Дрон қулаши ортидан АҚШ ва Россия мудофаа вазирлари мулоқот қилди
Олам
−
16 Март 2023
10226Кеча, 15 март куни Америка учувчисиз самолёти Қора денгиз узра қулаганидан бир кун ўтиб, АҚШ ва Россия мудофаа вазирлари телефонда гаплашди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, мулоқот АҚШ тарафининг талаби билан ўтказилган. Унда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу америкалик мавқедоши Ллойд Остинга Америка дронларининг Қрим қирғоқлари бўйлаб парвозлари провокацион характерга эга эканини ва бундай ҳаракатлар Қора денгиз зонасида кескинлашувга олиб келиши мумкинлигини айтган.
Ллойд Остин эса қўнғироқнинг тафсилотларини, жумладан, Россия томонидан АҚШ дрони тўхтатилишини танқид қилган ёки йўқлигини айтишдан бош тортган. Бироқ у АҚШ халқаро қонунлар рухсат берган жойда парвозни давом эттириш ниятида эканини ҳамда Россия ҳарбий самолётларининг хавфсиз ва профессионал тарзда ишлашини талаб қилишини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Россия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов ва АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раиси генерал Марк Милли ўртасида ҳам телефон алоқаси бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ унга тегишли MQ-9 дрони Россиянинг Су-27 қирувчи самолётлари томонидан Қора денгизнинг халқаро сувларига уриб туширилганини айтганди. Россия томони эса дрон Қрим устидан учиб ўтгани, Су-27 қирувчилари ҳеч қандай қурол ишлатмаганини маълум қилганди.
LiveБарчаси