Дебатлар мустақил қарор қабул қилишга ёрдам беради
Бизнес
−
22 Октябрь 2021
3575Жорий йилнинг 19 октябрь куни 5 та сиёсий партиядан кўрсатилган номзодларнинг вакиллари ўртасида теледебат ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, президентликка номзодларннинг вакиллари ўртасидаги теледебат Ўзбекистондаги президентлик сайловларида биринчи маротаба қўлланилган янгича ташвиқот бўлди.
Президентликка номзодлар вакиллари дебатининг бошқа сайловолди ташвиқоти турларига нисбатан қуйидаги ижобий жиҳатларини ажратиб кўрсатиш мумкин.
Биринчидан, теледебатлар орқали республикадаги барча сайловчиларни қамраб олиш имкони мавжуд. Сайловчилар газета ёки Интернет сайтлари орқали номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб чиқиш имконига эгалар. Бироқ, барча сайловчилар ҳам кундалик ҳаётда босма ёки Интернет нашрларини кузатиб бормасликлари мумкин. Теледебатларнинг айни бир вақтда бир қанча телерадиоканалларда берилгани кўплаб фуқароларимиз учун сайловолди дастурининг мазмун-моҳияти билан танишиш имкониятини яратиб берди.
Иккинчидан, одатда теледебатлардан бошқа шаклдаги сайловолди ташвиқотларида номзодларнинг сайловолди дастурлари турли вақтда ҳар хил кўрсатув ва нашрларда тарқоқ ҳолда таништириб борилар эди. Теледебатда эса барча номзодларнинг вакиллари бир жойга тўпланди. Халқни бир вақтда президентликка кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурлари билан таништирди.
Учинчидан, теледебат уч қисмдан иборат тарзда ташкил этилди. Биринчи қисм номзодлар вакиллари президентликка номзодларнинг сайловолди дастурларида кўрсатилган мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётига ўзгаришлар олиб келадиган ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини ёритиб беришга қаратилган чиқишларга, иккинчи қисм фуқароларни ўйлантираётган саволларга жавоб беришга, учинчи қисм номзодларнинг вакиллари томонидан сайловчиларга мурожаат қилишга бағишланди. Шуни таъкидлаш жоизки, теледебат томошабинлари бўлган сайловчилар ажратилган вақт давомида юқоридаги қисмларни кузатиш, номзодларнинг сайловолди дастурларини солиштириш ва бунинг асносида уларга холис баҳо бериш имконига эга бўлдилар.
Тўртинчидан, инсон психологиясига эътибор берилса, инсонлар маълумотни эслаб қолишлари учун турли усулларни қўллайди. Баъзилар маълумотни ўқиб эслаб қолсалар, бошқалар уларни тингаб ёки ҳодисаларни кузатиб эслаб қолади. Амалда кўп одамлар бирон нарсани тингласалар ёки кузатсалар яхшироқ эслаб қолар экан. Теледебатда номзодларнинг вакиллари жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётини ўзгартиришга олиб келадиган энг муҳим ташаббусларини оммага сўзлаб бердилар. Бу маълумотлар сайлов участкаларида осиб қўйилса-да, сайловчилар сайлов куни овоз беришдан аввал уларнинг барчасини ўқиб чиқмасликлари мумкин. Теледебатни кўрган кўплаб сайловчилар эса президентликка кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурларини тинглаш орқали тушуниб олиш ва эслаб қолиш имконига эга бўлдилар.
Ўзбекистон экологик партиясидан кўрсатилган номзоднинг дастурида мамлакатда долзарб аҳамиятга эга бўлган экологик муаммоларни ҳал этишга хизмат қиладиган “яшил иқтисодиётни” барпо этиш, Ўзбекистон халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг дастурида эса эҳтиёжманд шахсларга нисбатан ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди. Бундай ташаббусларни бошқа партияларнинг номзодлари сайловолди дастурларида, хусусан, Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида ҳам кузатиш мумкин. Бунда аҳолининг қийнаётган муаммоларни ҳал этишга оқилона ёндашилган. Номзоднинг вакили томонидан мамлакатда камбағалликни қисқартириш, аҳолига жон бошига тўғри келадиган даромадни ошириб бориш, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан боғлиқ барча саволларга асослантирилган жавоблар берилди.
Сайловолди ташвиқотининг асосий мақсади сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашдир. Ўтказилган теледебат нафақат президентликка қўйилган номзодларнинг сайловолди дастурлари, балки шу билан бирга уларни номзод қилиб кўрсатган сиёсий партияларнинг фаолият йўналиши билан боғлиқ чиқиш бўлди десак хато бўлмайди. Сабаби, сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурлари сиёсий партияларнинг умумий дастуридан келиб чиқади.
Қайд этиш жоизки, теледебат мамлакатимиз сиёсий ҳаётига янгича руҳ олиб кирди. Сиёсий жиҳатдан эркин фикрлаш, ўзининг позициясини ҳимоя қилишга қаратилган воситага айланди. Сиёсий партиялар ўртасида соғлом сиёсий рақобат майдони ҳосил бўлишига замин яратди. Бу, айниқса, теледебатнинг савол-жавоб қисмида яққол намоён бўлди. Президентликка номзодларнинг вакиллари халқни ўйлантираётган масалалар билан боғлиқ саволларга жавоб бердилар. Масалан, нарх-наволарнинг барқарор ҳолатда бўлишини таъминлаш, давлатнинг ташқи қарз олиши, меҳнат миграцияси масалалалари сингари жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига таъсир кўрсатувчи бир қанча саволлар бўйича фикр алмашилди.
Савол-жавоблар қисмининг яна бир аҳамияти шундаки, унда номзодларнинг вакиллари сайловолди дастурларга нисбатан танқидий фикрлар билдириш имконига эга бўлди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Президент сайловларидаги теледебат сайловчиларга барча номзодларнинг сайловолди дастурларида ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда муҳим ўзгаришларга олиб келадиган ташаббусларнинг мазмуни билан танишиш, уларга холис баҳо бериш имконини яратди. Теледебат орқали сайловчилар ижтимоий ва иқтисодий соҳаларнинг энг муҳим муаммолари билан боғлиқ саволларга жавоб олдилар. Теледебат фуқароларга келажак тақдири билан боғлиқ бўлган сиёсий жараён ‒ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш учун номзодлар орасидан муносиб деб билган номзодни танлаб олиш юзасидан мустақил қарор қабул қилишга ёрдам беради.
Юридик фанлар номзоди, профессор Шаҳзод Сайдуллаев
LiveБарчаси