“Док-1 Макс” билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчилар ДХХ томонидан ҳибсга олинди
Саломатлик
−
27 Декабрь 2022
13463Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиши оқибатида 18 нафар боланинг вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Маълум қилинишича, Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясига тегишли “Док-1 Макс” дори воситаcи мамлакатимизга “Quramax Medikal” МЧЖ томонидан савдога чиқарилган.
Препарат уй шароитида болаларга шифокор рецептисиз шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган.
ССВнинг лаборатор ўрганишларига кўра, бу сиропнинг таркибида мавжуд бўлган “этиленгликоль” моддаси бемор саломатлигида жиддий салбий ўзгаришларни келтириб чиқаради.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази хулосасига кўра, “Док-1 Макс” сиропи меъёрий ҳужжатда белгиланган талабларга жавоб бермайди.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев “Док-1 Макс” дорисини ичиш натижасида дунёдан кўз юмган 18 нафар боланинг ота-оналари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
“Мазкур ҳолат вилоят (Самарқанд) тиббиёт ходимлари томонидан вазирликдан яширилган”, дейди вазир.
Шу билан бирга, вазир мазкур ишга алоқадор бўлган ва хатоликка йўл қўйган барча айбдорлар жавобгарликка тортилиши ҳамда ҳеч ким билан муроса қилинмаслигини маълум қилди.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси