ДХХ раиси Қобулда “Толибон” вазири билан учрашди
Жамият
−
22 Июль 5630 2 дақиқа
Бугун, 22 июль куни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов Афғонистон пойтахти Қобулда “Толибон” муваққат ҳукуматида миллий мудофаа вазири вазифасини бажарувчиси Мулла Муҳаммад Ёқуб билан учрашди. Бу ҳақда “Толибон” муваққат ҳукуматининг миллий мудофаа вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон делегацияси таркибида ДХХ раисининг ўринбосари Фаррух Мухторов, ДХХ раисининг ўринбосари – чегара қўшинлари қўмондони Салимжон Ҳасанов ва бошқа расмийлар бўлган.
“Учрашувда Ўзбекистон делегацияси мамлакатдаги умуммиллий хавфсизлик ва иқтисодий тараққиётдан мамнунлигини билдириб, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.
“Толибон” вакили эса Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистонга нисбатан халқаро миқёсдаги ижобий позициясини юқори баҳолаб, икки қўшни давлат ўртасидаги алоқалар кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлаган. Томонлар чегара соҳасидаги ҳамкорлик, алоқаларни йўлга қўйиш ва бошқа тегишли масалалар юзасидан фикр алмашган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 17 июль куни Қобулда “Толибон” ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақий ва ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Халифа Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашувлар ўтказганди. Ўша куни Қобулда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирларининг биринчи уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди ва уларнинг иштирокида Афғонистон жамоат ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Покистон темирйўл вазирлиги раҳбарлари томонидан Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон Трансафғон темирйўлининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама ҳадли битим имзоланди. Бахтиёр Саидов Қобулда Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг бош вазири вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд билан ҳам учрашди.
Live
Барчаси