Депутатлар болалар ҳимоясига оид қонун лойиҳасини рад этди
Жамият
−
17 Декабрь 2668 2 дақиқа
Бугун, 17 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан масъул қўмитага қайтарилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасида таълим ташкилотида болаларни тарбиялаш, уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар зиммасига юклатилган шахс томонидан тарбия ва таълим бериш жараёнида болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган.
Нотариуслар зиммасига болани фарзандликка бериш (олиш), болани васийликка ёки ҳомийликка бериш ҳақида аризадаги имзонинг ҳақиқийлиги шаҳодатланганлиги тўғрисидаги маълумотларни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этиб бориш мажбурияти юклатилиши белгиланган.
Васий ёки ҳомий ўз яшаш жойини ўзгартирмоқчи, шу жумладан, бошқа мамлакатга кўчиб кетмоқчи бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма рухсати ва васийликка олинган 10 ёшга тўлган боланинг розилиги талаб этилиши назарда тутилган. Шунингдек, лойиҳада ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола фойдасига ота-онадан ёки уларнинг биридан ундирилиши белгиланган алимент миқдорини камайтириш бўйича ишларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари вакилининг иштироки қайд этилган.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ота-она ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслардан боланинг соғлиғини тиклаш ва реабилитация қилиш учун қилинган қўшимча харажатларни бола фойдасига ундириш ҳақида киритилган аризалар бўйича давлат божи тўлашдан озод этилиши белгиланган.
Шунингдек, етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси яшайдиган жойга рўйхатга қўйганда ҳам давлат божи тўлашдан озод этиш таклиф этилган.
Қизғин ўтган мажлисда депутатлар томонидан лойиҳа юзасидан айрим эътирозлар билдирилган. Ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар илгари сурилган. Узоқ давом этган муҳокамалар, савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева масъул раҳбарлар билан аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш масалаларини муҳокама қилганди.
Live
Барчаси