АҚШ ва Россияда ўлдирилган ўзбек ва тожик болалари, обрў тўкилишидан қўрқаётган Ўзбекистон, тақиқланган грин-карт, Президент атрофидан “учирилган” Султонов ва қўқонлик табиб – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
21 Декабрь 4609 16 дақиқа
Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида бобо ва икки набираси, Андижонда 52 яшар эркак, Навоийнинг Карманасида 30 яшар эркак 4 яшар ўғли билан ис газидан вафот этди. Бу тугаётган ҳафтада содир бўлган ҳолатлар ва фақатгина жамоатчиликка, оммавий ахборот воситаларига аён бўлганлари, холос. Яширилган, айтилмаган, ёпди-ёпди қилинганлари қанча дейсиз. Ҳар баҳорда шу бўлар такрор, деганларидек, Ўзбекистонда қиш бошланди дегунча одамларнинг эшиги азага очилиши одатга айланиб қолгандек.
АҚШда ўзбек талабаси отишма қурбони бўлди
Жорий йилнинг 13 декабрь куни Америка Қўшма Штатларининг Род-Айленд штати Провиденс шаҳрида жойлашган Браун университетида содир бўлган отишмада икки талаба ҳалок бўлди, етти киши эса жароҳат олди. Вафот этганлар орасида Ўзбекистон фуқароси, 2007 йилда туғилган Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳам бор. Марҳумнинг оила аъзолари АҚШда истиқомат қилиб келган, лекин бегона ўқ Муҳаммадазизга келиб теккан куни унинг ота-онаси Умра зиёратини амалга ошириш учун Саудия Арабистонига етиб борган бўлган.
Ушбу фожиа ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон АҚШдаги ваколатхоналари вакиллари марҳумнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча масалалар юзасидан яқиндан иш олиб бораётгани маълум қилинди.
Отишмадан кейинги тонгда, Провиденс полициясидан олинган маълумотларга асосан, ФҚБ Род-Айленддаги бир меҳмонхонани тинтув қилди ва бир кишини қўлга олди. Шунингдек, бошқа штатдаги бир уйда ҳам тинтув ўтказилди. ФҚБ бу рейдлар юзасидан изоҳ беришдан бош тортди, ушлаб турилган шахс эса шу куниёқ қўйиб юборилди. Род-Айленд бош прокурори Питер Неронҳа “уни иш бўйича гумонланувчи шахс деб ҳисоблаш учун ҳеч қандай асос йўқ”лигини айтди. Жиноят жойидан олинган далиллар ушлаб турилган шахс қўлида бўлган қуролга тўғри келмади.
15 декабрь куни Провиденс полицияси гумонланувчининг суратлари ва яна учта видеони эълон қилди. Видеолардан бирида у қора шапка, ниқоб, яшил куртка ва қора қўлқопда тасвирланган. Провиденс полицияси бошлиғи полковник Оскар Переснинг айтишича, ўт очган одам 9 мм калибрли қуролдан фойдаланган. ФҚБ жиноятчи ҳақида маълумот учун 50 минг доллар мукофот эълон қилди.
17 декабрь куни Провиденс полицияси отишма куни гумонланувчи қайси ҳудудларда бўлганини кўрсатувчи кўча харитасини эълон қилди. Шу куни ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноят жойидаги гильзаларда ДНК ва бармоқ излари топилганини ҳам маълум қилди.
18 декабрь куни манбалар отишма 15 декабрь куни MIT профессори Нуно Лурейрунинг Бруклайнда ўлдирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтди. Шу куни, Браун иши бўйича ҳибсга олиш ордери билан полиция Нью-Ҳэмпшир штати, Салем шаҳридаги омборхонага кириб, у ерда 48 ёшли португалиялик Клаудио Мануэл Невеш-Валентени ўлик ҳолда топди. Унинг ёнидан иккита қурол чиқди. Тахминларга кўра, у ўз жонига қасд қилган.
Клаудио Мануэл Невеш Валенте (1977 – тахм. 2025 йил 18 декабрь) – Португалия фуқароси бўлиб, у 2000–2001 йилларда Браун университетида физика бўйича PhD дастурида таҳсил олган. Валенте 1990-йилларнинг охирида Лурейру билан бир хил – Лиссабондаги Instituto Superior Técnico олийгоҳида ўқиган. Унинг жиноий ўтмиши бўлмаган. 2025 йил 28 ноябрдан бошлаб у Браун кампусида бир неча бор кўринган ва баъзи одамлар уни шубҳали деб ҳисоблаган.
Браун университети ва MIT’да содир этилган отишмалар фонида АҚШ Президенти Дональд Трамп 18 декабрь куни “грин карта” лотерея дастурини тўхтатди. Трамп топшириғига биноан, АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) мазкур дастурни вақтинча тўхтатган. Қарор Браун университетида отишма содир этганликда гумонланган шахс ушбу дастур орқали мамлакатга келгани сабабли қабул қилинган.
Ҳодиса ортидан Вашингтон ҳамдардлик билдирмади. Бироқ, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник таъзияномасини эълон қилди.
Миллатчилик ёхуд ўзгармас бошқарув хатоси: Россияда 10 ёшли бола ўлдирилди
Узоқ гапириб ўтирмайман, аммо гапирмасак ҳам бўлмайди. Тожикистонлик мигрант оиланинг 10 яшар фарзанди, Россиянинг Москва вилояти Одинцово шаҳри Горки-2 туманидаги мактабнинг 4-синфида таҳсил олаётган Қобилжон Алиев 16 декабрь куни қотиллик, қотиллик бўлганда ҳам миллатчилик ғояси оқибатида унган қотиллик қурбони бўлди.
Қобилжон ўқийдиган мактабнинг 9-синфида ўқийдиган 15 ёшли бола қотилликка аввалдан пухта тайёргарлик кўриб, мактаб бўйлаб ўз ўлжасини қидираркан, унинг оёғи остидан Қобилжон чиқди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Қобилжон бошқа синфдошларининг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўзининг тожик миллатига мансублигини айтди ва қочди. Шунда ҳам қотилнинг қўлида дада дея жон берди. Ҳолбуки, дадасининг ҳам қора тупроққа қўйилганига кўп бўлмаган эди. Онаси эса ўша мактабда ўша рус болаларининг фарроши эди.
Такрор ва такрор айтиш ўринлики, ушбу фожиа шунчаки жиноят эмас. У, энг аввало, сўнгги йилларда Россияда олиб борилаётган миллатчилик, антимигрант, бошқа халқларни оёқости қилиш ва йўқ қилиш, эгаллаш ва бўлиб ташлаш сиёсати, империализм ғоялари, собиқ иттифоқни тиклаш, Марказий Осиё халқларига тарихан бўлмаган ва уларнинг ерлари гўё тортиқ қилинган, деб қараш, валдираш, иддао ва даъво қилишларнинг меваси. Бу бугунги сиёсатнинг юзи, ойнадаги акси. Жумладан, Тожикистондаги ишсизлик, коррупция, непотизм, узоқ йиллардан буён давом этаётган ўзгармас бошқарувнинг хатоси. Бугун агар Россияда 6 миллиондан ортиқ мигрант бўлса, уларнинг 1 миллиондан ортиғи тожиклар ва Тожикистон Россияда мигрантлари сони бўйича биринчи ўринда бормоқда.
Афсуски, миллатчилик руҳи сезилиб турган ушбу ҳодиса бўйича икки мамлакат Президентлари ҳам, уларга яқин шахслар ҳам баёнот билан чиқмади. Болалар омбудсмани мум тишлаяпти, ҳуқуқ-тартибот органлари жим. Фақат Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьев Тожикистон ТИВга чақирилиб, унга ушбу фожиали ҳодиса бўйича Россия томони томонидан зудлик билан, холис ва беғараз тергов ўтказиш ҳамда барча айбдор шахсларни қонун доирасида тўлиқ жавобгарликка тортиш талаби акс этган нота топширилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса “дастурхончи” опамиз Мария Захарова воситачилигида тожик томонига, марҳумнинг оиласига ва ҳужумда жароҳат олганларга ҳамдардлик билдирди. Россия томони Тожикистон Республикаси билан стратегик шериклик ва иттифоқчиликка хос бўлган ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилига амал қилиши айтилди. Мария Захарованинг қўшимча қилишича, ҳар қандай инсон ҳаёти, фуқаролиги ёки миллатидан қатъи назар, энг юқори қадриятдир.
Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцевга қўнғироқ қилиб, бундай даҳшатли жиноятлар жамиятдаги вазиятни кескинлаштириши ва бошқа радикал миллатчи гуруҳларни шунга ўхшаш ҳаракатларга ундашига сабаб бўлиши мумкинлигини айттган.
Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Юсуф Раҳмон билан гаплашиб, Москва содир бўлган жиноят ҳолатларини холис текшириш учун барча имкониятларни ишга солаётганини айтган.
Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди.
Хўш, кўзи қонга тўлган 15 яшар Тимофейга нима бўлди, дерсиз. У сўроқ пайтида айбини тан олган. 18 декабрь куни суд қарори билан икки ой муддатга ҳибсга олинди. Шу куни Қобилжон Алиев ҳам Тожикистондаги қариндошининг уйига олиб келинди ва Шаҳринав туманидаги қабристонга, отасининг қабри ёнига дафн этилди.
“Жазолаш эмас, мослаштириш”
Болалар учун интеграция марказлари ташкил этилади
Тугаётган ҳафтада хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳамда репродуктив саломатлик масаласи Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг диққат марказида бўлди.
Мирзиёеванинг айтишича, Ўзбекистон ҳамон болаларга аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик статистикани ошкор қилишдан, таъна-маломатга қолишдан, обрў тўкилишидан қўрқади. Кўпинча ҳақиқий аҳвол кўзга кўринмайди, кўп нарса яширилади. Айнан шунинг учун ҳам Президент Администрациясида ўтган йиғинда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, эрта ҳомиладорлик сабаблари ва уларнинг олдини олиш чоралари каби масалалар муҳокама қилинган.
Ўтган 2024 йилда Ўзбекистонда 412 нафар бола жинсий зўравонликдан жабрланган. 1028 нафар бола жисмоний зўравонликка учраган. 929 нафар бола психологик босимни бошидан кечирган. 14 нафар бола эксплуатация қурбони бўлган. 106 нафар бола катталарнинг қатъий бефарқ муносабатига дуч келган. Аслида мана шу рақамларнинг ўзи ҳам болажон халқимизнинг ичидаги айрим нафсига қул кимсаларнинг асл юзини ифода этаётгандек.
Ўзбекистон бундан нақ бир йил муқаддам “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди ва бу борада Марказий Осиёда ҳақиқатан ҳам биринчи бўлди. Аммо қонун ижросига келганда биринчи деёлмаймиз.
Тугаётган ҳафтада эса бир йил аввал қабул қилинган қонун асосида Ўзбекистонда 2026-2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича стратегия ва ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб профессионал тутинган оилалар билан иш бошланади. Болалар психологлар ва ҳуқуқшунослар ёрдамини олиш имкониятига эга бўлади, оилалар эса зарур кўмак ва оилавий терапия хизматлари билан таъминланади. Оилани парчалаш эмас, балки уни қўллаб-қувватлаш ва қайта тикланишига ёрдам бериш устувор вазифа ҳисобланади. Республика ўқув-тарбия муассасаларини тўлиқ ёпиш бўйича қатъий қарор қабул қилинган. Уларнинг ўрнида антиижтимоий хулқ-атворга эга болалар учун ижтимоий интеграция марказлари ташкил этилади. Ушбу марказларда асосий эътибор жазолашга эмас, балки болаларни жамиятга мослаштириш ва соғлом ҳаётга қайтаришга қаратилган бўлади.
Шунингдек, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга болаларга нисбатан интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу масала 18 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг 12-ялпи мажлисида муҳокама қилинган.
Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнидаги умумий давомийлигини ҳамда уларни сўроқ қилиш жараёнида қонуний вакилларнинг иштирок этиши тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун жиноятларнинг олдини олишга, содир этилган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шу ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан масъул қўмитага қайтарилди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасида таълим ташкилотида болаларни тарбиялаш, уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар зиммасига юклатилган шахс томонидан тарбия ва таълим бериш жараёнида болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган.
Нотариуслар зиммасига болани фарзандликка бериш (олиш), болани васийликка ёки ҳомийликка бериш ҳақида аризадаги имзонинг ҳақиқийлиги шаҳодатланганлиги тўғрисидаги маълумотларни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этиб бориш мажбурияти юклатилиши белгиланган.
Васий ёки ҳомий ўз яшаш жойини ўзгартирмоқчи, шу жумладан, бошқа мамлакатга кўчиб кетмоқчи бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма рухсати ва васийликка олинган 10 ёшга тўлган боланинг розилиги талаб этилиши назарда тутилган. Шунингдек, лойиҳада ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола фойдасига ота-онадан ёки уларнинг биридан ундирилиши белгиланган алимент миқдорини камайтириш бўйича ишларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари вакилининг иштироки қайд этилган.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ота-она ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслардан боланинг соғлиғини тиклаш ва реабилитация қилиш учун қилинган қўшимча харажатларни бола фойдасига ундириш ҳақида киритилган аризалар бўйича давлат божи тўлашдан озод этилиши белгиланган.
Шунингдек, етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси яшайдиган жойга рўйхатга қўйганда ҳам давлат божи тўлашдан озод этиш таклиф этилган, бироқ қонун депутатлар томонидан қайта кўриб чиқиш учун қайтарилган.
Кунда эмас, кунида: қўқонлик табиб қамалди
Қўқонлик табиб, собиқ хонанда Иқбол Солиевни танимаганлар қолдими? Ака, аллақачон чегарабилмас табибга айланиб, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия каби давлатларда ҳам дардмандларини топишга улгурган. Камига, эшитишим бўйича, онлайн даволашни ҳам йўлга қўйганмишлар.
Аммо кўза кунда эмас, кунида синади деганларидек, Солиевнинг Ўзбекистон халқ табобати Ассоциацияси томонидан берилган гувоҳномаси муддати тугаганига қарамай, ноқонуний фаолият юритиб келаётгани аниқланди.
Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан “Био нур” клиникаси соҳиби сифатида танилган Иқбол табибнинг фаолияти қонунийлиги ўрганилган. Шу пайтда унинг 2020 йилнинг 5 август куни солиқ органларидан “Халқ табобати” фаолият тури бўйича рўйхатдан ўтгани ҳамда Ўзбекистон халқ табобати Ассоциацияси томонидан берилган гувоҳнома муддати 2024 йилнинг 12 декабрь куни тугагани аниқланган.
Унга нисбатан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига юборилган. Табибга нисбатан суд томонидан 2025 йилнинг 10 январь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59⁵-моддаси (халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисми билан 7 млн 500 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Шунингдек, унинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлгани инобатга олиниб, ИИО ходимлари томонидан расмий огоҳлантирилган.
Лекин Солиев такроран ўз фаолиятини давом эттириб, видеороликларни интернетга жойлаб келгани аниқланиб, жорий йилнинг 27 ноябрь куни Қўқон шаҳар ИИБ томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59⁵-моддаси 3-қисми (халқ табобати соҳасида фаолият олиб бориш учун тегишли ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатиш ҳамда мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Суд қарори билан 54 яшар Солиев 10 суткага қамалган, унга БҲМнинг 20 баравари миқдорида маъмурий жарима солинган. Энди Солиев ташқарига чиққач, табиблик фаолиятини давом эттирадими ё йўқ, буни ўзи ва Худо билади.
“Вадасини бажаролмаган” Султонов лавозимидан четлаштирилди
Янги Ўзбекистон тарихида газимиз учта Ўзбекистонни боқишга етади, деган баёнот билан чиқиб, сўнг ўша йилнинг ўзида мамлакатда яна газ танқислиги содир бўлиб, сиёсатдан йироқ, турмуш ташвиши билан юрган оддий ўзбекистонликлар тилига ҳам тушган собиқ Энергетика вазири – 5 ойдирки Президентнинг энергетик хавфсизлик бўйича вакили лавозимида ишлаб келаётган Алишер Султонов тугаётган ҳафтада Шавкат Мирзиёев имзолаган фармон билан лавозимидан озод этилди. Унинг ишдан кетиши сабаблари ҳозирча маълум эмас ва иш ҳам берилмади. Султонов қарийб ярим йил эгаллаган лавозим у кетгач бўш қолмоқда.
Алишер Султонов Ўзбекистоннинг икки маъмурияти даврида ҳам муҳим лавозимларни эгаллаган шахслардан саналади. Султонов 2002 йилдан 2013 йилгача “Шўртан газ-кимё мажмуаси” унитар шуъба корхонаси директори бўлган. 2013 йилда у “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2015 йилдан 2018 йилнинг сентябригача “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.
2017 йил 1 ноябрда у Ўзбекистон Бош вазирининг геология, ёқилғи-енергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати бўйича ўринбосари этиб тайинланди. 2019 йил 1 февралда Президент фармони Ўзбекистоннинг биринчи Энергетика вазири этиб тайинланди. 2022 йил 7 апрелда у соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли лавозимидан истеъфо берди.
Аслида эса Президент Султоновни Энергетика вазири лавозимидан кетишидан 7 ой аввал, 2021 йилнинг август ойидан Электр энергиясидаги узилишлар кўпчилик тадбиркорларимизни безовта қилаётгани сабаб койиб, Султоновга “келгуси йил бошидан бошлаб ё аравани тортасан, ё кетасан”, деган эди.
Султонов шу билан йўқ бўлиб кетгани йўқ. У 2023 йилнинг майи ўрталарида яна сиёсий саҳнага қайтгани ва Президентнинг нефть-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини эгаллагани маълум бўлди. Бироқ унинг тайинловига оид ҳужжатлар очиқланмаган.
У охирги мансаб курсиси, Президентнинг энергетик хавфсизлик бўйича вакиллигига шу йилнинг 14 июль куни тайинланган эди.
Ўзбекистонда Энергетика соҳасидаги ишдан олишлар шу билан тугагани йўқ. "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сиддиқов ҳам ишдан олинди. Унинг истеъфосига бошқа ишга ўтаётгани сабаб қилиб кўрсатилди. Сиддиқов “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси лавозимида икки муддат ишлаган раҳбар ҳисобланади. У 2019 йил февралдан 2020 йил январгача компанияни бошқарган. Орадан уч йил ўтиб, 2023 йилнинг 12 мартида у лавозимга яна қайтган эди.
Сиддиқовдан бўшаган ўринни эса Абдуғани Сангинов эгаллади. У 2017 йилдан буён “Ўзбекгидроэнерго” компанияси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди. Сангиновни “Ўзбекнефтгаз” жамоасига Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров таништираркан, давлат раҳбари соҳадан норози экани айтилган.
Компания структурасини халқаро стандартлар асосида жорий қилиш, янги бошқарув ёндашувларини қўллаш, стратегик лойиҳаларни амалий натижага йўналтириш, хорижий ҳамкорлар билан алоқалар форматини таҳлил қилиш кераклиги айтилган.
Шунингдек, ушбу ўзгаришлар ортидан Президент топшириғи билан Иқтисодиёт ва молия вазирининг нефть ва газ бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинди.
Президент шаҳардаги тирбандликка ечим берди
Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳафта Юнусобод туманига борди ва Тошкент фаоллари билан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда янграган энг муҳим гаплардан бири “Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш масаласи бўлди.
“Пойтахт – давлатнинг сиёсий, маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази. Пойтахтни бошқариш, ривожлантириш ва муҳофаза қилиш бўйича ўзига хос ёндашувлар бўлиши керак”, деди давлат раҳбари.
Шунинг учун Тошкент шаҳар кенгашига орттириб бажарилган даромаднинг маҳаллий бюджетга қайтариладиган қисмидан 20 фоизини туманларга тақсимлаш ваколатини бериш таклиф қилинди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимларига маҳаллий кенгашлар билан келишган ҳолда, бўш маблағларни депозитга қўйишга рухсат этилади.
Умуман, Тошкент шаҳри фаолиятининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгиловчи “Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш вақти келгани таъкидланди. Аслида, бу қонун бўйича ҳаракатлар 2018 йилнинг октябрь ойида бошланган эди. Орадан 7 йилдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, қонун лойиҳаси жамоатчиликка тақдим этилмаган, у қандай бўлади, нималарни ўз ичига олади, буни маълум эмас.
Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси ҳар йили ўртача 100 мингдан кўпайиб, 2030 йилда 3,5 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бу албатта, расмий статистика. Тошкентга келаётган ва рўйхатда турмайдиган меҳмонлар бу рақамларга киритилмаган, хусусан, такси ҳайдовчилари ҳам. Шунинг учун ҳам кўчаларда юрсангиз бу шаҳарда 3,5 эмас, 7-8 миллион киши яшайдигандек таассурот уйғонади кишида. Учрашувда Президент Кичик ҳалқа йўли, Катта ҳалқа йўли, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Шаҳрисабз, Махтумқули, Оҳангарон кўчаларидаги тирбандликдан аҳоли норози эканини айтиб ўтди.
Энди транспорт тизимини ягона ёндашув асосида бошқарадиган марказ ишга тушади. Бу марказ ҳар бир кўча, ҳар бир чорраҳада транспорт ва пиёдалар оқимини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш билан шуғулланиши айтилди.
Келаси йили пойтахтга киришдаги 2 та назорат пости шаҳар ташқарисига кўчади, 3 таси реконструкция қилинади. Бу ерларда камида 3,5 мингта юк ва 5,5 мингта енгил автомобиль учун тураргоҳлар қурилади. Бу жойларга жамоат транспорти тармоғи боғланади. Пойтахтга келаётган меҳмонлар истаса, автомобилини шаҳарга киришда қолдириб, тез ва хавфсиз жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Шаҳар ҳокимлигига келгуси йилда ягона бошқарув тизимига эга светофорлар билан жиҳозланган 100 та “ақлли” чорраҳани йўлга қўйиш, тадбиркорлар билан 30 мингта автомобиль тўхташ жойи қуриб, 300 та бекатни реконструкция қилиш, 40 километр пиёда ва 20 километр велойўлаклар қуриш, 100 километр йўлни таъмирлаб, Юнусобод ва Яшнободда йўлўтказгич ва туннель барпо этиши керак.
Президент ташрифидан кейин Юнусободга янги ҳоким тайинланди. Туман ҳокими Баҳодир Абдувалиев ўрнини Аброрхўжа Саидалиев эгаллади. Шунингдек, 5 йилдан буён Сергели туманини бошқариб келаётган Элбек Шукуров ҳам янги лавозимга кузатилди, унинг ўрнини 2024 йил февралдан Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Даврон Исматов эгаллади.
Тошкентда пиёдани ўлдириб, жасадини оқизиб юборган “тезкор ходим” қўлга олинди
Тошкент вилояти Бекобод туман Ички ишлар бўлими Жиноят қидируви бўлими тезкор ходими 43 ёшли эркакни машинада уриб кетиб, унинг ўлимига сабабчи бўлди , шунингдек, ИИО ходими марҳумнинг мурдасини дарёга оқизиб юборди.
Воқеа жорий йилнинг 11 декабрь куни Бекобод тумани “Қорақуйли” МФЙ ҳудудидан ўтган “Қорасув-Бўка-Бекобод” автомобиль йўлининг 64-километрида содир бўлган. Nexia-3 русумли автомашина пиёдани уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 12 декабрь куни Бекобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми ва 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахсга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда марҳумнинг мурдасини топишга қаратилган тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Live
Барчаси