирлашган Араб Амирликлари Мудофаа вазирлиги 12 март куни мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Эрон томонидан учирилган 10 та баллистик ракета ва 26 та дронни тутиб қолганини маълум қилган эди. Умуман олганда, Яқин Шарқда кескинлик кучайганидан буён 1540 та учувчисиз аппарат, 278 та баллистик ракета ва 15 та қанотли ракета йўқ қилинган.

Маълумотларга кўра, Эрон минтақа давлатларига ҳужумларни АҚШ ва Исроил бошлаган ҳарбий операциядан сўнг кучайтирган. 10 март ҳолатига кўра, Бирлашган Араб Амирликларида Эрон зарбалари оқибатида 122 киши жароҳатланган, 6 киши ҳалок бўлган. Форс кўрфази ҳудудидаги олтита давлат, жумладан Бирлашган Араб Амирликлари ҳам, аввалроқ ракета ҳужумлари учун Эронга жавоб берилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дубай шаҳрида жойлашган АҚШ консуллиги яқинида ёнғин юз берганди. Консуллик яқинида дрон билан боғлиқ ҳодиса ортидан чиққан ёнғин муваффақиятли равишда бартараф этилган. Ҳодиса жойига зудлик билан фавқулодда хизматлар етиб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бирлашган Араб Амирликлари Дубай халқаро аэропорти Эрон дрони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг