Ишончни оқламаган футзалчилар – Спорт дайжести
Спорт
−
22 Сентябрь
6203Ўтган ҳафта охирида жорий ҳафтани Ўзбекистон учун синовли деб атагандик, чунки айни кунларда мамлакатнинг 3 та шаҳрида йирик турнир футзал бўйича Жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилмоқда. Мусобақани юқори савияда ўтказиш билан бир қаторда, мамлакат футзалчиларидан мундиалда муносиб иштирок кутилганди, бироқ жарағ-жарағ пул тўланадиган испаниялик мутахассис Хосе Венансио Лопес ва унинг шогирдлари мухлислар ҳафсаласини пир қилди. Ўзбекистон футзал терма жамоаси Жаҳон чемпионатларидаги энг салбий натижасини қайд этиб, гуруҳ босқичидаёқ турнирни якунланади, яхшиямки айни кунларда Венгрияда ўзбекистонлик шахматчилар Олимпиадада муносиб иштирок этиб, мухлисларни ҳарна овутиб турибди. Англаганингиздек, бугун футзал бўйича жаҳон чемпионати, ўзбек шахматчиларининг иштироки ва дунё спортидаги энг муҳим воқеликларга назар соламиз.
Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
Ўзбекистон ўзи мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатини тарк этди
20 сентябрь куни Ўзбекистон мезбонлик қилаётган футзал бўйича Жаҳон чемпионатининг 3-тур ўйинлари ўтказилди.
“А” гуруҳидан жой олган ва икки турдан бери ғалаба нималигини билмай келаётган Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичининг охирги турида Коста-Рика билан тўқнаш келди.
Учрашувнинг 4-дақиқасида Коста-Рика аъзоси Кубилё Ўзбекистон дарвозасига гол киритиб, ҳисобни очди. 11-дақиқада эса Машраб Одилов мувозанатни тикловчи голга муаллифлик қилди – 1:1. Дастлабки бўлимнинг сўнгги дақиқасида коста-рикаликлардан Леон жамоаси учун навбатдаги голни киритди ва ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди.
Иккинчи бўлимнинг 7-дақиқасида номинал меҳмонлар аъзоси рақиб дарвозасига тўп киритди ва иккинчи марта ҳисобдаги мувозанатни тиклади. 30-дақиқада эса Беркинов ўзбекистонликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:3.
Орадан бир дақиқа ўтиб, Ихтиёр Ропиев қизил карточка олиб, 2 дақиқага ўйиндан четлатилди. Коста-рикаликлар мазкур вазиятдан фойдаланиб ҳисобни тенглаштирди. Бу сафар гол муаллифи Чаварриа. 34-дақиқада Кабалсета ўзбекистонликлар дарвозасига тўп киритди – 4:3. Ўйин якунланишига 2 дақиқа қолганда Салас гол урди ва таблодаги рақамларни 5:3 кўринишига келтирди. Шу тариқа ўйин якунланди ва Ўзбекистон ўзи мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатини тарк этди.
Шахмат: Ўзбекистон Ҳиндистон билан дуранг ўйнади
Венгрия пойтахти Будапешт шаҳри мезбонлик қилаётган шахмат Олимпиадасининг 9-турида Ўзбекистон эркаклар жамоаси Ҳиндистон билан, аёллар жамоаси эса Сербия билан тўқнаш келди.
Мусобақа пешқадами ва фаворити ҳисобланган ҳиндистонлик шахматчилар билан кечган баҳсда 2:2 ҳисоби қайд этилди. Ҳар тўртта тахтада томонлар муроса йўлини танлади.
Аёллар жамоасидан эса Афруза Ҳамдамова ва Нодира Нодиржоноваларнинг ғалабалари эвазига аёллар жамоаси мағлубиятдан қутулиб қолди ва муроса йўлини танлади.
Бугун, 21 сентябрь куни 10-турда, эркаклар терма жамоаси чемпионлик йўлида асосий рақиблардан бири – Хитой терма жамоасига қарши баҳс олиб борса, аёллар терма жамоаси Англия жамоаси билан тўқнаш келади.
Учрашувлар бугун соат 18:15 да бошланади.
Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон жамоасига қарши дона сурмади
Айни кунларда Венгриянинг Будапешт шаҳрида 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси баҳслари ўтказилмоқда. Мусобақанинг 8-турида Ўзбекистон аёллар жамоаси америкалик шахматчиларга тўқнаш келди.
Эътиборлиси, АҚШ жамоасининг етакчи шахматчиларидан бири ўзбекистонлик Гулруҳбегим Тоҳиржонова ҳисобланади. 25 ёшли Тоҳиржонова Ўзбекистон вакилларига қарши баҳсда иштирок этишни истамади.
Тоҳиржонова 1-тахтада ўзбекистонлик Афруза Ҳамдамова билан баҳс олиб бориши керак эди, бироқ Тоҳиржонованинг ўрнини жамоадоши Карисса Шивен Йип эгаллаган.
Маълумот учун, Ўзбекистон аёллар жамоаси 7 та турдан кейин Олимпиадада 11-ўринни банд этиб турибди, эркаклар жамоаси эса 3-ўринни банд этган.
Шомуродов тўп тепаётган жамоанинг мураббийи ишдан бўшатилди
Римнинг “Рома” клуби устози Даниеле Де Росси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда футбол журналисти Никола Скира ўз Х саҳифасида маълум қилди.
41 ёшли италиялик мутахассиснинг ишдан олинишига жамоа мавсум стартидан бери ҳали ғалаба қозонмагани кўрсатилмоқда. Де Росси қўл остида “Рома” 4 та ўйин ўтказиб, 3 та дуранг ва 1 та мағлубият қайд этди.
Жамоа Италия А Сериясининг охирги турида сафарда “Женоа” билан баҳс олиб бориб, охирги дақиқаларда гол ўтказиб юборди ва ғалабани қўлдан чиқарди.
Ҳозирда Рим клубига мураббийлик қилиш учун асосий номзодлардан бири сифатида яна бир италиялик таниқли ва тажрибали мутахассис Клаудио Раньери кўрсатилмоқда. Элдор Шомуродов ўз вақтида Раньери қўл остидаги “Кальяри” клубида ҳам тўп тепган.
“Рома”га ким мураббий бўлиши аниқ бўлди
Хорватиялик мутахассис Иван Юрич Римнинг “Рома” клуби устозига айланади. Бу ҳақда футбол журналисти Никола Скира ўз Х саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, мураббийнинг клуб билан шартномаси 2025 йилнинг июнигача тузилади, агар “Рома” Европа Чемпионлар лигасига зонасига кирса, шартнома автоматик равишда узайтирилиши мумкин.
Бугун, 18 сентябрь куни тонгда Италия клуби бош мураббий Даниеле Де Россини истеъфога чиқарди. “Рома” Италия чемпионатининг 2024/2025 йилги мавсуми турнир жадвалида 16-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа тўртта учрашувда 3 очко жамғарди.
49 ёшли Иван Юричнинг охирги иш жойи Италиянинг “Торино” клуби бўлди.
“Ал-Наср” устози истеъфога чиқарилди
Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клуби бош мураббийи Луиш Каштру лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
“Жамоадаги ҳар бир киши Луиш ва унинг ходимларига сўнгги 14 ой давомида фидокорона меҳнат қилганликлари учун миннатдорлик билдиради ва уларга келгуси фаолиятида омад тилайди”, дейилади клуб хабарида.
Каштру Риёд клубига 63 ўйинда мураббийлик қилди. Бу ўйинларда “Ал-Наср” 44 та ғалаба, 12 та дуранг ва 7 та мағлубият қайд этди.
Қайд этиш жоиз, португалиялик 63 ёшли мутахассис 28 йиллик фаолияти давомида ҳеч қачон клуб томонидан ишдан бўшатилмаганди. Бунгача у доим ўз хоҳиши билан мураббийлик постларини тарк этган.
Ҳозирда “Ал-Наср” устози бўлиш учун асосий номзод италиялик собиқ “Милан” бош мураббийи Стефано Пиоли бўлиб турибди. “Ал-Наср”га янги мураббий тайинланди.
“Милан” клубининг собиқ устози италиялик Стефано Пиоли Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клуби устозига айланди. Бу ҳақда футбол журналисти Фабрицио Романо Х'даги саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, томонлар ўртасидаги келишув 2 йилга мўлжалланган. 2026 йилгача имзоланган шартнома кейинчалик ўзаро келишувга кўра яна 1 йилга узайтирилиши мумкин.
58 ёшли Пиолининг охирги иш жойи “Милан” клуби бўлиб келаётганди. У “россонерилар” сафида 5 йиллик фаолияти давомида жамоага жами 240 та ўйинда мураббийлик қилди. “Қизил-қоралар” Пиоли билан биргаликда Италия А Сериясида ғолиб бўлди ва Европа Чемпионлар лигасининг ярим финалига қадар етиб борди.
LiveБарчаси