Дезинфекция туннеллари – коронавирусга қарши энг фойдасиз чора – ССВ

Саломатлик

image

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатдаги хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари, турар-жойлар, метро, давлат ва жамоат ташкилотлари, бозорларга қўйилаётган дезинфекция туннеллари – коронавирусга қарши энг фойдасиз чора экани юзасидан баёнот билан чиқади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу дезинфекция туннелларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан бугунгача қабул қилинган қарорларда мажбурий этиб белгиланган. 

ССВнинг қайд этишича, коронавирус профилактикаси учун қўлланиладиган айрим чоралар самарасиз бўлиб, вақт ўтиб уларнинг салбий оқибатлари кўпроқлиги маълум бўлмоқда. “Шундай чоралардан бири дезинфекция туннелларидир”, дейди ССВ.

“Ҳозирда бундай туннеллар деярли ҳар бир ташкилот, хусусан,  умумий овқатланиш объектлари, аэропорт, темир йўл вокзаллари, бозорлар, супермаркет каби қатор  муассаса бинолари олдида ўрнатилган. Ҳатто кириш йўлакларининг бошқа қисмлари қизил ленталар билан ўралиб, одамларга шу туннел орқали ўтишдан бошқа йўл қолдирилмаган”, дейилади ССВ хабарида. 

Республика  ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разиқова бундай туннелларинг инсон организмига зарарли томонлари ҳақида шундай дейди: 

“Дезинфекция чораси сифатида хлорли эритмалардан фойдаланишни дунё давлатлари тажрибадан ўтказишди. Америкалик экспертларнинг таъкидлашича, кўчаларни дезинфекция қилиш ва дезинфекция туннелларидан кенг фойдаланиш кўпроқ инсонларни ваҳимага тушмаслиги ёки уларни тинчлантириш мақсадида амалга оширилган. Ва, шуни айтиш лозимки, ханузгача бунинг самараси исботланмаган. 

Дезинфексия туннелларида фойдаланиладиган хлорли эритмалар тиббиётда жуда  кўп йиллардан бери  ишлатилади ва унинг инсон организмига хатарли таъсири жуда кучли”. 

Қайд этилишича, кун давомида ишлаб турган туннелдан бир киши қайта-қайта ўтишига тўғри келиши мумкин. Давомий ишлатилган ҳар бир кимёвий модда инсон организмида аллергик ҳолатларни келтириб чиқаради. Аллерголок Илмира Разиқова бунинг асоратлари ўта хавфли тус олиб кетишидан огоҳлантирмоқда. 

Мутахассиснинг айтишича, бу юқори нафас йўлларининг енгил қизаришидан то енгил куйишгача бўлган ҳолатларни чақиради. Бунинг натижасида инсонда аллергик ринит, коньюктивит, бронхит ва ҳаттоки оғир  касаллик ҳисобланувчи – бронхиал астмага олиб келиши мумкин.

“Мактаблар фаолиятини қайта тиклаш масаласи ўртага чиққанда, болаларнинг соғлигига салбий таъсирлари инобатга олиниб,  Соғлиқни сақлаш вазирлиги таълим муассасалари олдида дезинфекция туннелларини ўрнатиш қатъиян ман этилишини таъкидлаган эди. 

Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бундай туннелдарнинг самарадорлиги исботланмаганлигини билдирди”, дейилади ССВ баёнотида. 

Аллерголог  Илмира Разиқова эса дезинфекция туннелларини метро ёки бошқа муассаса бинолари олдида ўрнатилиши шарт эмас ҳисоблайди. 

“Ҳозирда бундай нотўғри профилактика кўз коньюктиваси ва юқори нафас аъзоларининг аллергик шикастланишига сабаб бўлмоқда. Туннеллар ўрнига кириш жойларида:

•    ўзаро масофани сақлаш, 
•    иситмани ўлчаш,
•    қўлларга антисептик билан ишлов бериш йўлга қўйилгани мақсадга мувофиқ”, деб айтмоқда мутахассис.


Мақола муаллифи

Теглар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус Дезинфекция туннели

Баҳолаганлар

184

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг