ДХХ Тошкентда рейд ўтказиб, 41 кишини ушлади
3-саҳифа
−
29 Январь 2022
19203Тошкент шаҳри Чилонзор, Олмазор, Миробод, Юнусобод, Яккасарой туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотаётган дорихона эгалари ва ходимларидан иборат жами 18 киши ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ва шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.
Маълум қилинишича, Миробод туманида жойлашган дорихоналардан бирида ноқонуний сотилаётган 399 дона “Зардекс”, 49 дона “Карбамазепин-ФС” ва 20 дона “Тебантин” дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Чилонзор туманидаги дорихонлардан бирида эса 2080 дона “Карбамазепин-ФС”, 434 дона “Регапен”, 265 дона “Зардекс”, 244 дона “Тропикамид” дори воситалари мусодара қилинган.
Шунингдек, шу каби кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Тошкент шаҳрига олиб келиб, тарқатиш ҳамда сотиш билан шуғулланган 22 киши ҳам қўлга олинган.
Хусусан, Миробод туманидаги меҳмонхоналарнинг бирида ўтказилган тезкор тадбирда наманганлик 2 нафар фуқаро жойлашган хона кўздан кечирилганда, унда 3690 дона “Зардекс” дори воситаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, вояга етмаган шахсларга бу турдаги дори воситаларини сотиш билан шуғулланиб келган икки фуқаро ҳам қўлга олиниб, улардан 1 грамм “гашиш”, 2 дона “Зардекс”, 3 дона “Карбамазепин-ФС”, 4 дона “Тропикамид” ва 46 дона “Регапен” олиб қўйилган.
Пойтахт ҳудудида кузатилган яна бир ҳолатда эса 1989 йилда туғилган фуқаро 10 000 дона “Зардекс” дори воситасини 6 000 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланган.
Хабарда таъкидланишича, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 5 571 дона “Регапен”, 14 522 дона “Зардекс”, 2 132 дона “Карбамазепин-ФС”, 1 162 дона “Тропикамид”, 22 дона “Тебантин” кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Айтилишича, ушбу дори воситалари ҳорижда ишлаб чиқарилган бўлиб, контрабанда йўли билан қўшни давлатлар ҳудудидан мамлакатга олиб кирилган.
Таъкидлаш жоизки, кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланган ушбу фуқаролар орасида муқаддам бу турдаги қонунбузарликларни содир этганликлари учун қидирувда бўлган ҳамда гиёҳванд моддалар истеъмолига ружу қўйган шахслар ҳам бор.
Ҳозирда мазкур шахсларни жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
LiveБарчаси