Жон дардидаги болалар, iPhone талвасаси, Ўзбекистонга яқинлашаётган АҚШ, Қорабоғда оққан қон – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
23 Сентябрь 2023
7571Эскиларда бир гап бор: урсанг эти, гапирсанг бети қотади. Охирги вақтларда оммавий ахборот воситаларда эълон қилинаётган педофиллар, ўлдирди, сўйди каби жиноятлар ҳақидаги хабарлар ёки йирик миқдордаги коррупция ҳолатларига одамлар парво қилмай қўйгандек, назаримда. Яқиндагина Док-1 Макс дорисидан 65 норасидани ерга қўйганимизни жуда тез унутдик. Мана, бу ҳафта 500 яқин га яқин бола заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Уларнинг доридан заҳарлангани тасдиқланди ҳам. Лекин одамларимизнинг парвойи фалак. Уларнинг дарди-фикри янги айфон, Мунисанинг тўйи, Назарбековнинг кимга қуда бўлганию тўйни қандай ўтказганида. Ассалому алайкум! Биз эса сизга қизиқ бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ҳафта давомида содир бўлган энг муҳим ва долзарб воқеаларни бир элакдан ўтказамиз.
Ўзбекистонда юзлаб болалар заҳарланди
21 сентябрь куни Наманган вилоятининг бир неча мактабгача таълим муассасаларидан 71 бола заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Уларда тана ҳароратининг кўтарилиши, айримларида қорин оғриғи, ич сурилиши ва қусиш кузатилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг берган маълумотларига кўра, болалардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилган.
ССВ 15 сентябрь куни жорий йилнинг 20 сентябрь санасидан бошлаб Президентнинг тегишли қарори билан 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар йод препарати билан бепул таъминланиши ҳақида хабар берган эди. Намангандаги воқеа эса ушбу ташаббус амалиётга тадбиқ этилганидан бир кун ўтиб содир бўлди. Шу сабабдан ижтимоий тармоқларда ушбу заҳарланиш ҳолатига боғча ва мактабларга тарқатилган йод сабаб бўлгани айтилди. Бу гап эса деярли тасдиқланди ҳам.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда заҳарланган болалардан иккитасининг онаси берган интервью ҳам тарқалди. Уларнинг сўзларига кўра, боғчада болаларга "Йодамарин" дори воситаси берилган. Шундан сўнг кечга бориб уларда заҳарланиш аломатлари пайдо бўла бошлаган.
"Катта фарзандимдан нима бўлди, деб сўрасам, қорним оғрияпти, деб йиғлашни бошлади. Бироздан кейин ичи келди. Катта фарзандим "бизга дори берди", деб айтди. Кейин тарбиячисига телефон қилиб, сўрасам, буқоққа қарши "Йодомарин" беришган экан. Ўзим ҳам мактабда ишлайман, мактабда ҳам болаларга бердик”, деган болаларнинг онаси.
Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббий экспертиза ва Прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.
Орадан кўп ўтмай Андижонда ҳам 12 нафар бола заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани, уларнинг ҳолидан хабар олиш учун вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов келгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Расмийлар томонидан болаларнинг заҳарланишига нима сабаб бўлгани ҳали айтилмаётган бир вақтда мамлакатнинг бош Ахборот агентлиги ЎзА болалар доридан заҳарланганини тасдиқлади. Агентлик Андижон ҳокимининг шифохонага боргани ҳақида ёзаркан, “Дори воситасининг ножўя таъсири оқибатида мазкур шифохонага келган барча ота-оналар ва болалар билан яқиндан суҳбатлашди”, деб болаларнинг шифохонага тушишига дори сабаб бўлганига ишора қилди.
Воқеалар авжига чиққан пайтда Ўзбекистондаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига тарқатилган Антиструмин дори воситасини тақдири ҳал бўлгунга қадар ушбу дори воситаларини истеъмолини зудлик билан тўхтатиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмаси эълон қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев эса Наманган вилоятининг Чуст туманида болаларнинг заҳарланиши ҳолатидан хабар топди.
“Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Чуст туманида юз берган болалар соғлиғи билан боғлиқ нохуш ҳолатдан қаттиқ ташвишда, улар тез фурсатда соғайиб кетишини тилайди. Давлат раҳбари бу борадаги вазият тўғрисида ахборотни мунтазам олиб бормоқда. Вилоят ҳокими ва масъулларга масалани алоҳида назоратга олиш, сабабларини аниқлаш ва тегишли таклифлар киритиш бўйича топшириқлар берилган”, дейди Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов.
Суд биносига бомба ўрнатилди?
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 11 август куни Тошкент шаҳар судида “Док-1 Макс” сиропи ортидан 65 боланинг вафот этишига оид суд ишини кўриб чиқиш бошланган эди. Жорий ҳафтада ушбу иш кўрилаётган суд биносига бомба қўйиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу қанчалик рост билмадик, аммо пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси бомба қўйилгани ҳақидаги хабарни ёлғон дейишга уринди.
Қайд этилишича, Тошкентда жойлашган айрим суд биноларида шаҳар суди, ИИББ, Миллий Гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Билдирилишича, ўқув машғулотлари пойтахтда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, стратегик объектларда хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини текшириш мақсадида режали равишда амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ИИББ шундай дейди:
“Ҳурматли фуқаролар! Хавфсизлик қоидаларига риоя этишингизни ва хавотирга берилмаслигингизни ҳамда вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз. Барча ҳаракатлар шаҳримизнинг тинчлик ва осойишталигини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда”, дейилади ИИББ хабарида.
Педофиллар яна жазосиз қолдими?
Хоразмдаги меҳрибонлик уйида қизларни зўрлаган амалдорларга нисбатан жазо ўзгаришсиз қолдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда биринчилардан бўлиб “NeMolchi” лойиҳаси сўз очди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий cуди электрон-ахборот тизими маълумотларига кўра, болалар уйи тарбияланувчиларига нисбатан уятсиз хатти-ҳаракатлар қилган хоразмлик амалдорларга нисбатан қўзғатилган иш қайта квалификация қилинмади”, дейилади бу ҳақдаги хабарда.
Олий суд Матбуот котиби Азиз Обидов эса QALAMPIR.UZ билан мулоқот қилиб, иш ҳали тугамагани, жараён давом этаётгани ва ОАВ бундай хабарлар билан суд ҳукми таъсир ўтказиши мумкин эмаслигини эслатди.
“Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида ушбу иш кўриб чиқилмоқда. Айни пайтда жараён давом этяпти. Тугамади. Ҳали бу масалада суднинг на қарори ва на янги ҳукми эълон қилинмаган. Тармоқларда тарқалаётган ахборотлар хато ва асосланмаган”, дейди Обидов.
Шу ўринда, Хоразмда бўлган воқеаларни эсласак. Хоразмда вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Айбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Анвар Қурязов вилоят Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари Ю.Х. билан тил бириктириб, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам равишда зўрлаб келган.
Ҳолат Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида кўриб чиқилиб, 2022 йил 6 сентябрда ҳукм эълон қилинган.
Унга кўра, 1979 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган Ю.Х. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган А.М. (Айбек Машарипов) ва 1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Қ. (Анвар Қурязов) Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йилу 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Ўшанда суднинг ушбу ҳукми қатор норозиликларга сабаб бўлганди. Ҳозирда Президент ёрдамчиси бўлиб ишлаётган Саида Мирзиёева ушбу ҳолатни “хавотирли” деб атаб, Бош прокуратура синчковлик билан текширув ўтказиши кераклигини айтган. Администрациянинг яна бир вакили Комил Алламжонов эса педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш вақти келгани ҳақида ёзганди.
Ўзбекистон халқи қулликдан қутулди – Мирзиёев
Тугаётган ҳафтанинг энг муҳим воқеаси нима бўлди, сизнингча? Эй, қўйинг эй. Айфондан бошқа дардингиз йўқ. Дунёда нима бўлаётганини билмайсиз, на китоб, на газета, на сайтларни ўқийсиз... Дунё давлатлари раҳбарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-саммитига тўпланди. Байдендан тортиб, Эрдўғангача, Қатар Амиридан тортиб, Зеленскийгача қатнашган ушбу машваратга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам борди ва етти йиллик Президентлик даврида бевосита иккинчи марта БМТ минбаридан нутқ сўзлади.
Президент дунё минбаридан туриб, Ўзбекистонда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайганини айтди. Ўзбекистон халқи пахта қуллигидан қутилганини билдирди.
“Бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинди. Ҳар йили сентябрь ойидан декабргача аҳолининг асосий қисми – ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркорлар, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинар эди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига бойкотлар эълон қилинган, мамлакат эса йиллар давомида “қора рўйхат”ларга киритилган эди. Қатъий иродамиз туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди”, дейди Президент.
Мирзиёев экстремизм тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни фаоллаштиришга эътибор қаратди. Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига йўл қўймасликка чақирди.
Исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.
Шунингдек, у Халқаро хавфсизлик Афғонистондаги жараёнлар билан бевосита боғлиқлигини айтди. Ушбу мамлакатда янги вазият вужудга келган бўлиб, у афғон масаласини ҳал этишда ўзига хос ёндашувларни талаб этмоқда. Мирзиёевнинг фикрича, инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштирмоқда.
Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деган фикрни билдириб, Президент Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга чақирди.
“Бизга тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида иштирок этадиган, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон керак”, дейди Мирзиёев.
У Нью-Йоркка ташрифи давомида қатор учрашувлар ўтказди ва буларнинг орасида албатта, муҳимлардан муҳими ва биринчи марта кузатилаётгани АҚШ Президенти Жо Байден билан мулоқот.
Учрашувда икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Келаси йилнинг ноябригача АҚШ Президентлигида қоладиган 81 яшар Байден Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳамда унда амалда оширилаётган ислоҳотлар сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган.
Президентлар, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик соҳаларида ҳамда инсон фаровонлигини таъминлаш масалаларида ҳам гаплашиб олган.
АҚШга борган бир Мирзиёев эмас. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари раҳбарлари ҳам ўша ерда эди. Байден улар билан бир дастурхон атрофида ўтирди. Албатта, бу Россиянинг ғашига теккани табиий. Бунга бироздан кейин тўхталамиз.
Қорабоғ тўлиқ Озарбайжон назоратига ўтди
Анчадан буён ўқ овозлари тинмаётган Қорабоғ бу ҳафта уруш майдонига айланиб кетди. 19 сентябрга ўтар кечаси Қорабоғда ноқонуний қуролли гуруҳлар аъзолари томонидан ўрнатилган мина бир неча озарбайжонликларнинг ҳаётига зомин бўлди. Ҳодиса оқибатида “Азеравтойўл” агентлигининг икки ходими ҳалок бўлди.
Шундан сўнг, Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги ходимлари “КамАЗ” автомашинасида воқеа жойига йўл олган. Бироқ улар Хўжаванд тумани ҳудудидан ўтаётганда Тагавард қишлоғида янги қурилган туннелда арман диверсант гуруҳи томонидан ўрнатилган мина портлаган. Оқибатда Ички ишлар вазирлигининг 4 ходими ва яна беш киши оғир жароҳатлар билан шифохонага етказилган.
Орадан кўп ўтмай, Озарбайжон армияси Қорабоғда “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланилган тадбирлар доирасида Арманистон Қуролли Кучлари қўшинларининг олдинга ва чуқурликдаги позициялари ҳамда узоқ муддатли ўқ отиш нуқталари, шунингдек, жанговар воситалари ва ҳарбий объектлари яроқсиз ҳолга келтирилган.
Баку тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслигини таъкидлаган. Кейинчалик Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ва қабул пунктлари яратилганини билдирган. Воқеалар фонида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилган. Мажлисдан сўнг, Пашинян Арманистон Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудидаги ҳарбий амалиётларда қатнашишни режалаштирмаётганини маълум қилди.
Воқеалар содир бўлаётганда Нью-Йоркда бўлиб турган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ минбаридан туриб, Анқара Озарбайжоннинг Қорабоғдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини айтди.
“Қорабоғ Озарбайжон ҳудудидир. Бошқа мақомнинг ўрнатилиши ҳеч қачон қабул қилинмайди”, дейди Эрдўған.
Воқеалар авжига чиққанда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Алиев ҳам анойи эмас. Шарт қўйди. У Қорабоғдаги сепаратчи, ноқонуний қуролли гуруҳлар таслиқ бўлиб, қуролини ташласа, арман қуролли кучлари қўшинлари қуролсизлантирилса, аксилтеррор чоралари тўхтатилишини айтди. Кўп ўтмай шундай бўлди ҳам. 20 сентябрь куни соат 13:00 Озарбайжоннинг Қорабоғ вилоятида конституциявий тузумни тиклаш бўйича маҳаллий аксилтеррор тадбирлари тўхтатилди.
Ўша куни АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлашини айтиб, расмий Тошкентнинг бу борадаги позициясини ифодалади.
“Озарбайжоннинг барча соҳаларда, айниқса, ҳудудий яхлитлик ва адолатни тиклаш борасида эришаётган ютуқларидан мамнунмиз. Биз Озарбайжонни адолатли курашида қўллаб-қувватлаймиз ва барча қийинчиликларга қарамай, Озарбайжон ҳукумати ва халқининг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва ҳимоя қилиш борасидаги қатъиятини олқишлаймиз”, дейди Сафоев.
Албатта, Қорабоғдаги ҳаракатлар қурбонларсиз бўлмади ва ҳалок бўлганлар орасида Россия тинчликпарвар контингентининг олти нафар аъзоси ҳам бор. Уларнинг 5 нафарини Озарбайжон ҳарбийлари, 1 нафарини арман қуролли гуруҳлари йўқ қилган.
Илҳом Алиев зудлик билан Россия Президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, ушбу воқеа учун узр сўради. Воқеа бўйича чуқур текширув ўтказилиши ва барча айбдорлар муносиб жазоланишини айтди. Қурбонларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Путин ҳозирча рус аскарларининг ўлдирилишига муносабат билдирмаган. Қорабоғдаги арман аҳолисининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини айтган.
Музокаралар йўлида 2020-2022 йилларда энг юқори даражадаги таниқли уч томонлама келишувларга мувофиқ, биринчи навбатда, транспорт алоқаларини блокдан чиқариш, Озарбайжон-Арманистон чегарасини делимитация қилиш ҳамда Баку ва Ереван ўртасида тинчлик шартномасини тайёрлашга келишиб олинган.
Хўш, доим Арманистонни қўллаб келадиган Россия нега бу сафар бўлаётган воқеаларга сас-садосиз қолди? Путиннинг воизи Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия Қорабоғдаги қуролли тўқнашувларга “Озарбайжон ўз ҳудудида операция ўтказмоқда” деб қарайди. Чунки Арманистон 1991 йил чегаралари доирасида Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг ажралмас қисми сифатида тан олган.
(тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ Омбудсмани Гегам Степаняннинг хабар беришича, Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар оқибатида камида 200 киши ҳалок бўлган, 400 дан ортиқ одам яраланган. Тинч аҳоли орасида яраланганлар сони 40 кишидан ошган, улардан 13 нафари болалардир. Ҳалок бўлган 10 нафар тинч аҳоли вакилларининг ярми болалар бўлган.
Бунинг ортидан Арманистон пойтахти Ереванда Озарбайжоннинг Қорабоғдаги аксилтеррор операциясидан кейин ҳукуматга қарши намойишлар бошланди. Ҳукумат биноси жойлашган Республика майдонида бўлиб ўтган митинг намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувга айланиб кетган. Намойишчилар Қорабоғни тан олиш ва Пашинян истеъфосини талаб қилди. Улар ҳукумат биносига бостириб киришга ҳаракат қилган. Бош вазир эса Ереванда намойишчиларга қарши "қаттиқ ҳаракат" қилишни буюрган.
Байден Ўзбекистонга келадими?
Бояроқ АҚШ Президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан бир столда ўтирганини айтгандим. Бу мавзунинг навбати энди келди. БМТ Бош Ассамблеяси сессияси баҳонасида Америкага борган Марказий Осиё Президентлари ва АҚШ раҳбарининг “C5+1” форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди.
Унда савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш истиқболлари, “яшил” тараққиёт, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Учрашувда АҚШ Президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатларидан бирига келиши мумкинлигига шама қилган.
“Мен ушбу учрашувни давом эттиришни чин дилдан кутаман, чунки биз кучлироқмиз ва бешта давлат бирлашганда дунё хавфсизроқ бўлишига чин дилдан ишонаман. Ҳаракатларингиз учун сизга катта раҳмат. Мен сизни тез орада, эҳтимол мамлакатларингиздан бирида кўришни орзиқиб кутаман”, дея сўзини якунлаган АҚШ Президенти.
Албатта, Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарларининг АҚШ Президенти билан бундай илиқ учрашуви Россиянинг назаридан четда қолмади. Кремлдан Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан учрашувини кузатиб борган, бироқ Москва учун асосийси минтақа давлатлари билан мулоқотни давом эттиришдир.
"Осиё давлатларининг, албатта, АҚШ билан ўз муносабатлари бор. Шубҳасиз, бундай учрашувларни ўтказиш бу давлатларнинг ҳуқуқидир. Биз, албатта, буларнинг барчасини диққат билан кузатиб борамиз. Биз учун асосийси бу эмас, асосийси – мулоқотимизни давом эттириш”, дейди Песков.
Марказий Осиёга қизиқиш дунё ҳамжамиятида ортиб бормоқда. АҚШ ортидан Германия канцлери Олаф Шольц ҳам 5 Президентни бир стол атрофига йиғмоқчи. Учрашув санаси 29 сентябрь
Гулноранинг пуллари нимага ишлатилиши айтилди
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – ҳозирда қамоқда сақланаётган Гулнора Каримованинг қайтарилган активлари оналар ва болаларнинг ўлимини камайтиришга сарфланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан тарқатилган хабарга кўра, Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган активларини қайтариш учун тузилган Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси БМТнинг янги лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун 43,5 млн доллар миқдорида маблағ ажратган.
Қайд этилишича, ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Швейцария БМТнинг Uzbekistan Vision 2030 кўп томонлама траст жамғармаси орқали 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолаган. Олинган маблағлар Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотлар дастурини амалга оширишни жадаллаштириш ва мамлакатда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган дастурларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 16 август куни 16 август куни Берн шаҳрида Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланди. Ҳужжат Гулнора Каримова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний равишда орттирилган ва Швейцарияда легаллаштирилган 131 млн АҚШ долларининг Швейцария томонидан Ўзбекистон халқига дарҳол қайтарилишини англатган.
Туризм қўмитасидаги амалдор бизнес-леди бўлиб чиқди
Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” давлат унитар корхонаси раҳбари Дилфуза Самандарованинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани аниқланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг билдиришича, қўмита мансабдори Дилфуза Самандарова жорий йилнинг 22 февралида давлат рўйхатидан ўтказилган “Avtoimkon trade” МЧЖнинг 50 фоизлик улуш билан таъсисчиси бўлган. Энг қизиғи, у мансабдорлик лавозимида ишлаб туриб, бундай ишга қўл уриши мумкин эмаслигини билган.
Камига у ижтимоий тармоқ орқали пойтахт марказидаги кумуш тақинчоқлар дўкони асосчиси эканини айтиб, уни реклама қилган. Опанинг шунча бизнеслари боракан, давлат ишида, арзимаган ойликка нима қилиб юрибдилар? Ишларини жуда яхши кўрсалар керак-да а?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш бўйича қўмита ва унинг ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” давлат унитар корхонасига тақдимнома киритилган.
Тақдимномага биноан Туризм қўмитасининг ишчи гуруҳи тузилиб, хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Қўмита ушбу ҳолатни алоҳида назоратга олганини ҳамда текширув натижаси юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига белгиланган муддатларда ахборот тақдим этилишини маълум қилган.
Қизиқ, опа энди давлатдаги амалидан воз кечармикин ёки бизнесларидан. Ҳар ҳолда бизнесларидан воз кечмаса керагов. Яна ким билади, дейсиз...
Ибодат либосларида юрганлик учун белгиланган жавобгарлик бекор қилиняпти
Ўзбекистонда қонун билан фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 19 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида маълум қилинди.
Қўмита мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг дастлабки муҳокамалари бўлиб ўтган.
Маълумки, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юриши БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жаримага ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Бироқ қонунчиликда “ибодат либоси”га айнан нима кириши аниқ қилиб кўрсатилмаган.
Бундан ташқари, қўмита экспертлари ҳамда соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган йиғилишда сўнгги пайтларда мамлакатда диний соҳа вакиллари томонидан қонуний никоҳ бўлмаса ҳам никоҳ тузишга доир диний маросимларни амалга оширилаётгани таъкидланган. Бу ўз-ўзидан ижтимоий муаммолар юзага келишига сабаб бўлаётгани қайд этилган.
Шунингдек, айрим диний блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларда дунёвий ва диний ҳаёт тарзини олиб борувчи жамият вакиллари орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган, фақат ўзининг диний қарашларини ифодаловчи ва диний адоватни қўзғатишга қаратилган чиқишлар кўпайиб бораётгани айтилган
Қонунда миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик, кўп хотинли бўлишни тарғиб қилганлик, жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик учун тегишли жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик ҳамда фуқароларни миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб камситганлик ҳамда диний ташкилот томонидан ўзининг уставида назарда тутилмаган фаолият билан шуғулланганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.
Йиғилиш якунида ушбу Қонун бўйича экспертлар томонидан тайёрланган тавсиялар Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилган.
Зўрдан зўр чиқди
20 сентябрь куни QALAMPIR.UZ кириш имтиҳонларида максимал – 189 балл тўплаб ҳам контракт асосида ўқишга қабул қилинганлар ҳақида видеоматериал эълон қилган эди. “Заринг ё зўринг бўлмаса билиминг бир тийин. Ўзбекистон бу!” деб номланган ушбу видеоматериал шов-шувларга сабаб бўлди ва ҳатто унда кўтарилган масала Америкада бўлиб турган Президент Мирзиёевнинг қулоғига етиб борди. Шундан сўнг адолат қарор топиб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган 5 нафар талаба Президент томонидан берилган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ўқийдиган бўлди. Мен бу ҳақда яна такрор гапириб ўтирмай. Воқеанинг барча тафсилотларини YouTube каналимизга жойлаштирилган икки видеони томоша қилиб, билиб олишингиз мумкин.
iPhone васвасаси
Кўплаб фаоллар доим Ўзавтосаноатни танқид қилиб, GM Uzbekistan автомобиллари йиллар давомида умуман ўзгармай, нархи қимматлашишини танқид қилиб келади. Шунга қарамай одамлар сотиб олишда, навбатда туришда, жанжаллашиб, ёқалашишда давом этади. Бу фақат Ўзбекистон, ўзбекистонликлар ва GM Uzbekistan’га хос эмас. Дунёнинг ҳамма жойида шу аҳвол. Тугаётган ҳафтада бизга Америкадан яқин бўлган Бирлашган Араб Амирликларида янги iPhone савдоси бошланди.
iPhone 15 ни 14 дан умуман фарқ қилмайди, Apple одамларни лох қилишда давом этяпти деганларнинг ўзи биринчилардан бўлиб турнақатор навбатларни ҳосил қиляпти. Дубайдаги Emirates Mall, Dubai Mall одамлар билан лиқ тўлган. Улар орасида юзлаб ўзбеклар ҳам бор. Нега дейсизми, а Маликадаги телефон билан савдо қилувчи дўконларга iPhone 15 осмондан ёғиляптими?
Хуллас, хўрозқанд чет элники деса ётволиб ялайдиганлар бутун дунёда топилади. Ўтган ҳафта GM Uzbekistan автомобилларига шартнома учун навбатда турганлар бир-бири билан юлишгани видеоси тарқалганди. Навбат iPhone ишқибозларига. Бирлашган Араб Амирликларидаги Emirates Mall савдо марказида iPhone 15 Pro Мах сотиб олиш учун навбатда турган одамлар ўртасида жанжал чиқди. Ҳолат акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Айрим одамлар сотув бошланишини 28 соатдан ортиқ кутган, шу боис улар оламон ичидаги ўрнини сақлаб қолиш учун жанжал кўтаришга мажбур бўлган. Соқчилар уларни тинчлантириш учун жонли девор, турли тўсиқлар ва баланд овоз тарқатувчи мосламардан фойдаланган. Айрим ҳолатларда эса куч ишлатишга ҳам мажбур бўлган.
Айни дақиқаларда эса сизлар билан келгуси дийдоргача хайрлашаман. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, айниқса, дори-дармонлардан.
LiveБарчаси