ДХХ водийда гиёҳванд моддалар савдосига қарши йирик операция ўтказди

3-саҳифа

image

ДХХ ходимлари томонидан Фарғона водийсида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гиёҳванд моддаларнинг мамлакатга олиб кирилиши ва реализация қилиниши билан боғлиқ бир нечта ҳолатларга чек қўйилди.

Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшовчи М.Мамиров ва Ж.Шокировлар келаётган Nexia русумли автомашина Андижон тумани ҳудудида тўхтатилиб, текширилганда, унинг салон қисмида 997 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланди. Терговга қадар текширув жараёнида маълум бўлишича, Мамиров ва Шокировлар маҳаллий фуқаро М.Сулаймонов ҳамда Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи Қирғизистон Республикаси фуқароси О.Шерматовлар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб ўтилган ушбу гиёҳванд моддаларни сотиш орқали мўмай даромад топишни режалаштиришган.

ДХХ ходимларининг Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасини жалб этган ҳолда ўтказган яна бир тезкор тадбири давомида эса А-373 йўлида ҳаракатланиб келаётган Андижон шаҳрида яшовчи С.Усмонов бошқарувидаги Matiz русумли автомашина тўхтатилди. Ушбу автотранспорт воситаси текшириб кўрилганда, ҳайдовчи ўриндиғининг таг қисмида 988 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган. Усмоновнинг сўзларига кўра, қирғизистонлик танишлари томонидан Ўзбекистон ҳудудига ўтказилган мазкур оғуни у Хўжаобод туманида қабул қилиб олган ва келгусида сотишни режалаштирган.

Андижон вилояти Марҳамат тумани Дўстлик МФЙ ҳудудидан ўтувчи “ўзбек-қирғиз” давлат чегараси бўйлаб ҳаракатланган фуқаро Хакимова ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан тўхтатилиб, текширилганда, унинг ёнида 1 кг 905 гр “гашиш” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган ва процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Бошқа бир ҳолатда эса маҳаллий фуқаролар Э.Қаноҳатов, О.Ёрматов ва И.Мадумаровлар 475 гр “гашиш” моддасини Марҳамат туманида, шунингдек, Ў.Ортиқов 435 гр “гашиш” моддасини Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳрида сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бу каби ҳолат Наманган вилоятида ҳам қайд этилди. Жумладан, ДХХ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда “Чуст-Наманган” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Gentra русумли автомобиль тўхтатилди. Наманган шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган У.Халилов бошқарувидаги ушбу автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 1 кг 994 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган. Аниқланишича, ушбу оғуни қирғизистонлик Нурмухаммад исмли шахс Чуст туманидаги “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасидан контрабанда йўли билан ўтказиб берган.

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Водил қишлоғида яшовчи, муқаддам судланган Н.Хакимов жиноий шериклари бўлган Марғилон шаҳрида яшовчи Р.Абдуллаев ва Т.Ориповлар берган 5 минг АҚШ долларига айланма йўллар орқали Қирғизистоннинг Қадамжой районига бориб, “Қаҳрамон” исмли шахсдан 987 гр “гашиш” моддасини сотиб олади. Сўнгра ноқонуний равишда давлат чегарасини кесиб ўтиб, Фарғона шаҳрида оғуни Абдуллаев ва Ориповларга берган вақтида, уларнинг барчаси ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Бундан ташқари, уларнинг ёнидан топилган 32 млн 360 минг сўм ҳам ўрнатилган тартибда олиб қўйилган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 7 кг 781 гр “гашиш” гиёҳванд моддаси мусодара қилинган. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ишларга алоқадор бошқа шахсларни ҳам аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг