Донецкдаги бозор ўққа тутилди. Қурбонлар бор
Олам
−
22 Январь
5273Кеча, 21 январь куни Россия кучлари назорати остида бўлган Донецкнинг Текстильшик микрорайонидаги бозор ўққа тутилди. Россия томони ҳужумда Украинани айблади. Украина Қуролли кучлари эса буни рад этмоқда.
Тан олинмаган ДХР раҳбари Денис Пушилиннинг айтишича, 21 январь куни Москва вақти билан соат 21.00 ҳолатига кўра, Текстильшик микрорайонидаги бозорнинг ўққа тутилиши оқибатида 28 нафар шаҳар аҳолиси ҳалок бўлган, яна 30 киши жароҳатланган.
“Янгиланган маълумотларга кўра, 152 мм ва 155 мм калибрли артиллериядан қўшма зарба Кураховский ва Красногоровский йўналишларидан амалга оширилган”, деб ёзади Пушилин Telegram-каналида.
Ўз навбатида, Украина Қуролли кучларининг Таурид йўналиши бирлашган мудофаа кучлари матбуот маркази баёнот бериб, Россиянинг айбловларини рад этди.
"Россияликлар Донецкдаги бозорга ҳужум уюштирилгани ҳақида маълумот тарқатмоқда. Масъулият билан билдирамизки, "Таврия" оператив ва стратегик гуруҳига бўйсунувчи кучлар бу ҳолатда бузғунчилик қилмаган", дейилади марказнинг Facebook’даги саҳифасида эълон қилинган баёнотда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Донецкга берилган зарбани кескин қоралади.
“Бош котиб тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қилинган барча ҳужумларни, жумладан, бугун Донецкнинг ўққа тутилишини кескин қоралайди. Тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига қарши ҳужумлар халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича тақиқланган, улар қабул қилиб бўлмайдиган ва зудлик билан тўхтатилиши керак”, дейилади БМТ Бош идораси баёнотида.
Россиянинг БМТдаги доимий вакил ўринбосари Дмитрий Полянскийнинг айтишича, Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини талаб қилган. Бугун, 22 январь куни бўлиб ўтадиган йиғилишнинг асосий мавзуси Донецкнинг ўққа тутилиши бўлади. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам унда қатнашади.
LiveБарчаси