Диарея – “беркинадиган” ва қулай фурсатни пойлайдиган касаллик
Саломатлик
−
02 Ноябрь 2020
6107Мураккаб иқлим шароитига эга Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, болалар орасида юқумли ичак касалликлари, хусусан, диарея кўп учрайди. Бу ҳақида Тошкент тиббиёт академиясининг болалар юқумли касалликлари кафедраси доценти Гулнора Худойқулова сўз юритади.
“Болалар орасида диарея (ичбуруғ) касаллиги кўп учрайди. Диареянинг бактерияли ва вирусли турлари бор. Унинг бактерияли тури сольмонеллёз, дизентерия, ичак таёқчаси, шартли патоген — микроорганизмларнинг танада мувозанати бузилиши туфайли юзага келади. Вирусли тури эса озиқ-овқат ва ҳаво орқали юқади. Бу касалликларнинг юқишига, асосан, тозалик, шахсий гигиенага етарли риоя этмаслик, сувни қайнатмай ичиш, сифатисиз озиқ-овқатларни истеъмол қилиш, мева-сабзавотларни тозалаб ювмай ейиш сабаб бўлади. Бундай ҳолларда бола ҳарорати кўтарилади, иштаҳаси йўқолиб, ҳолсизланади ва ичи кетади. Баъзи ота-оналар боладаги бу хасталикни ўз-ўзидан ўтиб кетадиган ҳолатдек қабул қилади. Лекин баъзида касаллик шунчаки вақтинчалик “беркинади” ва қулай фурсатни пойлайди”.
Мутахассис фикрича, бола организми бундай ҳолларда жуда тез сувсизланиб қолади, кўп миқдорда суюқлик йўқотиш оқибатида модда алмашинув жараёни ва бошқа аъзолар фаолияти ҳам бузилади. Биринчи галда асаб тизими ва ошқозон-ичак тракти иши зарар кўради. Диарея хавфини назар-писанд қилмасликнинг оқибати яхши эмас. Дунё статистикасига кўра, диарея билан кечадиган касалликлардан ҳар йили 5 миллион бола вафот этади. Бу касаллик, айниқса, гўдаклар ва 3 ёшгача бўлган болалар учун жуда хавфли.
“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу борада тўртта энг оддий усулни тарғиб этади. Яъни, боланинг ҳолсизланиб қолиши, кўз атрофи ва қовоқлар осилиши ва кўкариши, қорин соҳасидаги тери чимчиланса, тезда асл ҳолига қайтмаслиги, сув ичишни кескин рад этиши. Ана шундай ҳолатлар диареянинг оғир даражасини кўрсатади. Бундай вазиятда зудлик билан болани юқумли касалликлар шифохонасига етказиш лозим дейди”, мутахассис.
Гулнора Худойқулованинг айтишича, агар боланинг ахлат ранги пушти бўлса дизентерия, яшил бўлса организмда стафилокок ёки сальмонеллёз кўпаяётганини англатади. Кулранг кўпикли ахлат эса организмда ротавирус белгиси. Ахлатда ёғ ва ҳазм бўлмаган овқат қолдиқлари бўлса, болага истеъмол қилган қайсидир таоми ёқмаганини билдиради. Агар ахлат ўзига хос ранг ва ҳидли бўлса дисбактериоздан нишона бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда болани врач кўригидан ўтказиб, касалликка аниқ ташхис қўйиб, даволаш лозим.
Динара Юсупова
LiveБарчаси