Зеленскийдан Ўзбекистонга огоҳлантириш, қўлга олинган Мубашшир Аҳмад, Салимбой машмашаси – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
13 Январь
51999“Global Firepower” томонидан тузилган дунёнинг энг кучли армиялари рейтингида Ўзбекистон 65-ўринни эгаллади ва қўшни Қозоғистондан 7 поғона ортда қолди. Кўп йиллар Марказий Осиёда армиясининг кучлилиги билан пешқадам бўлиб келган Ўзбекистон 2023 йилда ушбу рейтингда 62-ўринни эгаллаганди. Бу сафар эса яна 3 та ўринни қўлдан бой берган. Кучли учликни эса доимгидек АҚШ, Россия, Хитой эгаллаб турибди. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари – Туркманистон 83-ўринни, Қирғизистон 100-ўринни, Тожикистон 107-ўринни эгаллаган. Эътиборингизга Ҳафта воқеалари таҳлилини ҳавола этамиз.
Россия Ўзбекистонга ҳужум қиладими?
Гапни армияларнинг барқарорлигидан бошлагандик. Дастурни шунга оид илк хабар билан давом эттирсак. Украина Президенти Владимир Зеленский Литвага бориб, пойтахт Вильнюсда ўтказилган матбуот анжуманида Россия Украинадан кейин Болтиқбўйи давлатлари, Финляндия ва Ўзбекистонга ҳужум қилмоқчи эканини айтди.
“Менимча, биз Россия Федерацияси Президентининг риторикасига эътибор қаратишимиз керак. У тўхтамайди. У бизни бутунлай босиб олмоқчи", дейди Зеленский.
Унинг айтишича, Киевнинг ҳамкорларидаги молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишдаги ноаниқлик Россия Федерациясига фақат жасорат ва куч қўшади. Шунинг учун, у ёрдамни кечиктирмасликка чақирди.
“Россия Президенти Украинани вайрон қилмагунича, тинчланмайди. Украинадан кейин кимни шундай хавф-хатарлар кутаётганини жуда яхши биласиз. Литва, Латвия, Эстония, Молдова, агар Украина муваффақиятсизликка учраса, кейинги ўринларни эгаллаши мумкин. Яқинда у Финляндия ва Ўзбекистон ҳақида гапира бошлади. Ҳаммамиз биргаликда уни тўхтатмагунимизча, у (Путин) босқинчиликни бас қилмайди”, дея қўшимча қилган Зеленский.
Зеленскийнинг атганлари қанчалик жиддий олинади ё йўқ, буниси бизга қоронғи. Аммо, охирги пайтларда Ўзбекистонга нисбатан ана шундай баёнотларнинг кўпайиб қолгани, хавотирли. Эсингизда бўлса, яқинда “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари ва “Адолатли Россия – ҳақиқат учун” партияси ҳамраиси Захар Прилепин Ўзбекистонни Россия Федерациясига қўшиб олиш ҳақида гапирган эди. Унинг айтганлари Ўзбекистонда катта акс-садо берди, бироқ эътирозли муносабатлар 2-3 кунда тин олди.
Зеленскийнинг Россиянинг кейинги босқини Ўзбекистонга бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапларига бирор расмий идора ва шахслар муносабат бергани йўқ.
Салимбой Қирғизистонни назорат қилганми?
Ўзбекистонда жиноий олам вакилларига нисбатан кураш бошланиши анча вақтгача Қирғизистондаги криминал авторитетларнинг таги билан қуритилиши, Коля Қирғизнинг ўлдирилиши билан боғланаётгандию лекин буни тасдиқлайдиган одам бўлмаётганди. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда айланган гап-сўзларга қараганда, қирғизистонлик жиноий авторитет Коля Қирғиз ўлимидан икки ой аввал ўзбекистонлик Салимбойнинг уйида меҳмон бўлган. Тугаётган ҳафтада Салимбой ҳақида тарқалган гаплар эса унинг ҳибсланиши Қирғизистондаги шахслар ва воқеаларга алоқадорлигини тасдиқлаётгандек, гўё.
10 январь куни Қирғизистон парламентида Салимбой Абдувалиевнинг номи бир неча бор тилга олинди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг айбловига кўра, қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев 2022 йил декабрь ойида Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраш мақсадида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тошкентга келган.
Шунингдек, у Салимбойга давлатни тартибга солиб қўйиш бўйича хат ҳам ёзган.
“Ушбу хат 10 саҳифадан иборат. Уни у ўз қўли билан ёзган. Жамғирчиев Абдувалиевдан ёрдам сўраган. Хатда у ҳокимиятга туҳмат қилиб, уларга нисбатан чора кўришни сўраган. Бу қандай аҳмоқлик?” дейди Ташиев.
Депутат Салимбойга мактубида шундай дейди:
“Ҳурматли Салимбой ака, сиз бутун Марказий Осиёни назорат қиласиз, сизга ҳамма итоат қилади. Бизнинг Президентларимиз Акаев, Бакиев, Отунбаева, Атамбоев, Жээнбеков, Жапаров президентликдан олдин доим сиздан рухсат сўрашган. Мен ҳам буларнинг барчасини билиб туриб, сиздан ёрдам сўрайман”.
Хўш, ростан ҳам Қирғизистон Президентлари лавозимга ўтиришидан аввал ўзимизнинг Салимбойнинг дуосини олганми?
“Бу қандай шармандалик? Бу бутун мамлакат учун шармандалик. Ҳеч бир президент жиноятчининг дуосини олмаган”, дейди Ташиев.
Салимбой Эмил Жамғирчиевнинг хатини жавобсиз қолдирмаган. Унга Қирғизистоннинг ишига аралаша олмаслигини айтган. Бундан хабар топган қирғизистонлик терговчилар ва тезкор ходимлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бирга Салим Абдувалиевни сўроққа тутган. Ташиевнинг айтишича, Абдувалиев Жамғирчиев келганини, ундан Қирғизистонда тартиб ўрнатишни сўраганини билдирган.
Айни вақтда Ўзбекистонда қирғизистонлик депутат Жамғирчиевга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган. Биринчиси фирибгарлик, иккинчиси эса давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан эса унга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жамғирчиев ҳозирда қидирувга берилган. Ўзбекистон томони ҳам уни ҳибсга олишга қарор чиқарган.
Депутат 9 январь куни парламентга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келганини кўриб, бинонинг иккинчи қаватидан сакраб, қочган ва қайтиб келмаган. Орадан бир неча кун ўтиб, тўғрироғи 12 январь куни Миллий хавфсзлик давлат қўмитаси депутат Эмил Жамғирчиев ўз оёғи билан сўроққа келганини ва қўйиб юборилганини маълум қилди.
Айтиш ўринлики, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиевга Жиноят кодексининг 248-моддаси – Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
“Бахти Ташкентский” шериги Туркманистонда ушланди
Ўзбекистонда “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида қўлга олинган “Бахти Ташкентский” номи билан танилган криминал авторитет Бахтиёр Қудратуллаевнинг Туркманистонга қочган шериги ҳам ушланди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон махсус хизматлари туркманистонлик ҳамкасбларига жиноий гуруҳ аъзоларидан бири 7 декабрь куни мамлакат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, қочишга муваффақ бўлгани ҳақида тезкор маълумот берган.
Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлигига гумонланувчининг ўша пайтда қаерда эканлиги ҳақида ҳам хабар юборилган. У Тошкентда жиноий оламга қарши кураш тадбирлари давомида қўлга олинган, Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган Наргиза Жуманиёзованинг синглиси Бибижон Жуманиёзованинг уйидан топилган.
Қидирув натижасида эркак 9 декабрь куни қўлга олинган, эртаси куни эса “Шовот” чегара божхона постида Ўзбекистон махсус хизматларига топширилган.
Бундан ташқари, “Бахти Ташкентский”нинг шериги яширинган Бибижоннинг уйидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 12 қути дори воситалари топилган. Маълум бўлишича, аёл дори воситалари контрабандаси билан шуғулланган. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Россияда 8 ўзбекистонлик ЙТҲ қурбони бўлди
2018 йил. Ўшанда ҳам январь эди. Ўшанда ҳам совуқ эди. Ўшанда Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятининг Ирғиз туманида 57 нафар йўловчи бўлган автобус ёниб кетди. “Самара-Чимкент” автомобиль йўлининг 1068-километридаги фожиада 52 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу гал эса Россиянинг Пенза вилоятида 9 ўзбекистонликни олиб кетаётган микроавтобус қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, юк автомобилига урилиши оқибатида микроавтобусдаги ўзбекистонликларнинг 7 нафари воқеа жойида вафот этди. 2 нафари оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Шундан сўнг шифохонада улардан бири ҳам вафот этди.
Ушбу фожиа ҳақида зудлик билан Президент Шавкат Мирзиёевга хабар берилди. Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, 12 январь куни Мудофаа вазирлигининг махсус самолёти вафот этган ва жабрланган фуқароларни ватанга олиб келиш учун Россияга учди. 13 январь куни қурбон бўлган 8 фуқаронинг жасади Урганчга олиб келинди.
Мубашшир Аҳмад Туркияда қўлга олинди
Ўзбекистонлик диний олим ва блогер – “Azon Global” ахборот таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад Туркияда қўлга олинди.
У 2023 йилнинг 28 декабрь куни тонгда Туркия Ички ишлар тизими ходимлари томонидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган. “Azon Global” портали Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айбловлар умуман асоссиз эканини урғулаган ҳолда, айни вақтда олим ҳибсда эмас, балки депортация марказида сақланаётганини билдирган.
“Туркия қонунлари бўйича гумонланувчини 3 кундан ортиқ тутиб туриш мумкин эмас, шу муддат ичида қўйилаётган айб исботланса, Адлия идораларига ўтказилиши, исботланмаса, чиқариб юборилиши лозим. Баъзан чет эллик шахсларни қайтариб юбориш (депортация) марказларига ўтказишади ва у ердан ўз юртига жўнатишади ёки озод қилишади. Дастлабки суриштирувларда Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айблов ўз исботини топмаган. Қайтариб юбориш (депортация) марказларига ўтказилган Мубашшир Аҳмадни орадан шунча кун ўтиб ҳам тутиб турилгани эса тушунарсиз бўлиб қолмоқда”, дейилади расмий баёнотда.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Мубашшир Аҳмад Туркияда полиция томонидан қўлга олинганидан 12 кун ўтиб буни тасдиқлади. Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва Бош консулхонаси томонидан Мубашшир Аҳмадга нисбатан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Бироқ Бош консулхона Мубашшир Аҳмад нима сабабдан депортация марказида ушлаб турилгани ва унга қандай айблов қўйилгани ҳақида маълумот бермаган.
Эслаш ўринлики, 2020 йилнинг декабрь ойида ўзбекистонлик блогер Абдукарим Мирзаев ҳам Туркияда ҳибсга олинганди ва у ердан депортация марказига юборилганди. Унга қўйилган айбловлар ўз исботини топмагач, 2021 йилнинг 12 январь куни қўйиб юборилган.
Интерпол қидираётган ўзбекистонлик аёллар ушланди
Ўтган ҳафтадаги дастуримизда Интерполнинг қизил билдиришномаси билан қидирувга берилган ва халқаро даражада одам савдоси жиноятида айбланаётган “Мадам клод” лақабли ўзбекистонлик Нилуфар Мирхонова Туркияда қўлга олинган эди. Тугаётган ҳафтада эса Ўзбекистонда одам савдоси жиноятида гумонланиб, Интерпол томонидан қизил билдиришнома билан қидирувга берилган яна икки аёл – Дилноза Умарова ва Мавлуда Ўлмасова қўлга олинди. Эътиборлиси, улар ҳам Туркияда ушланган.
Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоянинг маълум қилишича, Истанбулда ўтказилган “Қафас-30” операцияси чоғида Интерпол томонидан қизил билдиришнома ва 6 давлат томонидан қидирувга берилган 10 киши қўлга олинган.
Давлат тўнтариши уюштирмоқчи бўлганлар ушланди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) қурилиш компанияларидан бирининг директорини давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда айблади.
“Имомидин Тошов қидирувда бўлган Тилекмат Куренов (АҚШда бўлган Қирғизистон фуқароси) ва бошқа бузғунчи шахслар билан биргаликда уяли алоқа воситаларидан фойдаланиб, оммавий митинглар ўтказиш, ижтимоий муаммоларни кўтариш ва ҳокимиятни эгаллашни режалаштирган”, дейилади хабарда.
Гумонланувчи жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида доимий равишда ҳокимиятни эгаллаб олишга тайёргарликни молиялаштирган.
“KG Group” қурилиш компанияси директори бўлган Тошов ва Куреновга нисбатан республика Жиноят кодексининг тижорат ёки бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирувга берилган.
Куч ишлатар тузилмалар томонидан қидирувга берилган Имомидин Тошов ва Тилекмат Куреновнинг сафдошлари қўлга олинди. Улар орасида ҳукуматни ағдаришга қаратилган жиноий режаларга алоқадор асосий шахслардан бири ҳам бор. У Ўш ва Жалолобод вилоятлари бўйича координатор вазифасини бажариши, турли сабабларга кўра одамларни тўплаш ва оммавий норозилик намойишларини ташкиллаштириши керак бўлган. Шунингдек, унинг вазифаларига пул тақсимлаш ва одамларни Бишкекка олиб боришни ташкил этиш ҳам киритилган.
Қўлга олинганлардан яна бирининг асосий вазифаси Америка Қўшма Штатларидаги турли одамлардан пул ўтказмаларини ташкиллаштириш бўлган. Бундан ташқари, текширув давомида Имомидин Тошовдан унинг номига катта миқдордаги маблағ ўтказилганига оид бир қанча фактлар аниқланган.
AI-80 маркали бензин тақиқланмоқчи
Тошкентнинг кун сайин дунёнинг энг ифлос шаҳарга айланиб бораётганига сукут сақлаб келаётган Экология вазирлиги тугаётган ҳафтада Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиши ва унинг салбий оқибатларини камайтириш бўйича таклифлар билан чиқди. Таклифларнинг “оламшумули” эса пойтахтда автомобилларга AI-80 маркали бензинни қуйишни тақиқлаш.
Вазирликка кўра, Тошкентда ўртача 730 мингта автомобиль ҳаракатланади, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автомобиль кириб келади. Айниқса, AI-80 маркали бензиндан фойдаланувчи техника воситалари атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқармоқда.
Вазирлик Тошкентда атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш учун "Евро-4" стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (AI-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилган.
Шу билан бирга, тирбандликни камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун пойтахтда куннинг тиғиз вақтларида (07:00 — 10:00 ва 17:00 — 20:00) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ транспорт воситаларининг ҳаракати чекланиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автомобиллар ҳаракатланишини тақиқлаб, электромобилларга ўтишда имтиёзлар, преференция ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш илгари сурилмоқда.
Жамоат транспортини тўлиқ электр, газ ёқилғиси ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш, йўл инфратузилмасини ҳамда марказий кўчаларда автомобилсиз ҳудудларни ташкил этиш таклиф этилмоқда. Тажриба тарзида автомобиллар ҳаракатини мақбуллаштириш учун “тоқ ва жуфт” кунларда бошқариш қоидаси жорий этилиши мумкин.
Хўш, сиз бу таклифлардан қай бирини қўллаб-қувватлайсиз? AI-80 маркали бензинга тақиқ жорий этилса, чўнтагингиз бошқа бензинда юришга дош берадими? Муносабатларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.
Самарқандда икки аёл ўзини ўлдирди
Ўзбекистонда аёллар ўзини ёқиши, ўз жонига қасд қилиши давом этмоқда. Тугаётган ҳафтада самарқандда икки аёл ва иккиси ҳам 32 ёш, ўз жонига қасд қилди. Улардан бири ўзини осган бўлса, иккинчиси ўзини ёқиб юборди.
Пайариқ тумани “Маданият” маҳалласида яшовчи 1991 йилда туғилган аёл уйида устига суюлтирилган газ конденсатини сепган ва олов ёқиб, ўз жонига қасд қилган.
Экспертиза хулосасига кўра, аёлнинг ўлими мурда танасининг 100 фоиз термик куйиши оқибатида юзага келгани кўрсатилган.
Мазкур ҳолатда ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш жинояти аломатлари мавжудлиги ҳамда бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан туриб қонуний тўхтамга келиш имконияти йўқлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Нарпай тумани “Чархин” маҳалласида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро аёл эса уйининг молхонасида ўзини осиб, жонига қасд қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан суд тиббий экспертиза ҳамда унинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари томонидан оилавий низолари, шунингдек, бирор киши марҳуманинг устидан шикоят қилиб маҳаллага оғзаки ёки ёзма тартибда мурожаат қилган-қилмагани бўйича текширув тайинланган.
Шунингдек, воқеа содир бўлган куни ёки ундан олдин аёлнинг хонадонида яқин қариндошлари ёки бирор киши ўртасида уруш-жанжал бўлган-бўлмаганини аниқлаш мақсадида тегишли идораларга алоҳида топшириқ берилган.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*
Ёдингизда бўлса бир неча ой аввал ижтимоий тармоқларда замминистрнинг иккинчи хотини йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалган эди. Бу сафар эса “МВД”да ишлайдиган Бекзод аканинг ўғли трендга чиқди. Ижтимоий тармоқларда Equinox ҳайдовчиси бўлган ёш йигитнинг йўл қоидаларини бузиб ҳаракатлангани тасвирланган видеоси тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Видеода йигит “Бекзод акани ўғли бўламан, дадам “МВД”да ишлайди”, деган эди. Олиб борилган суриштирувлар давомида ушбу қоидабузарлик 2006 йилда туғилган йигит томонидан содир этилгани аниқланган.
Йигит ва унинг онаси билан олиб борилган суҳбатда боланинг отаси ҳеч қандай ИИВ ходими эмаслиги, “Ўздонмаҳсулот” АЖда ишлаши маълум бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан йигитнинг онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (“болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик”) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Equinox автомобили эса вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Халқаро жиноий судда Исроил устидан иш бошланди
11 январь куни Гаагадаги Халқаро судда Жанубий Африка Республикаси даъвоси бўйича Исроилга қарши ишни кўриб чиқиш бошланди. Халқаро судда 11-12 январь кунлари Ғазо секторида геноцид конвенциясини бузганликда айбланаётган Исроилга қарши даъво юзасидан тингловлар бўлиб ўтди.
Исроилнинг БМТ Халқаро судидаги делегацияси раҳбари, британиялик ҳуқуқшунос Малкольм Шоу яҳудий давлатининг Ғазо секторини доимий равишда босиб олиш ёки аҳолисини кўчириш мақсади йўқлигини айтди.
Унинг иддао қилишича, Исроил расмийлари тинч аҳоли орасида қурбонлар сонини минималлаштириш учун ҳамма нарсани қилишга ҳаракат қилмоқда, ҲАМАС эса фаластинликларни тирик қалқон сифатида ишлатиб, қурбонлар сонини максимал даражада оширишга уринмоқда.
Яҳудий давлатини ҳимоя қилувчи адвокат Гилад Ной Исроил Халқаро суддан Жанубий Африканинг “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида”ги конвенциянинг бузилиши бўйича даъвосини кўриб чиқишдан бош тортишни сўради.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Жанубий Африканинг Ғазо секторида мумкин бўлган геноцид ҳақидаги айбловларини рад этиб, уларни иккиюзламачилик деб атади ва унинг мамлакати тўлиқ ғалабага қадар “терроризм ва ёлғонга қарши курашни” давом эттиришини айтди.
Унинг фикрича, Гаагадаги Халқаро судда Исроилга қарши геноцид конвенциясини бузганлиги учун даъво аризаси билан чиққан Жанубий Африка расмийларининг ҳаракатлари иккиюзламачиликдир.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби эса АҚШ Исроилни Ғазо секторидаги геноцидда айблаш учун қонуний асос кўрмаётганини билдирди.
“Биз бу иш бўйича қўйилган айбловлар асоссиз, деб ҳисоблаймиз, Исроилни геноцидда айблаш учун ҳеч қандай асос йўқ, деб бир неча бор таъкидлаганмиз”, дейди Кирби.
Расмийнинг қўшимча қилишича, Ғазо секторида тинч аҳоли орасида қурбонлар сони кўп бўлишига қарамай, Қўшма Штатлар Исроил томонидан ҳарбий қонунлар бузилиши аломатларини кўрмаяпти.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил Ғазо секторида содир этган ҳарбий жиноятлар учун Халқаро суд томонидан ҳукм қилинишига умид билдирди.
“Биз Гаагадаги суд жараёнининг адолатлилигига ишонамиз, Исроил у ерда ҳукм қилинади. [Яҳудий давлати бош вазири Биньямин] Нетаньяхуда жавобгарликдан қочиш учун ҳеч қандай далил қолмаган”, дейди Эрдўған.
Жанубий Африка 2023 йил 29 декабрь куни Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари ва “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида”ги конвенцияни бузганлиги юзасидан Гаагадаги Халқаро судга мурожаат қилган. Даъвода суддан Исроилнинг Геноцид конвенциясини ва ундан келиб чиқадиган мажбуриятларни бузадиган барча ҳаракатларни дарҳол тўхтатиши сўралган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15