Газга навбат учун ёқалашаётган ўзбек Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ўзбекистоннинг қиши охирги йиллар жуда эгоист чиқди-да. Аномаллиги етмагандек, баҳор келса ҳам ўрнини бўшатай демайди. Март кириб келганига қарамай, фалакнинг қор халтаси бўшамаяпти. Қиш этагини тортавермагач, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар тугаётгани йўқ. Кунми, тунми фарқи бўлмай қолди. Кечагина Янги Ўзбекистон боғи томонларга боргандим. Боғдан сал нарироқда бир неча юз метрлик навбатга кўзим тушди. Одамлар нимани пойлаяпти ё бирор нарса бепул тарқатиляптими, десам ўша ерда ҳам метанга “очерд” экан. Бўстонлиқдан қайтишда яна шундай ҳолатга кўзим тушди. Навбатда эса йўловчи ташийдиган автобуслар ҳам борлиги мени ҳайратга солди. Йўловчи автобуслари учун алоҳида ёнилғи қуйиш шохобчалари йўқми? Улар ҳам шу узун навбатларда сарсон бўлаверадими? Энг қизиғи, мен дуч келган икки ҳолатда ҳам газ қуйиш шохобчалари ёпиқ эди ва одамлар умид билан кутишда давом этарди. Ўша куннинг ўзида эса ижтимоий тармоқда газ “заправка”да чиққан жанжал, унда ўнлаб барзангининг кучи бир йигитга етгани, уни ўласи қилиб дўппослаётгани акс этган видеога кўзим тушди. Сиз ҳам кўрганингиз аниқ. Хўш, биз қачондан газ, унга навбат талашиб қирпичоқ бўладиган одамларга айланиб қолдик? Бунга ким айбдор? Изоҳларда фаол бўлинг. Биз эса кутганингиздек Ҳафта воқеалари таҳлилини бошлаймиз. 

Метан “заправка”да муштлашув рўй берди

Метан “заправка”даги жанжал 26 февраль куни, Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида жойлашган метан газ қуйиш шохобчасида содир бўлган.

Ҳолат Тошкент вилояти ИИББ томонидан назоратга олиниб, ҳудудий ИИБ томонидан ЖКнинг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Гарчи метан “заправка”даги жанжалда бир неча киши жароҳатланган, унда ўнлаб йигитлар қатнашиб, муштумзўрлик қилгани акс этган видеоисбот Telegram’да тарқалган бўлса-да, Ички ишлар неча киши жароҳатлангани ва неча киши қўлга олинганига оид маълумотларни ошкор этгани йўқ. 

Видеода ўласи қилиб калтаклангани акс этган йигит эса видеомурожаат билан чиқиб, тириклигини эълон қилди. 

Қайд этиш ўринлики, Энергетика вазирлиги 22 февралдан бошлаб Ўзбекистондаги метан “заправка”лар фаолиятига қўйилган чекловлар маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, аввалдан белгиланган режа-график асосида босқичма-босқич олиб ташланаётганини маълум қилганди. 

Бензин нархи ошди, Комиловлар яна бойиди

Гапнинг сираси келганда газ ортидан бензинни ҳам эслаб ўтсак, кейин бу мавзуга қайтмасдик. 

26 февралдан бошлаб “Ўзбекнефтгаз”нинг автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида AI-80 маркали бензин нархи 200 сўмга қимматлаб, 7000 сўмдан сотила бошлади. Бу йил бошидан буён ушбу маркадаги бензин нархи 1000 сўмга ёки 16,6 фоизга қимматлашишидир. 

“Ўзбекнефтгаз” расмий саҳифаларида AI-80 маркали бензин нархи нега оширилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади. 

Бундан икки ой аввал, 1 январь куни ҳам “Ўзбекнефтгаз” AI-80 маркали бензин нархини 6050 сўмдан 6800 сўмга оширган эди. Нархнинг кўтарилишига сабаб сифатида компания ёнилғи учун берилган ноль ставкали акциз солиғининг имтиёзли даври тугаганини келтирган.

Ҳозирда айрим хусусий ёнилғи қуйиш шохобчаларида AI-80 маркали бензин 8500 сўмдан сотилмоқда. Газ қуйиш шохобчаларида бўлгани каби “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида ҳам турнақатор навбатлар юзага келган, баъзи навбатлар 1 километргача ва ундан ошиққа чўзилган.

Ҳа дарвоқе, “Ўзбекнефтгаз”нинг 78 та автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларини назорат қилувчи “UNG Petro” масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоизлик улуши Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов 100 фоиз ҳиссадори бўлган "PETROLEUM TECHNOLOGY GROUP" МЧЖга ўтди. 

Бироқ, бензин нархининг ошиши ҳақида миқ этмаган “Ўзбекнефтгаз” мазкур МЧЖнинг қачон ва қанчага сотилганига ҳам аниқлик киритгани йўқ. 

Дониёр Комилов Россия фуқароси ҳисобланади. У Россиядаги бир нечта йирик компанияларда улушларга эга, шунингдек, ўтган йили Урал кон-металлургия компаниясининг ҳам бенефициар эгасига айланган.

Эслатиб ўтамиз, Дониёр Комилов таъсисчилигидаги компания пойтахт марказидаги Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биносини сотиб олган эди. Ўшанда ушбу маъмурий бино Моддий-маданий мерос объектлари рўйхатида эди. Ҳозирда эски бино ўрнида меҳмонхона қурилмоқда. 

“Свет” ва газ нархи ҳам ошяпти

Ўзбекистонда нефть, газ ва электр энергетика соҳасида тариф ислоҳотлари амалга оширилади. Ислоҳот доирасида 2024 йилнинг май ойига қадар электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ учун тарифларни таннархдан паст бўлмаган даражага ошириш лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда 2024 йилга мўлжалланган давлат дастурида маълум қилинди.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида электр энергияси ва газ нархларини белгилашда “ижтимоий меъёр” тизими жорий этилади. 

Ўтган йили Энергетика вазирлиги электр ва газ аҳолига ўз таннархидан паст қийматда етказиб берилаётгани, бир йилда ўртача 1,15 млрд доллар маблағ аҳоли хонадонларининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланаётганини маълум қилган эди. 

Тарифларни таннархдан паст бўлмаган миқдорга ошириш учун Энергетика вазирлиги ва Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги масъул этиб белгиланган.

Бундан аввал Энергетика вазирлиги QALAMPIR.UZ'га давлат истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлай олсагина унинг нархи таннархидан оширилишини, нарх мўлжали 450-500 сўм бўлишини айтган эди.

Ҳозирда 1 кВт/соат электр нархи: 

•    аҳоли учун – 295 сўм;

•    I ва II гуруҳ истеъмолчилари (Навоий КМК, Олмалиқ КМК, “Ўзметкомбинат” ва уларнинг таркибий корхоналари, бюджет ташкилотлари, шунингдек, насос станциялари) учун – 1000 сўм;

•    бошқа юридик шахслар (компаниялар) учун – 900 сўм.

1 кубометр табиий газ нархи:

•    аҳоли учун – 380 сўм;

•    Навоий КМК, Олмалиқ КМК, “Ўзметкомбинат” ва бюджет ташкилотлари учун – 1800 сўм;

•    бошқа юридик шахслар учун – 1500 сўм.

BBC журналисти ИИБга чақиртирилиб, “патриот” бўлиши сўралди

Халқаро институтлар, хусусан АҚШ давлат департаменти ва Human Rights Watch каби ташкилотлар Ўзбекистонда журналист ва блогерларга нисбатан муносабатлардан хавотир билдириб турган бир пайтда, кўп йиллардан буён Британияда истиқомат қилиб, BBC ўзбек хизматида фаолият юритиб келаётган ўзбекистонлик журналист Ибрат Сафо Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Ички ишлар бўлимига ижтимоий тармоқда жойлаштирган пости ортидан “суҳбатга” чақирилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзди. 

“Йигирма йил Лондонда BBC’да журналист бўлиб ишлаб, бугун мана мен ҳам Ўзбекистондаги Ички ишлар бошқармасига "суҳбат"га чақирилдим. Мени қидирган Чилонзор туман ИИБси ходими "Жасур" тўлиқ исм-шарифи ва рутбасини айтишдан бош тортди. Қизиғи, мен 2017 йилдан бери Чилонзорда пропискада турмайман, пропискам Лондондаги Ўзбекистон элчихонасида. Мени "топиш"дан аввал у икки марта 58 яшар нафақадаги ўқитувчи опамни безовта қилган ва Чилонзор РУВДсига келишини айтган. Мен опамга борманг дедим. Лондондан телефон қилдим. 

Жасурнинг айтишича, мен Ўзбекистон ҳақида интернетда "негатив" қолдирганим учун "Президент администрацияси қошидаги оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилувчи марказ" унга топшириқ берган. Айтишича, "Ўзбекистон ҳукуматини обрўсизлантириш" деган қонун бор экан, лекин айнан қайси қонун эканини сўрасам-да, айтмади. "Президент администрацияси қошидаги" марказдан келган топшириқ менинг 1 февралда ёзган постимдан норози экан. У қисқа постимда ҳеч кимнинг исмини келтирмаганман, шунчаки кимдир ўз ҳокимлиги даврида бир паркни қуритиб ўрнига ўзи соққа қилиш учун диснейленд қурса, демократик давлатларда бу йирик скандал бўлишини, лекин Ўзбекистон бошқа мезонлар бўйича яшашини ёзганман. Бўлди. Шундан норози бўлишибди. 

Жасурнинг неча ёшлиги ё журналистика борасидаги билимини билмайман, лекин у мени "патриот" бўлмасликда айблади ва бундай постларни ёзишни тўхтатишимни буюрди. У ўзининг патриот эканини ҳам айтди. Айнан қандай мавзуларда ёзишим мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўраганимда, жавоб бермади. Қачон Ўзбекистонга келишимни билишга уринганида, ундан авиачипта сўраганим ҳам негадир унга ёқмади. Энди шикоятни Ташқи ишлар вазирлигига жўнатар экан”, дейди Ибрат Сафо. 

BBC ходими Ибрат Сафонинг Ички ишларга чақирилиши ортидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт вазиятга ўз муносабатини билдириб, журналист билан содир бўлган воқеани қоралаб чиқди. 

“Ўзбекистон Конституциясида журналист ҳуқуқларини чеклаш ва цензурага йўл қўйиб бўлмаслиги аниқ кўрсатиб қўйилган. Президент Мирзиёевнинг баёнотлари ҳам ОАВ эркинлигига содиқликни кўрсатади. Аммо бу каби ҳолатлар асл вазият тескари эканлигини яққол кўрсатиб турибди”, деган элчи.

Ҳозиргача Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва АОКА ҳолатга муносабат билдиргани йўқ. 

Тугаётган ҳафтада Тошкент шаҳар судида “Док-1 Макс” дори воситаси сабаб 68 боланинг вафот этиши билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳукмига кўра:

Ҳиндистонлик “Quramax Medical” МЧЖ директори лавозимида ишлаган Сингх Рагвендра Пратап Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 213-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жазони ўтаб бўлганидан кейин уни Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юбориш белгиланди. 

“Quramax Medical” МЧЖ савдо директори лавозимида ишлаган Қамбаралиев Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 11 ой 18 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

“Quramax Medical” МЧЖ рўйхатга олиш бўйича менежери лавозимида ишлаган Мирзааҳмедова Жиноят кодексининг 28,186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Унга нисбатан Жиноят кодекснинг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

“Quramax Medical” МЧЖ бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган Мирзааҳмедов Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган Сардор Қориев Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Азимов Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ўринбосари ва Фармакопея қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимларида ишлаган Мусаев Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ёрдамчиси, рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган Солиева Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 1 йил 10 ой 10 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими вице-бошлиғи лавозимида ишлаган Шодмонов Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 28,210-моддаси 3-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган Эркиний Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 212-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 4 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Шунингдек, яна 9 кишига озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. 

Судланувчилар Сингх Рагвендра Пратап, Мирзааҳмедова, Қориев, Азимов, Мусаев, Шодманов ва Эркинийдан солидар тартибда “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларидан заҳарланиб, вафот этган 68 нафар марҳум ва 4 нафар соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 1 000 000 000 сўмдан, соғлиғининг аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 500 000 000 сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 200 000 000 сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Судланувчи Шодмоновдан олган пора миқдори қиймати – 881 814 000 сўмни, судланувчилар Азимов ва Мусаевдан солидар тартибда – 93 810 000 сўмни давлат фойдасига ундириш белгиланди.

Сингх Рагвендра Пратап, Қамбаралиев ва Мирзааҳмедовдан солидар тартибда 5 420 177 400 сўм солиқ қарздорлиги давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.

Наргиз Зокирова Ўзбекистондан воз кечди

Наргиз Зокирова ҳақида гап кетганда, кўпинча унинг машҳур Зокировлар сулоласининг давомчиси экани айтиладию бироқ Зокировлар сулоласи ўзи қандай оила эканига эътибор қаратилмайди. Ушбу устазодалар сулоласининг боши Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокиров ва Шоиста Саидова. Бу санъаткорлар оиласидан Ботир Зокиров, Фаррух Зокиров, Жамшид Зокиров, Бахтиёр Зокиров, Луиза Зокирова, Баҳодир Зокиров, Гавҳар Зокирова, Жавоҳир Зокиров каби санъаткорлар етишиб чиққан. Ва албатта, Наргиз Зокирова ҳам шу сулола аъзоси – фавқулоддаги аъзоси. Қўшиғини билмадиму лекин Ўзбекистонда асосан кал боши, татуировкалари билан танилган Наргиз Россиянинг Украинага бошлаган урушига қарши чиққанидан ўзбекистонликлар унга бағрини очди. Ҳатто, чопон кийиб, тўйларга боришни бошлади. Ном ва нон топди. Зокированинг ошиғи олчи шекил, энди унга бу мамлакат ҳам керак бўлмай қолибди. 

Наргиз Зокирова ўзининг навбатдаги баёноти билан ҳафта бўйи диққат марказида турибди. У Instagram’даги саҳифасида кузатувчиларининг саволига жавобан, Ўзбекистонни ишончсиз давлат деб атаб, мамлакатни тарк этгани, ҳозирда АҚШ ва Исроил байроқлари остида концерт бераётганини ёзди.  

Хонанда Ўзбекистон уни эмас, у Ўзбекистонни юрагидан чиқариб ташлаганини қувончни ифода этувчи стикер билан баён қилган. Кейин эса у ўзининг байроғи ва ватани борлигини, булар Исроил ва АҚШ эканини урғулаган.

Хўш, сиз Наргиз Зокированинг қўшиқларини эшитасизми? Ўзингизни унинг мухлислари қаторига қўша оласизми? Изоҳларда фаол бўлинг. 

Путин Навальнийнинг ўлигидан ҳам қўрқадими?

1 март куни марҳум рус мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг дафн маросими Москвадаги Борисов қабристонида бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, эрталабдан минглаб одамлар Навальний билан хайрлашиш учун черковга тўпланган. Маъбадга навбат бир неча юз метрга чўзилган. Сиёсатчининг жасади бўлган тобут черковга олиб келинганида, одамлар "Навальний!", “Путин – қотил”, “Биз кечирмаймиз!”, “Россия озод бўлади!”, дея ҳайқиришган.

Маросимда Навальнийнинг яқин қариндошларидан фақат ота-онаси қатнашган, унинг беваси ва болалари у билан видолашувга келмаган. Бироқ Навальная ижтимоий тармоқдаги саҳифасида уни абадий севишини билдирган.

Дафн маросимида АҚШнинг Россиядаги элчиси Линн Трейси, Франция, Германия, Норвегия ва Дания дипломатлари ҳам иштирок этган. 

Навальнийнинг дафн маросими куни Россияда, хусусан Москвада хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Маросим полициянинг кучли назорати остида ўтди. Йўл бўйича темир тўсиқлар ўрнатилиб, полиция махсус кучлари ва ОМОН навбатчилик қилган, қабристон ва черковга олиб борувчи йўлларга юзни таниб олувчи кузатув камералари ўрнатилган, олий ўқув юртлари талабалари видеолашув маросимида иштирок этгудек бўлса, талабалар сафидан чиқарилиши ҳақида огоҳлантирилган. Бу эса ижтимоий тармоқлар ва халқаро ОАВда Путин ҳукумати ҳатто Навальнийнинг ўлигидан ҳам қўрқмоқда деган муносабатга сабаб бўлди. 

Ҳиндистонлик талаба Ўзбекистонда вафот этди

28 февраль куни Абу али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг 20 ёшдаги ҳиндистонлик талабаси Навас Насмел вафот этди. 

Қайд этилишича, ҳиндистонлик талабанинг ётоқхонадаги ўз хонасида соғлиғи ёмонлашган ва тез тиббий ёрдам чақиртирилган. У зудлик билан Бухоро вилояти Юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган. Кўрсатилган зарур тиббий ёрдам ва муолажаларга қарамай, вафот этган.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Бухоро филиали томонидан тақдим этилган дастлабки ташхисга кўра, марҳумнинг ўлимига икки томонлама ўпкаларнинг тотал пневмонияси оқибатида юзага келган ўткир нафас етишмовчилиги сабаб бўлган. 

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Музқаймоқ ялаётган Байден дунёни жарликка тортяпти

Дунё остин-устун бўляпти. Украина урушидан одамлар зерикди. Шаҳарлар вайрон бўлган. Уруш эса тинай демаяпти. АҚШнинг ҳарбий ёрдамлари ортгандан ортмоқда. Ғазодаги вазият эса кун сайин ёмонлашмоқда. Қирғиннинг, тўкилаётган қоннинг охири кўринмаяпти. Шундай вазиятда эса президентлик муддатининг охирги йилини ўтаётган ва бу урушларда асосий иштирокчи бўлиб қолаётган АҚШ Президенти Жо Байден дунёни музқаймоқ еганча жарликка тортиш билан банд. Бу ҳафта унинг музқаймоқ ялаб тургани ва ортида кули кўкка совурилаётган дунё акс этган сурат ижтимоий тармоқларда оммалашди. 

Гап шундаки, Ғазода минглаб болалар ўлдирилаётган, чақалоқлар оддий озуқага зор қолаётган, икки ойлик норасида Муҳаммад очликдан вафот этган бир пайтда Байден бамайлихотир ялпизли музқаймоқ еяётиб, журналистларга Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги Ғазо секторидаги ўт очиш тез орада тўхташини айтди. 

“Дам олиш кунлари охиригача. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчим менга келишувга яқин эканимизни айтди. Биз яқинмиз, лекин у ҳали тўлиқ келишувга эришмадик. Ва умид қиламанки, келаси душанбага қадар биз ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув тузамиз”, деган Байден.

Америка етакчиси комик Сет Майерс билан бирга Нью-Йоркдаги NBC телевидениеси биносига борганида, музқаймоқ дўконида тўхтаб, у ерда журналистлар қуршовида қолган. Бундан олдин Оқ уй раҳбари ток-шоу учун интервью берган.

ОАВ хабарларига кўра, Байден комедиячи билан суҳбат ўтказар экан, бинонинг қабулхонасида ўнлаб фаоллар намойиш ўтказган ва 50 га яқин одам ҳибсга олинган.

“Axios” порталининг ёзишича, Вашингтон маъмурияти 2024 йил 11 мартда бошланадиган Рамазон ойигача келишувларга эришмоқчи.

Турли манбаларнинг хабарига кўра, Исроил анклавда гаровга олинган исроилликлар эвазига қамоқхоналарда сақланаётган фаластинликларни озод қилишга тайёр. Келишув 400 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилиш эвазига ҲАМАС томонидан 40 нафар гаровдаги исроилликни қўйиб юборишни ўз ичига олиши мумкин.

АҚШлик ҳарбий ўзини ёқиб юборди

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг хизматчиси Вашингтондаги Исроил элчихонаси олдида ўзини ёқиб юборди. Шу тариқа 25 ёшли Аарон Бушнелл Ғазо секторидаги геноцидга қарши норозилик билдиришга қарор қилди. 

Формадаги йигит ўзини АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг фаол аъзоси сифатида таништириб, “Мен энди геноцидда қатнашмайман”, деб айтган. Кейин аскар ўзига бошдан-оёқ бензин қуйиб, олов ёқади ва баланд овозда “Фаластинга озодлик!” деб бир неча бор бақиради. У оғир аҳволда шифохонага етказилган, бироқ вафот этган. 

"The New York Post" нашрининг ёзишича, радикал анархистик гуруҳлар билан онлайн алоқада бўлган АҚШ Ҳаво кучларининг 25 ёшли ҳарбийси ўта махфий маълумотни билиб қолган. Марҳум аскар сирдош дўстига қўнғироқ қилиб, айни пайтда у гувоҳи бўлган ҳақиқатлардан даҳшатга тушаётганини айтган. 

"У шанба куни менга Ғазода бизнинг қўшинларимиз ҳам борлигини, қотилликларда АҚШ аскарлари бевосита иштирок этаётганини билдирди", деган марҳум Бушнеллнинг дўсти.

Ўз навбатида, аскар АҚШ ҳарбийларининг қўли Ғазодаги фаластинликларнинг қонига ботаётганидан тушкунликка тушиб қолган.

Қайд этилишича, марҳумнинг ҳақиқий иши разведка маълумотларини қайта ишлашдан иборат бўлган. У танишган сирларнинг баъзилари Исроил ва Ғазо можароси билан боғлиқ бўлган.

Аарон ўлимидан аввал дўстига Америка қўшинлари кўп сонли фаластинликларни ваҳшийларча ўлдираётганини қўшимча қилган.

Йигитнинг вафотидан кейин Нью-Йоркдаги дунёга машҳур Таймс майдонида юзлаб одамлар намойиш ўтказди. Ёмғирга қарамай, фуқаролар баннерлар ва Фаластин байроқлари билан Таймс майдонига борган, Бушнелл ва Ғазода ҳалок бўлганлар учун гуллар қолдирган ва шам ёққан. Намойишчилар Ғазо секторида 2023 йилнинг 7 октябридан бери ҳалок бўлган инсонларнинг исм-шарифи ёзилган рўйхатни ҳам олиб келган. Митингда Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига қарши яхудий миллатига мансуб кишилар ҳам қатнашган. Бундан ташқари, Вашингтондаги Исроил элчихонаси олдида ҳам ўнлаб одамлар Аарон Бушнеллнинг хотираси учун йиғилган.

Эрдўған Ғарбни Ғазодаги геноцидга шерикликда айблади

Туркиянинг Анталия шаҳри яна дипломатия форумига мезбонлик қилмоқда. Унда Туркманистон Халқ кенгаши раиси Гурбангули Бердимуҳамедовдан тортиб, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровгача иштирок этди. Ўзбекистонда Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов қатнашди. 

Форумнинг очилишида нутқ сўзлаган Эрдўған Исроилни яна бир бор геноцидда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотини эса қўл қовуштириб ўтиришда айблади.

“Ғазода содир бўлаётган воқеалар, уруш эмас, бу геноцидга уринишдир. Чунки урушда ҳам амал қилиш керак бўлган ахлоқ, одоб ва қонун бор. Мен она қўлидаги гўдакларни очлик ва ташналикка маҳкум этувчи, шифохоналар, черковлар, масжидлар, мактаблар, университетлар, қочқинлар лагерлари ва тез ёрдам машиналарини бомбардимон қилган, озиқ-овқат ёрдами олиш учун навбатда турган тинч аҳолини хиёнат ва номуссизлик билан нишонга олган ваҳшийлик ҳақида гапиряпман. Оиласи билан хавфсиз жой қидираётганда машинаси Исроил кучлари томонидан ҳужумга учраган ва бутун оиласидан айрилган 6 ёшли Ҳинд Ражабнинг ҳикояси фожиали воқеага айланди. Аслида, бу Ғазода ўлдирилган 15 мингга яқин бегуноҳ боланинг ҳикоясидир. “Инсон ўлароқ мени олиб кетгани келасизми? Қўрқяпман” деган 6 ёшли қизчанинг ҳаётини 12 кун давомида сақлаб қола олмадик. Афсуски, биз Ҳинд ва бошқа Ғазо болалари олдидаги масъулиятимизни тўлиқ бажара олмадик”, дейди Эрдўған.

Исроилнинг тинч аҳоли нишонларига атайлаб уюштирган ҳужумлари оқибатида шу кунгача 30 000 ғазолик, асосан болалар ва аёллар ҳалок бўлди. 70 мингдан ортиқ фаластинлик тан жароҳати олди, 2 миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Туркия раҳбари, шунингдек, бутун дунёда ирқчилик, исломофобия ва ксенофобия кучайиб бораётганидан хавотир билдирди.

Ғазодаги босқиннинг биринчи куниданоқ Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаган Ғарб давлатлари “иккиюзламачилик сиёсати туфайли қон тўкилишига шерик”дир. 

Эрдўған, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатининг ташкил этилиши Фаластин муаммосини якуний ҳал этишнинг ажралмас шарти эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Туркия бу борада масъулиятни ўз зиммасига олишга, жумладан, кафолат беришга тайёр. 

“Халқаро ҳамжамият Фаластин халқи олдидаги қарзини фақат Фаластин давлати тузилгандан кейингина тўлайди”, дея таъкидлади у.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳафта воқеалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made