Мағлубиятга тенг ғалаба

Таҳлил

Ўзбек футболи учун яна бир синовли, ҳаяжонли ва асабий ҳафта якунланди. Ўзбекистон терма жамоасининг охирги 2 та ўйинидан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, футболимиз 21 ёшли футболчининг ўта кучли хоҳиши ва саъй-ҳаракатлари эвазига мундиал томон секин-асталик билан қадам ташламоқда. Бу гап билан мундиалга чиқишни Аббосбек Файзуллаевдан бошқа футболчилар хоҳламаяпти демоқчи эмасмиз. Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқса 37 миллионлик халқнинг орзуси ушалади, муроди ҳосил бўлади, лекин ишонинг, гарчи Шимолий Кореяни ютган бўлсак-да, корейслар билан баҳсда кўрсатган ўйинимиз билан мундиалга чиқишимиз катта бир мушкулотнинг худди ўзи. Табиийки, натижа кўрсатаётган, лекин футбол ўйнамаётган терма жамоамизга ва унинг словениялик мутахассисга бериладиган саволларнинг адоғи кўринмаяпти.

Бугун сизлар билан оғир ва мушоҳадали футбол ҳафтаси ҳақида гаплашамиз. Ассалому алайкум.

Ўзбекистон қийин ўйинда Шимолий Кореяни мағлуб этди

19 ноябрь куни футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашининг Осиё қитъаси 3-босқич 6-тури доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) билан баҳс олиб бориб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашув давомида Сречко Катанец шогирдларида қатор имкониятлар юзага келган бўлса ҳам, ягона гол 44-дақиқада Аббосбек Файзуллаев томонидан киритилди. 21 ёшли футболчининг узоқдан йўллаган зарбаси рақибга тегиб, Шимолий Корея дарвозасига йўл олди ва учрашувда ҳисоб очилди.

83-дақиқада кореяликларнинг ҳужумларидан бирида ўзбекистонлик ҳимоячи ўз жарима майдончасида тўпни қўли билан ўйнади ва ҳакам Умар Эшмуродовга қизил карточка кўрсатиб, Ўзбекистон дарвозасига пенальти белгилади. Рақиб тепган тўпни Ўткир Юсупов бартараф этиб, жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшди.

КХДРни мағлуб этган ўзбек футболчиларининг ўйини қандай баҳоланди?

19 ноябрь куни Жаҳон чемпионати саралаши 3-босқич 6-тури доирасида бўлиб ўтган Шимолий Корея-Ўзбекистон баҳсида Аббосбек Файзуллаевнинг хатти-ҳаракатлари энг юқори баҳога лойиқ кўрилди. Бу ҳақда “Sofascore” хабар берди.

Манбага кўра, Файзуллаевнинг ўйини 7,8 баллга баҳоланди. 21 ёшли футболчи Ўзбекистон терма жамоасининг ҳужумларида фаол қатнашди ва учрашувдаги ягона голга муаллифлик қилди. 

Файзуллаевдан кейин дарвозабон Ўткир Юсуповнинг ўйини юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этди. Учрашувда пенальтини бартараф этган Юсуповнинг хатти-ҳаракатлари 7,7 балл тўплади. 

Ўзбекистон терма жамоаси сафида энг паст кўрсаткични 2-таймда қизил карточка олган Умар Эшмуродов қайд этди. Унинг ўйини 6,5 баллга лойиқ кўрилди.

Ортда қолган 6 та турдан кейин Сречко Катанец шогирдлари “A” гуруҳида 13 очко билан 2-ўринда бормоқда. 6-турда сафарда Қирғизистонни мағлуб этган Эрон 16 очко 1-ўринни банд этган бўлса, Қатарни йирик ҳисобда таслим этган Бирлашган Араб Амирликлари 10 очко билан 3-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон терма жамоасининг энг яқин таъқибчиси бўлиб турибди.

Тактика-пактикани йиғиштириб, юракдан ўйнашга келишгандик – Ўткир Юсупов

19 ноябрь куни Жаҳон чемпионати саралаши 3-босқич 6-тури доирасида бўлиб ўтган Шимолий Корея-Ўзбекистон баҳсидан кейин ўйиннинг энг яхши футболчиси, деб топилган дарвозабон Ўткир Юсупов ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

“Ўйиндан қониқдик. Уч очко келтирганимиздан хурсандман. Ҳамма борини бериб ўйнади. Бир кун олдин гаплашгандик – тактика-пактикани йиғиштириб, ҳамма борини бериб, юракдан ўйнаса, ютамиз, деб келишгандик. Кўрдингларми, ҳамма майдонда борини берди”, дейди Ўткир Юсупов.

Қайд этиш жоиз, Шимолий Кореяга қарши ўйиннинг 83-дақиқасида кореяликларнинг ҳужумларидан бирида ўзбекистонлик ҳимоячи ўз жарима майдончасида тўпни қўли билан ўйнади ва ҳакам Умар Эшмуродовга қизил карточка кўрсатди. Юсупов эса дарвозасига белгиланган пенальтини бартараф этди, бундан ташқари, посбон баҳс давомида қатор сейвлар амалга оширди.

Мен ўз ишимни қиляпман – Сречко Катанец

Жаҳон чемпионати саралаши 3-босқич 6-туридан ўрин олган КХДР-Ўзбекистон ўйинидан кейин “оқ бўрилар” бош мураббийи Сречко Катанец матбуот анжуманида қатнашиб, журналистлар саволларига жавоб берди. 

“Биринчи таймни жуда яхши ўтказдик, яхши имкониятларга эга бўлдик, лекин афсуски, кўп вазиятлардан фойдалана олмадик. 2-бўлим бошида Бобур Абдухолиқов яхши имкониятни голга айлантира олмади, агар у гол урса ўйин анча енгил кечиши мумкин эди”, дейди Катанец.

Мураббий футболчиларининг нега учрашувда катта қийинчилик билан ғалаба қозонгани ва пенальти билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди.

“Албатта, футболда йўқ жойдан шунақа ҳолатлар ҳам бўлиб туради, лекин Юсупов зарбани қайтарди ва керакли натижага эга бўлдик. Менимча, тўлиқ 90 дақиқа давомида яхши ўйин кўрсатадиган жамоалар бўлмаса керак. КХДР билан қийин шароитда ўйин ўтказдик. Юқори намлик, вақтдаги тафовут ва Қатардан ўйин охирида ўтказилган гол ўз таъсирини кўрсатди. Асосий футболчиларсиз ўйин ўтказган бўлсак ҳам, КХДР билан ўйинда майдонга тушган ўйинчилар ўзини ижобий томондан кўрсата олди”, дейди мутахассис.

Анжуманда Катанец Лаосдаги майдонлар ҳолати футболчиларнинг соғлиги учун хавфли эканлигини айтди.  

“Шу билан бирга, Осиё футбол конфедерациясига мурожаат қилмоқчиман, Лаосдаги майдонда тўп тепиш футболчиларнинг соғлиги учун хавфли. Бундан ташқари, машғулот майдонининг сифати ҳам ёмон даражада эди. Бу ердаги ташкилий масалаларда ҳеч қандай эътирозим йўқ”, дейди мутахассис.

Сречко Катанец кейинги ўйинлар билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб берди.  

“Мен ўз ишимни қиляпман. Мени қўллаб-қувватлаётганлари учун футболчиларга миннатдорлик билдирмоқчиман. Биз 6 та ўйинда мавжуд 18 очкодан 13 тасини жамғаришга муваффақ бўлдик. Олдинда 4 та ўйин бор ва биз 12 очко учун ҳаракат қилишимиз керак. Мундиал йўлланмасини муддатидан аввал нақд қилишга ҳаракат қиламиз, бироқ охирги ўйингача курашадиган кайфиятда бўлишимиз керак. Асосий футболчиларсиз қийин ўйинларда ғалаба қозониш осон эмас”, дея қўшимча қилди Катанец.

Юсупов ЖЧ саралашининг рамзий жамоасига кирди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Ўткир Юсупов Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқич 6-тур рамзий жамоасидан ўрин олди. Бу ҳақда “Sofascore” хабар берди.

Рамзий жамоага Япониядан 3 нафар, Индонезия ва БААдан 2 нафар, Жанубий Корея, Қирғизистон, Саудия Арабистони ва Ўзбекистондан 1 нафардан футболчи киритилди.

Эътиборлиси, жамоадан Ўзбекистон чемпионатида тўп тепувчи Қирғизистон фуқароси Жоэль Кожо ва бир пайтлар Ўзбекистон фуқаролигини олган БАА вакили Фабио де Лима ҳам жой эгаллади. Қатарга қарши ўйинда Лима покер қайд этди ва унинг ўйини 10 баллга лойиқ кўрилди.

Ўзбекистоннинг ЖЧга чиқиш имконияти қандай баҳоланмоқда?

Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашнинг 3-босқич 6-туридан ўрин олган баҳсда КХДР устидан қозонган ғалабаси эвазига Ўзбекистон терма жамоасининг 2-ўрин билан мундиалга чиқиш имконияти 78 фоизга баҳоланмоқда. Бу ҳақда “We Global” хабар берди.

Манбага кўра, Сречко Катанец шогирдларининг 1-ўрин билан ЖЧга чиқиш имконияти 8 фоизни ташкил этмоқда. Гуруҳ пешқадами Эрон эса катта эҳтимол гуруҳ ғолиби сифатида мундиалга йўл олиши кутиляпти. Форсларнинг 1-ўрин билан ЖЧга чиқиш имконияти 91,3 фоизга баҳоланган.

“A” квартетида амалдаги Осиё чемпионати ва 2022 йилги мундиал мезбони Қатарнинг тўғридан тўғри ЖЧга чиқиш имконияти 1 фоизга тенг. Қатарликларда фақат гуруҳда 4-ўринни банд этиб, 77,6 фоиз билан 4-босқичда иштирок этиш имконияти юқори.

“B” гуруҳида Жанубий Корея ва Ироқ, “C” гуруҳида эса Япония ва Австралиянинг тўғридан тўғри Жаҳон чемпионати чиптасини қўлга киритиши кутилмоқда. FIFA Файзуллаевни эътироф этди.

Халқаро футбол федерацияси (FIFA) расмий сайти 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида ёрқин ўйин намойиш этаётган олти нафар ёш юлдузлар қаторида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва ЦСКА футболчиси Аббос Файзуллаевни эътироф этди.

“ОФК томонидан “Йилнинг энг яхши ёш футболчиси” деб топилганидан сўнг, Файзуллаев Ўзбекистон сафида КХДРга қарши яна бир ажойиб ўйин кўрсатиб, ўз обрўсини оширишда давом этмоқда. Кичик бўйли эканига қарамай, ажойиб техник хусусиятларга эга. Москвада яшовчи “сеҳргар” Вьентьяндаги беллашувда ягона гол муаллифига айланди. У узоқ масофадан урган голи эвазига “Оқ бўрилар”нинг тарихда илк бор Жаҳон чемпионатига чиқиш йўлидаги ҳаракати давом этишига ҳисса қўшмоқда”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, 21 ёшли Файзуллаев Ўзбекистон терма жамоаси сафида охирги 2 та ўйинда 3 та гол урди. У Қатар дарвозасини 2 марта ишғол қилган бўлса, Шимолий Корея дарвозасига ягона ғалаба тўпини киритди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг