Депутат босим ва провокациялардан “дод” деди. У сиёсий фаолиятини тугатмоқчи

Жамият

image

Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати, ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари Нуриддин Зайнитдинов босимлар ортидан сиёсий фаолиятини тўхтатиш ва партия сафидан чиқиб кетишга қарор қилди. Бу ҳақда у кеча, 18 январь куни Telegram’даги саҳифаси орқали хабар берган. 

“Охирги воқеалар фонида амалдаги депутатлик фаолиятимни якунлаш ва партия сафидан чиқиб кетиш ва бошқа сиёсий жараёнларда иштирок этмаслик фикрига келдим. Агар шундай қарор қабул қилсам, тушунингки, етарли асослар бор”, деб ёзади Зайнитдинов.

У айнан қайси воқеалар сабаб бундан кескин қарор қабул қилганига аниқлик киритмаган. Ёзганларидан англашилишича, депутатларга нисбатан босим мавжуд. 

“Президент талабларини ўз билганича ишлатадиган раҳбарлар бор экан, одам бўлишимиз қийин. Депутат – халқ вакили экан, бу амалда шундай бўлиши керак қоғозда эмас”, дейди у.

Зайнитдинов ўзига нисбатан босим бўлаётганини айтиб, буни “халққа нисбатан хиёнат” сифатида баҳолайди. 

“Сиёсий бюртма” билан менга қарши депутатлик фаолиятим учун провокациялар уюштирилаётгани ва менга босим ўтказилаётгани, мени обрўсизлантириш, номимни булғашга уринишлар менга ишонган ва мени сайлаган халққа нисбатан қилинган хиёнатдир.

Ўша ўзини халқ фикридан хам юқори қўядиганлар, ўз бошини ўзи ейди. Менга қандайдир тарзда босим ўтказиб хеч нарсага эришмаолишмайди, ким бўлса ҳам”, дейди Нуриддин Зайнитдинов. 

Яна у ўзига нисбатан босим ва обрўсизлантиришга уриниш, номини булғашга бўлган ҳаракатлар айнан Янги Ўзбекистонда содир бўлаётганини алоҳида урғулаган. 

Айни вазиятда Нуриддин Зайнитдиновни биринчилардан бўлиб партиядоши – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев қўллаб-қувватлаб чиқди. У асосий эътиборини маҳаллий кенгашлар раиси ҳокимлар экани ва бу мантиқсиз бошқарув тизими ўзгармай келаётганига эътибор қаратди.

“Иккита ҳокимиятга бир шахс раҳбарлик қилиб келаётган (ижрога ҳам депутатларга ҳам бошлиқ ҳоким), мантиқсиз бошқарув шароитида фаол депутатлар билан бундай ишлар бўлиши табиий ҳол. Яқинда бу ҳақида алоҳида тўхтатилиб ўтгандим.

Умид қиламизки, жойлардаги мана шундай мантиқсиз бошқарув шароитида бошқа депутатлар журъатни йиғиб, ҳамкасбини қўллаб-қувватлашга куч топа оладилар”, дейди Кушербоев.

QALAMPIR.UZ депутат Нуриддин Зайнитдинов билан боғланиб, вазиятга янада ойдинлик киритишга ҳаракат қилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

696

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг