Давлатга хиёнатда гумонланаётган собиқ Президент Зеленскийга жиддий айблов қўйди
Олам
−
16 Январь 2022
10793Украинанинг давлатга хиёнатда айбланаётган собиқ Президенти Пётр Порошенко амалдаги давлат раҳбари Владимир Зеленскийни диктатор бўлишга уринишда айблади. У эртага, 17 январь куни Ватанига қайтишидан олдин шундай фикр билдирган.
“Сиз диктаторликка даъво қилган ҳар бир одам қўл урадиган ишни қилишга ҳаракат қиляпсиз – демократияни диктатурага алмаштирмоқчисиз. Сиз гречка ва “Дия” (“Ҳаракат” – таҳр.) орқали овозларни сотиб олиш учун мажоритар тизимни қайтаришни хоҳлайсиз, чунки бу сизнинг ягона имкониятингиз. Сиз очиқ рўйхатли сайлов тизимини бекор қилмоқчисиз. Сиз худди 2021 йилги сайловлардаги каби демократияни йўқ қилмоқчисиз. Сиз парламент сайловларидан қўрқасиз ва шунинг учун уларни кейинга қолдирмоқчисиз. Чунки парламент сайловларидан кейин президентлик сайловларида имкониятингиз қолмайди. Сиз эса Порошенко ҳақидаги видеолавҳалар билан эътиборни нотўғри ҳисоб-китобларингиздан ва ўз лаёқатсизлигингиз туфайли мамлакатда юзага келган кескин вазиятдан чалғитмоқчи бўлаяпсиз”, деган Пётр Порошенко Facebook’да.
У шунингдек, 17 январь куни соат 9:10 даги рейс билан Варшавадан Украинага қайтаётганини маълум қилиб, буни “Жаноб Зеленский учун нохуш хабар”, деб атаган.
“Албатта, сиздан ҳимояланиш учун эмас, сиз бунга арзимайсиз. Украинани ҳимоя қилиш учун. Украинани Россия таҳдидидан ҳимоя қилиш учун. Мана, Брюсселда ҳамма бу нафақат Украинага, балки бутун Европага сўнгги 30 йилдаги энг катта таҳдид эканини айтмоқда. Сиз буни тушунмайсиз. Лаёқатсиз ва украин бўлмаган ҳокимиятлардан ҳимоя қилиш учун. Бекорчилар ва коррупционерларнинг ҳокимияти”, деган Порошенко.
Маълумот учун, Украинада Порошенкони ҳибсга олиш ҳақида ордер чиқарилган. Украина хавфсизлик хизмати, бош тергов бўлими бошлиғи Анатолий Буничнинг сўзларига кўра, 2014-2015 йилларда Порошенко ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда, Москванинг босими остида Жанубий Африка Республикаси билан Украинага кўмир етказиб бериш бўйича тузилган шартномаларни бузган ҳолда хомашёни Донбассдан сотиб олган. Унинг сўзларига кўра, бу Украинага қарши қўпорувчилик фаолиятига уриниш, яъни “ватанга хиёнат қилишнинг бир шакли ҳисобланади”.
LiveБарчаси