ДХХ раиси “Толибон” разведкаси раҳбари ва ички ишлар вазири билан учрашди
Жамият
−
23 Июль 2025 3623 2 дақиқа
Кеча, 22 июль куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баходир Қурбонов бошчилигидаги делегациянинг Қобул шаҳрида Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг Разведка хизмати раиси Абдул Ҳақ Восиқ билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Билдирилишича, музокаралар давомида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Афғонистонни ҳалқаро муносабатларнинг тўлақонли аъзосига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилаётгани таъкидланган. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган миллатлар ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро анжуманларда афғон масаласи бўйича якдил позициядаги чиқишлари келтириб ўтилган.
“Мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги, ирригация, энергетика, транспорт, савдо-сотиқ ва бошқа йўналишларда икки томонлама музокаралар фаол тарзда давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Афғонистонни минтақавий ҳамкорликка жалб қилиш мақсадида мамлакатда иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инсонпарварлик ёрдамларини давом эттиришга эътибор қаратилмоқда”, дейилади хабарда.

Шунингдек, мулоқотда Ўзбекистон ва Афғонистон чегараларида дахлсизликни сақлаш, чегара пунктларида кириш-чиқиш режимини янада такомиллаштириш, наркотик моддалар ноқонуний айланмасига ҳамда терроризмга қарши кураш йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шу куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматида мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мулло Муҳаммад Ёқуб ҳамда ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сирожиддин Ҳаққоний билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 17 июль куни Қобулда “Толибон” ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақий ва ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Халифа Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашувлар ўтказганди. Ўша куни Қобулда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирларининг биринчи уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди ва уларнинг иштирокида Афғонистон жамоат ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Покистон темирйўл вазирлиги раҳбарлари томонидан Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон Трансафғон темирйўлининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама ҳадли битим имзоланди. Бахтиёр Саидов Қобулда Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг бош вазири вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд билан ҳам учрашди.
Live
Барчаси