ДХА уй олишдаги яна бир мантиқсизликни қоралаб чиқди
Жамият
−
12 Март 2019
7557Давлат хизматлари агентлиги Кўп квартирали уйлардаги квартираларни бириктириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича ҳудудий комиссия раислари – ҳокимларга мурожаат билан чиқди. Қуйида мурожаат матни тўлиқлигича келтирилмоқда.
“Сўнгги йилларда аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш, шаҳарларда истиқомат қилувчи турар жойларга муҳтож бўлган оилалар, айниқса ёшларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, 2020 йилга қадар республика бўйича 1236 та кўп қаватли уйлар барпо этилиб, 51 350 дан ортиқ оила квартиралар билан таъминланади.
Бундай квартираларга эга бўлиш ҳар бир оиланинг орзуси экани шубҳасиз. Лекин, ушбу турар жойлар биринчи навбатда ёш оилалар, эскирган уй-жойларда яшаётганлар ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар тоифалари учун устувор ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 январдаги 14-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган жисмоний шахсларни аниқлаш мезонлари белгиланган.
Унга кўра, ўз уй-жойининг йўқлиги ва ижара (аренда), бепул фойдаланиш шартларида турар жойда ёки эскирган уйларда яшаш, бир уйда (бир квартирада) бошқа оила ёки бошқа оилалар билан биргаликда яшаш кабилар уй-жойини яхшилашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар сифатида эътироф этилади.
Улар тегишли ҳокимликлар ҳузуридаги Кўп квартирали уйлардаги квартираларни яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган жисмоний шахсларга бириктириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссияларга турар жой сотиб олувчилар тоифасига кириш учун мурожаат қиладилар.
Юқоридаги Низомга мувофиқ, жисмоний шахс ҳудудий комиссияга ариза, қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчиларнинг) молиявий ҳолатини тасдиқлайдиган ҳужжатлар билан бирга, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтожлигини тасдиқловчи ҳужжат - номида турар жой йўқлиги ҳақидаги маълумотномани тақдим этиб келмоқдалар.
Мазкур маълумотномани олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўтган давр мобайнида 16 мингдан ортиқ фуқаро мурожаат қилган.
Эътиборли жиҳати, номида турар жой мавжуд-мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномани тақдим этишга масъул бўлган ваколатли орган – кадастр бўлимлари айни бир вақтнинг ўзида ҳокимлик ҳузуридаги комиссиялар таркибида бўла туриб, Комиссия томонидан фуқаролардан ушбу ҳужжат тақдим этилишининг талаб қилиниши мантиққа тўғри келмайди.
Комиссиянинг ушбу хатти-ҳаракатини “қоғозни ўз чўнтагидан чиқариб олиш учун фуқарони овора қилиш”дек баҳолаш мумкин.
Ваҳоланки, комиссия томонидан тегишли ҳужжатларни ўрганиш жараёнида фуқароларнинг номида турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги фактни комиссия аъзоси – кадастр бўлимлари томонидан аниқлаш имконияти мавжуд. Бунинг учун, Низомга мувофиқ комиссия аъзоларига тегишли ҳужжатларни ўрганиш учун 1 ҳафта муддат берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил этилган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг асосий вазифаларидан бири – жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш ҳисобланади.
Шунга кўра, Давлат хизматлари агентлиги номида турар-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ва яшаб турган турар жой майдони тўғрисидаги маълумотномаларни бевосита Комиссиянинг сўровига асосан, кадастр идоралари ўртасида идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан олиш имкониятини яратиш, ушбу ҳужжатнинг фуқаролардан тақдим этилишини талаб қилишга чек қўйиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
Ушбу бўйича барча ҳудудий комиссия раислари – ҳокимлар ва кадастр органларини фаолликка чорлаб қоламиз”.
LiveБарчаси