ДХХ Чиноздаги “янги Аҳмадбой”ни ушлади
3-саҳифа
−
03 Март 2022
14784Тошкент вилоятида 12 нафар фуқародан 94 минг доллар, 4 та автомобиль ва 54 бош чорва ҳайвонларини маълум муддатдан сўнг кўпайтириб, қайтариб бериш шарти билан олган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Гап шундаки, Чиноз туманида яшовчи 1979 йилда туғилган А.Н. исмли шахс 2016 йилда “молиявий пирамида” ташкил қилиб, бир неча ойдан сўнг кўпайтириб, қайтариш шарти билан фуқаролардан пул, машина ва бошқа қимматбаҳо буюмларни қабул қилиш билан шуғулланиб келган. Шу сабаб, 2017 йилда суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган.
Ўтган йилнинг декабрь ойида эса унга нисбатан амнистия қўлланилиб, қамоқдан чиқарилган. Бироқ озод бўлгандан сўнг ҳам эски ҳунарини давом эттирган.
Хусусан, А.Н. бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, Spark русумли автомобилини 6 500 АҚШ долларига баҳолаб ҳамда қўшимча 2 000 доллар беришини талаб қилган. У фуқарога умумий миқдорда 8 500 долларни 10 ой давомида, ҳар ойда 1 700 доллардан, жами 17 000 АҚШ доллари миқдорида қайтариб беришини айтган.
ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у фуқаронинг Spark автомобилини ҳамда 2 000 АҚШ долларини қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Дастлабки суриштирув натижасида А.Н. ўтказилган тезкор тадбир давомида олган 2 минг доллар ҳамда Spark билан қўшиб ҳисоблаганда, маълум муддатдан сўнг кўпайтириб, қайтариб бериш шарти билан жами 12 нафар фуқародан 94 минг доллар ҳамда 4 та автомобиль ва 54 бош чорва ҳайвонларини (автомобиллар ва чорва ҳайвонларининг умумий баҳоси 394 миллион сўмни ташкил қилади) олгани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Н.га нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, одамлар орасида “Аҳмадбой” номи билан танилган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев “молиявий пирамида” ташкил қилиб, 40 минг кишидан пул, автомашина, қорамол ва бошқа қимматли буюмларни олиб, уларни алдаганди.
Шу сабаб, Аҳмаджон Турсунбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан айбли деб топилиб, унга ушбу модда билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддлари тартибида жазога қисман Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 28 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 14 йил 6 ойга қамалган.
Аҳмаджон Турсунбоевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 6-банди, “б” кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилган. Жазони умумий тартибдаги колонияларда ўташ белгиланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь