Дин борасида қонунни бузганларга қандай жавобгарлик бор? 

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра, “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунни имзолади. Ушбу Қонунга кўра, дин масалалари бўйича бир қанча ўзгаришлар, қўшимчалар ва енгилликлар берилди. Шунингдек, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш фаолияти тақиқланди. 

Дарҳақиқат, бугунги кунда интернет тармоқларда айрим шахсларнинг “ўзича” аҳолига диний таълим бериши, ноанъанавий ақидаларни тарқатиши, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар бериши тез-тез учраб турибди. Бу эса аҳоли орасида  турли хил тушунмовчиликларга, инсонларнинг онгига салбий таъсир қилишига, бундан ташқари, жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, Қонуннинг янги таҳририда диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди.

Шу жумладан, интернет тармоқлари фойдалунвчиларига, яшаш манзилда  ва хорижда истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқароларига ҳукумат томонидан тақиқланган террористик ҳамда диний экстремистик ташкилотларга аъзо бўлиши, улар томонидан чиқарилган ёт ғояларни тарғиб қилувчи видео, аудио материалларни маълумотларини ҳар қандай шаклда кўриши ва эшитиши ҳамда қўллаб-қувватлаши, ушбу материалларни босма шаклда ёки ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиши ёхуд сақлаш – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка сабаб бўлади. 

Жиноят кодексининг 2443-моддаси кўра диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. 

Бунда диний мазмундаги материаллар деганда, турли хилдаги диний адабиётлар, (китоб, қўлёзма, рисола ва ҳ.к.) диний варақа ва плакатлар, диний мазмундаги видео, аудио материалларни ҳамда диний мазмуднадги Интернет-сайтларни тушуниш лозим. 

Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасига биноан диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари диний мақсадларга мўлжалланган буюмлар, диний адабиётлар ва диний мазмундаги бошқа ахборот материалларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда ишлаб чиқаришга, экспорт ва импорт қилишга ҳамда тарқатишга ҳақлидир.

Шунингдек, чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш, уларнинг мазмуни қонунчиликда белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейин амалга оширилади.

Ўзбекситон Республикаси Жиноят кодексининг 145-моддасига кўра, вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, худди шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бунда вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга ноқонуний тарзда жалб этишга турли йўллар билан, масалан алдаш, моддий рағбат ваъда қилиш, ўч олиш, қўрқитиш, қасос  олиш туйғусини сингдириш ёки бошқа сабабларни кўрсатиб мажбурлаш ёхуд кўндириш жиноий жавогарликка асос бўлади.

Маълумот учун, диний материаллар яъни дунёдаги турли динларнинг асослари, тарихи, мафкураси, таълимоти ва шарҳлари ҳамда маросимларини ўтказиш амалиётини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар ва бошқа босма нашрлар, аудиовизуал асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзмалари, мультфильмлар, аниме, хэнтай ва шу кабилар), ахборот ташувчи электрон жисмларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш учун албатта, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томнидан  экспертизадан ўтказилиши шарт.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг