Депутатлар 25 мансабдорни лавозимидан озод этишни таклиф қиляпти
Жамият
−
07 Август 2020
27154Ўзбекистонда маҳаллий Кенгаш депутатлари 25 нафар мансабдор шахсни лавозимидан озод этиш, ижро органларининг 108 нафар раҳбарига нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш таклифи билан чиққан. Бу ҳақда бугун, 7 август куни ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг 6-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева маълум қилди.
Норбоева маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлик борган сари янги йўналишларда ривожланиб бораётганини таъкидлади.
“Жойлардаги депутатларимиз Сенат мажлисларида иштирок эта бошлади. Жумладан, бугунги мажлисимизда ҳам маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари вакиллари қатнашмоқда. Сенат қўмиталарининг деярли барча назорат-таҳлил тадбирлари маҳаллий Кенгашлар билан бамаслаҳат ва бевосита ҳамкорликда ўтказилмоқда. Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудларга бириктирилиб, маҳаллий Кенгашлар ишини самарали ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқда. Умуман, маҳаллий Кенгашларга ҳар томонлама кўмаклашиш борасидаги ҳаракатларимиз ўзининг амалий натижаларини бера бошлади.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллий Кенгашларнинг 1 700 дан зиёд сессияларида 9 мингдан ортиқ масала муҳокама этилди. Қарийб 4 минг марта маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотлари эшитилди. 660 марта назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарларига 21 мингдан зиёд депутатлик сўровлари юборилди.
Яна бир жиҳат. Маҳаллий Кенгашлар сессиялари қарорлари билан ижро органларининг 108 нафар раҳбарига нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш, жумладан, 25 нафар мансабдор шахсни лавозимидан озод этиш бўйича таклифлар киритилди”, дейди Сенат раиси.
LiveБарчаси