Украина ҳақида гапирган Мирзиёев, Питерда бош кўтарган ўзбеклар, урушга бефарқ Ўзбекистон, ўлгани айтилган Мўминов – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

QALAMPIR.UZ’нинг илк мақолалари ёзилган компьютерни сақлаб қўйганмиз. Талабалик йилларимда олганман уни. Ҳозир анча эскириб қолган, ҳатто ёнмайди ҳам. QALAMPIR.UZ қандай дунёга келганию эски чориғимизни эслатиб туради. Бу ҳафта “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати SimilarWeb ахборот технологиялари компанияси маълумотлари асосида QALAMPIR.UZ’ни Ўзбекистондаги интернет оммавий ахборот воситалари ўртасида сўнгги икки йилда барқарор ривожланаётган ягона интернет нашри сифатида эътироф этди. Сайтимиз Ўзбекистонда аудиториянинг катта қисмига таъсир кўрсатувчи ва жамоатчилик фикрини шакллантирувчи энг оммабоп сайтлардан экани айтилди. Таҳлиллар натижаларига кўра, QALAMPIR.UZ интернет-нашри 2020 йилдан буён медиа маконидаги ўрнини мустаҳкамлаб олган.  Сайтга кирувчилар, Telegram каналидаги обуначилар сони 4 бараварга, Facebook ва Instagram’даги саҳифаларимизда эса деярли 2 бараварга кўпайгани ҳисоб-китоб қилинган. 

Биз бу кунларга осон келмадик, бу йўлдан осон юраётганимиз йўқ. Баъзан айтмоқчи бўлганларимизни суратлар ва коса тагида ним коса гаплар ортига яширамиз. Бу эса сиздан янада зийрак бўлишни талаб қилади. Ўтган 7 йилда эски чориғини унутмаган QALAMPIR’нинг навбатдаги ҳафта воқеалари таҳлили билан қуйида танишасиз.

Украина ҳомийси – Киевда

2022 йилнинг 24 февраль куни Россиянинг Украинага бостириб кириши, қуролли можаронинг авж олиши бутун дунё мамлакатлари аҳолисини хавфга солди. Афсуски, урушда ким ғолиб бўлиши ҳақида аҳмоқона баҳсга кирганлар ҳам бўлди. Асосан собиқ совет иттифоқи давлатларида Россияни қўллаб-қувватлаб, бир ҳафтада Украинанинг оёғини осмон қилиб юборишига “жавоб” берганлар кўп эди. Бир йил ўтди, баҳслар барҳам топди, аммо уруш эмас. Россиянинг зарбалари кун сайин қақшатқич бўлиб боряпти, қурбонлар сони кўпаймоқда, энергетик муаммолар, озиқ-овқат тақчиллиги ва қимматчилик урчигандан урчияпти, бу тарафда Украинани қурол-яроғ билан таъминлаш ҳам, Россияга қарши санкциялар қўллаш ҳам тинмаяпти. Одамлар эса алллақачон Украина урушига ҳам 10 йиллардан буён вайрон бўлиб ётган ва таассуфки, бугун актуаллигини йўқотаёзган араб давлатлардаги уруш ёки Афғонистон муаммоси қаторида қарашни бошлади. Дунё Россия-Украина уруши билан яшашга ўрганди, афсус. 

Жорий ҳафтада бир йил кутилган воқеа содир бўлди. Украинанинг бош ҳомийси, Россияга қарши ўнлаб санкциялар муаллифи АҚШ Президенти Жозеф Байден жорий ҳафта тўсатдан Украинага келди. Аслида ўтган ҳафта унинг Польшага сафар қилиши айтилган эди. Бироқ, Байден Варшавага келишдан аввал Киевда кўриниш берди. У комфортларидан воз кечиб, поездда келган. Шу куни Украина-Польша чегараси узра осмонда уч нафар Америка разведка самолёти навбатчилик қилди.

Оқ уй маълумотларига кўра, АҚШ маъмурияти Россияни Президент Жо Байденнинг Киевга сафари ҳақида у Америка пойтахтидан кетишидан бир неча соат олдин хабардор қилган. 

Президент Байден Киевга ташриф буюриш ҳақидаги якуний қарорни 17 февраль куни ўз ёрдамчилари билан учрашувдан сўнг қабул қилган. Бир неча ой давомида унинг маслаҳатчилари ва Пентагон ва разведка хизматларининг бир нечта ходимлари ташрифни тайёрлаш билан шуғулланган. Байден ташрифга тайёргарлик,  жумладан эҳтимолий таҳдидларни баҳолаш ҳақида мунтазам маълумот олган. Қайд этилишича, ушбу ташрифда АҚШ ҳарбийлари Киевдаги инфратузилмани назорат қилмаган. Америка Президенти билан Украинага фақат бир нечта энг яқин ёрдамчилари, тиббиёт ходимлари ва қўриқчилар борган. 

Байденнинг олдиндан расман эълон бермай Киевга келиши, унинг АҚШ президенти этиб сайланганидан бери Украинага илк ташрифидир. Байденни Мариинский саройи остонасида Президент Владимир Зеленский ва унинг рафиқаси Елена кутиб олган. 

Учрашувда АҚШ раҳбари Украинага янги ёрдам пакети тақдим этилишини, Россияга санкциялар кейгайтирилишини ваъда қилган ва шу ҳафтанинг ўзида ваъдасининг устидан чиқди. 

Дарвоқе, Байден Киевда 5 соат вақт ўтказган, сўнг Польшага равона бўлган. 

Мирзиёев илк бор Украина ҳақида гапирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев биринчи марта Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан икки кунлик ташриф билан Миср Араб Республикасига борди. Қоҳира аэропортида Ўзбекистон раҳбарини Ас-Сисининг ўзи кутиб олди. 

Ташрифнинг асосий тадбирлари 21 февраль куни ўтказилди. “Ал-Иттиҳодия” саройида Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди. 

Президентлар Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, ўзаро муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олди.

Бешта аниқ йўналишда – газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик қилиш белгилаб олинди. Энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини ривожлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Араб Республикасига ташрифи доирасида олий даражадаги музокаралар якуни бўйича ҳужжатлар имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Қўшма баёнотни қабул қилди.

Президентлар ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Учрашув сўнгида Президентлар оммавий ахборот воситалари вакилларига баёнот берди. Унда Ўзбекистон раҳбари Россия-Украина уруши бошланганидан бир йил ўтиб ушбу мавзуга тўхталди ва шундай деди: 

“Россия-Украина бўйича ҳам жуда кўп мулоқот қилдик ва қарашларимиз, йўналишларимиз бирлиги тасдиқланди”.

Россия Украина уруши бошланганидан бир йил ўтиб, Ўзбекистон ҳамон бунга бетараф муносабатда қолаётгани Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган навбатдаги резолюцияда ҳам ўз аксини топди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

Ғарбни қоралаб чарчамаган Путин

Тугаётган ҳафтанинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Федерал Мажлисга йиллик мурожаатини эълон қилди. Энг қизиғи, унга на бирор хорижий меҳмон ва на хорижий журналист киритилди. 

Путин мурожаатномасида асосан Россиянинг бугун минтақада тутган ўрни, Украинага босқиндан мақсади, мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий вазият ҳақида гапирди. Мурожаатномасининг асосини эса Ғарбга қарши айбловлар ташкил қилди. Путиннинг айтишича, сўнгги ўн йилликларда Ғарб “шишадан жинни чиқариб юборган” ва бутун минтақаларни хаосга ботирган.

Давлат раҳбари Қўшма Штатлар 2001 йилдан кейин бошлаган урушлар оқибатида қарийб 900 минг кишининг ёстиғини қурутгани, 38 миллиондан ортиқ киши қочқинга айланганини урғулади. Ва бугун, Путиннинг таъбирича, АҚШ буларнинг барчасини инсоният хотирасидан ўчириб ташлашга ҳаракат қилмоқда.

Ғарбда эса миллионлаб одамлар аллақачон элита уларни маънавий ҳалокатга етаклаётганини англаб етган. 

Путиннинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар “сайёрада тинчликни сақлаш” бўйича фундаментал келишувларни бир томонлама бузган, хусусан, Ўрта ва қисқа масофаларга учувчи ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномадан чиққан.

Путинга кўра, ҳозирда Ғарб томонидан “антиРоссия” яратиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа бугунги кунда Украина деб аталадиган тарихий ҳудудларни Россиядан тортиб олишга қаратилган.

Путин Россия “тарихий ерларидаги одамларни ҳимоя қилиш, ўз хавфсизлигини таъминлаш ва Украинанинг амалдаги расмийлари томонидан таҳдидни бартараф этиш учун “махсус ҳарбий операция” бошлаганини айтди.

Ўзингники ўзагингни қирқар деганларидек, Путин бошлаган урушга, унинг “олий” мақсадларига Россиянинг ўзида ҳам ишонмаганлар, қарши чиққанлар оз эмас. Ҳатто, унинг асосан “махсус ҳарбий операция” деб номланадиган босқинини қамраб олган мурожаатномасини жонли эфирда қулоғига лағмон илиб томоша қилганлар ҳам топилди. Яна ким денг, Коммунистик партиядан Самара вилояти думаси депутати Михаил Абдалкин. 

“Самара вилояти Думаси раиси ўринбосарининг илтимосига биноан Президентнинг икки соатлик хабарини тингладим. Тўлиқ қўллаб-қувватлайман, тўлиқ қўшиламан, ажойиб иш. Мен сўнгги 23 йил ичида бундай нарсаларни эшитмаганман. Жуда ҳайратдаман”, дея киноя билан ёзган депутат ижтимой тармоқларда.

Шунингдек, у ўз Telegram каналида Президент мурожаатига ишониш қийинлигини айтиб ўтган. 

Байден Украина уруши қанча давом этишини айтди

Киевдан Варшага келган АҚШ Президенти оташин нутқ сўзлади. Байден кўпчилик ўртага ташлаган саволга жавоб берди. Унга кўра, Украинадаги можаро бир йилдан ортиқ давом этиши мумкин, Украинани оғир ва аччиқ кунлар кутмоқда. Байденга кўра, оғир ва аччиқ кунлар, ғалабалар ва фожиалар бўлади, лекин Украина бунга тайёр. Шунингдек. Айни вазият Европа учун ҳам, Америка учун ҳам, НАТО учун ҳам синов бўлмоқда. 

Шунингдек, АҚШ раҳбари ўз чиқишида, Путин мурожаатномасида айтган Ғарб давлатлари Россияга ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақидаги иддаоларга ҳам жавоб қайтарди. 

“Россия халқига яна бир бор мурожаат қиламан: АҚШ ва Европа давлатлари Россия устидан назорат ўрнатиш ёки уни йўқ қилишга интилмаяпти. Ғарб Россияга ҳужум қилишни режалаштирмаган”, дейди у. 

АҚШ Президентининг фикрича, Россия Украинадаги можарога чек қўйиши мумкин. Шу билан бирга, агар Украина ҳозирги шароитда Россия Федерациясидан ўзини ҳимоя қилишни тўхтатса, бу Украинанинг тақдирига нуқта қўяди. Унга кўра, Россия Украинадаги можарода ғалаба қозона олмайди. 

Байден Путинга мурожаат қиларкан, Украинани қўллаб-қувватлаш сўнмаслиги, НАТО бўлинмаслиги ва бундан чарчашларига шубҳа бўлмаслиги кераклигини айтди.
Унинг қайд этишича, АҚШнинг НАТО ва 5-моддадаги иттифоқчилари олдидаги мажбуриятлари тошга ўхшайди. Буни НАТОнинг ҳар бир давлати билади, Россия ҳам билади. Улардан бирига [НАТО аъзосига] ҳужум қилиш ҳаммага ҳужум қилиш демакдир. Бу НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишга муқаддас қасамдир.

Тебранаётган Тожикистон

Зилзила даҳшати шу кунларда бутун дунёни қамраб олган. Туркияда содир бўлган ва аср фалокати деб айтилаётган зилзилаларни тарих унутмайди. Хавф бизга ҳам узоқ эмас. 23 февраль куни Тожикистонда содир бўлган 9 та зилзила хавотирларимизни янада кучайтирди. 

Бир кунда Тожикистонда Тошкент вақти билан соат 05:37, 05:55, 06:06, 06:35, 07:07, 07:18, 11:50 ва 13:00 да – саккиз маротаба 4 магнитудадан юқори зилзилалар кузатилди. Хавотирлар бироз тин олиб, хотиржам бўлгандик ҳамки, тушдан кейин соат 16:24  да яна бир зилзила сезилди ва бу тўққизинчиси бўлди. У 5 баллдан юқори эди. Зилзилалар қўшни республикалар, хусусан Ўзбекистонда ҳам сезилган ва биздаги силкиниш 3-4 баллни ташкил этган. 

Тожикистонда дастлаб содир бўлган зилзила магнитудаси турли манбаларда ҳар хил берилмоқда. Кўплаб хабарларга кўра, зилзила кучи 7 баллдан юқори бўлган. Рус манбаларига кўра, у 7,3 баллни ташкил этган. 

Мамлакат Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитаси маълумотларига кўра, зилзилалар эпимаркази тоғли ҳудудлар, Мурғоб вилояти ва Сарез кўли оралиғидаги чўл ҳудудларида бўлган. Расмий ва унчалик ишончсиздек туюлган маълумотларга кўра, Зилзила ўчоғида магнитуда 5 баллни, чуқурлик эса 10 километрни ташкил этган.

Шунингдек, қўмита Сарез кўлининг мониторинги ва эрта огоҳлантириш тизими нормал ишлаётгани, ҳеч қандай ўзгариш рўйхатга олинмаганини маълум қилган. Ташкилотга кўра, Сарез кўлига сув келиши ва унинг сарфланиши ўзгаришсиз қолган, яъни бугунги кунда сув оқими сониясига 39 куб метрни, сарфи эса 45 куб метрни ташкил қилмоқда.

Маълумот учун, Сарез кўлида сув тошқини хавфи юзага келиши Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонга ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Масалан, 2015 йилда Сарез кўли ҳудудида 7,3 магнитудали зилзила содир бўлиши оқибатида тоғ кўчкиси ва тош қулаши қайд этилган эди.

Россияга қарши бўлолмаган Ўзбекистон

Боя Ўзбекистон Россия-Украина урушида бетараф қолаётгани ҳақида айтгандик. Гапнинг сираси энди келди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 23 февраль куни Украина бўйича махсус сессияси чоғида Россиянинг Украинага бостириб киришига бир йил тўлишига бағишланган Россияга қарши резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатга 141 давлат овоз берди, 7 давлат қарши чиқди. Улар орасида Россиянинг ўзи, Беларусь, Шимолий Корея, Мали, Никарагуа, Сурия ва Эритрея бор. 32 давлат, жумладан Ўзбекистон бетараф қолди. 

Шу билан бирга, овоз бериш жараёнида Беларуснинг ўзгартиришлари маъқулланмади. Минск ҳужжатдан можарони бошлаш учун жавобгарлик Россияга тегишли бўлган қоидаларни олиб ташлашни назарда тутганди. Ўзгартиришлар, шунингдек, Россия Федерациясини Украинадан қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетишга чақирувчи бандни олиб ташлаш ва Украинада келишувга эришмоқчи бўлмаган Минск форматидаги давлатлар раҳбарларини қоралашни ҳам таклиф қилди. 

Минск, шунингдек, резолюцияга Киевга қурол етказиб беришни тақиқлашни ҳам таклиф қилган. 

Ҳужжатга кўра, можаронинг бошланиши учун жавобгарлик фақат Россия зиммасига тушади. Матн томонларни тинч аҳоли ва маҳбуслар олдидаги мажбуриятларини бажаришга чақиради. Шунингдек, миллий ёки халқаро даражада тегишли, адолатли ва мустақил тергов ва таъқиб қилиш орқали Украинада содир этилган энг оғир жиноятлар учун халқаро ҳуқуққа мувофиқ жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлайди.

Урушни тўхтатишнинг хитойча усули ёхуд Пекин бир йил ўтиб “уйғонди”

Беларусь ҳумдори Алексадр Лукашенконинг таъбири билан айттганда, хитойликлар ҳар доим тартибли, эҳтиёткор. Улар керак бўлмаган жойга бормайдилар. Аммо бу ҳафта Хитой сиёсати учун жуда ноодатий қадамни ташлади. Мамлакат урушга бир йил тўлган кунда Украинадаги инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича таклифларини эълон қилди. Энг қизиғи, бу қадамни бир кун аввал айнан Лукашенко башорат қилганди. 

Хитой томони таклиф қилган келишув режаси 12 бандни, жумладан, ўт очишни ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирувни ўз ичига олади

“Барча томонлар оқилона ва вазминликни сақлаши, оловга ёғ сепмаслиги, можарони кучайтирмаслиги, Украинадаги инқироз атрофидаги вазиятнинг янада кескинлашуви ва назоратдан чиқиб кетишига йўл қўймаслиги, Россия ва Украина ўртасидаги алоқаларни сақлаб қолишга ёрдам бериши, тўғридан-тўғри мулоқотни тиклаши, тўлиқ ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий ҳаракатларга эришилгунга қадар вазиятни босқичма-босқич юмшатиш ва юмшатишга кўмаклашиши керак”, дейилади ҳужжатда. 

Алоҳида урғуланишича, тинчлик музокараларини бошлаш керак. Мулоқот ва музокаралар – Украинадаги инқирозни ҳал қилишнинг ягона йўли. 

Ҳужжатга кўра, тинч аҳоли ва ҳарбий асирларнинг ҳимоясини таъминлаш зарур. Хитой Россия ва Украина ўртасида ҳарбий асирлар алмашинувини қўллаб-қувватлайди, барча томонлар бунинг учун янада қулайроқ шароит яратиши керак 

Хитой ҳукумати барча томонларни Қора денгиз орқали ўтадиган дон йўлаги орқали озиқ-овқат таъминотини таъминлашга ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли қарорисиз Украинадаги инқироз билан боғлиқ ҳар қандай бир томонлама санкцияларни тўхтатишга чақирди.

Унга кўра, бир томонлама санкциялар ва кучли босим қўллаш муаммони ҳал қила олмаслиги билан бирга янги муаммоларни келтириб чиқаради.

Энг қизиғи, Хитойнинг ўзи ушбу чақириқларда томонларни урушни тўхтатишга чақиргану лекин БМТнинг резолюциясида урушни бошлаган Россияни қоралашдан бош тортиб, урушга нисбатан бетарафлар қаторидан ўрин олган. Хўш, бу нима иккиюзламачиликми ё иккилик стандарти? 

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг эса альянс Хитойга ишонмаслигини айтиб чиқди. Чунки Пекин, ҳозиргина мен айтганимдек, Россиянинг Украинага босқинини қораламаган. 

“Хитой таклиф қилаётган тамойилларга келсак, биринчидан, Хитойга ишонч йўқ, чунки улар Россия босқинини қоралай олмадилар. Ва улар босқиндан олдин Россия билан чексиз дўстлик тўғрисида шартнома имзолади”, деган Столтенберг.

Бундан ташқари, НАТО Хитой Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиши мумкин деб ўйлайди. Альянс Бош котиби ҳам Хитойни диққат билан кузатиб бораётгани, унинг Россияга қурол-яроғ етказиб беришни кўриб чиқаётгани аломатларини пайқаганини айтган.

Санкциялардан ҳам, Россиядан ҳам “қочиб”, Ўзбекистонга келган Усмонов

Алишер Усмонов Ўзбекистонга ёрдам бериш, унга фойда келтириш учун бор имкониятларини ишга солишини айтди. У бу учун корпоратив активлар бошқарувидан кетган ва ҳатто кўплаб лойиҳаларда акциядор сифатида иштирокини якунлаган. Бу ҳақда у Тошкентда Италиянинг “TGcom24” телеканали журналистларига берган интервьюсида маълум қилди. Усмонов туғилган ватанига – Ўзбекистонга қайтиб келган.

У ўзининг Путиннинг одами экани ҳақидаги гапларни буткул рад этди. У Путин билан яқин алоқада эмаслигини билдирган. 

“Менда ҳеч қачон бундай алоқалар бўлмаган. Мен Россияда 35 йилдан ортиқ вақт давомида яшаб келдим. Шу вақт ичида мен ёш талабадан мамлакатдаги энг муҳим ва бадавлат ишбилармонлардан бири бўлишга қадар узоқ йўлни босиб ўтдим”, деган Усмонов.  

У Ўзбекистонни “ватаним”, деб атаб, унинг манфаатларини устун кўришини таъкидлаган.

У интервьюда урушга муносабат билдиришдан бош тортган. У эртами-кечми можаролар тугашига ва қонун тикланишига умид қилишини билдирган. Шунингдек, Европада ҳурмат қозонишига, бутун дунёда тан олинишига, ҳаётини беҳуда ўтказмаганига ишонишини айтган.

“Келажакда мен одамларга, инсониятга, мамлакатларга, шу жумладан, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистонга ёрдам беришга ҳаракат қиламан”, деган миллиардер.

“Forbes” маълумотларига кўра, Усмонов Россиянинг энг бой миллиардерлари рўйхатида еттинчи ўринни эгаллайди. Унинг бойлигини журнал 11,5 миллиард долларга баҳоламоқда.

Бироқ ўтган 2022 йил Усмонов учун анча талафотли бўлди. Миллиардер 24 февралдан бери Украина, Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг санкция рўйхатига киритилди.

Путин ядро қуролини ишга туширмоқчими?

Россия Федерацияси Давлат Думаси 22 февраль кунги йиғилишида Россиянинг Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тўғрисидаги шартномада (START, START-III) иштирокини тўхтатиш тўғрисидаги қонунни бир овоздан қабул қилди. 

Ҳужжат Давлат Думасига Россия Президенти Владимир Путин томонидан тақдим этилган. Қонун лойиҳасига кўра, START фаолияти тўхтатилган ва Россиянинг шартномадаги иштирокини қайта тиклаш тўғрисидаги қарорни Россия Федерацияси Президенти қабул қилади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.  

Владимир Путин кеча, 21 февраль куни Федерал Мажлисга мурожаат қилиб, Россия Федерациясининг шартномадаги иштирокини тўхтатиш қарорини эълон қилди. Президент Россия шартномадан чиқмаётганини, лекин ушбу ҳужжатга мувофиқ ишни давом эттириш масаласини муҳокама қилишга қайтишдан олдин, Россия томони START нафақат АҚШнинг, балки НАТОнинг бошқа ядровий давлатлари – Буюк Британия ва Франциянинг арсеналларини қандай ҳисобга олишини тушуниши керак.

Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Вашингтонни сиёсий ирода кўрсатишга, умумий вазиятни пасайтириш учун яхши ният билан ҳаракат қилишга ва шартноманинг тўлиқ ишлашини тиклаш учун шароит яратишга чақирди. 

Бундан ташқари, департаментнинг аниқлик киритишича, Россия STARTни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорга қарамай, унинг амал қилиш муддати давомида шартномада назарда тутилган миқдорий чекловларга риоя қилишда давом этади.

Бундан ташқари, вазирликка кўра, Россия томони Вашингтон билан СССР ва АҚШ ўртасида 1988 йилда тузилган тегишли келишув асосида қитъалараро баллистик ракеталар ва сувости кемаларининг баллистик ракеталарини учириш тўғрисида билдиришномалар алмашишда иштирок этишни давом эттиради. 

Аммо Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг гаплари бунга шамақ қилаётгани йўқ. Унинг телеграмдаги саҳифасида ёзишича, Вашингтон Москванинг мағлубиятини истаса, дунё глобал можаро ёқасида қолади. Россия ўзини ҳар қандай восита билан, жумладан, ядровий қурол билан ҳимоя қилади.

У Путиннинг Россияни жанг майдонида мағлуб этишнинг иложи йўқлиги ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирди ва “START-III тўхтатилиши айнан шу билан боғлиқ”, деб таъкидлади.  

“Биз бошқа ядровий кучлар – НАТО аъзолари: Франция ва Британиянинг ҳам муносабатини кузатамиз. Уларнинг стратегик ядровий кучлари одатда АҚШ ва СССР ўртасидаги келишувларни тайёрлашда ядро каллаклари ва учирувчи қурилмалар балансига киритилмаган ва буни амалга ошириш вақти етган”, дейди у. 

Маълумот учун, Россия Федерацияси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги Стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги Шартнома, START III – бу Россия ва АҚШ ўртасида жойлаштирилган стратегик ядро қуроллари арсеналларини янада ўзаро қисқартириш тўғрисидаги икки томонлама келишув.

Россия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Стратегик қуролларни қисқартириш бўйича шартномада иштирок этиш тўхтатилиши муносабати билан Россия ҳарбий доктринага ўзгартириш киритишни режалаштирмаяпти.

Россия Президенти Владимир Путин эса 23 февраль куни мамлакатда “Ватан ҳимоячилари” байрами ва Украинадаги урушнинг бир йиллиги муносабати билан қилган мурожаатида Россия ядровий қудратини кучайтиришга эътибор қаратишини айтди. Путинга кўра, бир нечта ядро каллакларини олиб юроладиган “Сармат” қитъалараро баллистик ракеталари жорий йилда биринчи марта ишга туширилади.

АҚШ Президенти Жо Байден Россия раҳбариятининг мамлакатнинг Стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги шартномада (START) иштирокини тўхтатиш ҳақидаги қарорини хато деб ҳисоблашини айтди. 

Абдуқодир Мўминов тирикми? 

Тугаётган ҳафтада ижтимоий тармоқларда бундан икки ҳафта аввал ҳибсга олинган ва Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 165-моддаси (Товламачилик) моддалари билан айбланаётган блогер Абдуқодир Мўминовнинг қамоқда вафот этгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Жамотчилик муҳокамасига сабаб бўлган ушбу ҳолатга Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов муносабат билдириб, QALAMPIR.UZ’га Мўминовнинг тергов пайтида вафот этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Унинг айтишича, блогер “тирик ва соғлом”. 

Шунингдек, унинг тирик эканини Мўминовнинг собиқ адвокати Бобур Муқаддамов ҳам тасдиқлаган. Адвокатнинг сўзларига кўра, Абдуқодир Мўминов унинг хизматидан воз кечган. Буни блогернинг яқинлари ҳам тасдиқлади. Мўминовнинг онаси ўғлининг ёнига янги адвокат киритилмай, у воз кечган адвокат, Муқаддамов киритилаётганига эътироз билдириб чиқди. 

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ҳам QALAMPIR.UZ’га Мўминовнинг ўлими ҳақидаги хабарлар “Fake” эканини айтиб, бу миш-мишлар блогернинг яқинлари томонидан омма эътиборини тортиш мақсадида уюштирилганини маълум қилди.

Шунингдек, у таҳририят мухбирининг “Агар блогер ростдан ҳам тирик бўлса, буни унинг ўзи, аҳволи ҳақида батафсил маълумот бериб, видео орқали маълум қилиши мумкинми?” деган сўровига барчаси қонуний амалга оширилаётгани, адвокат у билан бемалол гаплашиши мумкинлиги, тизим ҳар бир маҳкумнинг аҳволи ҳақида видеомаълумот бера олмаслиги билан жавоб қайтарди.

Ўзбекистон Сурияга ёрдам юборди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Ўзбекистон Сурия Араб Республикасининг зилзиладан жабр кўрган аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами юборди.

Қарийб 50 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами юки рўйхатига болалар ва катталар учун кийимлар, маиший техника воситалари, чидамли озиқ-овқат консервалари, қуруқ мевалар, ярим тайёр овқатлар, чақалоқлар бўтқаси, ёпинчиқлар ва ёстиқлар, гигиеник воситалар тўплами сингари ҳаётий зарур восита ва маҳсулотлар киритилган.

Инсонпарварлик юки ёрдами кўринишидаги ҳаётий зарур восита ва маҳсулотларни самолёт орқали Ўзбекистондан Сурияга Фавқулодда вазиятлар, Транспорт вазирликларининг масъул ходимлари етказиб берган.

Мирзиёев прокуратура ва СНБ текширувлари қайташини хоҳламаяпти

Президент Шавкат Мирзиёевга кўпчилик мамлакатда оммавий ахборот воситалари фаолиятини чеклаш, журналистнинг оғзини ёпиш, яна цензурани қайтаришни таклиф қилади. Аммо Президент бунга рози эмас, чунки аввалги даврдаги ушбу ҳолатлар мамлакатга фойда келтирмаган. Давлат раҳбари бу ҳақда 24 февраль куни Қашқадарёнинг Қарши туманидаги мактабда фаоллар билан мулоқоти давомида гапириб ўтди. У ўз сўзида мамлакатда яна СНБ ва прокуратура текширувлари авж олишидан норозилигини ифода этди. 

Ёпиқ давлат бўлиб, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун адолатни, халқнинг овозини эшитмадик. Эшитмадик! Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади. Тўғри, менга қийинроқ бундай ишлаш. Ҳамма айтади: “Эй, ёпиб қўй”. Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидек, прокурор, СНБ текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми, биримиз икки бўлдими?”, дейди давлат раҳбари. 

У сўзида давом этаркан, ОАВни дўст деб билиш муҳимлигини урғулади. 

“Гапирсин, адолатли гапирсин. Танқид қилсин, тўғри танқид бўлсин. Шу қишлоққа, мактабга, таълимга фойдаси бўлса, нур устига нур. Мен ҳар куни интернетни ҳам ўқийман, ким қандай гапиряпти... Вақтим борича, 1-2 соат қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. Барибир 10 та фикрдан 9 таси тўғри бўлиб чиқади”, дейди Президент.

Президент Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юртига бориб, курсантлар билан тушлик қилди. Ҳужумчи, қирувчи, транспорт самолётлар, жанговар вертолётлар иштирокида ҳарбий авиация парвозларини томоша қилди. Давлат раҳбари мутасаддиларга дунёда кузатилаётган хавф-хатарлардан келиб чиқиб, ҳаво мудофаасини янги поғонага кўтариш, тажриба тариқасида учувчисиз қурилмалар йиғишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берган. 

Шунингдек, Президент Қаршидаги супермаркетга кириб, нарх-наволар билан танишган, дўконда харид қилаётган одамлар билан мулоқот қилган. 

Дўкондан олинган кадрларни кўрган кўпчиликнинг эътиборини бир нарса тортди, ҳатто, видеони яқинлаштириб кўрганлар орасида сиз ҳам бўлсангиз керак. Кўпчилик Президент ташрифи баҳонсида дўкондаги нархлар пасайтириб қўйилган ё йўқлиги қизиқди. Аммо нархлар қандай бўлса, шундай тургани эътибор қозонди. 

Питерда митинг уюштирган ўзбеклар

Россия Федерациясида меҳнат қилиб, ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери ойлик маошини олмаган ўзбекистонлик ва тожикистонлик минглаб мигрантлар Москвада митинг уюштирди. 

22 февраль куни Москва шаҳридаги “Сrocus Group” қурилиш майдончасида меҳнат мигрантлари томонидан норозилик ҳаракати уюштирилган. Намойишга иш ҳақининг ўз вақтида тўланмагани сабаб бўлган. Шундан сўнг корхона раҳбарияти фуқаролар билан учрашиб, уларнинг ишлаган барча маошларини тўлаб беришни ваъда қилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси митинг оқибатида жароҳат олганлар ва ҳибсга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилган.

Россияда ўзбекистонлик билан боғлиқ яна бир ҳолат содир бўлди. 1972 йилда туғилган ўзбекистонлик эркак Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида гвардия ходимини ўққа тутди.

Воқеа 24 февраль куни Санкт-Петербург марказидаги “Гостиный двор” метро бекатида содир бўлган. Шаҳар марказигача таксида келган гумондор метрога кираверишда овоз кучайтиргичда мусиқа қўйган. Миллий гвардия ходимлари унга яқинлашганда, у қурол олиб, улардан бирига қаратиб ўқ узган.

Кейинчалик у қўлга олиниб, полиция бўлимига олиб кетилган. Унга нисбатан “Ички ишлар органи ходимининг ҳаётига тажовуз” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, гувоҳлар  ҳуқуқбузар шишага ўхшаш тушунарсиз буюмни метро томон ташлаб, югуриб кетгани, полициячи унинг орқасидан қувиб кетганда ўқ овози янграганини айтган. Метродан чиқиш жойи ўраб олинган. Жиноятчининг ёнидан иккита қурол ва патронлар чиққан.

Дунёга хавф солаётган дард

Бир миллиарддан ортиқ одам вабо билан касалланиш хавфи остида. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вабо ва диарея эпидемияси касалликлари гуруҳи раҳбари Филипп Барбоса жорий ҳафта шундай баёнот билан чиқди. Унга кўра, уч мамлакатда касалликнинг янги авж олиши ҳақида хабар берилган ва уларнинг сони 22 тага етган. 

Ҳисоб-китобларга кўра,  43 мамлакатда 1 миллиарддан ортиқ одам тўғридан-тўғри вабо хавфи остида. Айни пайтда ЖССТнинг бешта ҳудудида жойлашган 22 штат вабо тарқалишига қарши курашмоқда. 

Унинг эслатишича, ўтган йили 2021 йилга нисбатан 50 фоизга кўпроқ мамлакатлар вабо эпидемиясига дуч келган. 

Тугаётган ҳафтада Қозоғистон бошқа мамлакатларда вабо тарқалиши сабабли чегарада назоратни кучайтирди. Мамлакатга келган фуқаролар текширилмоқда. Агар чегарани кечиб кирганларда вабонинг биринчи белгилари сезилса, беш кун давомида уларнинг саломатлиги назорат остига олинади. Мамлакат Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси дунёнинг қатор мамлакатларида вабо билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини сабаб ушбу чораларни эълон қилган. 

Маълум қилинишича, Қозоғистонда сўнгги 10 йил ичида маҳаллий вабо билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. 

Вабо вибрио вабоси қўзғатадиган ўта хавфли юқумли касалликдир. Патоген организмга ифлосланган озиқ-овқат ёки сув билан кирганда пайдо бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг