Доҳада кучли портлашлар содир бўлди
Олам
−
03 Март 6757 1 дақиқа
Бугун, 3 март куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида кучли портлашлар серияси эшитилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, шаҳарда камида бешта кучли портлаш овози янграган. Гувоҳларнинг айтишича, Доҳанинг жанубий қисмида зарба тўлқини таъсирида бинолар ларзага келган. Шунингдек, шаҳар осмонини қизил ёруғлик қоплаб олган.
Ҳозирча ҳодиса юзасидан бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Вазият Яқин Шарқдаги можаронинг кескинлашуви фонида юз бермоқда. 28 февраль куни Исроил Эронга зарба берганидан сўнг, АҚШ Президенти Дональд Трамп Теҳронга қарши ҳарбий операция бошланганини эълон қилган ва унинг мақсади америкаликларни Эрон раҳбариятидан келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш эканини билдирган эди.
Жавоб тариқасида Эрон минтақадаги нишонларга ракета ва учувчисиз учиш қурилмалари орқали зарбалар бермоқда. Қатардан ташқари, Баҳрайн, Исроил, Қувайт ва Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган АҚШ ҳарбий объектлари ҳам ҳужумларга учрагани айтилмоқда.