Дональд Трамп АҚШнинг янги ҳукуматини журналистлардан тузяпти
Таҳлил
−
21 Ноябрь
2197Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган Президентлик сайловида ғолибликни қўлга киритиб, мамлакатнинг 47-президентлигига сайланган Дональд Трамп ҳукумат таркибини шакллантиришни давом эттирмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳукумат таркибига тайинланаётганларнинг асосий қисмини журналистлар ташкил қилади.
Пит Хегсет
Масалан, 13 ноябрь куни “Fox News” телеканали бошловчиси Пит Хегсет АҚШ Мудофаа вазири лавозимига Трамп томонидан номзод сифатида кўрсатилди. Янги сайланган президент жамоасининг баёнотига кўра, телебошловчи Хегсет аслида жанговар фахрий. 2003 йилда Принстон университетини тамомлагандан сўнг Хегсет армия миллий гвардиясида пиёда қўшин капитани лавозимига тайинланган. Ироқ ва Афғонистонда, шунингдек, Гуантанамо қамоқхонасида чет элда хизмат қилган ва иккита Бронза юлдуз медали билан тақдирланган. Қолаверса, Трамп унинг мудофаа соҳасидаги билимларига ишонади ва ҳарбий шарҳларни кузатиб боради. Хегсет ўзининг подкастларидан бирида Россия-Украина урушининг бошланишини “менга ўз урушимни қайтариб беринг” принципидаги Путиннинг уруши деб таърифлаган. У ҳам Трамп каби НАТОнинг айрим аъзолари ўз мудофаасини таъминлаш учун камроқ ҳақ тўлаши сабабли альянсни танқид қилгани маълум.
“Столтенберг, асосан, ҳимоя харажатларига оид АҚШ Президенти томонидан оширилаётган босим ҳақида гапирмоқда, аммо бизга Европа иттифоқчилари ҳам зарур. Биз уларга ҳам керакмиз, лекин улар ҳануз иштирок этмаган. Бу Президент Трамп учун катта ютуқ, у босимни тўғри жойга, яъни тўловларини тўлиқ бажармаётган иттифоқдошларга қаратди. Бу, шунингдек, йўналишини йўқотган иттифоқ эди. Қайси тарафда туради ва нимага қарши чиқади? Бу ўринда, у радикал исломий терроризмга қарши курашни қайта йўналтирди, аммо Европа бу таҳдидни жиддий қабул қилмаган ва Ироқ билан Афғонистон каби хорижий майдонларда душманларни енгиш учун етарлича ҳаракат қилмаган. Шундай қилиб, у бу иттифоқни қайта тирилтирди. Унга бефарқ дейдиганларга қарши, у уни асло бўшашиб қолишига йўл қўймаганларнинг ҳаммасидан кўпроқ аҳамият беради”, деган у.
2020 йилда Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг махсус кучлари собиқ қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига жавобан Эрон Ироқдаги АҚШ базаларига баллистик ракеталарни учиргач, Хегсет Трампни Эроннинг иқтисодий объектлари, шунингдек, маданий объектларни йўқ қилишга чақирган. Трамп ижтимоий тармоқдаги постида Хегсетни “Пит бутун ҳаётини Қўшинлар ва Ватан учун жангчи сифатида ўтказди. Пит қаттиққўл, ақлли ва “Биринчи Америка”га ишонади. Пит бошқарувида бўлса, Американинг душманлари эътиборга олинади”, дея ўз танловини тушунтиришга уринган.
2014 йилда “Fox News” телеканалига қўшилган 44 ёшли Хегсет телеканалнинг “Fox & Friends Weekend” телеканалида ҳаммуаллифлик қилади ва Fox Nation телеканалида бошловчилик қилади. Хегсет шунингдек, кўплаб китоблар, жумладан, “Жангчиларга қарши уруш: Бизни озод қиладиган одамларнинг хиёнати ортидан” китоби муаллифи. Хегсетнинг номзодини эълон қилар экан, Трамп ушбу китобни мақтаб, унинг “New York Times'нинг энг кўп сотилганлари рўйхатида тўққиз ҳафта давомида тушмай келган”ини қўшимча қилган. Аммо Хегсет ҳарбий хизматни ўтаган бўлса-да, унда ҳарбий ёки миллий хавфсизлик бўйича ҳукумат вакили сифатида катта тажриба йўқ. Шу сабабли ҳам Хегсет исми Пентагон расмийлари орасида илиқ қабул қилинмади. Масалан, унинг исми эълон қилинганидан кўп ўтмай, мудофаа ходими CNN’га “Ҳамма шунчаки ҳайратда” дея изоҳ берган. Мудофаа котиби лавозимига номзодларни кузатиб борган яна бир Пентагон расмийси Хегсетнинг номзод бўлиши мумкинлиги ҳақида фақат бир неча соат олдин билиб олганини айтган. АҚШнинг собиқ мудофаа вазири Марк Эспер эса сайлов олдиданоқ бир неча ҳафта ичида Трамп маъмурияти таҳдиди ҳақида очиқ огоҳлантирган эди. Энди Пентагон раҳбари лавозимини эгаллаш учун Пит Хегсетга 20 январь куни Трамп инаугурациясидан кейин АҚШ Сенати яъни Конгресснинг юқори палатаси розилиги керак бўлади.
Шон Даффи
АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп ўз маъмуриятида Транспорт вазири лавозимига ҳам телебошловчини танлади. У собиқ конгрессмен, ҳозирда телебошловчи Шон Даффи. Бу ҳақда Трамп кеча, 18 ноябрь куни маълум қилди. Трампнинг бу танловига Даффининг Вакиллар палатасида “фискал масъулият” учун курашаётгани сабаб бўлган. Дональд Трампнинг сўзларига кўра, Висконсин штатидан собиқ конгрессмен Конгрессдаги ҳамкасблари билан йўллар ва кўприклар қуриш бўйича муҳим лойиҳалар устида ишлаган ва котиб сифатида у учувчилар ва ҳаво ҳаракатини назорат қилувчилар ўртасида ирқий хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш дастурларини бекор қилган.
“У Американинг автомобиль йўллари, туннеллари, кўприклар ва аэропортларини модернизация қилишда сифат, малака, рақобатбардошлик ва гўзалликни биринчи ўринга қўяди”, деган Оқ уйнинг бўлажак раҳбари.
Даффи 2011 йилдан 2019 йилгача АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг аъзоси бўлиб ишлаган. Ҳозирда 53 ёшли Шон Даффи Fox Business телеканалида телебошловчи бўлиб ишлайди ва ўта консерватив Fox News телеканали билан ҳамкорлик қилади, у ерда биз аввалроқ айтиб ўтган Трампнинг Мудофаа вазири лавозимига номзоди Пит Хегсет дастурларни олиб боради. Трампнинг қўшимча қилишича, Даффи “ўз тажрибаси ва Конгрессда кўп йиллар давомида ўрнатган муносабатларидан миллатимиз инфратузилмасини сақлаб қолиш ва қайта қуриш учун фойдаланади” Трамп “Саёҳатнинг олтин даври”ни кўзлаган эди, дея қўшимча қилди у. Америка юк ташувчи ассоциациялари Даффининг юк ташиш муаммолари бўйича фаолиятини мақтади.
“Шон Даффи Вакиллар палатасидаги фаолияти давомида асосий эътиборини саноатимиз олдида турган муаммоларга қаратди ва таъминот занжири ҳамда мамлакат товарларининг хавфсиз ва самарали ҳаракатланишини таъминлаш қобилиятини мустаҳкамлаш учун юк ташиш сиёсатини қўллаб-қувватлади”, деди ассоциация президенти ва бош директори Крис Спир.
Ларри Кадлоу
Дональд Трамп “Fox Business” телеканали бошловчиси ва иқтисодчи Ларри Кадлоуни иқтисодиёт ва молия соҳасида юқори лавозимга тайинлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди. Нашрнинг ёзишича, Трампнинг маслаҳатчилари Кадлоуни Миллий иқтисодий кенгаш раҳбари лавозимига номзод сифатида кўриб чиққан. У ушбу лавозимга Трампнинг биринчи президентлик даврида ҳам эгалик қилган. Бундан ташқари, Кадлоу молия вазири лавозимига ҳам кўриб чиқилиши мумкинлиги айтилмоқда.
“Reuters” нашрига кўра, Кадлоуга аввалги лавозимига қайтиш таклиф қилинган, аммо у бу таклифни рад этган. Чунки 77 ёшли иқтисодчи телевидение соҳасидаги ишини тарк этишни режалаштирмаяпти. У яқинда “Fox Business” телеканалида ўз номидаги дастурини давом эттириш бўйича янги шартнома имзолаган. Аммо таҳлилчилар Трамп уни лавозимга қайтишига кўндира олади, деган фикрда.
Маълумот учун, Кадлоу 2001-2014 йилларда CNBC телеканалида бир нечта дастурларни олиб борган. У 2018 йилнинг апрелида Оқ уйда иш бошлаган. АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден маъмуриятида унинг ўрнини Браян Диз эгаллаган.
Тулси Габбард
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ҳатто Миллий разведка бошқармасига раҳбарликни ҳам журналистга ишониб топширмоқчи – Тулси Габбард. Собиқ конгрессмен подполковник Тулси Габбард Республикачи ва Демократик партиялар томонидан АҚШ Миллий разведкаси директори лавозимига кенг қўллаб-қувватланади. Бу ҳақда Трамп жамоасининг ҳокимиятни топшириш ҳақидаги баёнотига таяниб, “Reuters” хабар берган.
“Тулси бизнинг разведка ҳамжамиятимизга ўзининг юксак мартабасини белгилаб берган қўрқмас руҳни олиб келади, конституциявий ҳуқуқларимизни ҳимоя қилади ва куч билан тинчликни таъминлайди. Тулси барчамизни фахрлантиради”, деган Трамп.
43 ёшли Габбард 2003 йилдан бери АҚШ армияси Миллий гвардиясида хизмат қилган ва 2004 йилдан 2005 йилгача Ироқдаги АҚШ армиясининг дала тиббий бўлинмасида хизмат қилган. 2020 йилда у армия захирасига ўтган ва бир йилдан сўнг подполковник унвонини олган. Аммо ўтмишда Тулси Габбард “Fox News” телеканалида сиёсий шарҳловчи бўлган ва Демократик партия аъзоси ҳам. 2022 йилда у телеканални тарк этиб, 2024 йил августидаги сайловолди кампаниясида Трампни қўллаб-қувватлаган. “Associated Press” агентлигининг таъкидлашича, Тулси Габбард ички хавфсизлик ва қуролли кучлар бўйича тегишли палата қўмиталарида фаолият юритган бўлса-да, тўғридан тўғри разведка ҳамжамиятида ишламаган. Бу эса АҚШ расмийларини чўчитмоқда.
Бундан ташқари, Тулси Габбарднинг Россия ва Украина ҳақидаги ўтмишдаги изоҳлари Миллий разведка директори лавозимига кўрсатиш ҳақидаги қарори қонунчилар ва миллий хавфсизлик бўйича таҳлилчиларнинг кескин танқидларига сабаб бўлмоқда. Танқидчилар фикрича, унинг қарашлари АҚШ хавфсизлиги ва разведка соҳасидаги ҳамкорликка путур этказиши мумкин. Сабаби Демократик Конгрессдаги собиқ вакили ва Армия Миллий гвардияси фахрийси Габбард Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинага бостириб киришини оқлаган. 2022 йилда эса Габбард Москванинг Украинадаги АҚШ томонидан молиялаштириладиган биолабораториялар ҳақидаги даъвосини ҳам қўллаб-қувватлаган ва бу миш-мишлар кенг тарқалгач, рад этилиб, Россия ташвиқоти сифатида изоҳланган. Унинг номзоди Сенатда кескин муҳокама қилинмоқда. Республикачилар ҳам, демократлар ҳам унинг Россия, Сурия бўйича позицияси ва мамлакат разведка ҳамжамиятига раҳбарлик қилишга яроқлилиги юзасидан текширувлар ўтказаётгани маълум.
“Сиз ҳақиқатан ҳам Путиннинг чўнтагида бўлган Габбард орқали АҚШ ва бизнинг мудофаа разведка идораларининг барча сирларига Россия эга бўлишини хоҳлайсизми?” деган саволни ўртага ташламоқда сенатор Элизабет Уоррен MCNBC телеканалига берган интервьюсида.
Қолаверса, Габбарднинг ташқи сиёсатдаги позицияси ва Сурия билан алоқалари ҳам шубҳа остида. Усиз ҳам унинг ташқи сиёсатга бўлган ёндашуви бир неча йиллардан бери эътирозларни келтириб чиқараётган эди. 2017 йилда у АҚШ санкциялари ва унинг режимига қарши ҳарбий жиноятларда айблашига қарамай, Россия ва Эроннинг яқин иттифоқчиси бўлган Сурия Президенти Башар Асад билан яширинча учрашган. Учрашув эса демократларнинг норозилигига сабаб бўлган. Улар уни Асаднинг шафқатсиз раҳбариятини қонунийлаштиришда айбладилар. Габбард ўз қарорини ҳимоя қилиб, бу тинчликка интилишнинг бир қисми эканлигини айтган. Бироқ, унинг танқидчиларининг таъкидлашича, бу учрашув автократик режимлар билан муаммоли келишув рамзи эди. Шу сабабли Американинг разведка маълумотлари бўйича иттифоқчилари Габбарднинг номзоди қўйилишидан хавотирда. Таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, унинг раҳбарияти АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландияни ўз ичига олган “Беш кўз” альянсидаги ишончни сусайтириши мумкин. Канада Миллий Мудофаа Департаментининг собиқ стратегик таҳлилчиси Томас Жуно Габбарднинг номзоди разведка маълумотларини танлаб алмашишга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
“Бу “Беш кўз”га салбий таъсир кўрсатади, бу жуда юқори даражадаги ишончга асосланган жуда яқин ҳамкорлик”, деди у.
АҚШ Сенатида яқин ҳафталарда Габбард номзоди бўйича тингловлар ўтказиши кутилмоқда. Баъзи республикачилар, масалан, Техас штатидаги сенатор Жон Корнин, ҳарбий хизмати туфайли унинг ватанпарварлигига ишонч билдирган бўлса-да, барибир Габбардни олдинги баёнотлари учун сўроқ қилишни режалаштирмоқда. Трамп эса Габбардни тузилмага қарши чиқишга тайёрлиги учун мақтаб, уни АҚШ разведка хизматларини ислоҳ қиладиган “жасур раҳбар” сифатида таърифлади. Агар тасдиқланса, Габбард 18 разведка агентлигини, жумладан, Марказий разведка бошқармаси ва NCAни назорат қилади ва президентнинг разведка бўйича бош маслаҳатчиси бўлиб ишлайди.
Ҳа, шу пайтга довур “Fox News” телеканали номини бир неча бор эшитишга улгурдингиз. Трамп томонидан айнан шу телеканалга фаолият юритган журналистларнинг илгари сурилиши бежизга эмас. Дональд Трамп сиёсатга кириб келгунга қадар журналист, шарҳловчи сифатида телеканалда ҳам фаолият юритган ва айнан “Fox News” телеканалининг “Fox & Friends” дастурида меҳмон бўлган. Бу телеканал Трамп партияси республикачиларга тегишлидир. Унинг сайловолди ташвиқотлари ҳам шу телеканал орқали жонли узатиб борилди. Трамп АҚШнинг 47 президентлигига сайлангани, яъни сайловда Камлоа Ҳаррисни ютиб чиққани ҳақидаги энг дастлабки хабар ҳам “Fox News” томонидан маълум қилинди.
Каролин Ливитт
Бундан ташқари, Дональд Трамп Оқ уй матбуот котиби лавозимига 27 ёшли журналист Каролин Ливиттни тайинлади. Маълумотларга кўра, Ливитт ушбу лавозимдаги энг ёш матбуот котиби сифатида тарихга киради. У илгари Трампнинг сайловолди кампаниясида матбуот билан алоқалар учун масъул бўлган, шунингдек, унинг биринчи президентлик даврида матбуот котиби ёрдамчиси сифатида фаолият юритган. Маълум бўлишича, Трамп ўзининг биринчи тўрт йиллик президентлик даврида тўрт нафар матбуот котибини алмаштирган. Трамп Ливиттни мақтаб, унинг ақлли ва қаттиққўл ҳамда “самарали мулоқот қилувчи” эканини таъкидлаган.
“Мен унинг ушбу минбарда муваффақият қозонишига ва Америка халқига бизнинг буюклик сари қадамларимизни тушунтиришда ёрдам беришига тўлиқ ишонаман”, деди Трамп.
Ҳозиргача, Дональд Трамп ўзининг бўлажак маъмуриятидаги лавозимларга журналистлардан ташқари Флорида штатидан сенатор Марко Рубиони Давлат котиби, конгрессмен Мэтт Гетцни эса Адлия вазири ва Бош прокурор, конгрессмен Майк Вальсни Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ва бизнесмен Илон Маскни АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаментига раҳбар этиб тайинлашга қарор қилган. Бироқ Трамп ҳали ҳукумат таркиби учун барча номзодларни танлаб улгурмади.
Демак, АҚШ ҳукуматидан жой олиши мумкин бўлган журналистлар сони яна кенгайиши мумкин. Аммо АҚШда президентнинг хоҳиши бу сўнгги қарор дегани ҳам эмас. Ҳали Сенат бу борада қарор қабул қилиши, Трампнинг танловларини жиддий муҳокама қилиши керак. Шундай экан, АҚШнинг биринчи, иккинчи, учинчи ҳукуматидан тўртинчи ҳукумат вакилларининг – кўплаб журналистларнинг жой олиши мумкинлиги ҳақида гапиришга бироз эрта.
Хўш, сизнингча ҳукуматни журналистлар қўлига ишониб топширса бўладими? Ўзбекистонда шундай бўлишини тасаввур қила оласизми? Жавобларингиз учун изоҳлар очиқ.
LiveБарчаси