Ўзига келган терма жамоа. UFC’ни “ёндирган” ўзбек
Спорт
−
20 Октябрь
5189Ўзбекистонда футболсевар эмас, кўпроқ миллий терма жамоани яхши кўрадиган инсонлар жуда кўп. Чунки МТЖ футболчилари учун ҳукумат чартер рейслар йўлга қўяди, минглаб ишқибозлар гарчи ёмғирда бўлса ҳам футболчиларни қўллаб-қувватлаш учун қўлдан палон пулга билет сотиб олиб, стадионга боради ва камида баъзида ўйин тугагач футболчидан маломат эшитиб ҳам уйига қайтаверади. Нима бўлган тақдирда ҳам тугаётган ҳафтада МТЖ катта қийинчилик билан катта ғалабани расмийлаштириб, ЖЧ сари яна бир қадам ташлади. Ортда қолаётган ҳафта шунингдек, дунёдаги энг нуфузли аралаш яккакураш лигасидаги ўзбек жангчисининг ёрқин чиқиши билан ёдда қолди. Шу мавзулар ҳақида бугун батафсил сўз очамиз. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ. Спорт дайжести. Биз бошладик.
Ўзбекистон қийинчилик билан БААни мағлубиятга учратди
2026 йил АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига саралаш босқичининг 4-турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари билан баҳс олиб борди. Ушбу турга 7 очко жамғариб, гуруҳда етакчи сифатида келган ўзбекистонликлар бир қанча имкониятлар юзага келганига қарамай, ўйиннинг илк таймида гол ура олмади. БАА вакиллари ҳам қатор вазиятлар яратди, аммо улар ҳам рақиб дарвозасига йўл топа олмади.
Ўйиннинг иккинчи бўлими ўзбекистонлик футболчиларнинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Шундай ҳужумларнинг бирида, 65 дақиқада меҳмонлар футболчиси Салмон Абдулла Ҳамад Жалолиддин Машариповга қарши қўпол ўйнади ва бош ҳакам унга қизил карточка кўрсатиб, майдондан четлатди. Ўйиннинг 76 дақиқасида Бобур Абдухолиқов ишлаган пенальтини Отабек Шукров голга айлантирди. Шу тариқа мезбонлар ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ўйиннинг якунигача ҳисоб бошқа ўзгармади ва Ўзбекистон МТЖ илк бор Тошкентда БАА жамоаси устидан ғалабага эришди.
Бир пайтлар чиройли футбол ўйнаб, 2 та Жаҳон чемпионатидан қуруқ қолганмиз – Отабек Шукуров
Жаҳон чемпионати саралаши 3-босқич 4-туридан ўрин олган Ўзбекистон-БАА ўйини якунлангач, учрашувдаги ягона гол муаллифи Отабек Шукуров матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Барча ўйинларимизда бош мураббийнинг йўқлиги жамоага таъсир қилади. Эрон билан охирги ўйинлардаги натижамизга эътибор бериш керак. БАА билан Эрон икки хил жамоа. Охирги пайтларда журналистлар томонидан бизга нисбатан кўп негатив бўляпти, лекин билингки биз натижа учун ўйнаймиз, фақат чиройли футбол учун майдонга тушмаймиз. Мен бир пайтлар терма жамоада чиройли футбол ўйнаб, 2 та Жаҳон чемпионатидан мосуво бўлганман. Шунинг учун ҳозирги натижамизни қадрлашингизни сўрайман”, дейди Шукуров.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ортда қолган 4 та турдан кейин “А” гуруҳида 10 очко билан 2-ўринда бормоқда. 4-турда Қатарни 4:1 ҳисобида мағлуб этган Эрон ҳам 10 очко тўплаган. Тўплар нисбатининг яхшироқлиги эвазига форслар квартетда етакчилик қилмоқда.
Осиё жамоаларининг ЖЧга чиқиш имкониятлари янгиланди
2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқич 4-тур ўйинлари якунлангач, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мундиалга чиқиш имконияти 93,1 фоизга етди. Бу ҳақда “We Globall Football” хабар берди.
Манбага кўра, саралашнинг охирги турида БАА устидан қозонилган ғалаба “оқ бўрилар”ни ЖЧга чиқиш имкониятини 10,3 фоизга оширди. Ҳозирда Осиё қитъаси бўйича Сречко Катанец шогирдлари ЖЧга чиқишга даъвогарлар орасида 4-ўринда қайд этилган.
Бу борада Япония терма жамоаси қитъада етакчилик қилмоқда. Кун чиқар юрт вакилларининг имкониятлари салкам юз фоизга баҳоланмоқда. 99,6 фоиз билан Эрон иккинчи, 99,5 фоизлик кўрсаткич билан Жанубий Корея 3-ўринни эгаллади.
Машарипов БАА билан ўйинда нега пенальтини тепмади?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралашининг 4-турида БААни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, очколари сонини 10 тага етказди. Учрашувдаги ягона гол пенальтидан Отабек Шукуров томонидан киритилди.
Ҳакам Амирликлар дарвозасига пенальти белгилагач, дастлаб Машарипов 11 метрлик нуқтадан зарба беришга ҳозирланаётганди, бироқ кейинроқ у бу вазифани Отабек Шукуров амалга оширишини хоҳлади.
Маълум бўлишича, БАА сафида бир пайтлар Машарипов билан “Шабаб Ал-Аҳли” жамоасида тўп тепган футболчилар бўлган. Машариповнинг собиқ жамоадошларидан бири дарвозабонга Машариповнинг қандай пенальти тепиши бўйича маълумот берган, буни пайқаган Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси эса Қатар мезбонлик қилган Осиё чемпионатидаги хато такрорланмаслиги учун зарба беришдан бош тортган.
Қайд этиш жоиз, йил бошида Қатарда катталар ўртасида Осиё кубоги баҳслари ўтказилганди. Мусобақанинг 1/8 финалида Ўзбекистон миллий терма жамоаси мезбонлар билан тўқнаш келганди. Учрашувнинг асосий ва қўшимча дақиқлари 1:1 ҳисобида якун топгач, пенальтилар сериясида Жалолиддин Машарипов, Рустам Ашурматов ва Зафармурод Абдураҳматов каби футболчиларнинг уринишлари муваффақиятсиз якун топиши ортидан Ўзбекистон мусобақа билан хайрлашишга мажбур бўлган.
Миллий терма жамоа учун чартер рейс йўлга қўйилади
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги кейинги 2 та ўйини учун Доҳа - Вьентьян - Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейс ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Миллий жамоа кейинги учрашувларни 14 ноябрь куни Қатарда мезбонларга қарши ҳамда 19 ноябрь куни Лаосда Шимолий Кореяга қарши ўтказади. Меҳмондаги иккита ўйинда жамоага қулайлик яратиш мақсадида ЎФА томонидан режа асосида махсус рейс йўлга қўйиладиган бўлди.
Ўзбекистонлик икки футболчи ЖЧ саралашининг рамзий жамоасига киритилди
Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Отабек Шукуров ва Ҳусниддин Алиқулов Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқич 4-тур рамзий жамоасидан ўрин олди. Бу ҳақда “SofaScore” хабар берди.
Манбага кўра, Шукуровнинг БАА билан ўйиндаги ҳаракатлари 8,1 баллга, Алиқуловники эса 7,9 баллга лойиқ кўрилган. Шунингдек, Шукуров учрашувдаги ягона голга ҳам муаллифлик қилган.
Рамзий терма жамоага Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон, Эрон ва Иордания терма жамоаларидан икки нафардан футболчи киритилди. Қатар ва КХДР жамоаларидан бир футболчи рамзий жамоадан жой олди.
Рамазон Темиров UFC'даги дебютини ғалаба билан бошлади
13 октябрга ўтар кечаси АҚШда ўзбекистонлик UFC жангчиси Рамазон Темиров мезбон жангчи Сижей Вергарага қарши октагонга чиқиб, ғалаба қозонди.
Илк раунддаёқ Темиров рақибини икки бор октагонга қулатди. Рақибининг тана қисмига йўлланган зарбалардан кейин Сижей катта оғриқни ҳис қилди ва ҳакам жангни тўхтатди.
Шундай қилиб, 27 ёшли Темиров ташкилотдаги дебютини муваффақиятли бошлади. 33 ёшли Вергара эса UFC’даги 4-мағлубиятини қабул қилиб олди.
“Бу дивизионга томошабоп жанг қиладиган янги чемпион келди”, дейди Темиров жангдан кейинги интервьюсида.
Темиров дебют жангидан умумий ҳисобда салкам 80 минг долларга яқин маблағ ишлаб топди. 27 ёшли ўзбекистонлик жангчига ғалаба учун 28 минг, ундан ташқари мусобақадаги ёрқин иштироки учун яна 50 минг АҚШ доллари тақдим этилди.
LiveБарчаси