ДХХ Қирғизистон ва Тожикистондан наркотик олиб кирган шахсларни ушлади
3-саҳифа
−
02 Февраль 2022
5066Ўзбекистон ҳудудига қўшни Қирғизистон ва Тожикистон давлатларидан олиб кирилган жами 10 килограмм 701 грамм “гашиш”, 2 кг 39 грамм опий гиёҳванд моддалари ҳамда 16 940 дона “Регапен” ва 1 783 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманида яшовчи, 1976 йилда туғилган фуқаро 10 килограмм 701 грамм “гашиш” гиёҳванд моддасини контрабанда йўли билан Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудига олиб ўтиб, хуфиёна жойга яширган вақтида қўлга олинган.
Аниқланишича, тожикистонлик наркосавдогарлар унинг курьерлик хизматига 1200 АҚШ доллари беришлари керак бўлган.
Шунингдек, ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимларининг Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида “Бухоро-Амударё” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Lacetti русумли автомобиль Тўрткўл туманидаги “Мискин” ЙПХ масканида тўхтатилган.
Автомобиль кўздан кечирилганда унда йўловчи сифатида кетаётган, Амударё туманида яшовчи 1968 йилда туғилган муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган фуқаро ёнида 2 килограмм 39 грамм “опий” борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, ушбу гиёҳванд модда Тожикистон Республикасидан Бухоро вилояти ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказилган.
Яна бир шу каби ҳолат Сирдарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Унда Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида яшовчи, 1979 й.т. фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автомобиль пойтахт ҳудудига кирган вақтида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Натижада унинг салон қисмида Қирғизистон Республикасидан ноқонуний олиб ўтилган 11 228 дона “Регапен” ва 595 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг 1988 ва 1991 йилларда туғилган 2 нафар жиноий шериклари ҳам ушланган.
Бундан ташқари, пойтахт ҳудудида кузатилган яна бир шунга ўхшаш ҳолатда Андижон шаҳрида яшовчи, 1985 й.т. фуқаро Чилонзор туманида истиқомат қилувчи, 1987 й.т. фуқарога 5 488 дона “Регапен” ва 1 188 дона “Тропикамид” дори воситаларини берган вақтида уларнинг ҳар иккиси ҳам қўлга олинган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қирғизистон Республикасидан мамлакат ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказиб, Тошкент шаҳрига юборган, Андижон шаҳрида яшовчи, 1986 й.т. шахс ҳам ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь