Энди эшак гўшти еймиз?! Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
21 Сентябрь
15084Соғиндингизми? Мен сизларни соғиндим. Қаршимдаги камерани, чироқларни, янгиликлар дунёсини соғиндим. Кўришмаганимизга ҳам қарийб 4 ой бўлибди. Бу орада Ботир Қодировнинг отасини топиб берибсизлар, тадбиркорлар қуёш панели ўрнатишга мажбурланаётган эмиш, Ортиқхўжаев катта давраларда кўриниш беришни бошлабди, “Саидазиз медгородок” ва “Бахти Ташкентский”ни қамабсизлар, Салим акани ҳамон Қирғизистон Миллий хавфсизлиги қидираётган экан. Собиқ вазир Азиз Воитовнинг эса суди бошланибди. Ғазодаги қирғин тинмабди, қурбонлар 41 мингдан ошибди, шундан қарийб 17 минги болалар. Хуллас, мен айтишга кечиккан-у, лекин узоқ йиллар эсланадиган янгиликлар жуда кўп. Камералар қаршисида эса Ҳафта воқеалари таҳлилининг янги сони билан яна Қамариддин Шайхов. Ассалому алайкум!
Эшак гўшти Ўзбекистонда истеъмол қилинадиган маҳсулотлар орасига кириб қолишига сал қолди
Бу дунё сўздан яралди. “Бўл” деди ва бўлди. Шу боис сўзнинг қадр-қиммати баланд. Бежиз ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир, деб айтмаган халқ. Тугаётган ҳафтада бир сўзнинг ножоиз ишлатилиши оқибатида эшак гўшти Ўзбекистонда истеъмол қилинадиган маҳсулотлар орасига кириб қолишига сал қолди.
Гап шундаки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида мамлакатда истеъмол учун ишлатиладиган гўшт ва бошқа маҳсулотлар олинадиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя каби ҳайвон турлари ҳамда улар учун касаллик хавфини туғдириши мумкин бўлган ҳамда касаллик кириб келишининг олдини олиш, эпизоотик осойишталикни таъминлаш мақсадида, ит, мушукларни идентификация қилиниши таклиф этилди. Бу ерда мен айтган гапнинг айнан истеъмол учун ишлатиладиган гўшт деган қисмига эътибор қаратинг. Айнан шу рўйхатга парламентдаги шоввозлар эшакни ҳам қўшиб юборган.
Парламент қуйи палатасининг йиғилишида кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мамлакатда роса шов-шувга сабаб бўлди.
Қуйи палата сайтида келтирилган хабарда эшакни истеъмол қилинадиган ҳайвонлар қаторида ҳурмат билан тилга олиниши ортидан келиб чиққан эътирозларга Қонунчилик палатаси спикери Одилжон Тожиев узр-маъзур ўлароқ жавоб қайтарди. Унинг билдиришича, бу матбуот хабарномасидаги таҳририй хато туфайли келиб чиққан тушунмовчилик, холос. Тожиевнинг айтишича, қонун лойиҳасида эшак гўштини истеъмол учун ишлатиладиган гўшт тоифасига киритиш назарда тутилмаган.
“Умуман бу қонун “гўшт истеъмоли” ҳақида эмас, балки ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш муносабатларини тартибга солади. Матбуот хабарномасидаги таҳририй хато туфайли тушунмовчилик келиб чиққан”, дейди Одилжон Тожиев.
Катта муҳокамаларга сабаб бўлган қонун лойиҳаси билан жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган (парвариш қилинадиган) ва урчитиладиган уй ҳайвонлари – қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя, ит, мушукни идентификация қилиниши (визуал ёки электрон биркаларни ҳамда электрон микрочипларни ҳайвонларга ўрнатиш) назарда тутилган.
Билдирилишича, мазкур қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг қўмитасида, сиёсий партиялар фракцияларида ва ялпи мажлисида кўриб чиқиш жараёнида депутатлар томонидан эшак, ит ва мушукнинг идентификация қилиниши асослиги бўйича эътирозлар билдирилган. Эътирозлар қонун ташаббускорлари томонидан қабул қилиниб, лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланган тақдирда, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида олиб ташланиши қайд этилган.
Inbazar машмашаси
Кўза кундамас, кунида синади, дейди халқ. Ҳа, халқдан буюк устоз йўқ. У билмаса, ким билар. Ўзи жиловлаб қўяр. Ҳаддидан сал ошганни. Менимча, бу ҳафта ҳам Inbazar асосчиси Омадтилло Холматовнинг анчадан буён сақлаб юрган кўзаси синди-ю, ичидан жин чиқиб, бутун сирлари фош бўлди. Бу сирлар устига тортилган парда янглиғ юзлаб рекламалар, ҳатто, кимсан чемпион, “бритва-ю” кондиционерлар рекламасида устаси фаранг Баҳодир Жалоловнинг оқловлари ҳам фойда бермади. Хўш, ўзи нима бўлди? Келинг, бир бошдан қисқача кўриб чиқайлик.
Ўтган ҳафтанинг охири, тугаётган ҳафтанинг бошида ижтимоий тармоқлар Inbazar’да ишлайдиган 18 яшар йигитча бошқа бир ходим томонидан дўппослангани акс этган видео тарқалиши билан эсда қолди. Видео ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан унинг рекламасида фаол бўлганлар, спортчи Баҳодир Жалолов бошчилигидаги қатор блогерлар Inbazar’ни оқлашга тушди. Дўконлар тармоғи раҳбари Омадтилло Холматов эса хориждан видеомурожаат билан чиқиб, зўравон ходимга чора кўрилишини айтди ва калтакланган йигитга Spark автомобилини топширди.
Ички ишлар эса ўз ишини қилди. Зўравон ходим – 2001 йилда туғилган йигитга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси билан иш қўзғатди. Иш Сергели туман судида кўриб чиқилиб, зўравон айбли деб топилди ва унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Inbazar’даги воқеалар бу билан тугагани йўқ. Балиқ бошидан деганларидек, дўконлар тармоғи асосчиси Омадтилло Холматовнинг ўзи ҳам зўравон бўлиб чиқди. У муқаддам дўкондаги ходимларни калтаклаган, буни видеога ҳам олдирган, камига айрим ходимларни бошқаларга дўппослатиши билан ҳам ном қозонган. Тармоқда эса буларни далилловчи видеолар ҳам тарқалди. Видеолардан бирида эса у ходимларга “итларга талатиш” билан ҳам таҳдид қилган.
Эътирозларга сабаб бўлган видеолар ортидан Inbazar раҳбари Омадтилло Холматовга нисбатан терговга қадар текширув бошлатилди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардаги ҳолатлар эски бўлиб, муқаддам ҳеч ким ариза билан ички ишлар органларига мурожаат қилмаган. Ҳозир видеода акс этган шахсларнинг шахси аниқланиб, текширув ўтказилмоқда.
Мендан сўрасангиз, Inbazar’да содир бўлган воқеага ҳеч ажабланмаяпман, очиғи. Чунки бу мамлакатдаги меҳнат ҳуқуқлари муҳофазаси, иш жойларида инсон қадри ва меҳнатга оид қонунчиликнинг қандай ишлаётганининг инъикоси. Ўнлаб йиллар давомида Ўзбекистонда ходимлар ўз вазифа-ваколатларига кирмайдиган ишларга мажбурлаб келинди, ҳамон мажбурланяпти. Ўнлаб йиллар давомида уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмади, ҳамон қилинмаяпти. Ўнлаб йиллар давомида қуйи тизимдагилар ўз раҳбаридан, айтайлик, вазир, қўмита раиси, прокурор, ҳоким каби амалдорлардан эшитган ҳақоратлари, учраган тазйиқ ва таҳдидлари учун ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилмади. Амалдорлар қўл остидагилар тугул, халқни ҳақоратлаган аудио-видеоёзувлар тарқалиб кетса ҳам жавобгарликка тортилмади, гапига жавоб бермади. Ижтимоий тармоқда Inbazar асосчисига нисбатан бўлаётган нафрат эса ўша йиллар давомида ҳимоясиз қолган ҳуқуқларимизнинг алами бўлса, ажабмас. Мен бу билан Inbazar’даги ишларни оқламоқчи эмасман. Аксинча, қонун ўз сўзини ҳаммага айтар, вақт аллақачон келиб, ўтиб ҳам бўляпти.
Бойсундаги фожиа
Сентябрь ойи бошида Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида олтингугурт гази ёки илмий тилда водород сульфид сизиб чиқиши кузатилганидан хабарингиз бўлса керак. Бу ҳодисага эса технологик жараён бузилиши сабаб бўлган.
Водород сульфид – бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ ҳисобланади. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Кам миқдордаги водород сульфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.
Газ сизиб чиқиши сезилган илк кунларда кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга юк машиналарида эвакуация қилинган. Аҳолининг аксарияти ўзининг бошқа ҳудудлардаги яқин қариндошлариникига жойлашган бўлса, айримлари мактаб ва шифохоналарга олиб борилган.
Ўзбекистон Президенти топшириғига асосан, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ҳодиса жойига етиб борган. 15 сентябрь куни газ сизиб чиқиши тўхтатилган.
17 сентябрь куни эса конда кучли портлаш кузатилди. Унда 4 киши қурбон бўлди. 11 киши жароҳатланган, улардан 10 нафарига шу куни шифохонадан уйига жавоб берилган. Ҳалок бўлганлар конда ишлаган пудратчи ташкилот ходимлари бўлган.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, марҳум ходимларнинг яқинларига компенсация тўлаб берилади, шунингдек, пудратчи ташкилот уларнинг фарзандларини моддий таъминлаб, ўқитиб, иш билан таъминлашгача ўз зиммасига олади.
20 сентябрь куни эса фалокат ҳақида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева оғиз очди. Унинг билдиришича, Бойсундаги конда ҳалок бўлган ходимларнинг оилалари ташлаб қўйилмайди.
Энди Ўзбекистон ҳам хорижликларга санкция қўлламоқчи
Ҳадеб ўзбекистонликларга ва Ўзбекистон компанияларига санкция қўяверишадими? Бизам санкция қўяйлик, ахир. Бошқалардан қаеримиз кам? Шу мақсадда Сенатнинг куни кеча бўлиб ўтган эллик еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Унга кўра, эндиликда Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати юритилади.
Қонунга кўра, Ўзбекистон давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро ижтимоий, ирқий, диний ва миллий адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқи шаъни, қадр-қиммати ва тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар ҳамда ҳаракатлар содир этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тегишли рўйхатга киритилади.
Рўйхатни юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади. Бундай шахсларни рўйхатга киритиш Олий Мажлис палаталарининг кенгашлари ҳамда махсус ваколатли органларнинг тақдимига биноан амалга оширилади.
Шунингдек, мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахс шундай мазмундаги Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистондан чиқиб кетиши керак. Агар ушбу муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, мазкур шахс ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан депортация қилинади, яъни мажбурий тарзда чиқариб юборилади.
Қонунбузарнинг рўйхатда бўлиш муддати 5 йил ҳисобланади, агар у ушбу муддатда рўйхатга кириш учун асос бўлган сабабларни бартараф қилса, муддатидан илгари рўйхатдан чиқарилиши мумкин.
Германия канцлери Олаф Шольц Ўзбекистон ва Қозоғистонда меҳмон бўлди
Ўзбекистонликларнинг жуда кўпи Америка орзуси билан яшагани билан дунёда шундай бир мамлакат борки, улар меҳнат мигрантларини ҳам, сайёҳларни ҳам, илм истаб борганларни ҳам ўз бағрига олиши жуда қийин. Қочқинларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Бу Иккинчи жаҳон урушида кули кўкка совурилган ва иккига бўлиниб кетган, бугун эса Хитой ва АҚШдан кейин дунёнинг иқтисоди энг кучли давлати даражасига чиққан Германия. У марказий осиёликлар учун алоҳида орзу бўлаги бўлиб келган. Ўтган ҳафтанинг охири жорий ҳафта бошида Германия канцлери Олаф Шольц Ўзбекистон ва Қозоғистонда меҳмон бўлди. Бу ҳақида алоҳида дастур тайёрлаганмиз ва ташриф ҳақида ўша дастурдан тўлиқ маълумот олишингиз мумкин.
Ҳозир эса Германия ўзбекистонликларга эшикларини ланг очаётгани ҳақида гаплашсак. 2024 йилнинг август ойидаги маълумотларда қайд этилишича, ўртача иш ҳақи 4291 еврони ташкил қиладиган Германиянинг канцлери Олаф Шольцнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди.
Ушбу ҳужжатга ишонилса, 800 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳамшира Германияга ишлашга юборилади. Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири Беҳзод Мусаевнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик ҳамширалар Германияда 2200 евро маош олади. Ўзбекистонда эса ҳамшираларнинг ўртача маоши 2 миллионни ташкил этади. Уларнинг кўпчилиги, асосан ишдан кейин уйма-уй юриб, муолажалар қилиш орқали рўзғор тебратади, орзу-ҳавас қилади.
Агар юқорида тилга олганимиз, миграция соҳасидаги ўзаро манфаатлар ҳақиқатга яқин бўлса, тез орада Германиядан чиқариб юборилиши кутилаётган ноқонуний афғон мигрантларининг Термиз орқали ўз уйларига истар-истамас қайтишларига тўғри келиши мумкин. Бошқа томондан тугаётган ҳафтада Германиядаги қочқинлар сони Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори даражага етгани хабар қилинди ва қарийб 3,5 миллион кишини ташкил этди. Улардан 1,18 миллионга яқини – украиналиклар.
Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтай: Германияда одамларнинг қандай яшаётгани, нарх-наводан розилиги олмон диёри бўйлаб ёйилган турк донарининг нархидан келиб чиқилади. Худди ўзимизда ноннинг қийматига кўра яшаш шароитимиз белгиланганидек. Шунингдек, Германия Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири Жем Ўздемир ҳам асли турк. У Туркиядан Германияга келиб қолган мигрант оиласида туғилган. Демоқчиманки, бир вақтлар Германияга ишлаш мақсадида келган турклар аллақачон мамлакатнинг асосий кучига айланган. Улар шунчаки маълум миллат жамоаси эмас, балки мамлакатда ўз сўзи ва ўрнига эга. Хўш, нима деб ўйлайсиз, ўзбекистонликлар Германияда шундай мавқега эга бўла олармикан? Ё Россиядаги каби айримлар педофиллиги ва қотиллиги билан ном қозонармикан? Нега бундан гап очганимни бироздан кейин билиб оласиз.
Россияда мигрантларга бир қатор чекловлар қўлланиляпти
Германия янги мигрантларни, айниқса, ўзбекистонлик мигрантларни қучоқ очиб кутиб олишга тайёрлигини билдираётган бир пайтда Россияда мигрантларга қатор чекловлар қўлланиляпти.
Россия ҳозирда мамлакатда ноқонуний бўлиб турган хорижликларнинг реестрини тузмоқда. Бу реестрга киритилганидан кейин мигрантлар транспорт воситаларини бошқариш, банк хизматларидан фойдаланиш, мулкни рўйхатга олиш, никоҳ тузиш ва бекор қилиш, болаларни боғча ва мактабларга рўйхатдан ўтказиш имконидан фойдалана олмайди.
Қолаверса, Федерациянинг Москва вилоятида 2025 йилнинг январидан бошлаб хорижликларнинг спорт, маданият, ҳордиқ чиқариш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида патент бўйича ишлаши тақиқланмоқда.
Қайд этилишича, режалаштирилган ўзгаришлар губернатор Андрей Воробёвнинг шаҳар туманлари раҳбарлари билан учрашувида муҳокама қилинган. Вилоят ҳукумати раисининг ўринбосари Наталья Масленкинанинг айтишича, уч йил ичида мигрантларнинг савдо соҳасида ишлаётганидан шикоятлар сезиларли даражада ошган.
Унинг сўзларига кўра, тақиқ жорий қилинганидан кейин алмаштириладиган патент эгалари сони 5,6 минг кишини ташкил қилади.
Ҳар бир чет эл фуқароси Россияда ишлаш учун махсус патент олиши керак. Унинг йўқлиги учун мигрант ҳам, уни ишлатган ташкилот ҳам жавобгар бўлади. Қоидабузарлик учун чет эл фуқароси 45-50 минг рубль, юридик шахс 800 минг рублдан 1 миллион рублгача жаримага тортилади ёки 14 кундан 90 кунгача бўлган муддатда фаолияти тўхтатилади.
Айтиш ўринлики, бу чекловларсиз ҳам ўтган йил давомида Россияда яшовчи 2 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари мамлакатни тарк этган. Айни пайтда мамлакатда 6 миллион 174 минг 777 нафар хорижий фуқаро рўйхатга олинган.
Июнь ойи охирида Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова 2023 йил давомида Россия Федерациясида 8,5 миллиондан ортиқ одам миграция учун рўйхатдан ўтганини билдирган.
Росстат маълумотларига кўра, Россияга мигрантлар оқими сўнгги ўн йил ичида минимал даражага тушган. 2023 йилда Россия Федерациясига чет элдан 560 минг киши келган, бу 2022 йилга нисбатан 23 фоизга кам, ўша пайтдаги оқим 730 минг кишини ташкил этган.
Россияда 739 минг ноқонуний мигрант мавжуд ва уларнинг асосий қисмини Ўзбекистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжон фуқаролари ташкил этмоқда. Шу йилнинг январидан августигача бўлган муддатда Россияга 1 миллион 880 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси борган. Мамлакатдан чиқиб кетганлар сони эса 1,5 миллион кишидан ошади. Шу билан бирга, 1 миллион 792 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари айни вақтда Россияда ишламоқда. Бу, албатта, расмий маълумот.
Март ойида Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида Тожикистон фуқаролари айбланган терактдан кейин Россия ҳукумати миграция сиёсатини кучайтира бошлади. Июнь ойида Давлат Думаси Россия Федерациясида мигрантларнинг бўлиш тартибини қаттиқлаштирувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат 2025 йил 5 февралдан кучга кириши, бу вақтгача реестр ҳам ишга туширилиши керак.
Гап мигрантлар ҳақида бораркан, боя бошланган гапимни давом эттирсам. Россияда яна даҳшатли қотиллик содир этилди ва гумонланувчи яна ўзбекистонлик. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Новосибирскда содир этилган қотилликни фош этди.
Қайд этилишича, 34 ёшли Ўзбекистон фуқароси ўз юртдошининг ҳаётига зомин бўлган. Жорий йилнинг 19 сентябрга ўтар кечаси у шериги билан спиртли ичимлик ичган. Шундан сўнг, икковлон жанжаллашиб қолган ва 34 яшар эркак 44 ёшли ўзбекистонликни стул билан бир неча бор урган.
Кейинчалик, у жиноят изларини яшириш мақсадида жабрланувчининг жасадини бўлакларга бўлиб, унинг қисмларини қопларга солиб, Ленин туманидаги сув омбори яқинидаги кимсасиз жойга олиб бориб ташлаган.
34 яшар ўзбекистонликка нисбатан Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
2023 йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган C5+1 саммитида АҚШ Президенти Жо Байден, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари фойдали қазилмалар бўйича мулоқотни бошлаш ниятида эканликларини эълон қилганди. Америкада ўтадиган сайловлар олдидан АҚШ ҳукумати Байден берган ваъдани амалга оширишга киришди.
Ўзбекистон ҳукуматининг 2024 йил 24-26 сентябрь кунлари АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтадиган тоғ-кон саноатидаги энг йирик глобал тадбир – “MINExpo INTERNATIONAL” кўргазмасида иштирок этиши арафасида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник ҳамда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насриддинхўжаев икки давлат ўртасида фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Минераллар ва ноёб ер элементлари тоза энергия ва бошқа технологиялар учун зарур бўлиб, иқтисодиётда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатига хусусий сектор сармоясини жалб қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Ушбу меморандум келгусида глобал кончилик соҳасида юқори экологик, меҳнат ва бошқарув стандартларини таъминлашга қаратилган умумий мақсадни ўзида акс эттиради.
“Жаҳон иқтисодиёти жуда-жуда тез ривожланмоқда. Энг тез ривожланаётган соҳалардан бири бу яшил иқтисодиётдир. Уларга электрон транспорт воситалари, қуёш энергияси, шамол энергиясини ривожлантириш киради. Буларнинг барчаси янги технологияларни ва жуда катта миқдордаги муҳим минералларни талаб қилади. Қўшма Штатлар ва бутун дунё бўйлаб ҳамкорларимиз бу муҳим минералларни самарали қазиб олиш, улардан фойда кўриш ва ривожланаётган саноатларни қўллаб-қувватлайдиган кучли таъминот занжирларини яратиш учун потенциал йирик етказиб берувчилар бўлган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш жуда муҳим эканлигини тушунади. Биз Қўшма Штатлар ушбу муҳим саноатда энг яхши технологияларга эга эканлигига ишонамиз. Шунинг учун Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиши табиий эди, чунки Ўзбекистон кўплаб минералларнинг дунёдаги энг йирик захираларига эга. Бу бизга ҳукуматдан ҳукуматга, шунингдек, саноатдан саноатга ҳамкорлик қилиш имконини берадиган сиёсий асосни яратишга ёрдам беради. Шундай қилиб, биз бу келажакда янада чуқурроқ ҳамкорликнинг бошланиши бўлишига умид қиламиз”.
“Ҳизбуллоҳ”га алоқадор шахслар фойдаланаётган пейжерлар оммавий равишда портлаб кетди
17 сентябрь куни Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор шахслар фойдаланаётган пейжерлар оммавий равишда портлаб кетди. Оқибатда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, минглаб одамлар жароҳат олди. Қурбонлар орасида “Ҳизбуллоҳ” етакчиларидан бирининг ўғли ва 10 ёшли қиз ҳам бор. Шунингдек, Эроннинг Байрутдаги элчиси Можтаба Амани пейжер портлашида бир кўзидан айрилди. У тиббий ёрдам кўрсатиш учун Эронга олиб кетилди. Элчидан ташқари Эрон дипломатик миссиясининг бошқа ходимлари ҳам яраланган.
Расмий Байрут ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати вакиллари воқеада Исроилни айблади.
Италиялик ҳарбий таҳлилчи Илёс Магниер “Ҳизбуллоҳ” аъзолари Исроилнинг алоқаларни ушлашига йўл қўймаслик учун пейжерларга кўп ишонишларини айтди. У, шунингдек, портлаган қурилмалар гуруҳ аъзоларига тарқатилишидан аввал бузиб кирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Ҳарбий эксперт Жозеф Нассарнинг сўзларига кўра, пейжерларнинг дастурий таъминотига вирус киритилган бўлиши мумкин, бу эса батареяларнинг портлашига олиб келган.
Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали манба ва бошқа суҳбатдошига таяниб, “Reuters” Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати пейжер портлашларидан бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан буюртма қилинган Тайваннинг Gold Apollo компаниясининг 5000 пейжерига оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатганини хабар қилди. Gold Apollo компанияси эса “Ҳизбуллоҳ” томонидан буюртма қилинган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқаси йўқлигини айтди. Унга кўра, Будапештда рўйхатдан ўтган BAC Consulting KFT компанияси билан шартнома тузилган бўлиб, BAC Тайвань брендидан фойдаланиши мумкин, лекин маҳсулотни мустақил равишда ишлаб чиқаради.
Бироқ Венгрия ҳукумати вакили бу пейжерлар мамлакатда “ҳеч қачон бўлмаган”ини, компания эса “Венгрияда ишлаб чиқариш ёки операцион майдончасига эга бўлмаган савдо воситачиси” эканини айтди. Ливанга юборилган пейжерларнинг ҳар бири тахминан 30-50 грамм портловчи моддалар билан тўлдирилган ва масофадан бошқарилган. Исроил манбалари портлашларга алоқадорлигини яширинча тасдиқламоқда.
Пейжерларни келиб чиқиши муҳокамаси давом этар экан, 18 сентябрь куни Ливан шарқидаги Бекаа ҳудудида алоқа воситалари оммавий тарзда портлаб кетди. Алоқа қурилмалари қаторида “Ҳизбуллоҳ” аъзоларининг рациялари ҳам портлаган. Улар, кеча, 17 сентябрь куни мамлакатда портлаган пейжерлар билан бир вақтда – тахминан 5 ой олдин сотиб олинган.
“Ҳизбуллоҳ” Бош котиби Ҳасан Насруллоҳ 19 сентябрь куни Исроилнинг сўнгги ҳужумлари Ливандаги қаршилик тарихига жиддий зарба бўлганини айтди ва Исроилнинг ушбу ҳужумларига жавоб чоралари ҳақида гапирар экан, содир бўлган воқеаларга жавоб адолатли қасос бўлишига, унинг вақтини, жойини ва табиатини “Ҳизбуллоҳ” белгилашига ваъда берди.
Исроил эса алоқа воситаларини портлатиб юборишдан, тўғридан тўғри ҳужумга ўтди. Шундан кейин яҳудий давлати ҳарбийлари Ливанга зарба бермоқда. Бу ҳужумларда қанча одам қурбон бўлгани эса ҳозирча номаълум.
20 сентябрь куни эса Исроил мудофаа кучлари Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг таянчи ҳисобланган Байрутнинг Даҳия маҳалласига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида гуруҳнинг асосий етакчиларидан бири Иброҳим Оқил ва яна 10 га яқин юқори мартабали қўмондон ҳалок бўлди.
БМТ яна бир резолюция қабул қилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 18 сентябрь куни Исроилдан Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларидан кучларини олиб чиқишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди.
Фаластин томонидан ўнлаб бошқа давлатлар билан биргаликда таклиф этилган резолюция учун 124 та делегация овоз берди, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. 43 та давлат бетараф қолди, 14 таси эса қарши чиққан.
Резолюция Исроил қўшинларини Фаластин ҳудудларидан олиб чиқиб кетишни, янги аҳоли пунктлари қурилишини тўхтатишни, босиб олинган ерлар ва мол-мулкни қайтаришни, шунингдек, кўчирилган фаластинликларни қайтариш имкониятини талаб қилади.
БМТ Халқаро судининг 1967 йилдан бери Фаластин ҳудудлари босиб олиниши “ноқонуний” деган маслаҳат хулосасига асосланади.
Исроил резолюцияни қатъиян рад этди. Мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Дани Данон овоз беришни “Фаластин мухториятининг дипломатик терроризмини қўллаб-қувватловчи шармандали қарор” деб атади.
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд овоз беришдан олдин резолюцияни “фитна қўзғатувчи” деб қоралади ва унинг “тинчлик ишига ҳеч қандай фойда келтирмаслигини” билдирди.
Маълумот учун, резолюция мазмуни Халқаро жиноий суд томонидан жорий йилнинг июль ойида эълон қилинган маслаҳат хулосасидан келиб чиққан бўлиб, унда суд Исроилнинг Фаластин ҳудудида давом этишини қонуний эмас ва уни “барча давлатлар тан олмаслик мажбурияти бор” деб эълон қилди.
Шу ўринда Ўзбекистоннинг БМТда қабул қилинадиган резолюциялардаги иштирокига эътибор қаратсак. Аммо ташкилот Бош Ассамблеясининг 2022 йил 12 октябрдаги Россия ўзини мустақил деб эълон қилган “ДХР” ва “ЛХР” ҳамда босиб олинган Херсон ва Запорожье вилоятларида ўтказган “референдум”ни қораловчи резолюцияни қабул қилганди. Ҳужжатда Россиядан Украина ҳудудларини аннексия қилиш ҳақидаги баёнотини қайта кўриб чиқиш талаби мавжуд эди.
Ўшанда БМТга аъзо 193 давлатдан 143 таси резолюция учун овоз берди. Овоз беришда 35 давлат, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон бетараф қолган.
“Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин”
Тугаётган ҳафта ана шу такрорланмас шеър муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Бибисора Туробова бугун, 15 сентябрь куни 72 ёшида вафот этди. Туробова шеърлари билан одамлар қалбини забт эта олган унвонсиз шоира эди. Ўлим – ҳақ ва буни шоира шеърларида бир неча бор эслатганди.
Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин,
Куйиб ўтган умрим шарҳини айтсин.
Бардошим ҳақида ашъор тўқисин.
Мендан норозилар фикридан қайтсин.
LiveБарчаси