Мирзиёевнинг армони, Каримовнинг “эр қидираётган” набираси, тилдан тушмаётган Администрация, “кешбэк” учун қувилган Исоқжон домла – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Куз келяпти куз, куз. Ғалвирни сувдан кўтарадиган пайт. Аммо кўп соҳаларда кузни кутгандан, ўша ғалвир ғурғурни шу ёзнинг ўзидаёқ кўтариб қўя қолинди. Гап нима ҳақида кетаётганини тушунмаяпсизми? Яхшиси, Ҳафта воқеалари жамланган таҳлилимиз билан танишинг. 

Саида Мирзиёева Президентга ёрдамчи бўлди, Алламжонов эса...

Вақт шу қадар тез ўтяптики, кечагина содир бўлган воқеалар дарров тарихга айланиб, худди анча аввал бўлгандек тасаввур уйғотяпти, кишида. Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов лавозимидан озод этилиб, Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган эди. У кетиши билан лавозими ҳам буткул тугатилди. 

Тугаётган ҳафта давомида ҳам Президент Администрацияси диққат марказидан тушгани йўқ. Умурзоқов кетиши билан энди Администрацияни ким бошқаради деган савол кўндаланг турган эди ва асосий номзод сифатида аллақачон Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева кўрилаётганди. Шундай бўлиб чиқди ҳам. 25 август куни эълон қилинган ўзгаришларга кўра, Саида Мирзиёева Президент ёрдамчиси лавозимига тайинланди. Ёрдамчи лавозими бир эмас, иккита. Бунгача Президент Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Азиз Мағрупов ҳам энди Президент ёрдамчиси мақоми деган номни ташийди. 

Қолаверса: 

•    Равшан Ғуломов Иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчи;

•    Собиқ энергетика вазири Алишер Султонов Энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатчи;

•    Фарғонанинг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев Аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчи;

•    Музаффар Комилов Дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчи;

•    Сирдарёнинг собиқ ҳокими Ғофуржон Мирзаев Кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи –Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори;

•    Дониёр Қодиров Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчи этиб тайинланди. 

Негадир маслаҳатчи сифатида номлари эълон қилинганлар орасида Сардор Умурзоқов ва бугунгача Ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлаб келган собиқ Адлия вазири Русланбек Давлетов кўринмаяпти. 

Шунингдек, янги ўзгаришларга кўра, Президент Администрациясида 6 та янги департамент иш бошлади. Булар – Ахборот сиёсати департаменти, Ижтимоий ривожланиш департаменти, Ёшлар сиёсати департаменти, Ташқи алоқалар департаменти, Режалаштириш ва ахборот таъминоти департаменти, Ҳудудлар билан ҳамкорлик қилиш ва таҳлилий материалларни тайёрлаш департаменти бўлиб, уларга мос равишда Комил Алламжонов, Одил Абдураҳмонов, Қаҳрамон Қуронбоев, Алишер Пайғамов, Нодиржон Абдураҳимов, Ўткиржон Қодиров тайинланди. 

Улуғбек Қурбонов Президент протоколининг раҳбари бўлди. Шерзод Асадов эса Президент Матбуот котиби лавозимини ўзида сақлаб қолди. Саидлазиз Саидкаримов Администрация Назорат инспекциясининг бошлиғи лавозимига тайинланди.

Пригожин ўлдими, ўлдирилдими ё тирикми? 

23 август куни “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ва унинг сафдошлари ўтирган Embraer бизнес-жети Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учрагани хабар қилинди. Самолёт Москвадан Санкт-Петербургга учиб кетаётган бўлган. 

Flightradar 24 хизмати маълумотларига кўра, самолёт портлашдан олдин 9 дақиқа давомида 8,7 км баландликда учган. Қулашдан олдин эса учоқ ўзининг максимал, яъни 9,1 км баландлигига чиққан. Кейин 8,3 кмгача пастлаб, яна 8,9 км баландликка кўтарилган, кейин қулашни бошлаган. Самолёт қулагунгача аниқ жойни Flightradar 24 сервисига жўнатолмаган бўлса ҳам, тезлик, баландлик, вертикал ҳаракат ва автопилот ҳақида маълумотларни етказиб бериб турган.

Россия Федерал ҳаво транспорти агентлиги маълумотига кўра, самолётда 10 киши, 7 нафар йўловчи ва уч нафар экипаж аъзоси бор эди ва уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Агентлик Пригожин ва “Вагнер”нинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлади, бироқ ушбу хабарларни далилловчи ҳужжатлар тақдим этилгани йўқ. Твердаги ўликхона мутахассислари гўёки кесилган бармоқ ва татиуровкалар орқали жасадлар кимга тегишли эканини аниқлаган. Шу боис Пригожиннинг ўлганига нисбатан ишончсизлик давом этмоқда. Шунга қарамай, “Россия-24” биринчилардан бўлиб Пригонжиннинг ҳалок бўлганини хабар қилиб, суюнчи олди. 

Росавиация авиаҳалокат юзасидан текширув бошлади. Воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари иш олиб бормоқда. Тергов Тверь вилояти губернатори Игорь Руденя томонидан шахсий назоратга олинган.

Айни вақтда халқаро ҳамжамиятда турли тахминлар бор. Ва улар орасида энг кўп жаранг сочаётгани Путин номи. Сиёсатчилар ва журналистларнинг фикрича, Пригожин жорий йилнинг июнь ойида Кремлга қарши юриш бошлагани учун Путин томонидан аввал кечирилиб, вазият ўнглангач, сўнг ўлимга ҳукм қилинган. Шунингдек, ҳалокатни самолётнинг носозлиги ва учоқнинг ички портлаши билан боғлаётганлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу ва Пригожинни Зеленский ўлдирди деган иддаолар асосан россиялик сиёсатчилар тилидан янграмоқда. 

Владимир Путиннинг ўзи эса ҳолатга ўта совуққонлик билан ёндашиб, ҳалокат ҳақида фақат тан олинмаган Донецк халқ республикаси раҳбари вазифасини бажарётган Денис Пушилин билан 24 август куни ўтказган учрашувида сўз очган. У аввалига самолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, сўнг Пригожин шахсига таъриф берган. 

"Мен Пригожинни жуда узоқ вақт, 1990-йилларнинг бошидан билардим. У тақдири оғир одам эди. Ва у ҳаётда жиддий хатоларга йўл қўйди ҳамда у керакли натижаларга эришди – ўзи учун ҳам, мен ундан бу ҳақда сўраганимда, ўтган ойларда бўлгани каби умумий иш учун ҳам”, дейди давлат раҳбари.

Ҳали Пригожиннинг ўлгани тўлиқ тасдиқланмай туриб, Россия расмийлари ўликхонадагиларнинг яримта бармоққа қараб очган фолларига ишониб, Евгений Пригожинга аза тутишни бошлади. Хусусан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров унинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. 

"Шубҳасиз, у “махсус ҳарбий операция”ни ўтказишга катта ҳисса қўшган. Ва бу хизматларини ундан тортиб олиб бўлмайди. Унинг вафоти бутун мамлакат учун катта йўқотишдир. Евгений Викторовичнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман", дейди Рамзан Қодиров.

Халқаро ҳамжамиятда Пригожиннинг ўлимига ва самолёт ҳалокати шунчаки бахтсиз ҳодиса эканига ишончсизлик ортиб бораётгани фонида Путинни оқлаш кампанияси бошлаб юборилди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Пригожиннинг самолёти ҳалокатига Кремлнинг алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни “мутлақо ёлғон” деб атади. 

“Ҳозирда ушбу авиаҳалокат ва самолёт йўловчиларининг, жумладан Евгений Пригожиннинг фожиали ўлими атрофида кўплаб тахминлар бор. Албатта, Ғарбда бу тахминларнинг барчаси маълум бир бурчакдан тақдим этилади. Буларнинг барчаси мутлақо ёлғон. Бу масалани ёритишда фақат фактларга асосланиш керак. Агар сиз кеча Россия Президенти [Владимир Путин]нинг баёнотини диққат билан эшитган бўлсангиз, у ҳозирда барча керакли текширувлар, жумладан, генетик текширувлар ўтказилишини айтди. Расмий натижалар [ҳозирча] йўқ. Улар нашрга тайёр бўлиши биланоқ чоп этилади”, дейди Путиннинг воизи. 

Жириновскийнинг вафотидан кейин, унинг йўқлигини сездирмай, Россия ва унинг олий раҳбари Путиннинг манфаатларини кўз қорачиғидек ҳимоя қилиб келаётган, бу учун ҳатто қаршисига бутун бошли Ғарб давлатларини олган Беларусь резиденти Александр Лукашенко ўз жигари, акасига жавоб бермаса бермайдики, лекин Пригожинни ўлдиришдан Путин манфаатдор эмаслигига кафил бўла олади. 

“Буни ким қилганини айта олмайман. Мен ҳатто катта акам учун ҳам адвокат бўлмайман. Лекин мен Путинни биламан. У эҳтиёткор, жуда хотиржам ва ҳатто ювош одам. Шунинг учун мен буни Путин қилганини, у айбдор эканлигини тасаввур қила олмайман”, дейди Лукашенко.

Каримовнинг набираси кўчада эр қидириб юрибди

Ижтимоий тармоқларда "Mashatilly" тахаллуси билан танилган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси Марям Тилляева ўзига турмуш ўртоқ кераклиги ҳақидаги видеони Instagram саҳифасига жойлади.

Унда 24 яшар Марям Тилляева “Эр қидиряпман” ёзувли эълонни қўлида кўтарган ҳолда шаҳар кўчаларида кезиб юргани акс этган. Бу ҳаракатдан ҳайратда қолган, у билан суратга тушган ва ҳатто қизни қўлидан етаклаган йигитлар ҳам топилган.

Аслида, ушбу видео ижтимоий тармоқларда жуда оммалашган тренд бўлиб, блогерлик фаолияти билан шуғулланаётган Марям Тилляева ҳам шу сабабдан видеони суратга олган. Унинг остига эса “Номзодлар қабул қилинади. Изоҳлар қолдиринг”, деб ёзиб қўйган. 

Кузатувчилар томонидан "Mashatilly"ни қўллаб-қувватловчи ва биринчи президентнинг набираси сифатида унинг бу ҳаракатларини ёқламай ҳам изоҳлар қолдирилган. 

Хўш, Марям Тилляева ким ўзи? У Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляеванинг тўнғич қизи. Марям 1999 йилнинг 20 январь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. 2021 йилда у россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиққан эди, аммо 2022 йилнинг июль ойида уларнинг муносабати ўз поёнига етган. Марям ҳозирда Тошкентда бувиси Татьяна Каримова билан истиқомат қиляпти. Вақти-вақти билан Гулнора Каримованинг қизи ҳам Тошкентга келиб туради. Марямнинг онаси Лола Каримова ва отаси Темур Тилляев эса Ислом Каримов вафотидан кейин болалари билан мамлакатни тарк этиб, АҚШдан қўним топган. 

Исоқжон қори “кешбэк учун” жазоланди

Халқ орасида “Исҳоқжон домла” номи билан танилган Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 25 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ички назорат комиссияси томонидан Исоқжон Бегматовнинг ижтимоий тармоқлардаги бир қатор чиқишлари кенг муҳокама қилинган. 

“Ҳар бир савдо молини “кешбэк”ка уриш керак, “кассовый аппарат”дан ўтиши керак деб, қонун чиқарганлар ҳалққа, савдогарларга зулм қиляпти. Солиғини ошириб юборган. Тадбиркорлар синиб қоляпти”, деган имом маърузаларидан бирида. 

Билдиришича, Исоқжон Бегматовнинг мазкур қарашлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини мутлақо ифода этмайди, балки унинг ўзбошимчалик билан айтган шахсий фикридир. 

“Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази томонидан ушбу фаолият тури батафсил ўрганилиб, “кешбэк” каби иловалар орқали келиб тушадиган маблағ, мукофот ёки бонус жоизлиги ҳақида авваллари икки марта фатво берилган. Бунда ғарар (алдов) ва рибо аралашмаслиги шарт қилинган”, дейилади Мусулмонлар идораси баёнотида. 

Маълумотларга кўра, идоранинг ички назорат комиссияси аввал ҳам Исоқжон Бегматовнинг мана шундай чиқишларини бир неча бор кўриб чиқиб, уни жиддий  огоҳлантирган, бироқ бундай ҳолатлар яна такрорланган.

Исоқжон Бегматов ўзининг чиқишлари муҳокамасига бағишланган йиғилишда жиддий хатога йўл қўйганини тан олиб, пушаймонлигини билдирган. Ички назорат комиссияси қарорига асосан Исоқжон Бегматов Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасидан озод этилди. 

Исоқжон Бегматовнинг кешбэк ҳақида айтган гаплари катта акс-садо берди. 25 август куни Мусулмонлар идораси раиси – муфтий Нуриддинжон Холиқназаров жума намози мавезасида билиб-билмай фатво бериб юбориш масаласига тўхталаркан, бугун мусулмонлар арзимаган нарсалар устида баҳсга киришиб, юксалиш ва ривожланишдан ортда қолаётганини айтди. 

Мирзиёевнинг юрагидаги армон – Қорабоғ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан Озарбайжонга борди. Унга рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Зироат Мирзиёева ҳамроҳлик қилди. 

Ташрифни Озарбайжон умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев қабрини зиёрат қилишдан бошлаган Шавкат Мирзиёев ва Зироат Мирзиёева Баку марказидаги Шаҳидлар хиёбонига ҳам бориб, 1990 йил Қора январь воқеалари ва биринчи Қорабоғ урушида қурбон бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон 2020 йилнинг ноябрига қадар Қорабоғ можароси, Арманистоннинг Қорабоғни куч билан эгаллаб олиши, озар халқига нисбатан геноцидга нисбатан муносабат билдирмай келган. Озарбайжон иккинчи Қорабоғ урушида ғалабага эришгач, Ўзбекистон Қорабоғнинг тикланишига ўз ҳиссасини қўшишини билдирди ва бунинг исботи ўлароқ мактаб қурилишини бошлади. 

Хўш, Биринчи Президент Ислом Каримов даврида бу борадаги қарашлар қандай эди? Қорабоғда қачондир мактаб қуриш у ёқда турсин, бу ҳақда гапириб ҳам бўлмасди, матбуот мустамлакага кўз юмиб келган. Ўша вақтларда Озарбайжон меҳмон бўлган расмийларнинг бирортаси Шаҳидлар майдонига бориб, Қорабоғ воқеаларига Ўзбекистоннинг муносабатини акс эттирмаган. 

Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Озарбайжон раҳбарининг Бакуда жойлашган “Зуғулба” қароргоҳида тантанали кутиб олинди. Давлат раҳбарлари аввал яккама-якка мулоқот қилди, сўнг делегациялар иштирокида йиғилиш ўтказди. Йиғилиш сўнгида Президентлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолади. Шунингдек, давлатлар, ҳукуматлар ва идоралар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинган.

2023-2024 йилларда ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича “йўл харитаси”, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида, ёшларга оид сиёсат ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, Медиа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” шулар жумласидан.

Ўзбекистон раҳбари Қорабоғ вилоятининг Фузулий районига борди. Фузулийдаги янги аэропортда Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқасини Илҳом Алиев турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиева билан кутиб олди. Шавкат Мирзиёевни Юқорида Ўзбекистон элитаси бугунгача Қорабоғ ҳақида умуман гапирмаганига тўхталган эдим. Президент Шавкат Мирзиёев ўтирган Range Rover автомобилини ҳайдовчи эмас, балки Илҳом Алиевнинг ўзи бошқарди. Шу тариқа давлат раҳбарлари Ўзбекистон номидан Фузулийда қурилган Мирзо Улуғбек номидаги мактабга бориб, у ердаги шароитлар билан танишди. 

Арман истилоси даврида вайрон қилинган Фузулий икки ярим йилдирки қайта тикланмоқда. Мирзиёевнинг ташрифидан 4 кун аввал бу ерга аҳолини кўчириш бошланди. Президентлар фузулийликлар билан мулоқот қилди. 

Юқорида Ўзбекистон сиёсий элитаси ҳеч қачон Қорабоғ ҳақида сўз очмаганини айтган эдим. Ушбу учрашувда Шавкат Мирзиёев Қорабоғда эришилган ғалабадан хурсанд бўлганини яширмади. 

Президентлар рафиқалари билан озар маданияти ва санъатининг бешиги бўлган Шуша шаҳрига ҳам ташриф буюриб, бу ерда Арманистон томонидан вайрон қилинган, 2020 йилнинг ноябрь ойида эришилган ғалабадан сўнг тикланган Соатли ва Юқори Гавҳар Оға масжидларида бўлдилар, тарихий обидалар, шаҳар маданиятини ўзида акс эттирган кўргазмалар билан танишдилар. Шуни алоҳида айтиш ўринлики, Шавкат Мирзиёев Қорабоғ қайта Озарбайжон назоратига ўтганидан буён бу минтақага ташриф буюраётган иккинчи давлат раҳбари. Бундан аввал Қорабоғда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған икки марта меҳмон бўлган. 

Қорабоғ Озарбайжон назоратига ўтган бўлса-да, ҳамон вазият у қадар мақтангулик эмас. Арман Қуролли кучлари ва ноқонуний қуролли гуруҳлар томонидан чегарада тез-тез отишмалар содир этилади, Озарбайжон позициялари ўққа тутилади. Мирзиёев Бакуга етиб келишидан бир кун аввал Озарбайжон армиясининг Лочин вилояти ва Нахичеван автоном республикасидаги позицияси ўққа тутилди. Қолаверса, Арманистон қарийб 30 йил давомида Қорабоғ минтақасини миналарга тўлдириб ташлаган ва 2020 йилдаги 44 кунлик урушда мағлуб бўлган бўлса-да ҳамон халқаро талабларни бажармай, Озарбайжон томонига миналанган ҳудудлар харитасини бермай келмоқда. Ушбу ҳудудларда эса ўтган икки йил ичида кўплаб ҳарбийлар ва журналистлар ҳалок бўлган. 

Дониёр Тошхўжаев “ГУВД”га қайтди

Полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди. Бу ҳақдаги хабарни QALAMPIR.UZ’га ичши ишлар идораларидаги манбалар етказди. Ушбу тайинлов ҳақидаги хабарлар бир неча ишончли вакилларимиз томонидан тасдиқланган бўлса-да, Ички ишлар вазирлиги тайинловдан қарийб 5 кун вақт ўтса ҳам бу ҳақда расмий ахборот бергани йўқ. 

Қайд этилишича, 2022 йилнинг февралидан буён ушбу лавозимда ишлаб келаётган Улуғбек Турсунов эндиликда фаолиятини Ички ишлар вазирлигида давом эттиради. 

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ҳам QALAMPIR.UZ билан суҳбатда тайинловлар ҳақидаги маълумотни тасдиқламади. Бироқ Тошкент шаҳар ИИББ сайтининг раҳбарият бўлимидан Улуғбек Турсуновнинг номи ўчириб юборилган. 

Полковник Дониёр Тошхўжаев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган даврларида тилга тушган. У 2019 йилнинг июль ойига қадар ушбу лавозимда фаолият юритди. Июль ойида Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.

2020 йилнинг 21 январь куни Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимини эгаллади. Бироқ у ушбу лавозимдан қачон кетгани маълум эмас, тўғрироғи бу ҳақда жамоатчиликка хабар берилгани йўқ. 

Охирги йилларда у Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида фаолият юритиб келаётган эди. 

Ўзбекистондаги энг қиммат уй аукционда сотилди

Ўзбекистондаги энг қимматбаҳо уйлардан бири 32 млрд 619 млн сўмга сотилди. Харидор “Mob Group” компанияси. У ресторанлар бизнеси ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланади. Мазкур корхонанинг асосий таъсисчиси Одилбек Маннонов таълим соҳасидаги компанияларга ҳам эгалик қилади.

Уй Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Дўрмон йўли яқинида жойлашган бўлиб, у 51 хонадан иборат. 

Умумий майдони 52 сотих бўлган ушбу ҳовлининг сотилиши Ўзбекистон учун энг йирик турар-жой аукциони битими ҳисобланади. E-AUKSION порталидаги маълумотга кўра, ҳовли ичидаги жиҳозлари, 135 турдаги товар ва моддий бойликлар билан сотилган.

2022 йил бошида илк бор аукционга қўйилган кўчмас мулк объекти нархи қимматлиги учун сотилмаётган эди. Аммо 2023 йилнинг августига келиб уни сотиб олишга қурби етадиган топилди. 

Қизиқ томони шундаки, ҳовли сотилиши ҳақидаги дастлабки эълонларда у Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг 2021 йил 15 апрелдаги 91-сонли ижро варақаси ҳамда Бюро инспектор С.Аҳмедовнинг 20.12.2021 йилдаги қарори билан аукционга чиқарилгани, буюртмачи сифатида эса Юнусобод тумани МИБ кўрсатилган эди. Бироқ Ўзбекистондаги энг қиммат уйнинг асл эгаси ким экани ва нима сабабдан МИБ қарамоғига ўтгани очиқланмаган. Узунқулоқ гапларга қараганда уй Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари қамоқда сақланаётган Шуҳрат Ғуломовга тегишли бўлган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг