“Док-1 Макс” ортидан қамалган Кариевнинг ўрнини ўринбосари эгаллади
Жамият
−
20 Февраль 2023
7866Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги жиноий жавобгарликка тортилиб, ҳибсга олинган директори Сардор Кариевнинг ўрнига янги раҳбар тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 17 февраль куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ташкил этилиши муносабати билан айрим раҳбар ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисида”ги қарори билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Улуғбек Эгамов агентлик директори лавозимига тайинланди.
У 1984 йил 1 февралда Жиззах вилояти, Жиззах шаҳрида туғилган. 2008 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, 2016 йилда Япония сиёсий тадқиқотлар давлат институтини тамомлаган.
Иш фаолиятини 2009 йил Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Халқаро ташкилотлар ва донор мамлактлар билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳисобга олиш ва мониторинг бошқармасининг етакчи мутахассиси лавозимида бошлаган.
Бугунгача:
• 2012-2015 йилларда – Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Халқаро ташкилотлар ва донор мамлактлар билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳисобга олиш ва мониторинг бошқармасининг бош мутахассиси;
• 2015-2016 йилларда – Япония сиёсий тадқиқотлар давлат институти магистранти;
• 2016-2017 йилларда – Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ахборот-таҳлил бош бошқармасининг Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатлари бўлимининг бош мутахассиси;
• 2017-2018 йилларда – Ташқи савдо вазирлиги Ташқи савдони бож-тариф орқали тартибга солишни такомиллаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари;
• 2018-2019 йиларда – Жиззах вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари;
• 2019 йилда – Жиззах вилояти ҳокимлиги инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари котибиятининг мудири;
• 2019-2020 йилларда – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ижтимоий соҳа, туризм ва фармацевтика тармоқларида инвестиция сиёсатини юритиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
• 2020-2022 йилларда – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ижтимоий соҳа, туризм ва қўрилиш материаллари тармоғини ривожланитириш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.
2022 апрель ойидан бошлаб Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дори воситаси иши ортидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев ҳибсга олинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь