Коррупциялашган Ўзбекистон, Фаластинни қўллаган Мирзиёев, Байдендан “тўйган дунё” – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
09 Ноябрь
6963Ўзбекистонда, қўйингки, пойтахт Тошкентда жамоат жойлари, дўконлар, боғлар, бозорлар, савдо мажмуалари, кўчаларда ҳожатхоналарни топа оласизми? Пулли бўлса ҳам, ҳатто, қўл ювишга совун тугул сув бўлмаса ҳам, боринг ана, эшиги бўлмаса ҳам бирламчи эҳтиёж учун ҳожатхоналарни тез-тез учратасизми? Мен жуда кам учратаман ва бу масалани бир неча бор кўтарганман ҳам. Метрода анчадан бери юрмаганим учун унда ҳожатхона йўқлигини билмас эканман. Шу ҳафта бир одамнинг Тошкент метросининг Пахтакор бекатида бамайлихотир ҳожатини чиқариб, сўнг поездга чиқишга уринаётгани акс этган видеоси тарқалди. Бу ишни қилган киши маст-аластми, билмадим, ҳар ҳолда ҳожатхонаси йўқ метро раҳбариятидан ҳожатхона талаб қилиб ўтирмади. Йўқми, йўқ дея ҳожатини бекатнинг ўзига чиқарди. Кейин нима бўлди, дейсизми? Дастурни охиригача томоша қилсангиз, кейинини охирида гаплашамиз.
Пора билан қўлга тушган ҳоким ўринбосарлари
Тугаётган ҳафта пора билан қўлга тушган ҳоким ўринбосарлари, уларнинг ёрдамчилари ва бошқа мансабдорлар ҳафтаси бўлди. Ва улар орасида 1 миллион доллар олаётганида ушланган ва ўша пулларга қўлини бигиз қилиб суратга тушиб берган Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари ҳали кўп эсланади.
Эшитмаган бўлсангиз айтиб кетай, тугаётган ҳафтада Коррупцияга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, кластер шаклидаги савдо мажмуаси ташкил этиш учун 40 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 20 гектар ер майдонини аукцион савдога чиқартириб ютиб бериш ва 49 йил муддатга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 2 млн АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1 млн АҚШ долларини ўзининг ҳайдовчиси орқали олган вақтида ушланди.
Хўш, ҳоким ўринбосарининг тақдири нима бўлди дейсизми? Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳайдовчига нима бўлгани эса номаълум.
Бу шу ҳафта рўй берган ягона ҳолат эмас.
Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳокимининг ўринбосари тумандаги Қорашина шаҳарчасини ободонлаштириш доирасида қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш эвазига туман ҳокимлигининг маъмурий биноси ёнида 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳоким ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, тугаётган ҳафтада Навоий вилоятининг Хатирчи тумани ҳокими ёрдамчиси ва Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани ҳокими ёрдамчиси пора билан қўлга тушди.
Сирдарё вилоятида эса ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ҳамда фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини таъминлаш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг ҳукмига мувофиқ, мазкур мансабдор шахс 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Тошкент вилоятида коррупцияга қарши курашиш доирасида олиб борилган тезкор тадбирда Мажбурий ижро бюросининг Қибрай туман бўлими давлат ижрочиси фуқародан 5 минг АҚШ доллари талаб қилиб, дастлаб 2 минг АҚШ доллари олган ва қолган 3 минг АҚШ долларини олаётганида Зангиота тумани солиқ инспекциясининг шуъба бошлиғи вазифасини бажарувчи шахс қурилиш моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган оилавий корхонанинг фаолиятига раҳнамолик қилиш ва 1 йил давомида текширув ўтказмаслик эвазига 1200 АҚШ доллари олган вақтида, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама” чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси тадбиркордан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг туман бўлими бошлиғи ўзининг хизмат хонасида 7 млн 300 минг сўм, Нукус шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимининг мансабдор ходими 4 млн сўм, Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти бошқармасининг шаҳар бўлими бошлиғи 10 млн сўм, Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Асака туман бўлими бош инспектори 20 минг АҚШ доллари, Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси Урганч шаҳар бўлимининг бош мутахассиси 20 млн сўм олаётган вақтида қўлга тушган.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Ўзбекистонда одатда катта-катта поралар билан майда балиқлар ушланади. Ҳор ҳолда Чирчиқ ҳокими ўринбосари 1 млн АҚШ долларини бир ўзининг жиғилдонига урмас, инсоф қилиб уни бошқалар билан ҳам бўлишишни мақсад қилгандир, балки. Бошқа томондан эса кўпинча пора ёки бошқа турли айбловлар билан лавозимидан озод этилган, панжара ортига ташланган амалдорларнинг кейинги тақдири, уларга қандай жазо берилгани ошкор қилинмайди, суд мажлислари ҳақида миқ этилмайди. Хўш, натижа нима бўляпти? Буни сўрайдиганлар талай, аммо жавоб берадиган одам йўқ. Одамлар эса катта-катта пора олаётганларга гўё жин урмаётганига ўрганиб қолди. Хўш, сиз Ўзбекистонда асосан қайси жабҳаларда коррупцияга дуч келяпсиз? Коррупцияга қарши қандай курашиш керак?
Шоир Мансур Жумаев вафот этди
Университетда ўқиб юрган кезларимизда устозларимиз бир саволни беришарди: журналистикага содиқлик, касбий маҳорат ёки виждон юки. Очиғи, журналистлар ахборот қаерда бўлса, ўша ерда шай. Ҳақиқат нима бўлса, ахборот ўша. Биз шу тамойилларга амал қиламиз. Бироқ бу ҳафта касбимиз ва виждон юки ўртасида танлов қилишга мажбур бўлдик. Ҳозирги хабаримизни диққат билан эшитсангиз, бунинг сабабини тушуниб оласиз.
Гап шундаки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Адабий тарғибот ва тадбирларни уюштириш бўлими бошлиғи, истеъдодли шоир Мансур Жумаев 33 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Марҳумнинг вафотидан ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти жунбишга келди.
Марҳум 1991 йил 17 февралда Қашқадарё вилояти Миришкор туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Оқ орзуларим”, “Ҳайрат қўшиқлари”, “Биз кутган фасл”, “Ҳазрати ишқ” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Шеърлари бир қатор тилларга таржима қилинган.
QALAMPIR.UZ’га маълум бўлишича, шоир 5 ноябрь куни тахминан соат 07:30 ларда яшаш хонадонида ўзини осиб, вафот этган. Ушбу ҳолатни аниқлаган турмуш ўртоғи тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган.
Ҳолатга нисбатан бирламчи ташхисга кўра, у “бўйин соҳасида странгуляцион чизиғи мавжуд бўлиб, юрак қон-томир нафас етишмовчилиги” оқибатида вафот этган. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Афсус билан айтамизки, ўзбек медиасида шоирнинг ўлими сабабларига фақат QALAMPIR.UZ тўхталди. Бу қаҳрамонлик эмас, аксинча, ахборотларни яширмай, оширмай, борича ўқувчиларга етказиш. Марҳумнинг ўрнида бошқа одам бўлганда ҳам шундай йўл тутардик, тутганмиз. Биз яна бир бор марҳумнинг яқинлари, оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммити қандай ўтди?
Кун келиб қўлимда Туркий давлатларнинг умумий пул бирлиги ёки уларнинг муштарак мақсадларини ифода этувчи совға танга бўлса, ажабмас. Ҳар ҳолда бундай танганинг илк нусхаси Қирғизистонда давлат раҳбарларига Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан совға қилинди. Туркия Республикасида ишлаб чиқарилган танганинг бир томонида ташкилотнинг янги логотипи, иккинчи томонида эса ташкилотга аъзо давлатлар Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, кузатувчи давлатлар Венгрия, Туркманистон ва тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасининг байроқлари туширилган. Унинг юқори қисмига эса жадидчилик асосчиларидан бири Исмоил-Мирза Ғаспиралининг “Тилда, фикрда, амалда бирлик” сўзлари ёзилган. Ушбу танга Туркий давлатлар ташкилотининг 6 ноябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтган 11-саммитининг умумий мазмун моҳиятини ўзида ифода этади.
Саммитда аъзо давлатлар Президентлари Илҳом Алиев, Қосим-Жомарт Тўқаев, раислик этувчи Садир Жапаров, Ражаб Тойиб Эрдўған ва Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳам Бишкекка келди ва унга Туркий дунё олий ордени топширилди. Шунингдек, саммитда илк бор Президентлар ўтирган стол атрофидан Туркиядан бошқа ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар ҳам ўрин олди. Туркий дунёнинг бирлашувида энг пассив роль ўйнаётган Туркманистон эса шундай нуфузли тадбирга бор-йўғи Қирғизистондаги элчиси Нури Голлиевни юборди. Бу Ашхободнинг ташкилотдаги кузатувчилик мақомидан келиб чиқилса, унинг фаолиятига ўта паст назар билан қарашини англатади. Ҳолбуки, бугунгача ташкилот тадбирларида Президент Сердар Бердимуҳамедов бўлмаса-да, жуда бўлмаганда унинг отаси – Туркманистондан Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этганига бир неча бор гувоҳ бўлганмиз. Ҳатто, 2022 йилда Ўзбекистонда ўтган саммитда Бердимуҳамедов Туркий дунё олий ордени билан ҳам мукофотланганди.
Саммитда сўз олган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, энг аввало, дунёдаги глобал вазиятга эътибор қаратиб, Исроилнинг Ғазо секторидаги қирғинини қоралади.
“Остона ва Шуша шаҳарларидаги учрашувларимиздан кейинги вақт мобайнида глобал геосиёсий жараёнлар тобора мураккаб тус олди. Етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучаймоқда, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортмоқда.
Албатта, буларнинг салбий таъсири ва оқибатларини давлатларимиз ҳар томонлама сезиб турибди. Бу муаммолар савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма режа ва катта лойиҳаларимизга жиддий тўсиқ бўлмоқда, десам, бу – айни ҳақиқатдир.
Ташкилотимиз доирасида сиёсий ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, умумий манфаатларимиздан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позициямизни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқдир.
Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз.
Мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир.
Кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид қиламиз”, дейди Президент Мирзиёев.
Шунингдек, унинг фикрича, Афғонистондаги ўткир муаммоларни ҳал этишда амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, бу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалалари, албатта, кўриб чиқилиши лозим.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, Туркий давлатлар ташкилоти ҳали оддий одамлар ҳаётида, уларнинг турмуш тарзида, қўйингки, туркий давлатларга сафарлари чоғида ўз ифодасини топмаяпти. Одамлар бу ташкилотнинг бор-йўғини билмайди, унинг фойдасини кўрмайди. Туркий дунёнинг бирлашуви деб кўкрагига ураётган Туркиянинг ўзига бориб қолган ўзбек, қозоқ, қирғизнинг қадри Европанинг қай бир ўлкасидан келиб қолган ажнабийникидан паст бўлса бордир, юқори эмас.
Президент Мирзиёев эса ўз нутқида иқтисодий масалага урғу бериб, лоақал савдо айланмасини ошириш кераклигига эътибор қаратди.
“Ташкилотимиз доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш бўйича ниятимиз қатъийдир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда давлатларимизнинг ташқи товар айланмасида ўзаро савдомиз улуши анча паст даражада қолмоқда. Импортимизнинг салмоқли қисми учинчи давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу борада вазиятни кескин ўзгартириш вақти келди.
Энг аввало, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувлар ишлаб чиқиш лозим.
Савдо соҳасидаги салоҳиятимизни кенгайтиришга қаратилган чуқур тадқиқотлар олиб бориш учун яқин истиқболда Тошкентда етакчи миллий таҳлил марказларимизнинг анжуманини ўтказиш айни муддао бўлар эди”, дейди Мирзиёев.
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам, энг аввало, эътиборини Ғазодаги вазиятга қаратди. Унинг фикрича, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроилнинг геноцидига томошабин бўлиб, қўл қовуштириб ўтирибди.
“Халқаро ҳамжамият босиб олинган Фаластин ҳудудларида, хусусан, Ғазода содир бўлаётган геноцидни тўхтатиш борасида ёмон синовдан ўтмоқда. Халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашга масъул бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши ҳатто стол атрофига йиғилиб қарор қабул қила олмайди. Аниқроғи, буни қилишни истамаяпти. Нетаньяху ҳукуматининг ирқчи менталитети Ғазодаги ваҳшийликлар соясида Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларни сиқиб чиқариш ва биринчи қибламиз бўлмиш Ал-Ақсо масжидининг мақомини ўзгартириш ниятида”, дейди Эрдўған.
Бироз аввал Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитига Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар ҳам келгани ва биринчи марта давлат раҳбарлари ўтирган стол атрофидан жой олганини айтган эдим. Шимолий Кипр Турк Республикаси 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда ўтган саммитда ушбу ташкилотга кузатувчи бўлиб қўшилган бўлса-да, ҳануз ҳеч ким бу ҳақда миқ этмайди. 2023 йилда Қозоғистонда ўтган саммитда ҳам Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти қатнашмади, Эрдўған келгуси саммитда уни кўришга умид билдириб, бошқаларни ҳам бунга кўндирмоқчи бўлди. Остона саммити декларациясига кўра, Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси ва Туркий савдо-саноат палаталари иттифоқида ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомини олгани маълум бўлди ва 2023 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этиш учун Эрсин Татар Ўзбекистонга келди. Бироқ тадбирда Шимолий Кипр Турк Республикаси байроқлари бошқа мамлакатлар қаторига қўйилмади, Эрсин Татар эса бошқалардан орқа қатордан жой олди.
Шу маънода Тошкент Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмай туриб, икки марта унга бағрини очгани билан тарихда қолмоқда. Биринчиси, 2022 йилдаги ТДТнинг Самарқанд саммитида унинг кузатувчиликка қабул қилиниши бўлса, иккинчиси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомида қатнашиши.
Эрдўған эса Бишкекда яна Шимолий Кипр Турк Республикасини дастаклади.
“Кипр масаласида оролдаги фактларга асосланиб, адолатли ва доимий ечим топишда Туркий дунёга ҳам муҳим масъулият юкланган. Кипр туркийларининг ҳақли даъвосини қанчалик кўп англаб, улар билан бирдамлик кўрсатсак, ўз бирлигимиз ва бирдамлигимизни шунчалик мустаҳкамлаймиз. Ташкилотимизнинг бугунги саммитида Шимолий Кипр Турк Республикасининг фахрий меҳмон ва кузатувчи аъзо сифатида иштирок этиши Турк дунёси сифатида Кипр Турклари билан бирдамлик иродамизнинг ифодасидир. Умид қиламизки, улар тез орада тўлиқ аъзолар сифатида орамизда ўз ўрнини эгаллайди”, дейди Эрдўған.
Эрдўғаннинг Шимолий Кипр Турк Республикасини кузатувчилар қаторига қўшиш таклифига ҳеч бир мамлакат қарши бормаганди. Энди уни тўлақонли аъзолар орасида кўриш орзусига ҳам миқ этилмади. Бошқа томондан эса аъзо давлатлар бу мамлакатни тан олмасликда давом этмоқда. Ҳатто, Президентлар матбуот хизматлари томонидан саммит ҳақида эълон қилинган расмий хабарларда ҳам Шимолий Кипр Турк Республикаси номи тилга олинмаган.
Эрдўған сўзида давом этиб, тез орада ўзининг учинчи йилини тўлдираётган Россия-Украина можаросига ҳам ечим топилишига умид билдирди ва гапни алифбо масаласига тақади. Маълумки, жорий йилнинг сентябрь ойида Халқаро туркий академия ва Турк лингвистик жамияти томонидан ташкил этилган умумий турк алифбоси бўйича комиссиянинг учинчи сессиясида 34 ҳарфдан иборат умумий туркий алифбони яратишга келишиб олинди. Эрдўған ушбу келишувни эслатиб, Туркия, Озарбайжон, Шимолий Кипр Турк Республикаси ягона алифбога ўтишга тайёрлигини, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан жавоб кутилаётганини билдирди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда умумий туркий алифбосиз ҳам алифбо билан боғлиқ муаммолар етарлича. Мамлакатда ҳамон ҳужжатларни рус тилида юритиш, кирилл алифбосидан фойдаланиш авжида. Ҳатто, кўплаб нашрлар кирилл алифбосида чоп этилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтиш тўғрисида”ги қарорининг ижроси эса пайсалга солиб келинмоқда. “Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси эса лойиҳалигича қолиб кетди. Унда 28 ҳарф ва 1 та ҳарфлар бирикмасидан иборат ўзбек алифбоси жорий этилиши белгиланганди. Ўтган йилнинг декабрь ойида Тошкентда ўтган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро илмий конференцияда нутқ қилган Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам мамлакатда амалда бўлган лотин алифбоси билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш масаласида сўз очди.
Гарчи Мирзиёева бу хатоларни тузатиш кераклигини айтган бўлса-да, ҳали жиддий қадам ташлангани йўқ. Шу маънода ўзининг тугал алифбоси масаласида бир тўхтамга келиб олмаган Ўзбекистон Эрдўғаннинг таклифига лаббай дейиши даргумон. Бироқ саммит якунида қабул қилинган хартияда Ўзбекистон ҳам умумий алифбони қабул қилишига ишора берилган.
Хўш, саммит якуни бўйича Ўзбекистон томонидан тақдим этилган Туркий дунё хартияси маъқулланди. Унга кўра, барча туркий давлатлар ҳар қандай бахтли ва қайғули дамларда ҳамжиҳатлик ва бирдамлик руҳида бирга эканликларини эътироф этадилар. Туркий халқлар уларнинг ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги ва қадр-қимматига путур етказишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларнинг ва таҳдидларнинг олдини олиш учун биргаликда ҳаракат қиладилар.
Алифбо масаласига келадиган бўлсак, хартияда “Туркий давлатлар умумий алифбо ўзаро тушуниш ва одамларни бир-бирига яқинлаштиришнинг самарали воситаси эканлигини эътироф этадилар. Тарихан туркий халқларнинг умумий ёзувдан фойдаланганлигига Орхун-Энасой ёзувлари ва бошқа манбалар гувоҳлик беради”, деб қайд этилган.
Энди кўпчиликни ўйлантираётган саволга келсак. Туркий дунёни бирлаштираётган ташкилот ҳарбий тузилмага айланадими? Эрдўғаннинг аъзо ва кузатувчи давлатларга тақдим этган “Bayraktar” дронлари ортидан бошқа ҳарбий имкониятларни ҳам етаклаб келадими? Нега бу саволлар кун тартибига чиқяпти? Чунки саммит якунлари бўйича имзоланган ҳужжатлар орасида ТДТ учун Фуқаро муҳофазаси механизмини яратиш бўйича келишув ҳам бор. Бу саволларга Эрдўғаннинг ўзи жавоб берди.
“Ҳозирги босқичда бу ҳақда гапиришга жуда эрта. Ҳозирда бундай режалар йўқ. Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари орасида келажакда қўшма қуролли кучларни яратиш бўйича ҳеч қандай ташаббус ёки саъй-ҳаракатлар йўқ. Фуқаро муҳофазаси механизми тўғрисидаги битим минтақамизда хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу мувофиқлаштиришни ва мамлакатларимизнинг табиий офатлар ҳамда фавқулодда вазиятларга жавоб қайтаришини кучайтиради. Ушбу келишувнинг асосий мақсади фавқулодда вазиятларга қарши курашда Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари ўртасида бирдамликни мустаҳкамлашдан иборат”, дейди Президент Эрдўған.
Трамп сайловда ютди
Ортиқча таъриф-у таснифга ҳожат йўқ. Трамп АҚШ президентлиги учун ўтказилган сайловда ютди ва мамлакатнинг 47-президенти ўлароқ яна Оқ уйга қайтяпти. Шу ой 81 ёшни қаршилайдиган Президент Байден эса Украинадаги урушга сабабчи, Ғазодаги қирғиннинг иштирокчиси ва уни музқаймоқ еганча кузатган Президент сифатида 20 январь куни Оқ уйни тинч йўл билан Трампга топшириш тараддудига тушди.
Трамп демократлар номзоди бўлган ва 4 йил давомида машҳурликда раҳбари Байдендан қолишмаган вице-президент Камола Ҳаррис устидан 51,2 фоиз овоз билан ғалаба қилди. Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таъбири билан айтганда, Трампнинг душманлари унга қамоқ билан таҳдид қилди, мол-мулкини тортиб олди, икки марта жонига қасд қилмоқчи бўлди, Америкадаги барча оммавий ахборот воситаларини унга қарши қўйишди, лекин барибир Трамп ғалаба қозонди.
Орбан назарда тутган нарсалар АҚШнинг бўлажак 47-президенти ўз номзодини илгари сурган пайтлардаги саргузаштлардан бошланганди. Дастлаб у 4 та жиноят иши бўйича гумонланиб қамалди ва гаров пули эвазига бу жазодан қутулди. Ёзда эса номаълум кимса сайловолди нутқида ўқ билан унинг қулоғини нишонга олди. Россия Президенти Владимир Путин Трампни ғалабаси билан табриклар экан, суиқасд пайтидаги унинг хатти-ҳаракатидан ҳайратда қолганини ва бу шунчаки қўл кўтариш ва ўз ғоялари учун курашишга чақириш эмаслигини таъкидлади.
Трампнинг ўзи эса сайловдан кейин маҳаллий ОАВга берган интервьюларидан бирида 70 дан ортиқ давлатлар етакчиларидан табрик қабул қилиб олганини ва улар билан мулоқот қилганини билдирди. Улар орасида қатор Европа, Осиё давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон раҳбари ҳам бор эди.
Ўзбекистон Президенти Трампни табриклар экан, узоқ муддатли ва кенг қамровли муносабатларни янги босқичга кўтариш мақсадида уни Ўзбекистонга таклиф қилди.
Бошқа мамлакатлар, хусусан, Туркия ҳам Трампнинг президентлик лавозимидан нималар кутаётганини яширмади. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Трамп билан Яқин Шарқ масаласида ижобий музокаралар олиб бориш ниятида эканини билдирди ва йўллаган табригида Трампни яқин дўст деб атади.
Шунингдек, “Толибон” ҳам Трампнинг Афғонистонда “янги боб” очишига умид қилаётганини маълум қилди. Айрим сиёсатчилар эса ҳатто бўлажак Оқ уй раҳбарининг толибларни тан олиши мумкинлигини айтмоқда.
Бутун дунё Дональд Трампнинг 2-президентлик муддатидан кутаётган асосий масалалардан бири бу – “тўзғиб кетган” дунёнинг тинчланиши бўлмоқда. Бунда асосий муаммо Яқин Шарқ – Исроилнинг Фаластин ва Ливанда олиб бораётган қирғинбарот уруши ҳамда Россиянинг Украинага бостириб кириши бўлиб турибди. Айрим манбалар Трамп сайловдан олдин берган ваъдаларига мувофиқ ушбу масалани қандай ҳал қилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Унга кўра, бўлажак президент Украинага урушни музлатишни, йўқотилган ерлардан кечишни ва 20 йилгача НАТОга аъзо бўлмасликни таклиф қилиши мумкин.
Албатта, Трамп сайловдан олдин ҳал қилишни ваъда берган бу масалаларда муваффақиятга эриша оладими ёки айрим мамлакатлардаги каби ваъдалар сайловолди плакатларида эсдалик бўлиб қоладими, вақт кўрсатади.
Бошқа томондан Трамп президентлигининг навбатдаги даври муҳожирлар, хусусан ўзбекистонлик муҳожирлар учун оғир келиши мумкин. Янги давлат раҳбарининг сайловолди ваъдаларидан тилга тушгани мамлакатдаги ноқонуний муҳожирларни қувиб чиқариш эди. Ўзбекистонликлар эса грин-карта ва ноқонуний йўллар билан океан ортига киришда етакчилик қилиб келмоқда. Бошқа томондан АҚШдаги сайловни Ўзбекистондаги сайловлардан ҳам синчковлик билан кузатган аксар ўзбекистонликлар мақсад ва режаларидан қатъи назар Трамп томон ён босди.
Ҳа айтганча, ноодатий чиқишлари билан ҳар замон тилга тушиб турадиган Беларусни 30 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко агар Трамп Оқ уйга қайтгач, урушларни тўхтатса, унинг номзодини Нобель мукофотига кўрсатишини айтди.
Хуллас, Трампнинг сайланиши ортидан ҳамма нимадирга эга бўлиб қолиш илинжида. Ҳамманинг унга йўллаган табриги ортидан Америкадан кутаётган у ёки бу мақсади ё Байден президентлиги давридан нолишлари яширингандек. Ҳалиги гап бор-ку, биз бу одам даврида эзилдик...
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлади
Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов LinkedIn’да маълум қилишича, 14 ойлик фаол музокаралар ўз мантиқий манзилига етган.
“Бу осон бўлмаган йўл, мураккаб, аммо мазмунли музокаралар, умр бўйи эсда қоладиган тажриба бўлди. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ушбу ташкилотга қўшилиш борасидаги кўрсатмалари ва қўллаб-қувватлашлари, Президентимиз ёрдамчиларининг ислоҳотларни фаоллаштиришдаги саъй-ҳаракатлари, бир бутун ЖСТ жамоасининг тинимсиз меҳнати натижасидир”, деб ёзди Ўрунов.
Унинг қайд этишича, ҳозирда томонлар бозорга кириш тўғрисидаги баённомани имзолашга тайёргарлик кўрмоқда. Бу орқали АҚШ Ўзбекистон билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаган 21-давлат бўлади.
Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, Ўзбекистон 30 йилдан буён Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ҳаракат қилаётган давлат сифатида дунёда рекорд қозонмоқда. Биринчи Президент Ислом Каримов даврида ташланган илк қадамлар 2016 йилгача бўлган даврда бир неча бор фалаж ҳолатга келиб қолган. Президент Мирзиёев даврида эса Ўзбекистон яна ЖСТ томон ҳаракатни бошлади ва ҳаммаси кўнгилдагидек кетса, мамлакат 2026 йилда йилда ушбу ташкилотга аъзо бўлиш истагида.
Охирги вақтларда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича истакларига Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева бошчилик қилаётгани кўзга ташланади. Мирзиёева шу йилнинг ўзида икки марта ЖСТ Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашиб, мулоқот қилган.
28 ёшли аёл антибиотик уколдан вафот этди
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳаси билан боғлиқ муаммолар ўзгармай, тизимлилигича қолмоқда. Малакасиз шифокорлар, нотўғри қўйилган ташхис ва даволаш чоралари сабаб ўнлаб одамлар ҳаётдан кўз юммоқда. Улар орасида болалар борлиги эса янада ачинарли. Афсуски, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими Док-1 Макс воқеасидан хулоса чиқармади, кўзи очилмади. Бу ҳафта яна бир аёл шифокорлар қўлида жон берди. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги клиникаларнинг бирида 28 ёшли аёл қилинган антибиотик уколдан сўнг вафот этди.
Жорий йилнинг 6 ноябрь куни соат 11:00 атрофида Шаҳрисабз тумани “Хонтепа” МФЙда яшаган, 1996 йилда туғилган аёл хусусий поликлиникага томоғининг шишиб кетгани (ангина) бўйича мурожаат қилган.
Хусусий клиниканинг лор шифокори томонидан аёлнинг томоғи шишиб, йиринглагани сабабли унинг томоқ қисмидан “Цефтриаксон” ва “Дексаметазон” дори воситалари аралашмасидан инъекция юборилганида беморнинг тили тортилиб кетган. Кўрсатилган ёрдамга қарамай, беморнинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Воқеа содир бўлган жойга Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси терговчиси раҳбарлигида тергов тезкор гуруҳи чиқиб, ҳодиса жойи кўздан кечирилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Тахтақорача” довонида катта харсангтош Cobalt'ни босиб қолди
Шу ҳафта бахтсиз ҳодиса сабаб 3 киши ҳаётдан кўз юмди ва уларнинг икки нафари хориж фуқароси. Гап шундаки, Қашқадарё вилояти Китоб туманидан ўтувчи “Тахтақорача” довонида катта харсангтош Cobalt русумли автомобиль устига юмалаб, уни босиб қолди.
Ҳодиса оқибатида автомобиль тиклаб бўлмас ҳолга келиб қолган, унинг ичида бўлган 3 киши воқеа жойида вафот этган.
Довон ҳодиса сабаб бир муддат автомобиллар ҳаракати учун ёпилиб, сўнг қайта очилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари қурбонларнинг шахсига аниқлик киритмаган.
Трактор “прицеп”и ағдарилиб кетиши оқибатида ўсмир ҳалок бўлди
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Поп туманида 9-синф ўқувчисининг пахта ортилган трактор аравасидан йиқилиб, бошидан оғир жароҳат олгани ва ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда ўша куни фермернинг уйида тўй бўлаётгани, ҳокимликдан келиб “пахта” деб шошилтиргач, ота ўз ўрнига ўғлини пахта топширишга юборгани ёзилган. Ушбу маҳаллий фермернинг ўғли йўлда уч нафар ўсмирни ўзи билан олиб, пахта юкланган “прицеп” ичида йўлга чиққан. Йўлда “прицеп” ағдарилиб кетиши оқибатида болалардан бири ҳалок бўлган.
QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Болалар омбудсмани билан боғланди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 3 ноябрь куни содир бўлган. 2003 йилда туғилган йигит трактор ва унга уланган тиркамани зовур бўйидан ўтувчи ички йўлда бошқариб кетаётганда, тракторга уланган боғловчи тортқич узилиб кетиши оқибатида тиркама зовурга қулаган. Оқибатда 2009 йилда туғилган вояга етмаган ўғил бола жароҳат олиб, вафот этган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дастурни метро воқеасидан бошлагандим. Шу ҳафта ўзининг шонли 47 йиллигини нишонлаган Тошкент метрополитени метро бекатининг ўзида ҳожатини чиқарган эркакнинг видеосига муносабат билдириб, ҳолат жорий йилнинг сентябрь ойида содир бўлгани, шундан кейин бекатларда ҳожатхоналар қурилиши бўйича ишлар бошланганини маълум қилди. Кўрамиз, натижа қандай бўларкан.
LiveБарчаси