Дилором Тошмуҳамедова доимий асосда ишловчи сенатор бўлади
Жамият
−
14 Февраль 2020
8431Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берган эдик.
2018 йил 11 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори сифатида ишлаб келган Дилором Тошмуҳамедова Вазирлар Маҳкамасининг 14 февралдаги қарорига мувофиқ, бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод қилинди.
Тошмуҳамедова бундан буён доимий асосда ишловчи сенатор сифатида Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттириши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Дилором Тошмуҳамедова 2001-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, 2005-2008 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Биринчи котиби сифатида фаолият юритган. 2008-2014 йилларда Қонунчилик палатаси Спикери сифатида фаолият олиб борган.
Дилором Тошмуҳамедова 2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган ва Тошкент шаҳар кенгаши депутати этиб сайланган. 2020 йил 17 январь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгаши депутатларининг қўшма мажлисида сенатор этиб тайинланган эди.
У 2007 йилда ўтказилган Президент сайловида "Адолат" социал-демократик партиясидан Ислом Каримовга рақиб бўлган эди. Тошмуҳамедова мамлакатда Президентликка номзодини қўйган ягона аёл номзод саналади.