ДСҚ: “Poytaxt” СКМ ноқонуний 3,2 млрд сўм солиққа тортилган

Жамият

image

“Play Island” МЧЖ Тошкент шаҳар Юнусобод туманида рўйхатга олинган ва бу компаниянинг “Зарафшон” бизнес маркази ёнида жойлашган савдо ҳамда кўнгилочар маркази (“Poytaxt” савдо мажмуаси) мавжуд. Ушбу МЧЖ таъсисчилари давлат солиқ хизмати органига мурожаат қилиб, туман давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган камерал назорат натижасида турғун савдо нуқталарини ижарага бериш асосий фаолияти сифатида баҳоланиб, натижада ягона солиқ тўлови бўйича 3 млрд 230,2 млн сўм қўшимча солиқ ҳисобланганидан норози эканини билдирган.

Давлат солиқ қўмитаси ҳолат юзасидан муносабат билдириб, мурожаат Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бўлими томонидан кўриб чиқилганини маълум қилди.

Ўрганишлар давомида Юнусобод тумани давлат солиқ хизмати органларининг хатти-ҳаракатлари қонунга зид эканлиги ва 3 млрд 230,2 млн сўмлик қўшимча солиқ ундирилиши асоссизлиги аниқланди. Натижада ушбу инспекция томонидан “Аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ҳақида” жўнатган талабномаси бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Давлат солиқ қўмитасида Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси Президентнинг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган ва унинг давлат солиқ бошқармаларида ҳудудий бўлимлари мавжуд.

Бошқарма фаолиятининг асосий мақсади солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида солиқ қонунчилигига оид низоларни кўриб чиқишдан иборатдир. Солиқ тўловчилар ўзлари қониқмаган қарор устидан судгача шикоят қилиш ҳуқуқига эгалар.

Бошқарма ходимлари мурожаатни синчковлик билан ўрганиб чиқадилар ва бажарилган ишлар натижаларига кўра солиқ тўловчига жавоб юборадилар. Шуни таъкидлаш керакки, ушбу жараён судда кўриладиган жараёндан бир неча баравар кам вақтни олади. Ҳар бир мурожаат 15 кундан 30 кунгача кўриб чиқилади. Яна бир ижобий томони шундаки, мурожаат этувчи ҳар доим ҳам шахсан ишни кўриб чиқиш жараёнида иштирок этиши талаб этилмайди. Айнан бу ҳам солиқ тўловчининг вақти тежалишига хизмат қилади. Энг муҳими эса судгача низони ҳал этиш жараёнига ҳеч қандай молиявий харажат сарфланмайди, дейилади ДСҚ маълумотида.

Қайд этилишича, солиқ тўловчи юзага келган низо бўйича аввалига солиқ хизмати органларининг вилоят ёки шаҳар бўлинмаларига мурожаат қилиши ва агар солиқ низоси ҳал этилмаса, ДСҚга ёзма ёки сайт орқали тўғридан-тўғри мурожаат қилиши мумкин. Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси ҳар бир мурожаатни холисона ёндашув асосида кўриб чиқади. 

Агар мурожаат қилган солиқ тўловчи кўриб чиқилган солиқ низоси натижасидан қониқмаса, у ҳолда судга ёки Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгашига мурожаат қилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг