Ўзбекларни “ўлдираётган” Россия, Мирзиёевга хат ёзган Байден, тили ҳам, ўзим ҳам чиққан Атамбоев, эланаётган Эрдўған – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
19 Февраль 2023
40344Халқда отган қолмас балога, айтган қолар балога деган гап бор. Тугаётган ҳафтада бу гапларнинг мағзини кўп ва хўп чаққандекман. Сиз ҳам мени жорий ҳафтада мамлакатда муҳокамада бўлган асосий мавзу – ҳамкасб журналистлар томонидан газ Ўзбекистон газ 35 йилга Россияга тортиқ қилингани ҳақида тайёрланган журналистик суриштирув тўғрисида гапиради, деб ўйласангиз хато қиласиз. QALAMPIR.UZ ўлароқ биз бу мавзуни умуман ёритмасликка қарор қилдик. Суриштирувни олиб борган журналистлар ҳужжатларни қаердан олгани бизга маълум эмас. Бошқа томондан Энергетика вазирлиги якшанба куни фақат 5-6 блогерга ташкиллаган матбуот анжуманига биз таклиф этилмадик, у ҳамма учун очиқ бўлмади. Шу боис расмийларнинг қўлидаги далиллар ва ҳужжатлар билан ҳам таниш эмасмиз. Ўзимиз кўзимиз билан кўрмаган нарсалар ҳақида эса кўр-кўрона ахборот беришни лозим топмадик. Хуллас, QALAMPIR’нинг энергетика соҳасидаги машмашалардан йироқ ҳафта таҳлили қуйида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Россияга дўст давлат деб тан олинди
Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон Россия Федерациясига дўст давлатлар қаторига киритилди. Бу ҳақда Россияга қўшни давлатлар алоқа режимларининг дўстона муносабати бўйича йиллик мониторинг натижаларида айтилган.
Тадқиқотлар 14 давлатда ўтказилиб, улардан саккизтаси дўстона, тўрттаси эса очиқ душманлар тоифасига киритилган. Душман давлатлар қаторига Эстония, Латвия, Литва ва Украина киритилган. Грузия ва Молдова эса нисбатан дўстона давлатлар рўйхатида қайд этилган. Беларусь рейтингнинг сўзсиз етакчиси бўлган.
Қайд этилишича, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон каби дўст давлатлар билан алоқалар динамикаси яхшиланган.
Аммо Арманистон ва Қозоғистон “ўзгарувчан режимлар” гуруҳига кирган. Бу давлатлар билан Россия ўртасидаги муносабатлар тарихи қайта кўриб чиқила бошланади ва коммуникацияларни ривожлантириш шартлари ёмон томонга ўзгариши мумкин.
Шунингдек, Россияга қарши санкцияларга қўшилишдан бош тортаётгани ва иқтисодий ҳамкорлик имкониятларини кенгайтираётгани учун Грузия билан муносабатлар яхшилангани келтирилган.
“Молдова эса алоқа шароитларининг ёмонлашуви йўлидан бормоқда”, дейилади таҳлилда.
Украинага урушга борган икки ўзбекистонликнинг жасади келди
Россия-Украина урушида “Вагнер” сафида жанг қилган икки ўзбекистонликнинг жасади Самарқандда дафн этилди. Гарчи дафн маросими ўтган ой ўтказилган бўлсада, бунинг иси жорий ҳафтада чиқди.
Россия Федерациясига мухожир сифатида борган асли самарқандлик Бобур Абдумўминов ва Шаҳриёр Жалолов Украина урушида Россия учун қатнашиб, ҳалок бўлган. Уларнинг жасади жорий йилнинг 19 январь куни вилоятнинг Булунғур туманига олиб келинган.
Улар “Украинадаги урушда вафот этганлик” тўғрисидаги ҳужжат билан Ўзбекистонга юборилган илк ўзбекистонликлар.
Маълум қилинишича, 23 ёшли Шаҳриёр Жалолов Россиянинг қамоқхоналаридан бирида хизмат қилган собиқ меҳнат муҳожири.
Самарқанд вилояти тиббиёт муассаси томонидан берилган ҳужжатда Шаҳриёр Жалоловнинг ўлимига кўп қон йўқотиши сабаб бўлгани кўрсатилган. Йигитнинг қариндошларига тобут билан бирга ўлим тўғрисидаги гувоҳнома берилган. Унда Шаҳриёр 2022 йилнинг 16 декабрида Украинанинг Донецк вилоятида вафот этгани қайд этилган.
Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Қора камар қишлоғидан бўлган 26 ёшли Бобур Абдумўминов ҳам Украинада вафот этган. У ҳам Россияда меҳнат муҳожири сифатида бўлган. Йигит саккиз ой олдин қамоққа олинган. Ўтган йили отаси билан телефон орқали суҳбат чоғида Бобур паспорт муддати ўтганлиги сабабли қамоқда бўлганини айтган.
Маълумотларга кўра, Бобур қамоқхонада бошқа маҳбуслар сингари “Вагнер” томонидан Украина билан урушга жалб қилинган. Хусусий ҳарбий компания вакиллари Бобурга Украинада атиги бир ой жанг қилса, у оқланишини ҳамда ўз ватанига уч минг доллар билан қайтишини ваъда қилган.
Наманганда талаба ўзига ўт қўйди
Наманганда талаба имтиҳонларини топшира олмай, қайта топширишга қолгани учун ўзини ёқиб юборди. Оқибатда у вафот этди.
10 февраль куни Фарғона вилоятида яшаган, Наманган муҳандислик қурилиш институтининг 3-босқич талабаси олийгоҳда 5 та фандан оралиқ имтиҳонларни топшира олмаган. Гуруҳ раҳбари талабанинг отасига қўнғироқ қилиб, ўғли 5 та фандан оралиқ имтиҳонларни топшира олмагани ҳақида огоҳлантирган.
Ўз навбатида ота ўғлига телефон орқали танбеҳ берган. Шундан сўнг, талаба руҳий тушкунликка тушиб, Янгиқўрғон тумани ҳудудидаги дала-адирлик майдонига бензин ёнилғисини олиб келиб, ўзини ёқиб юборган. Шифокорлар ташхисига кўра, ўзига ўт қўйган талаба танасининг 50 фоизи чуқур куйган.
Тез-тиббий муолажаларга қарамасдан, у 13 февраль куни вафот этган. Шу куни Янгиқўрғон туман прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Раҳмонов ишни ҳайфсандан бошлади
Жорий йилнинг 16 январидан бошлаб Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан қолган ўринни эгаллаб, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажариб келаётган 64 яшар Бахтиёр Раҳмонов пойтахтнинг 3 та тумани ҳокимига ҳайфсан бериш ҳақидаги фармойишни имзолади.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2023 йил 30 январдаги 02-ПА 1-1954-сонли хатига асосан ҳудудда қишга тайёргарлик ҳамда уни беталафот ўтказиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмаганлиги, маҳаллаларга чиқиб, аҳоли билан мулоқотлар ва тушунтириш ишларини олиб бормаганлиги учун Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Турдиевич Эргашев, Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Равшанович Абдуллаев ва Юнусобод тумани ҳокими Баҳодир Абдулхаевич Абдувалиевга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.
Гап шундаки, 16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан ўтказилган йиғилишда юқорида номлари саналган уч ҳокимга “ҳайфсан” берилган эди. Раҳмонов имзолаган ҳайфсан билан Президент берган ҳайфсан алоҳидами ёки гап битта ҳайфсан ҳақида кетяптими, маълум эмас.
Мирзиёев Путин билан телефонда нимани гаплашди?
Президент Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Россия раҳбари Владимир Путин билан телефонда гаплашди.
Унда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Давлат раҳбарлари ўзаро савдони кўпайтириш, етакчи корхоналарнинг саноат кооперациясини чуқурлаштириш, қўшма Лойиҳалар офиси доирасида устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратгани айтилмоқда.
Кремль эса ушбу суҳбат тафсилотларига кўп тўхталмаган. Путин Матбуот хизмати Ўзбекистон раҳбари билан мулоқотни “Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид қатор масалалар кўриб чиқилди” деб изоҳлаган.
Қамоқдан чиққан Атамбоевнинг марҳум Каримовда нима алами бор?
14 февраль куни Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев ҳибсдан озод этилди ва унга даволаниш учун мамлакатни тарк этишига рухсат берилди.
2019 йилда ўз издоши Сооронбай Жээнбеков ҳукмронлиги даврида қамоққа ташланган Атамбоев, маълумотларга кўра, иккита операцияни ўтказиши керак. Ва у даволаниш учун Испанияни танлаган. Қамоқдан чиққанининг эртаси куниёқ у ўғли билан Дубай орқали Испанияга йўл олди. Аммо унинг кўринишидан унинг қамоқхонада даволаб бўлмайдиган дардга чалинганига ишониш қийин. Атамбоевга кўра, Испания Бош вазири унинг озод этилишини қўллаб-қувватлаган ва ўз мамлакатига таклиф қилган.
Қамоқдан чиққан Атамбоев интервью беришга ҳам улгурди. Журналистлар билан мулоқотда у ўзидан кейинги Президент Сооронбай Жээнбековни Худога солганини айтган.
“Мен уни таъқиб қилмайман ва ҳеч нарса қилмоқчи эмасман. Худо уни жазолайди. Аллақачон жазолаяпти ҳам. Қирғизларда шундай гап бор: “Худога солдим”, дейди собиқ Президент.
У Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида Кампиробод сув омборини бошқариш ва чегара масалаларини ҳал этиш бўйича келишувни олқишлади. Бу ҳақда гапираркан, мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта эканини айтди.
“Бу тарихий қарор. Яхшиямки қўшниларимизда Президент Мирзиёев, Каримов эмас. Мирзиёевнинг Қирғизистонга, Қирғизистон халқига муносабатини биламан. Буни қадрлаш керак”, дейди Атамбоев.
Гап шундаки, эскидан Атамбоевнинг Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан муносабатлари яхши бўлмагани ҳақида гаплар юрарди. Бироқ, у Каримовга нисбатан ички туғёнини фақат ва жилла қурса унинг ўлимидан кейин юзага чиқара оляпти, холос. Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, Атамбоевнинг Каримов шахсига нисбатан муросасизлиги бундан анча йиллар ааввал Россияда бўлиб ўтган йиғилишда Ислом Каримовнинг унга берган танбеҳи билан боғлиқ.
Бошқа томондан Қирғизистон жамоатчилиги бир қатор сиёсий айбловлар билан қамалган Атамбоевнинг бир кунда бунчалик тез ва осон озод қилинишига, камига хорижга чиқиб кетишига эътироз билдирмоқда. Қирғизистонлик сиёсатшунос Эмиль Жўраев Атамбоевнинг қамоқдан озод этилиши адолатли бўлмаганини айтди.
Унинг фикрича, жамият 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ давлат раҳбари нима учун озод этилганини билишга ҳақли. Жўраев Атамбоев қандай суд қилинган бўлса, худди шундай тарзда, ҳар қандай ҳуқуқий нормаларни бузган ҳолда озод қилинганини айтди.
“Бу воқеадан Қирғизистон халқи бир нарсани кўради: жиноят ва жазо қонун билан боғлиқ эмас”, дейди у.
Маълумот учун, 2020 йилда Атамбоев 2013 йилда криминал бошлиқ Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилингани билан боғлиқ иш юзасидан 11 йилу икки ойга озодликдан маҳрум қилинганди.
Бундан ташқари, Атамбоев 2019 йилнинг 7-8 август кунлари Қўй-Тош қишлоғида содир бўлган тартибсизликлар, коррупция ва “пул ювиш”, Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш билан боғлиқ ишлар билан айбланган.
2022 йил 16 июнь куни Атамбоев Бишкекдаги Калис-Ордо турар-жой массивида мактаб қурилиши ва Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш бўйича жиноий иш бўйича оқланган эди.
2022 йил 28 июнь куни эса Бишкекнинг Первомай туман суди Атамбоевни 2020 йил октябрь ойида оммавий тартибсизликлар уюштирганлик ишида жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлаган.
Тожикистон атрофида теварагида тўпланган
ИШИД террористик гуруҳининг афғон бўлими бўлмиш “Хуросон вилояти” аъзолари сони 6,5 минг жангаригача кўпайди, уларнинг 4 минг нафари Тожикистон билан чегарада, Бадахшон, Қундуз ва Тахар вилоятларида тўпланган. Бу ҳақда 14 февраль куни Россия асосий куч бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бирлашган штаб бошлиғи, генерал-полковник Анатолий Сидоров маълум қилди.
Унга кўра, Марказий Осиё минтақасида барқарорликка асосий таҳдид Афғонистонда илдиз отган кўплаб экстремистик гуруҳлардан келиб чиқади. ИШИД ва “Ал-Қоида” энг катта хавф туғдиради.
“Бундан ташқари, минтақадаги вазиятнинг беқарорлашишига “Толибон” раҳбариятининг миллий ва диний озчиликларга зулм қилиш сиёсати, бирдамликнинг йўқлиги ва “Толибон” ичида қарама-қаршиликларнинг кучайиши, иқтисодий вазиятнинг таназзулга учраши ва гуманитар муаммоларнинг кескинлашуви ёрдам бермоқда”, дейди у.
Сидоров, шунингдек, назоратсиз наркотрафик ва қуролларнинг ноқонуний тарқатилиши юқоридаги омиллар билан биргаликда Афғонистоннинг фуқаролар урушига қайтиш эҳтимолини оширишини таъкидлади.
Афғонистон ва Тожикистонга оид бошқа хабарларимиз ҳам. Уларга бироздан кейин тўхталамиз.
Туркия офатдан омон чиқяптими?
6 февраль куни Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида 9 соатлик фарқ билан содир бўлган икки даҳшатли зилзила талафотларини бартараф этиш жорий ҳафтада ҳам давом этди. Аср фожиаси номини олган зилзилада қурбон бўлганлар 40 мингдан, жароҳатланганлар 110 мингдан ошгани хабар қилинди.
Тадбиркорлар конфедерацияси ва республикадаги ишбилармон доиралар маълумотларига кўра, Туркиядаги зилзилалар оқибатида мамлакат иқтисодиётига 84 миллиард доллардан ортиқ ёки ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизи миқдорида зарар етган. Бунинг 70,8 миллиард доллари турар-жой биноларига тегишли.
Мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга кўра, катта миқёсдаги табиий офатлар оқибатларини Туркиянинг ўн вилоятида 13,5 миллион киши ҳис қилган. Ер силкинишлари 500 кмлик ҳудудда сезилган. Олимларнинг таъкидлашича, бу зарбалар 500 та атом бомбаси портлашига тенг энергия ажралиб чиқди.
Туркия раҳбари ҳалокатли зилзилалар оқибатларини бартараф этишда Туркияга ёрдам беришга шошилган барча давлатларга миннатдорлик билдирди. Ушбу оғир кунда Туркияга узатилган ёрдам қўлини унутмаслигини айтди.
15 февраль оқшомида Туркия, Озарбайжон ва Шимолий Кипр Турк Республикасининг барча теле ва радио каналларида ҳамкорликдаги жонли эфирда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бошқармасининг зилзилада жароҳатланганлар ва қурбонларга ёрдам акцияси дастури намойиш этилди. AFAD марказий биносидан эфирга узатилган дастурда таниқли актёрлар ва қўшиқчилар, бошловчилар иштирок этди ва улар қўнғироқларга жавоб берди. Ҳамкорликдаги жонли эфирда йиғилган хайрия миқдори 115,1 миллиард лирага (6 миллиард 106 миллион АҚШ доллари)га етди.
Туркияга ёрдам қўлини чўзаётганлар талай, хайриялар тинмаяпти. Улар орасида ўзи оғир аҳволда кун кечирадиган тиланчи онахоннинг борлиги эса кишини ҳам хурсанд қилади, ҳам кўп ва хўп ўйлантиради. Озарбайжон пойтахти Бакуда яшовчи 67 яшар Сакина Каримова оғир молиявий аҳволга қарамай, қардош юрт аҳолисига ёрдам қўлини чўзди.
Унинг ўзи ғамхўр фуқаролар садақасига кун кечиради, шунга қарамай Туркиядаги зилзиладан жабр кўрганларга ёрдам бераётганига ачинмайди. Кекса аёл бир неча кундан бери жамғарган 50 манат (тахминан 29,4 АҚШ доллари) пулини “Анадолу” мухбирига топшириб, Туркия гуманитар ташкилотлари ҳисобига ўтказишни сўради.
Каримова журналистларга Туркиядаги фалокат зонасидан олинган кадрларни кўрганида кучли ҳис-туйғуларни бошдан кечиргани айтган.
Туркиядаги вайронкор зилзила одамларни бирлаштирди, аммо сиёсатчиларни эмас. Гап шундаки, жорий йил Туркияда президент сайлови бўлиб ўтиши керак. У май ойига режалаштирилган. Президент зилзила ва унинг талафотлари Эрдўғаннинг мухолифатчиларига ёқиб тушди чоғи, мухолифат ёрдамни четга суриб, Эрдўғанни элакдан ўтказиш билан банд.
Туркия парламентининг собиқ спикери ва собиқ Бош вазир ўринбосари Булент Аринч май ойида ўтиши режалаштирилган умумий сайловларни кейинроқ ўтказиш кераклигини айтди. Унинг фикрича, ҳалокатли зилзилалар фонида мамлакат сайловолди стрессидан қутилиши керак.
“Фуқаролар сайлов учун эмас, ҳаёт учун курашмоқда. Баъзи сиёсатчи ва журналистлар сайловлар май ёки июнда бўлишига иддао қилиб, баҳслашмоқда. Худодан қўрқинг, вайроналар остида ҳали ҳам жасадлар бор. Сайловчилар топилмаса, қандай қилиб сайлов ҳақида гапириш мумкин”, дейди сиёсатчи Булент Аринч.
Амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг номзодини илгари сураётган “Адолат ва тараққиёт” партияси эса умумий сайловлар билан боғлиқ барча вариантларни ўрганиб чиққан ҳолда, уни кейинга қолдиришдан бош тортмоқда. Айтилишича, Эрдўған сайлов ўзи таклиф қилганидек 14 май куни ўтказилишидан хавотирда эмас.
Олий сайлов комиссияси бу жараёнда келишмовчиликлар юзага келмаслиги учун ер қимирлаши рўй берган жойлардан кўчиб кетган ҳамда воқеа ҳудудида қолганларга овоз беришнинг барча қулайликлари яратилиши устида иш олиб боради.
Тожикистонда қор кўчкиси 18 кишини қурбон қилди
Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида турар-жой бинолари устига қор кўчиши оқибатида 18 киши ҳалок бўлди, 12 киши жароҳатланди.
Воқеа оқибатида 35 та турар-жой биноси ва 5 та маиший объект зарар кўрган.
Манбага кўра, 13 февралдан 15 февралгача Тоғли Бадахшонда қор кўчкиси билан боғлиқ 27 та ҳолат қайд этилган. Аҳоли хавфли ҳудудлардан хавфсиз жойларга кўчирилган. Жумладан, Ванж туманида 11 та, Рушон туманида 335 та, Шуғнон туманида 10 та, Роштқалъа туманида 39 та, Хоруғ шаҳрида 17 та оила эвакуация қилинган. Мамлакат қутқарув департаменти фуқароларни яқин уч кун ичида, 19 февралгача қор кўчкиси бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Одамлар ўлимига сабаб бўлган ушбу ҳолат ортидан Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмонга қўнғироқ қилиб, таъзия билдирди.
Навоий ҳайкалини барбод қилган “Толибон”
“Толибон”нинг Афғонистондаги тарихий ва маданий рамзлар билан узоқ йиллик адоватининг давоми сифатида 7 февраль куни Мозори Шариф шаҳрида Темурийлар даврининг машҳур сиёсатчиси, шоири ва олими Мир Алишер Навоий ҳайкали бузиб ташланди.
Мозори Шариф аҳолисининг маҳаллий ОАВга йўллаган суратларида кўринадики, толиблар Навоий ҳайкали устидан сувоқ тортган ва унинг ёнидаги тош битикка ҳам зарар етказган.
Икки томони форс, ўзбек ва инглиз тилларида Алишер Навоий ҳаёти ва эришган ютуқлари ҳақидаги ёзувлари бўлган ушбу ҳайкал Афғонистонда республика ҳукуматининг сўнгги йилларида қурилган. Расмий Тошкент ушбу ҳаракатни вандализм деб атади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Матбуот котиби ўлароқ иш бошлаган Ахрор Бурхоновнинг янги лавозимидаги илк баёноти айнан шу мавзуда бўлди.
“Афғонистонда буюк шоиримиз Алишер Навоий ёдгорликларига зарар етказилгани ҳақидаги хабарларни қайғу билан қабул қилдик. Ушбу масала юзасидан дипломатларимиз Афғонистон вакиллари билан боғланди. Уларнинг таъкидлашича, ушбу вандализм ҳолати қардош Ўзбекистон билан кўп асрлик дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган муваққат ҳукумат расмий сиёсатини акс эттирмайди, номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати натижаси бўлиб, умумий тарихий ва маданий меросимизга зарар етказади. Афғонистон вакиллари ёдгорликларни тиклаш ва умумий меросимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш чораларини кўришини маълум қилдилар”, деб ёзган Бурхонов.
Шу ўринда савол туғилади: наҳотки, “Толибон” мамлакатда Навоийнинг ҳайкали вайрон қилинса-ю бундан бехабар бўлса. Бизнингча, муваққат ҳукумат Қобул марказига ўрнатилган глобусда Ўзбекистон Афғонистонга ўтиб қолганидан қанчалик бехабар бўлса, навбатдаги воқеадан ҳам шунчалик бехабар.
Судья пора билан қўлга тушди
Онангни қози сўкса, дардингни кимга айтасан, деганлари эски тарихда қолган гап эмас. Халқ топиб-топиб, териб-териб, билиб-билиб айтган. Бугун одамлар кўп ҳолларда адолат топмаётгани етмагандек, судьялар порахўр бўлиб чиқаётганига нима дейсиз? Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси 16 февраль куни 4 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётганда қўлга олинди.
Судьялар олий Кенгаши хулосаси билан судьяни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилган ва унинг судьялик ваколати тўхтатилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноий иш қўзғатилган.
Тергов сири ва айбсизлик презумпцияси талабларидан келиб чиқиб, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаган.
Байден Мирзиёевга хат ёзди
АҚШ Президенти Жозеф Байден Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Мактубда Байден Мирзиёевга АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда кўрсатаётган етакчилиги ва шахсий интилиши, шу жумладан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик учун чуқур миннатдорлик билдирган.
“Ўзбекистон билан иқтисодиёт ва энергетика масалаларида ўзаро алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Сизнинг мамлакатни сиёсий тизимини модернизация ва ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлаш АҚШ учун устувор аҳамиятга эга”, деб ёзган Байден.
Шунингдек, АҚШ раҳбари, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик чуқурлашиб бораётгани ва эришилган ютуқларни 2023 йилда ҳам янада илгари суришга умид қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь