Маданият ҳожатхонадан бошланади — Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Маданият қаердан бошланади? Бу саволни эшитиб, бошланди яна маънавият сабоқлари десангиз, сал адашасиз. Саволга оиладан, кутубхонадан, телевидениедан деган жавобни қалаштиришингиз ҳам мумкин. Лекин мен киноя қилиб бўлсада, ҳозир мени тошбўрон қилишга тайёр бўлсангиз ҳам фикримни айтишим керак. Маданият ҳожатхонадан бошланади. Албатта, қадриятларимиз, урф-одатларимиз, каттага ҳурмат, кичикка иззат, маҳалла-кўйдан келсак, бу мавзу ҳақида кўпчилик орасида, яна оммавий ахборот воситасида гапириш анчайин “хато”. Бу биз учун саволга тутилмайдиган табу, аммо қачонгача. Айтмасам бўлмайди: ҳожатхонани ўзимиздан кейинги одамнинг фойдаланишини ҳам ўйлаб ишлатиш, унга зиён келтирмаслик, озода сақлаш катта билим ва ҳеч қаерда диплом билан берилмайдиган фаросатни талаб қилади. Лекин фаросатни ҳам аввал ўша тоза ҳожатхонага кириб орттирилади. Бу масалада исталганча баҳслашиш мумкин, аммо баҳсдан кўра сизга тайёрлаб қўйган лавҳамиз кўпроқ қизиқ бўлиши аниқ. 

Демак, тугаётган ҳафта воқеалари таҳлилига бағишланган махсус кўрсатувни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube’даги каналимизда томоша қилинг. 

Педофилларни бичиш таклиф қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродовнинг икки фарзанди бор. Адашмасам бир ўғил ва бир қиз. Лавозимларни четга қўяйлик, Бекмуродов энг аввало ота ва бугун бошқа ота-оналар сингари кўча-кўйда болалар билан боғлиқ содир бўлаётган ҳолатлар ортидан кўнгли хотиржам эмас. У жорий йилнинг январь ойида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида 12 яшар қизалоқ уйида уста бўлиб ишлаган 29 яшар йигит томонидан зўравонликка учраб, сўнг ўлдириб кетилганига мум тишлаб ўтирган бошқа депутатлардан фарқли ўлароқ, педофилларни бичишни, уларнинг рўйхатини эълон қилиб боришни ва мактабдан узоқда яшашини таъминлашни таклиф қилди. 

У бу таклифни 28 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси пайтида билдирган. 

Бекмуродов билдирган таклиф ижтимоий тармоқда ҳам акс садо берди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Одилжон Тожиев таклифни кескин рад этиб, масаланинг қалтис томонлари борлигини айтган.

Бекмуродовга кўра, қонунга кимёвий ва жисмоний бичиш чорасининг киритилиши – бу ушбу чоранинг ҳаммага қўлланилишини англатмайди. Яъни, айби аниқ далиллар билан исботланган ва психологик ташхис қўйилган ашаддийларига қўлланилиши мумкин.

Тожиев эса “бундай қўшимча жазо олишини билган жиноятчи, айбини яширишга кўпроқ ҳаракат қилади, оқибатда жабрланувчининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин”, деган фикрда.

Хўш, сиз нима дейсиз? Ота, депутат, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бекмуродов ўз билдираётган фикрида ҳақлими? Педофилларни бичиш керакми? Изоҳларда албатта бу ҳақда ёзиб қолдиринг. 

Ўқувчи қизларнинг айби нима?

Бу ҳафта тошкентлик ўқувчи қизлар ижтимоий тармоқларни портлатди. Улар шунчаки ўқувчилик даври, беғубор болаликни тасвирлашга уринган эди. Лекин тармоқлар уларнинг болаларга хос видеосидан эмас, уларга қўлланилган жазодан портлади. Гап нима ҳақида кетаётганини тушунгандирсиз.  

Чилонзор туманидаги 181-мактабнинг тўрт нафар ўқувчиси мактабда одоб-ахлоқ қоидаларига зид тарзда видео тайёрлаб, TikTok’га жойлагани танқид қилинди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси муносабат билдириб, уларнинг ота-онаси қизларининг хатти-ҳаракати учун узр сўраганини маълум қилди. Ия, қизлар нима ёмон иш қилдики, уларнинг ота-онаси узр сўраттирилди? 

9-синфда ўқийдиган қизлар бор-йўғи инстасамканинг “За денги да”  қўшиғига ҳаваскорлик билан видео суратга олган. Энг муҳими, видео дарс вақтидан ташқарида суратга туширилган. 

Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган. Унга кўра, мактабнинг тўрт нафар ўқувчиси дарсдан кейин синфхонада сувенир пулларни сочиб, турли номақбул ҳаракатлар билан ўз ёшига мос келмаган видео суратга олган. Сўнгра бу лавҳани ижтимоий тармоқлардан бирига жойлаган.

Мазкур видеонинг кенг тарқалиши ортидан мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилган. Унда туман Халқ таълими бўлими вакиллари, фаоллар, туман ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, профилактика инспектори, психолог иштирок этган.

Суҳбат давомида қизлар ва уларнинг ота-оналарига ўсмирларнинг юқоридаги хатти-ҳаракатлари одоб-ахлоқ қоидаларига зид эканлиги, миллий анъаналарга, қадриятларга тўғри келмаслиги тушунтирилган.

Шу ўринда савол туғилади? Бизнинг қадрият ва маънавиятимизнинг чеки, чегараси борми? Бу қизларнинг видеосида қандай маънавиятсизликни кўрдингиз? Қолаверса, ўз ёшига мос келмайдиган видео деганда нима назарда тутиляпти? Ё мактаб ўқувчиларининг хатти-ҳаракатлари, улар оладиган видеолар, эшитадиган қўшиқлари, рақслари ва ижтимоий тармоқдан фойдаланишлари бўйича аниқ меъёрлар, қоидалар ишлаб чиқилганми? Ё жамиятда шуғулланишга арзигулик мавзу, улардан бошқа муаммо қолмадими? Бу саволлар ҳозирча очиқ. Бизга эса сизнинг фикрингиз қизиқ. Бу мавзуда ҳам фаол бўлинг, изоҳларда фикрингизни билдиринг. 

Ўқувчилар мактабда китоб ўрнига картошка-пиёз ташийдими?

Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси мутасаддилари Чилонзордаги мактабдаги муштдек келадиган 4 та қизнинг ота-онасини чақириб, уларнинг видеосини муҳокама қилиб, узр сўраттиргунча, Сирдарёдаги мактаблардан ўрнак олса бўлмайдими? Гап нима ҳақида кетаётганини тушунмаган бўлсангиз, ўзимдан эшитинг. Жорий ҳафта ижтимоий тармоқда Сирдарё тумани ҳокими Ботиржон Мирзақулов шов-шувлар ва эътирозларга сабаб бўлган видеоси тарқалди. Унда ҳоким туман фаоллари билан учрашувда тумандаги мактаблардан бирида ҳафтанинг бир кунида ўқувчилар касб-ҳунарга ўргатилаётгани, қизлар оилага тайёрланаётгани ва дарсларга “Ҳаёт мактаби” деб ном берилганини айтган. 

Сизни билмадиму бу ташаббус менга жуда маъқул келди. Ота-оналарни ва қизларни мажлислар ўтказиб, сазойи қилавермасдан, балки уларнинг шахсий ҳаёти учун ўрнак бўладиган мана бундай ташаббусларни ҳам кўрсатиш керакдир. Қолаверса, ҳоким бундай дарсларнинг ташкил этилишини қишлоқ жойларда оддий маҳаллий шароитда керак бўладиган соҳалар бўйича мутахассислар йўқолиб бораётгани ёки қизлар нон ёпишни ҳам эплай олмаётгани билан боғлаган. 

Таклиф менга маъқуллигини яна такрорлайману аммо бир савол ҳеч тинчлик бермаяпти. Мактабда ёпиладиган нон, қовуриладиган қатламаю дамланадиган ошнинг масаллиғини ким беради. Ҳокимбува охиригача ўзлари туриб берармикинлар ё ўқувчилар шўрлик дарсликнинг ёнига тўртта пиёз иккита картошка кўтариб борармикин. 

Блинкен АҚШ ва Ўзбекистонни огоҳлантирди 

28 февраль – 1 март кунлари АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўз фаолияти давомида биринчи марта Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрди, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиб, қатор масалаларни муҳокама қилди. Президент Жо Байденнинг месежларини етказди. 

Остонада С5+1 форматидаги Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва АҚШ Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда Блинкеннинг айтишича, Қўшма Штатлар Россияга қарши санкцияларнинг амалга оширилишини диққат билан кузатиб боради, бироқ айни пайтда Россия Федерацияси билан ўзаро алоқада бўлган, шу жумладан Марказий Осиёдаги компаниялар учун енгилликни қабул қилади.
 
Дипломатнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар санкциялар остида қолган Россия компаниялари билан ўзаро алоқада бўлган компанияларга махсус рухсатномалар беради. Бундай рухсатномалар компанияларга ўз фаолиятини қисқартириш ва россиялик ҳамкасблар билан алоқаларни тўхтатиш учун зарур.

“Бу калитни алмаштириш каби осон эмас. Биз буни бизнесингизга зарар келтирмайдиган тарзда қилиш учун баъзан вақт кераклигини тушунамиз”, дейди АҚШ Давлат котиби. 

Шунингдек, унинг маълум қилишича, АҚШ Россиянинг Украинага қарши босқинида Москвага ёрдам берса, Хитойга қарши санкциялар жорий қилади. 

Блинкеннинг огоҳлантиришича, агар Хитой Россия Федерациясига қурол-яроғ билан ёрдам беришга қарор қилса, Пекиннинг АҚШ ва дунёнинг бошқа мамлакатлари билан муносабатлари “жиддий муаммоларга” дуч келади. 

Қозоғистон Президенти Тўқаев Блинкен билан учрашувда унга АҚШ Қозоғистон мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини доимий ва кучли қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирган. Пул жигардан бўлган деганларидек, учрашувда пуллик масалалар ҳам четда қолмаган. Тўқаевга кўра, ҳозирда Қозоғистонда энг йирик сармоядор АҚШ ва Қозоғистонда америкаликларнинг 62 миллард доллар пули айланяпти. 

Блинкен 28 февраль оқшомида Тошкентга келди, уни Ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Бахтиёр Саидов ва унинг биринчи ўринбосари, тўғрироғи ўша куни АҚШ элчилигига тайинланган Фурқат Сидиков кутиб олди. Блинкен ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Унинг Тошкентга ташрифи хусусида алоҳида кўрсатув тайёрлаганмиз, уни YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин. 

Маданият қаердан бошланади ёхуд эшиги йўқ “миллий ҳожатхона”

Дастуримизнинг айнан шу қисмига “Блинкеннинг Тошкентга ташрифи ва эшиги йўқ ҳожатхона ёхуд маданият қаердан бошланади?” деб ном беришни маъқул топдим. Дастур аввалида кўтарилган ҳожатхона ва маданият масаласига энди навбат келди. 

1 март куни эрта тонгдан оммавий ахборот воситалари, жумладан АҚШнинг нуфузли медиалари журналистлари, Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари пойтахт Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонага тўпланди. Бу ерда Энтони Блинкен ва Бахтиёр Саидов бошчилигида делегациялар учрашуви бўлиб ўтиши керак. 

Байроқлар шай, ОАВ ходимлари расмийларга ҳалал бермасин деб қизил лента тортилган, стол устига янги терилган гуллар қўйилган. Ҳаммаси кўнгилдагидек. Аммо кўнгилни бошқа ҳолат, тўғрироғи зарурат ортидан келган кўнгилсизлик хира қилди. 

Сиз тасвирда кўриб турганингиз Миллий кутубхонадаги миллий ҳожатхона ёхуд очиқ осмон остидаги музей. Ҳожатхонадан камида икки киши фойдаланиши мумкин. Қўл ювиш ёки шунчаки ойнага қараш учун кирадиганларни ҳисобласак, уч киши. Лекин ҳожатхонадаги унитаз қўйилган жойда тўсиқ бору эшик йўқ. Тўғрироғи, эшик аввал бўлган, унинг изи ҳам турибди, лекин ҳозир у йўқ. Қизиқиб қўриқчилардан сўрадим, эшикни кутубхонадан фойдаланувчи ўқувчилар бузиб юборганмиш. Нима? Мактабда шундай иш бўлса тушунардим, лекин Республиканинг биринчи рақамли кутубхонасида ҳожатхонанинг эшигини бузиб юборишни ақлбовар қилмайди. Кутубхонага шунақа ваҳший ўқувчилар келадими? Мана энди 4 ўқувчи қизнинг рақси ва қўшиғини муҳокама қилганларга муҳим маслаҳат, унда кўра шу ҳожатхоналарнинг эшигини синдираётган ўқувчилар билан тарбиявий ишларни кўпроқ олиб борсангиз, маънавият, маърифат, маданият, урф-одат, қадрият деган узундан узун қоидаларингизга кўпроқ хизмат қилган бўлардингиз. 

Масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Хўп, кутубхонага келган ўқувчилар ҳожатхонанинг эшигини синдириб юборди ҳам дейлик, бундан кутубхона раҳбарияти, хўжалик ишларига масъулларнинг  хабари йўқми ё улар бу ҳожатхонадан фойдаланмайдими? Яна шундай нуфузли тадбирлар ўтказилсаю ҳожатхонасининг эшиги бўлмаса. 

Хўш, мен айтган маданият ҳожатхонадан бошланади, деган фикрга энди қўшиласизми? Бу ҳатто кутубхонадан фойдаланиш маданияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу ўринда Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековга ҳам юзланмоқчиман: Озод ака, бир вақтлар менга берган интервьюингизда одамлар, ёшларнинг кундалик юриш туришида маданият бўлиши керак, маданият кўриниши керак дегандингиз. Бугун шу ҳожатхонанинг энди сизга икки карра боғлиқ жойи бор. Биринчиси маданиятдан бўлса, иккинчиси туризмдан. Биласизми ё йўқ, ҳожатхона маданияти халқаро туризмнинг муҳим бир бўлаги ҳисобланади. Ҳатто, бу учун алоҳида Халқаро ҳожатхоналар ташкилоти ҳам тузилиб, 2021 йилда Ўзбекистондаги ҳожатхоналар шароити ўрганилганди. Мана, ўша шароит, яна қаерда, кутубхонада, миллий кутубхонада. Сиз эса меҳмонхоналарни миллий атрибутлар билан тўлдириш тарафдорисиз. Аввал ҳожатхоналарни эплаб олайлик. Боринг мактабларга, туғруқхоналарга. Болаларда жамоат орасида маданият мактабдан ривожланади. Шу даврда болалар эшиги йўқ ҳожатхонадан фойдалангандан кейин улардан эртага қандай маданият кутасиз. Уни ҳам қўйинг, туғруқхоналарда қорни бурнига етай деган аёллар ҳам эшиги йўқ ҳожатхоналарга қисиниб-қимтиниб киришга мажбур. Камига эшиги ё ёпиб турадиган “клеенка”си ҳам йўқ душ ўша ҳожатхона ичида жойлашган. Шуми сиз ва биз қидираётган маданият. Саволлар кўп ва мавзуга алоҳида қайтишни ваъда қилиб, шу ерда бироз тин олишни маъқул топаман. 

Блинкен ва Лавров илк бор тўқнашди 

Жорий ҳафта АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳақиқатдан ҳам экран юлдузи бўлди. Шарқдан Ғарбагача муҳокама марказида турди. 1 март куни Ўзбекистонга ташрифини якунлаган Блинкен, тунда G20 Ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида қатнашиш учун Нью Деҳлига жўнаб кетди. 

Саммитда Блинкен ва Россия Ташқи ишлар вазири Сегрей Лавров Россиянинг Украинага нисбатан қуролли ҳаракатлари бошланидан бери биринчи марта юзма юз тўқнаш келди. Улар бир хонада тик турганча 8-10 дақиқа атрофида суҳбатлашган. Ўта муросали ва оғир босиқ кўринган Блинкен саммитда Украинадаги уруш юзасидан Лавров билан баҳслашгани айтилмоқда. Рақиб томонлар бир-бирини дунёни беқарорлаштиришда айблаган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров умумий йиғилишлар орасида тахминан 10 дақиқа гаплашган, бироқ ҳеч қандай музокара ёки учрашув ўтказилмаган. Блинкен Россияни START ядровий шартномаси бўйича қарорини бекор қилишга чақирган. Шунингдек, у Лавровга Вашингтон Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтган. Қўшма Штатлар ва унинг Европадаги иттифоқчилари G20 давлатларини иккинчи йилга қараб кетган Украинадаги урушга барҳам бериш учун Москвага босимни давом эттиришга даъват қилган. 

Ўз ўрнида, Россия Ғарб делегацияларини G20 кун тартибидаги ишларни комедияга айлантирганликда, ўз иқтисодий муваффақиятсизликлари учун жавобгарликни Москванинг зиммасига юклашга уринишда айблаган. Лавров Ғарбни Украинанинг жанубий портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга ёрдам берувчи Қора денгиз ғалласи ташаббусини “уятсизларча кўмиб ташлаганликда” айблаган. 

Бу йил блокка раислик қилаётган Ҳиндистоннинг Бош вазири Нарендра Моди Блинкен ва Лавровни бир-биридан ажратиб турувчи жиҳатни эмас, балки уларни бирлаштирувчи жиҳатни излашга чақирган. 

Нашид учун қамалган йигит озодликка чиқди 

Жорий ҳафтада муҳим воқеалардан бири содир бўлди. Телефонида нашид эшитгани учун Жиноят кодексининг 244-1-моддаси билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган 22 ёшли талаба йигит Сардорбек Раҳмонқуловга тайинланган жазо шартлига ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида озод қилинди. 

2 март куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида судланувчи Сардорбек Раҳмонқуловнинг ҳимоячиси томонидан келтирилган апелляция шикояти асосида ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилган.

Унга кўра, биринчи ҳукм ўзгартирилиб, Раҳмонқуловга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилган ҳолда шартлига ўзгартирилган. 

Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида Раҳмонқуловнинг 7 ой 9 кун қамоқда сақлангани инобатга олиниб, асосий жазодан чегириб ташланган.

Сардорбек Раҳмонқулов 2001 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети 4-курс талабаси. У жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш айблови билан озодликдан маҳрум қилинганди.

Алиев Францияни узр сўрашга чақирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1-2 март кунлари Озарбайжонга бориб, Президент Илҳом Алиев билан учрашди, Қўшилмаслик ҳаракати саммитида иштирок этиб, нутқ қилди. 

Илҳом Алиев таклифига қўй демай, Бакуга келгани учун Мирзиёевга раҳмат айтган. Улар автомобилсозлик, тўқимачилик саноати ва ипакчилик каби устувор тармоқлардаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирганини қайд этган. Нефть-газ, транспорт ва логистика соҳаларида истиқболли лойиҳалар тайёрланаётгани муҳокама қилинган. 

2 март куни бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати саммитида Мирзиёев сўнгги йилларда инсоният пандемияга қарши курашиш, иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва техноген фожиаларнинг оқибатларини ҳам ўз бошидан ўтказаётганини айтиб, бу муаммоларнинг кўлами тобора кенгайиб, улар нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солаётганини билдирган. 

У кейинги даврда геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар кучайиб, уларнинг таъсирида жаҳоннинг турли нуқталарида янги нотинчлик ўчоқлари пайдо бўлаётгани ҳақида гапирди. 

Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳанузгача топилганини ташвиш билан эслатди. 

Шунингдек, Мирзиёев кейинги пайтларда барча давлатларда ўсиб бораётган терроризм ва экстремизмнинг хавф-хатарига қарши Қўшилмаслик ҳаракати доирасида амалий алоқаларни кучайтириш тобора долзарб тус олаётганини билдирган.

Шуни ҳисобга олиб, Қўшилмаслик ҳаракати терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларга етакчилик қилиши лозимлигини қайд этган. Шунингдек, у биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш хусусида гапириб, бу жараёнда Хавфсизлик кенгаши таркибида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг доимий ўрни бўлиши кераклиги айтган. 

Озарбайжон Президент Илҳом Алиев ҳам ушбу масалага тўхталиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидаги битта доимий ўрин Қўшма Штатларга берилиши, раислик қилувчи мамлакат эса ротация асосида алмаштирилиши кераклигини айтди. Шунингдек, У БМТ тузилмаси ва Низоми ишламай келаётгани, у очиқчасига менсилмаслиги ва БМТ бунга таъсирсизлигини танқид қилиб, бунга мисол тариқасида Арманистон 30 йил давомида Қорабоғни куч билан ноқонуний эгаллаб олгани ва БМТ бунга кўз юмиб, ижро этилмайдиган ҳужжатлари билан томошабин бўлиб турганини айтди. 

Шунингдек, Алиев Франция ҳукуматини дунёдан узр сўрашга чақирди. Сиёсатчининг таъкидлашича, Озарбайжон Қўшилмаслик ҳаракати раиси сифатида адолат тамойиллари ва халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳимоя қилиш мақсадини кўзлайди. 

Озарбайжон Президенти Қўшилмаслик ҳаракатининг Комор оролларига нисбатан позициясига эътибор қаратди. 

“Ҳаракатимиз Комор ороллари Иттифоқининг ҳанузгача Франция мустамлакаси остида бўлган Майотта ороли устидан сўзсиз суверенитетини ҳар доим қаттиқ қўллаб-қувватлаб келган. Биз Парижни Янги Каледония ва хориждаги жамоалар ва ҳудудлардаги бошқа халқларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирамиз. Европадан ташқарида Франция назорати остидаги ҳудудлар француз мустамлака империясининг жирканч қолдиқларидир”, дейди Озарбайжон раҳбари. 

Шу муносабат билан Илҳом Алиев Франция ҳукуматини ўзларининг мустамлакачилик ўтмиши ва қонли мустамлакачилик жиноятлари, шунингдек, Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо мамлакатлар Африка, Жануби-Шарқий Осиё ва бошқа жойларда содир этган геноцид актлари учун кечирим сўрашга ва жавобгарликни тан олишга чақирди.

Блогер Эмине ҳибсга олинди 

Ижтимоий тармоқ фаоли, блогер Эмине-Лемара Мирзааҳмедова ҳибсга олинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди. 

Манбанинг маълум қилишича, Лемара Мирзааҳмедованинг қўлга олиниши унинг блогерлик фаолияти билан боғлиқ эмас. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228- (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

“Қўзғатилган жиноят иши бу аёлнинг блогерлик ёки оммавий ахборот воситаларидаги фаолиятига мутлақо алоқадор эмас. Балки у раҳбарлик қилган қурилиш фирмаси, пудратчи ташкилотнинг ҳужжатларини сохталаштириш, қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланган ва шу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган”, дейди QALAMPIR.UZ манбаси.

Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён бир неча журналистлар ва блогерлар қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинди. Булар сирасига блогер Абдуқодир Мўминов, журналист Хуршид Далиев, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, "Ўзбекнефтгаз" компанияси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовни киритиш мумкин. Шунингдек, “Kompromatuzb” Telegram канали иши бўйича кўплаб журналист ва блогерлар ҳуқуқ-тартибот идораларига чақирилган.

Холиқназаров бир неча имомларни ишдан олди, қолганларига “ҳайфсан” берди

Ўзбекистонда 1 нафар вилоят бош имом-хатиби ўринбасари, 2 нафар туман бош имоми ва 1 нафар имом-хатиб ишдан олинди ва 4 нафарига “ҳайфсан” интизомий жазоси эълон қилинди. 

28 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров раислигида республика диний соҳа ходимларининг танқидий-таҳлилий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган.

Унда 2022 йил давомида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари, мударрислар ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинган. Шунингдек, айрим диний соҳа ходимлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилган.

Йиғилиш жараёнида меҳнат интизомига риоя этмаган, вазифасига виждонан ёндошмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини қондиришга жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва диний соҳа ходими мақомига муносиб бўлмаган 1 нафар вилоят бош имом-хатиби ўринбасари, 2 нафар туман бош имоми ва 1 нафар имом-хатиб ишдан олинди ва 4 нафарига “ҳайфсан” интизомий жазоси эълон қилинган. Жумладан:

•    Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Абдусалом Фатуллаев;

•    Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани бош имоми ва “Шоҳ Машраб” масжиди имом-хатиби Ҳафизулло Зайниев;

•    Самарқанд вилояти Оқдарё тумани бош имом-хатиби Ҳабибулла Аблоқулов;

•    Хоразм вилояти Шовот тумани “Хўроз Эшон бобо” масжиди имом-хатиби Давронбек Рўзметов эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Шунингдек:

•    Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов;

•    Жиззах шаҳар бош имом-хатиби Фахриддин Шайзақов;

•    Тошкент вилояти “Раҳбар ота Акбар ўғли” масжиди имом-хатиби Муҳаммадий Раҳманов;

•    Фарғона вилояти Сўх тумани “Офтобрўй” масжиди имом ноиби Илҳомиддин Тоировга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган. 

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри “ал-Ҳудайбия” масжиди имом ноиби Шуҳрат Зияев меҳнат интизомига риоя этмагани учун чора сифатида бошқа ишга ўтказилган.

Мирзиёев ва Тўқаев норасмий учрашув ўтказди

Блинкен Қозоғистон ва Ўзбекистонга келиб кетгач, икки мамлакат раҳбарлари 3 март куни Чимкентда норасмий учрашув ўтказди. Норасмий учрашувдан берилган расмий хабарга кўра, учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Давлат раҳбарлари икки мамлакат Бош вазирлари ўринбосарлари, махсус ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг имзоланган битимлар ва қабул қилинган қарорлар ижросининг бориши тўғрисида ҳисоботларини тинглаган.

Президентлар саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берган.

Мирзиёев ва Тўқаев минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан. Ушбу учрашувдан икки давлат раҳбарлари Матбуот хизмати фақат битта сурат эълон қилди, холос. 

Лукашенконинг ашаддий душмани қамалди

Беларусда тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати, мамлакат ҳукмдори Лукашенконинг ашаддий душмани Алесь Беляцкийнинг 3 март Минск суди томонидан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. “Весна” инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари бўлган Беляцкий контрабанда ва оммавий тадбирларни ташкил этиш тартибини такроран бузишда айбдор деб топилган.

Шунингдек, Беляцкийнинг ўринбосари Валентин Стефанович, “Весна” ҳуқуқшуноси Владимир Лабкович ва муқаддам судланган инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси Дмитрий Соловьев ҳам суд қилинган. Улар мос равишда тўққиз, етти ва саккиз йилга қамалган.

Беляцкийнинг суди жаҳон ҳамжамиятида кенг резонансга сабаб бўлган. Суддан бир кун олдин Human Rights Watch ва яна 20 та халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти судланувчилар билан бир қаторда Беларусда ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган барча ҳуқуқ ҳимоячиларини зудлик билан ва шартсиз равишда озодликка чиқарилишини сўраган.

Шунингдек, Германия ҳукумати ҳам Алесь Беляцкий ва унинг шерикларига чиқарилган ҳукмни қоралаган. Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок айбловлар ва суд жараёнини “фарс” (комедия) деб атаб, ҳуқуқ фаоллари Беларусь халқининг ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва эркинлиги учун кўп йиллик курашлари ортидан суд қилинаётганини айтган. 

“Минск режими фуқаролик жамиятига қарши курашмоқда. Улар бунинг учун зўравонлик ва қамоқхоналардан фойдаланмоқда. Бу Лукашенконинг Путин урушини қўллаб-қувватлаши билан бир хил шармандалик”, деб ёзган Бербок Twitter саҳифасида.

Алесь Беляцкий, Валентин Стефанович ва Владимир Лабкович 2021 йилнинг июлида ҳибсга олинган. Беляцкий суд тингловлари чоғида Беларусда ҳуқуқ фаолларига нисбатан узоқ муддатли таъқиблар сиёсий сабабларга кўра эканини таъкидлаган. У Беларусь Адлия вазирлиги “Весна” инсон ҳуқуқлари марказини бир неча бор рўйхатдан ўтказишдан бош тортганини айтган ва унга қарши барча айбловларни рад этган. 2022 йилда қамоқдалиги пайтида Беляцкий тинчлик учун Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Шунингдек, у ўз интервьюларидан бирида Беларусдаги намойишчиларни жиноий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ вазиятни изоҳлар экан, мамлакатда репрессия даражаси кучайиб бораётганини айтган. 

“Мамлакатдаги қатағонлар кўлами жуда катта, бу Сталин давридан бери содир бўлмаган. Буни ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди”, деган ҳибсдаги Нобель мукофоти совриндори.

Туркия сиёсатида “бомба” портлади

Туркиянинг нафақат замини, балки сиёсати ҳам оғир тебранишларни бошдан кечирмоқда. 3 март куни “Яхшилик” партияси раҳбари Мерал Акшенар Эрдўғанга қарши 6 мухолиф партиядан иборат Миллат Иттифоқини тарк этди. У ушбу иттифоқдан яна Эрдўғаннинг азалий душмани – “Жумҳурият халқ” партияси лидери Камол Қиличдорўғлининг номзоди президент сайловига кўрсатилишига қарши чиқди. 

Жорий йил Туркияда президентлик ва парламент сайлови бўлиб ўтиши керак. Эрдўғанга ишонилса, сайлов жорий йилнинг 14 май куни ўтказилиши керак. Аммо бу бўйича якуний қарор имзолангани йўқ. 

“Яхшилик”, “Жумҳурият халқ”, “Саодат”, “Даъво”, “Келажак”, “Демократ” партиялар Миллат иттифоқини тузиб, ушбу иттифоқдан бир кишини президент сайловига номзод сифатида кўрсатиши белгиланган.

Мерал Акшенар бунга қарши чиқиб, номзод ўлароқ “Жумҳурият халқ” партиясидан Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ёки Анқара ҳокими Мансур Яваш номзодини кўрсатишни таклиф қилди. Аммо бу таклиф қабул қилинмаган. Шу боис у мухолифат тузган иттифоқни тарк этди ва олтилик столидан чиқаркан, “Биз мажбурлашга бош эгмаймиз”, деди. 

“Биз Эрдўғанга қарши барча оммавий сўровларда узоқ вақтдан бери ғалаба қозонган икки номни билдирдик. Улар Мансур Яваш ва Экрем Имомўғли эди. Афсуски, бу мулоҳазалар ва таклифлар рад этилди. Олтилик столнинг сўнгги йиғилишида ўзаро келишувга эришилди. Биз тушундикки, халқ ютган ҳақиқатдан шахсий манфаат афзалдир. Азиз миллатим, биз “Яхшилик” партиясини бунинг учун тузмадик. Ташкил этилган кундан буён ўзимизни бошқалардан устун кўрмадик. Баъзан партиямиз манфаатларини унутиб, миллатимиз учун улардан воз кечдик”. 

Мерал Акшенар номзод ўлароқ кўрсатишни таклиф қилган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ва Анқара ҳокими Мансур Яваш буни қабул қилмай, мухолифларнинг лидери ўлароқ Қиличдорўғли кўрсатилишини олқишлади. 

Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, мухолифат ўртасидаги ушбу қарама-қаршилик зилзиладан кейин тақдири савол остида қолган Эрдўғаннинг кучини янада ошириши, мухолифатдаги ишончсизлик сайловчиларнинг ҳам ишончсизлигига олиб келиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг